Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Футбол афсоналари ҳақида ҳимоямиз бу сафар бироз бошқачароқ бўлади. Буни мақола давомида тушуниб оласиз.

Аслида футбол ва ҳаёт умуман бошқа тамойилларга асосланар экан, ҳаёт қонунларига зид равишда Ромарио, Стоичков каби футболчилар мухлислар меҳрини қозона олишар эканлар.

Аслида футболчининг ҳаётдаги ва майдондаги ҳолати бир-бирига терс келса-да, уни ажратиб олиш ўта мушкул иш экан. Мен Ромарионинг ҳаёти билан қизиқдим, фақат жанжаллар-у мақтанчоқликни кўрдим. Мен унинг майдондаги фаолияти билан қизиқдим ва фақат рақамларни кўрдим. Фақат голлар, рақамлар. Бироз зерикарли. Лекин ҳужумчи учун шуниси муҳим эмасми?

У Бразилия чемпионати баҳсларининг бирида ўзининг 1000-голини пенальтидан киритди. Кўп статистлар унинг Пеле, Мюллер ёки Пушкашларнинг натижалари аслида ҳақиқатдан узоқ эканлигини, бу ҳисоб-китобда уларнинг ўртоқлик учрашувларидаги ёки ўсмирлар таркибидаги голларнинг эътиборга олинганлигини таъкидладилар. Кейин эса дунёнинг буюк бомбардирларининг рўйхати эълон қилинди. Унга кўра Ромарио 700 лик довонни забт этган 5 ҳужумчидан (Пеле, Бицан, Мюллер, Пушкаш, Ромарио) бири сифатида эътироф этилди.

1966 йилнинг 29 январида Рио-Де-Жанейронинг камбағал оиласида Ромарио де Соуза Фариас дунёга келди.

— Мен кечқурун туғилганман, тунги ҳаётни яхши кўришимнинг сабаби шундадир балки. Тун — менинг энг яқин дугонам. Яна мен футболни яхши кўраман. Ўзимнинг илк ўйинимни онамнинг қорнида ўйнаганман ва албатта ютганман. Чунки Пеле ҳам менчалик ўйнай олмаган. Марадона эса менинг олдимда болакай.



Ҳа, бу ўша Ромарионинг сўзлари. Икки абзац юқорида келтирганим, яъни унинг натижалари ва юқорида эслаганимиз — унинг сўзлари Ромарио қандай футболчи ва қандай инсон эканлигини кўрсатиб турибди. Мен юқорида мақоланинг бироз бошқача бўлиши ҳақида огоҳлантирганимнинг сабаби шу эди. Яъни, унинг футболчи ва инсон сифатида ажратиб олиш ва хулоса беришнинг умуман имкони бўлмади. Мен унинг фаолиятини борича хикоя қилавераман, хулоса ўзингиздан.

Январь, 1982. “Васко Да Гама” клубининг ёшлар таркибида битта ўйинда 16 та гол киритади. Бу бўйининг пастлиги учун эътибор берилмагани учун клуб мураббийларига бўлган жавоби эди.    

Май, 1986. Ўзининг 20 ёшида Ромарио “Васко”нинг асосий таркибига киритилди, терма жамоага жалб қилинди. Аммо терма жамоа бош мураббийи уни Мексикадаги ЖЧга олиб кетмади, кўпроқ тажрибали футболчиларга суянишини билдирди. Буни бразилиялик журналистлар 1958 йилда ЖЧда Пеленинг терма жамоага жалб қилинмаган бўлиши мумкинлиги даражасидаги хато деб тан олгандилар (Пеле ЖЧ-58 да қатнашиб, асосий қаҳрамонга айланганди).

Сентябрь, 1988. Ромарионинг етти голи терма жамоага Олимпиада финали эшикларини очди. Аммо финалда СССР терма жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона гол Ромарионинг ҳисобига ёзилди. Олимпиададан сўнг Ромарио Европага йўл олди ва ПСВ билан шартнома имзолади.

Март, 1990. Италиядаги жаҳон чемпионати олдидан у оёғини синдириб олди. Ётган жойидан баёнот берди: “Ҳамма билади, менсиз ПСВ — жамоа эмас, бир уюм ахлат”.

