Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив
30/03 01:00 Лилль - Ланс
30/03 01:00 Кадис - Гранада
30/03 16:30 Наполи - Аталанта
30/03 17:30 Ньюкасл - Вест Хэм
30/03 18:00 Хетафе - Севилья
30/03 19:00 Женоа - Фрозиноне
30/03 19:00 Торино - Монца
30/03 19:00 Андижон - Насаф
30/03 19:00 Пахтакор - Сўғдиёна
30/03 20:00 Ноттингем Форест - Кристал Пэлас
30/03 20:00 Шеффилд Юнайтед - Фулхэм
30/03 20:00 Тоттенхэм - Лутон
30/03 20:00 Борнмут - Эвертон
30/03 20:00 Челси - Бёрнли
30/03 20:15 Альмерия - Осасуна
30/03 21:00 Метц - Монако
30/03 22:00 Лацио - Ювентус
30/03 22:30 Астон Вилла - Вулверхэмптон
30/03 22:30 Валенсия - Мальорка

— Болалигимда акамнинг орқасидан соядек эргашиб юрардим, — эслайди Уве, — унинг чамоданини кўтариб юрар, машғулотларини кузатар ва футболни ўрганишга ҳаракат қилардим. Уриш йиллари эди, бир куни онам менга ботинка олиб келди ва уни авайлаб кийишимни таъкидлади. Кейинги куни уни кийдим ва уйга лойга беланиб қайтиб келдим. Онам: “Футбол ўйнадингми?” деб бақирди, “Ҳа, — жавоб бердим, лекин оёқ яланг ўйнадим”. Ўша куни ботинкамни аяш учун дарвозабон бўлишга мажбур бўлгандим ва бу мен учун катта жасорат эди. Чунки, доимо ҳужумда ўйнардим ва буни онам ҳам биларди.

            Бу сўзлар немис футболининг афсонаси, ўтган аср ўрталарининг энг ёрқин ҳужумчиларидан бири Уве Зеелернинг болалик хотираларидан бир бўлан эканлигини англаб етган бўлсангиз керак.

            Унинг отаси ҳам ҳаваскор футбол жамоасида тўп сурар ва Гамбургнинг фахрига айланганди. Увенинг акаси Дитмар ва Уве ота изидан боришди ва футболда катта натижаларга эришишди. Отадан эрта ажралиш болаларнинг тез улғайишларига олиб келди ва урушдан кейинги қийинчилик йилларида оилани боқиш Увенинг ҳам гарданида эди. У ўн ёшиданоқ маҳаллий “Гамбург” клуби эътиборига тушди ва клуб футбол мактабида мунтазам шуғуллана бошлади. У ўша ерда ҳам яшаш учун курашиши кераклигини хис қилар ва оёқ кийимларни мойлаш, майдонни тозалаш каби ишларни бажариб пул топарди.

            Уве футболда акасидан яхшироқ натижаларга эришди. Ҳатто, йиллар ўтиб Германия терма жамоаси мураббийи Зепп Хербергер жамоасига Дитмарни илк бор таклиф қилаётганда, болаларнинг онаси тўсатдан:

            -Жаноб Хербергер, яхшиси болаларимнинг кичигини синаб кўрсангис бўларди, деб юборганди.

            Уве 1953-1954 йилларда, яъни ўзининг 16-17 ёшларида ҳалқаро майдонда ўзини кўрсатди. Айниқса Белгияда ўтган ёшлар турнирида Германия терма жамоасининг 20 голидан 12 тасига муаллифлик қилди ва кумуш медал соҳибига айланди. Анчагина бақувват ва якка курашларда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ҳужумчи мухлислар ёқимтойига айланди ва “Танк”, “Бульдозер” каби лақабларга лойиқ кўрилди. У ўз ёўлидаги барча тўсиқларни ёриб ўтар ва унинг бу рейдлари, албатта, кучли зарба билан ниҳояланарди.    

            Кейинчалик Уве билан терма жамоада тўп сурган Карл-Хайнц Шнелпингер унинг ўзига ҳос ўйин услуби ҳақида шундай деганди:

            -Уве дарвоза сари юриш қилишни бошласа, уни ҳеч ким тўхтата олмасди. У фақат ва фақат дарвозани кўрарди. Гуёки, қаршисидан чиққан рақибга эътибор бермасди ва осонлик билан ўтиб кетарди. Биз ҳимоячилар унинг учун арвоҳдек эдик.

            Унинг яна бир жамоадошларидан бири эса Увега:

            -Агар у орқада рақиб дарвозаси борлиги билса, ҳар қандай деворни ағдарар эди,-деб таъриф берганди.  

            Ўша пайтларда терма жамоада анча ёши ўтган Гелмут Ран учун ворис изланар, кўпгина баҳсларда немислар экспериментал таркибда майдонга тушишарди. Увени синаб кўрган терма жамоа мураббийи Хербергер ниҳоят жамоа учун ҳақиқий тўпурар топганидан суюниб кетади. Лекин, Увенинг битта камчилиги бор эди, яъни, чап оёқда умуман ўйнай олмасди. Бу ҳақида эшитган Уве мураббийга олти ой ичида бу камчиликни бартараф этишга ваъда беради.

            У ҳар куни машғулотлардан сўнг соатлаб қолиб кетар ва мураббийнинг “агар, чап оёғинг ҳам яхши бўлганда, сени терма жамоага олардим” деган сўзлари доимо қулоқлари остида жарангларди.

            -Охири, шунчаликка бордики, ўнг оёғимда ўйнай оламанмикин, деб хавотирланиб қолардим,-деб эслайди Уве Зеелер.

            Ниҳоят, Франция терма жамоаси билан ўтган ўртоқлик учрашувининг иккинчи бўлимида Уве майдонга тушади ва ўша даврнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири Робер Жонкега қарши ҳаракат қилади. Ўйин 1:3 ҳисобида немисларнинг мағлубияти билан тугалланган бўлса-да, мураббий ўйиндан кейин ўз қувончини яшира олмайди:

            -Биз мағлубиятга учраган бўлсак-да, мукаммал ҳужумчига эга бўлдик. Бу бола ҳали узоққа боради.

            Аммо 18 ёшли футболчига катта босимни юклаб қўйин мумкин эмасди. Увенинг ўша пайтлардаги ўйини кўпроқ болаларча эди. Яъни фақат дарвозани кўрар ва бу йўлдаги барча тўсиқларин ўзи босиб ўтишга ҳаракат қиларди. Тактик тарафдан ҳали тарбияланиш керак эди. Буни яхши тушунган мураббий икки йилгача уни безовта қилмайди, лекин бу муддатда Уве доимо терма жамоа назоратида бўлади.

            Бу муддат ичида Уве анча улғаяди, у анча ақлли футбол намойиш қилар, баъзида қанотларга ўтарди. У энди фақат дарвозага бориладиган йўлни эмас, майдонни ҳам яхши кўрарди, аммо унинг ҳар қандай вазиятда дарвоза томон кучли ва аниқ зарба бера олиш қобилияти йўқолмаганди. Унинг гавда қисми кўринишидан анча ноқулай (170 см, 74 кг) бўлса-да, у жуда енгил тўп сурар, эгилувчанлик ва сакрашда унга тенг келиш қийин эди. Унинг акробатик ҳолатдаги зарбалари ҳар қандай дарвозабон учун қийинчилик туғдирарди. Мана шу икки йил ичида яна бир лақаб унга ёпишиб олди-“Акробат”

            Терма жамоа ва “Боруссия” (Дортмунд) нинг кўп йиллик дарвозабони Ганс Тилковский таъкидлашича, Уве ҳатто ерда ётган ҳолатда ҳам ҳавфли эди:

            -Бир ўйинда,-эслайди дарвозабон,- у билан мен бир вақтда тўп учун сакрадик ва йиқилдик. Мен ўрнимдан туршга улгурмай, Уве ётган ҳолатда тўпни эгаллаб, дарвозага йўллашга улгурганди. Увенинг олдида ҳимоячига билан тўпни ошириш ҳам ниҳоятда ҳавфли эди, у бундай тўпларни эгаллаб олиш бўйича мутахассис эди.