Терма жамоа врачи Нилтон Патроне уни мундиалга тайёрлай бошлади. Аммо мураббий Лаззарони Мюллерга кўпроқ ишонч билдирди ва Ромариони жалб қилмади. 1/8 финалдаги Аргентинадан мағлубиятдан сўнг Ромарио жим турмади:
— Мюллер ҳеч ким эмас. Терма жамоа эса карикатуранинг ўзгинаси. Бу жамоага алоқам йўқлигидан бахтлиман.
Мюллер ҳалигача у билан гаплашмайди. Унга эса бунинг аҳамияти бир чақа.

Июль, 1993. Ромарио Голландияда ажойиб уч йилни ўтказди. Унинг энг сермаҳсул натижаси ҳам айнан ПСВга тўғри келади (1 ўйинга ўртача 0.98 гол). У “Барселона”га ўтди ва ҳар йили 30 тадан гол уришга қасам ичди. У бу йўлда ажойиб ўйинларни кўрсата бошлади. Кетма-кет голларни қалаштириб ташлади. Айниқса, у “Атлетико” дарвозасига ажойиб гол киритди. Зарбадан олдин у Лаудруп билан уч марта “девор услубида” биртепар тўп оширишганди.

Хўш, бундан кейин у нима қилди? Топдингиз. Унинг тили ишга тушди.
— Бутун Каталонияда Круиффни (ўша вақтдаги бош мураббий — А.Қ.) кўкларга кўтаришмоқда. Аслида уни эмас, Лаудруп ва мени олқишлашлари лозим.

У умуман машғулотларни хуш кўрмасди. Кўпинча шуғулланмасди. Лекин майдонга тушиб гол ураверарди.
Уни тартибга чақирган Криуфф ҳам эшитадиганни эшитди:
— Сен ўзи кимсан мени тергайдиган? Отаммисан? Бошқа гапирма, мен ўзимга нима ёқса ўшани қиламан.

Сентябрь, 1993. Мураббийларга қийин эди. Уни таркибга жалб қилмаган терма жамоанинг бош мураббийи Паррейра қийин аҳволда қолгач, эгилишга мажбур бўлди. Фақат ғалаба қониқтирадиган Уругвай билан ўйинга чақиришга мажбур бўлди. Натижа 2:0. Ҳар иккала гол Ромарио ҳисобига ёзилди.
— Мен ҳар қандай дард учун энг яхши давоман. Менга тўп беринглар ва барча муаммоларингиз ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Начора, эшитишга мажбурмиз.

Апрель, 1994. Ромарио ўзининг 30 голи билан “Барселона”ни чемпионлик шоҳсупасига олиб келади.
— Барселона Риога жуда кўп жиҳати билан ўхшаб кетади. Пляжлар, тунги клублар, чиройли қизлар. Бундан ташқари клубда мен билан яна бир ўзимга ўхшаган жинни ўйнарди. Христо Стоичковни энг яқин дўстларимдан бири деб биламан. Бу борада яна шуни айтаманки, агар бошоғриғи истамасангиз иккаламизни бир хонада сақламанг.


Май, 1994. Бразилияда унинг отасини ўғирлаб кетишади. Ромарио агар отаси топилмаса жаҳон чемпионатида ўйнамаслиги маълум қилади. Отаси шу заҳотиёқ қайтарилади.

Июнь, 1994. Ромарио фаолиятидаги энг нурли турнир. ЖЧ-94да Бразилия терма жамоаси 24 йиллик танаффусдан сўнг чемпионликни қўлга киритадилар. Ромарио ўзининг беш голи билан асосий ишни бажаради, айниқса плей-оффда АҚШ ва Швеция терма жамоаларига қарши ўйинда у жамоасининг ягона голини киритади. ЖЧ-70 қаҳрамонларидан бири Тостао шундай деганди:
— Бразилия жуда зерикарли ва ёмон ўйин кўрсатди. Ромарио эса одатдагидек барча муаммоларни ҳал қилди.

Ромарио бу сафар ҳеч кимни хафа қилмади:
— Мен бу ғалабамни халқимга бағишлайман. Улар мени энг қийин вақтларда ҳам қувватлашди ва мен уларга оз бўлса-да хизмат қилганимдан бахтиёрман. Кўп миллатдошларим камбағалликда кун кечиришмоқда ва бу ғалаба улар учун ажойиб юпанч вазифаси ўтаб берди.
У чемпионатнинг ва дунёнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилди.