            1958 йилда Швецияда ўтган жаҳон чемпионатида Зеелер терма жамоа учун икки муҳим голни киритади. Биринчисида, Аргентина дарвозасига акробатик равишда тўп киритиб, жамоага ғалаба келтирган бўлса, Шимолий Ирландия билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида 20 метрлардан кучли зарба бериб ҳисобни тенглаштиради ва немислар чорак финалга чиқишади. Айнан ўша чемпионат олдидан терма жамоа таркибига ташриф буюрган қаҳрамонимизни футболчилар роса масхара қилишганди. Унинг янада семириб кетгани учун унга “Бақалоқ” деб янги лақаб қўйишганида, Уве аразлаб кетиб қолганди. У билан боғлиқ катта режаларга эга бўлган бош мураббий футболчини орқага қайтариб олиб келишга муваффақ бўлганди.

            Унинг яна бир ўзига хос хусусияти шунда эдики, у кўпинча ҳал қилувчи голларни урарди, катта босим остида яхшироқ ҳаракат қиларди. Йирик ғалабаларда эса йўқолиб қоларди ва кўп гол урмасди. Унинг шу ва яна бир нечта жиҳатларини ҳозирги футболдаги юлдузлардан бири Уэйн Рунига қиёслаш мумкин.

          Англияда ўтган 1966 йилдаги жаҳон чемпионати ҳам Уве билан боғлиқ қизиқ воқеалар билан ёдда қолган. Уругвай билан чорак финал баҳсида инглиз ҳаками кўп ҳолатларда европаликларга ён босади ва урувйлик икки футболчини майдондан четлатади. Қизил карточка олган футболчилардан бири Троче майдонни тарк этаётиб Увени симулацияда айблайди ва унга тарсаки туширади.

            Ярим финалда эса Уве ўзининг орзуларидан бирига яқин турганди. У ўша пайтлардаги дунёнинг энг яхши дарвозабони Яшинга гол уришни чин дилдан истарди. Кўп бор қулай вазиятларга чиқади, аммо “Қора ўргимчак”нинг маҳорати бунга имкон бермайди. Бу ўйин узоқ вақт ҳужумчининг ёдида қолди ва ҳатто 2000 йилда, ўзининг олтмиш уч ёшида 20-асрнинг энг яхши футболчилари шарафига ўтказилган тадбирга ташриф буюрган Уве бутун кеча фақат “Яшин зўр эди” деган сўзларни такрорлашдан чарчамади.      

            Мексикада ўтган ЖЧ-70да у футбол тарихидаги энг машҳур голлардан бирин киритди. Тўрт йил олдин инглиз ҳаками туфайли еган тарсакисини унутмаганми ёки бошқа сабабми, ишқилиб у айнан танасининг Троченинг қўли теккан қисми билан, ёноғи билан гол киритади. Ўйинниг сўнгги дақиқасида инглизлар 2:1 ҳисобида олдинда эдилар. Жарима майдонида дарвозага тескари ҳолда турган Уве кутилмаганда тўпга юзи билан зарба бериб, дарвозадан бироз олдинга чиқиб олган инглиз дарвозабони Бонеттини доғда қолдиради. Ўша учрашувда барибир Англия терма жамоаси қўшимча вақтда ғалабани ўз томонига оғдириб оладилар.

            Англия ва Германия терма жамоалари ўртасидаги рақобат тўғрисидаги Дэвид Даунинг ўзининг “Душманларнинг энг яхшилари” китобида Уве Зеелер ҳақида “Германия терма жамоаси таркибидаги 16 йил Зеелер учун бекор кетмади”, деб ҳам оддий, ҳам фалсафий фикр билдиради. Зеелер Лотар Маттеус давригача ЖЧ финал босқичида ўтказган учрашувлар бўйича рекордсмен бўлиб турган.