Январь, 1995. “Фламенго” клубининг 100 йиллиги муносабати билан Ромарио ватанига қайтди. Келибоқ ўзини “Фламенго” тарихидаги энг буюк ўйинчи деб атади. Бу кўпроқ Зикони хафа қилди ва намойишкорона “Фламенго”дан юз ўгирди. Ромарио жим турмади:
— У менга хасад қилмоқда. Мен жаҳон чемпиониман, у эса йўқ.     
Жавоб:
— Албатта, Ромарио футбол майдонида мендан кўп ютуқларни қўлга киритди. Аммо инсон сифатида у жирканч.
Ромарио клубнинг энг кўп тўп киритган футболчиси бўлди ва Бразилия чемпионлигини олиб берди.  

Июль, 1996. Ромарио қисқа муддатга “Валенсия”га бориб келди.
— Унинг футбол ҳақида мисқолчалик тушунчаси йўқ.
Бу Ромарио тарафидан “Валенсия” мураббийи Луис Арагонесга берилган “теран” хулоса эди ва уни яна “Фдеменго”га қайтариб юборишди.

Апрель, 1998. У терма жамоа сафида Роналдо билан бирликда ажойиб ўйин кўрсатди ва биргаликда саралаш баҳсларида 40 та гол киритдилар. “Ро-Ро” жуфтлиги ҳақида бутун дунё гапира бошлаган пайтда Ромарио енгил жароҳат олди. Ўша пайтда терма жамоа менежери бўлиб ишлаётган Зико уни таркибдан четлаштириш учун қўлидан келганини қилди.

Ромарио ЖЧ дан четда қолгач, матбуот анжуманида йиғлаганини ҳамма кўрди. У Зикони ўзининг шахсий душмани деб эълон қилди. Айнан Бразилия Норвегияга 1:2 ҳисобида ютқазган куни Ромарио “Фламенго” таркибида хет-трик қайд этаётганди.
— Бу фаолиятимдаги энг ёмон палла, — деганди Ромарио, — мен тинмай меҳнат қилдим, мени эса аҳмоқ қилишди. Уларни кечирмайман, уларнинг бу хатоси учун Бразилия чемпион бўла олмади.    

Июль, 2001. “Васко” таркибида ҳали ҳам гол уришда давом этаётган Ромариони терма жамоа мураббийи Сколари Америка Кубогига чақиради. Даволаниш кераклигини баҳона қилган футболчи турнирда қатнашмайди. Даволанишдан бошқа ҳамма ишни қилиб юрган Ромариодан Сколарининг жаҳли чиқади ва терма жамоа эшиклари унинг учун ёпилади. Мундиал олдидан Ромариони таркибга жалб қилиш борасида мураббий жуда катта босимга дуч келди, аммо Сколари жароҳатдан эндигини қутулган Роналдони афзал билди. Роналдо ўзининг саккиз голи билан барча ишончни оқлади, ҳатто финал ўйинидаги ҳал қилувчи ролни ўйнаган биринчи голини Ромарио услубида киритганини тан олди.
— Мен барибир энг зўрман, Сколарининг эса омади келди.
Бу баёнотнинг авторини айтиб ўтиришим шарт эмас, менимча.

Август, 2002. Ромарио “Флуминенсе” таркибига қўшилди. 26 ўйинда 17 голга муаллифлик қилди. Қизиғи, жамоадошлари уни фақат ўйин пайтида кўришарди.
— Ўйнашни билмайдиганлар шуғуллансин.

Март, 2005. 39 ёшли Ромарио “Васко” билан янги шартнома тузди ва 900-голини ҳам киритди. Бу воқеадан сўнг Пеленинг футбол билан хайрлашиш ҳақидаги маслаҳати ўта қўпол тарзда қарши олинди:
— Пеле камроқ гапирса яхши бўларди. Ўзининг бемаза оғзи билан у одамларга бахтсизлик келтирмоқда.

У Қатарда ҳам ўйнади, бизга таниш “Аделаида” кийимини ҳам кийди. Аммо ўзгармади. Фақатгина қизининг касалванд туғилиши уни бироз жиддийлаштирди. Бировларни ҳурмат қилишни ўргатди. Ўзининг фаолиятидаги сўнгги учрашувида голдан сўнг футболкасини йиртиб ташлади. Ички кийимида эса қўйидаги ёзувни ёзиб олганди:
“Менинг қизим даунизм билан касалланган, аммо у мен учун — малика. Ҳакам Мартин Васкес эса менга сариқ карточка кўрсатмоқда. Шунга қарамай мен ундан хафа бўлганим йўқ, чунки мен ҳаётни яхшироқ тушуна бошладим”.

У мана шунақа инсон. Унинг барча камчиликлари ва хатолари футболдаги натижалари олдида ювилиб кетаверади ва футболчи сифатида эъзозланишига монеълик қилмайди. Бир рус журналисти хикоя қилади.

“Мен қандайдир клубимиз билан Бразилияга боргандим. Таниқли футбол агентларидан бири, менинг танишим йўқ бўлиб қолди ва кечқурун меҳмонхонага қайтиб келди. Айтишича, қўшни шаҳарда “Флуминенсе” ўйнаётган экан ва у Ромарионинг ўша ўйинда кийган футболкасини кўтариб келди.

— Магазинда Ромарио исми ёзилган бундай футболкаларни исталганча топиш мумкин, шуни деб 100 километр йўл босиш шартмиди? — деб сўрадим.
— Йўқ улар бошқа. Ахир, қарагин бунисида Ромарионинг хиди ҳали кетгани йўқ.
Шундагина менинг саволим нақадар аҳмоқона бўлганлигини англаб етгандим”.

— Мен учун футбол — наркотик, — деганди Ромарио, — мен ҳеч қачон наркотик истеъмол қилмаганман, фақат футбол менга миямни тозалаш ва роҳат олиш имконини яратарди. Мен футболдан завқ оламан. Менга қарши ким ўйнаётганлигини аҳамияти йўқ, мен фақат бахт туюш учун ўйнайман.  

Ромарио каби футболчилар ҳақида ўйлар эканман яна бир ҳақиқатни англагандек бўламан. Илоҳий мувозанатни. Эътибор берганмисиз, қобилият ва ҳаракат тескари пропорционалдек туюлади, назаримда. Инсоннинг қобилияти қанчалик юксак бўлса, меҳнаткашлик сифатлари пастроқ бўлади. Бу билан инсонлар ўртасидаги мувозанат тенглаштириб турилар, оддий инсонларга ҳаракат учун куч ва умид бағишлар. Агар Ромарио, умуман бразилиялик футболчилар европаликларга ўхшаб меҳнат қилишганда футболнинг қизиғи бўлмасмиди... Тағин билмадим...

Қаҳрамон Асланов

Футболчилик фаолияти
Ўринбосарлар жамоаларида
1979—1980  Олария
1981—1985  Васко да Гама
Клубларда
1985—1988 Васко да Гама — 47 (17)
1988—1993 ПСВ — 109 (98)
1993—1994 Барселона — 46 (34)
1995—1999 Фламенго — 62 (37)
1996—1997 Валенсия — 11 (5)
2000—2001 Васко да Гама — 46 (41)
2002—2004 Флуминенсе — 60 (34)
2003 Ас-Садд (Қатар) — 3 (0)
2005—2006 Васко да Гама — 32 (24)
2006 Майами (АҚШ) — 25 (19)
2006 Аделаида Юнайтед (Австралия) — 4 (1)
2007 Васко да Гама — 6 (3)
2009 Америка РЖ — 1 (0)
1985—2009 Жами — 451 (313)
Миллий терма жамоа сафида
1985  Бразилия (U20) — 11 (11)
1987—2005 Бразилия — 70 (55)
1988 Бразилия (олимпия) — 8 (8)
Мураббийлик фаолияти
2007—2008 Васко да Гама

Ютуқлари
Жамоавий
Жаҳон чемпиони: 1994
Америка кубоги ғолиби: 1989, 1997
Конфедерациялар кубоги ғолиби: 1997
Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори: 1988
Бразилия чемпионати ғолиби: 2000
Испания чемпиони:1993, 1994
Голландия чемпиони: 1989, 1991, 1992
Голландия кубоги соҳиби: 1989, 1990
Кариока лигаси чемпиони: 1987, 1988, 1996, 1999
Меркосур кубоги ғолиби: 2000

Шахсий совринлар
Голландиянинг энг яхши футболчиси: 1989
Жаҳон чемпионатнинг энг яхши футболчиси:1994
Жаҳоннинг энг яхши футболчиси: 1994
Жанубий Американинг энг яхши футболчиси: 2000
Бразилиянинг энг яхши футболчиси: 2000
Кариока лигасининг 7 карра энг яхши футболчиси
ФИФАнинг энг яхши 100 нафар футболчилар рўйхатига кирган

Ўкилди: 15625 марта.
Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.