Унинг тўртинчи ва сўнгги қатнашган ЖЧ 1970 йилда Мексикада ўтказилгани бўлди. Ёш ва иқтидорли Герд Мюллер билан ўттиз тўрт ёшли Увенинг тандем ҳосил қилиши кўпчилик томонидан дастлаб танқидга олинганди. Аммо, чемпионатдан сўнг ўша журналистлар бошқа савол устида бош қотира бошладилар-Зеелер зўрми ёки Мюллер? Бу кўп тортишиладиган масала эмасди ва жавоб барчани қониқтирди-Зеелерсиз Мюллер бўлмасди. Ҳақиқатдан ҳам, ўша чемпионатда.айнан Увенинг ёрдами билан Герд Мюллер чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлганди. Увенинг ўзи ҳам иккита тўп киритиб, ЖЧ финал босқичларида киритган голлари сонини 9 тага етказди.

Клуб миқёсида у фақат битта жамоада тўп сурди. Футболчилик фаолиятиданги йигирма йил қадрдон “Гамбург” клубида кечди. Ўша пайтлар учун бу катта жасорат эди, чунки немис клублари 60-йиллар ўрталарига қадар профессионал ҳисобланмас эдилар. Уве бошқа немис футболчилари каби заводда ишлар ва футболдан деярли молиявий даромад олмасди. У фақат бир марта Германиядан кетишга яқин турганди. 1961 йилда таниқли мутахассис Элано бошчяилигидаги “Интер” клуби унга жиддий равишда қизиқиб қолади ва яхшигина пул ваъда қилади. Футболчи деярли шартнома имзолаш бўсағасида турган пайтда терма жамоа мураббийи, айёр Хербергер бир тадбир қўллайди. Зеелер столининг устига мамлакатда машҳур спорт фирмасининг ғарбдаги юзи бўлиш ҳақидаги шартномани келтириб қўяди. Зеелернинг жавоби қисқа бўлади: “Мен қоламан”

Кейин эса “Реал”нинг ҳам таклифини рад этди. У ўйнаган давр немис футболида “Уве даври” деб аталадиган бўлди, тарихда терма жамоанинг буюк капитани сифатида жой олди. У етакчилик бўйича немис футболида ўзига ворис бўлган Баккенбуэрга сира ўхшамасди. “Кайзер” Францга ҳамма ўйлаб муомала қилар, олдига яқинлашиш қийин эди. Аммо, Уве камтарин ва оддий характери билан ҳалққа яқин эди ва уни “Ўзимизнинг Уве” деб аташарди.

.           Зеелер спортчи сифатида доим намуна эди. Машғулотларга жиддий қарар, ичиш, чекиш каби одатлардан йироқ эди. Ўз спорт формасини жуда тез тиклаши сирини ва фаолияти давомида жароҳатлардан йироқ бўлганини унинг ўзи шундай изоҳлаганди. Увенинг ҳайрлашув ўйинида ўша даврнинг ёрқин юлдузлари Баккенбауэр, Мюллер, Бене, Эйсебио, Мур, Ривера, Чарлтон, Бенкс каби футболчилар ташриф буюргандилар. Жаҳон юлдузлари терма жамоаси “Гамбург”ни аямадилар ва 7:3 ҳисобида ғалаба қозондилар. Ўшанда ҳам Зеелер порлади ва икки тўп киритишга муваффақ бўлди. ( У пайтларда бу каби учрашувлар анча жиддий ўтарди)

            Уни ҳамма яхши кўрарди. Агар эътибор билан ўқиган бўлсангиз ушбу мақолада ҳам буни сезиш қийин эмас. “Булдозер”, “Танк”, “Бақалоқ”, “Акробат”-анча совуққон ва жиддий немислар фақатгина бир футболчи учун шунча кўп лақаблар тўқишибдими, демак уни жуда севишарди.Уве футболни тарк этгандан кейин ҳам Германия майдонларида узоқ вақт “Уве” номи янграб турарди. Ҳатто ҳозир ҳам ҳужумчилар ҳар бир қулай вазиятни йўққа чиқаришганда, зарбалар ноаниқ кетганда, катта ёшли немис мухлислари шиддатли Увени ёдга олишади. У каби акробатик сакрайдиган, ҳар икки оёқда кучли ва аниқ зарба бера оладиган ва курашларга тўймайдиган ҳужумчи немис футболида етишмаётганлигини хис қилиб, хўрсиниб қўйишади. Шунда биз ҳам қўшимча қиламиз -“афсус, бизга ҳам етишмайди”

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Ўкилди: 9955 марта.
Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.