Кириш Регистрация
02/12 00:45 Лечче - Ювентус
02/12 01:00 Реал Сосьедад 2-0 Бетис
03/12 00:45 Рома - Аталанта
03/12 01:00 Севилья 1-1 Осасуна
03/12 23:00 Мальорка - Барселона
04/12 00:30 Ипсвич - Кристал Пэлас
04/12 01:15 Лестер - Вест Хэм

Бу сафарги мақоламиз бироз бошқача, бир эмас беш футболчи ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Уларнинг ҳар бири алоҳида юлдуз футболчилар бўлишса-да, биргаликда ҳақиқий афсона даражасига чиқишганди. Бугунги ҳикоямиз “La Quinta del Buitre” («Бутре бешлиги”) ҳақида.

1983 йилнинг 4 декабри мадридлик ишқибозларнинг унутилмас куни бўлиб тарихда қолган. Чунки айнан мана шу кун “Реал” клуби ўзининг янги даврини бошлаганди. Маноло Санчис ва Мартин Васкесларнинг катта футболдаги илк қадамлари мана шу кунга тўғри келди, кейинчалик уларга Бутрегеньо, Пардеса ва Мичеллар қўшилдилар. Ажойиб авлод. Такрорланмас бешлик. “Реал”нинг трансферларининг асосий шиорларидан бирига айланган “Зиданлар ва Павонлар” сиёсатини (яъни, суперюлдузлар билан биргаликда клуб тарбияланувчиларининг уйғунлиги) эслайдиган бўлсак, бу бешлик шундай “Павонлар” эдиларки, “Зиданлар”дек ўйин намойиш қилишарди.

Бу ёш футболчилар “Реал”да ўзига хос инқилоб яратдилар, уларнинг ҳар бири ўз ўйинидан завқлана оладиганлар тоифасидан эди. Бу футболчилар биргаликда “Реал”нинг 80-йиллардаги унутилмас даврини бошдан кечирдилар. Ҳар бири деярли бир вақтда “Реал” спорт мактабига келиб, бирга вояга етдилар ва бутун дунёни лол қолдирдилар. Эмилио Бутрегеньо уларнинг ичида энг номдорроғи эди ва айнан унга қиёсан бу бешлик Испанияда “La Quinta del Buitre”, яъни “Бутре бешлиги” деб номланди ва Испания футболининг 80-йиллари “La Quinta del Buitre” даври сифатида тарихдан жой олди.

Мигель Пардеса
Бешликнинг энг тезкор футболчиси. 14 ёшидаёқ “Реал”нинг иккинчи жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бирига айланди.

— 15 ёшимда жисмоний томондан тўлиқ шаклланиб бўлгандим, — хотирлайди Мигель, — мени тўхтатишнинг умуман иложи йўқ эди. Эсимда, “Барселона” билан ўйнагандик ва 8:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Мен ўшанда иккита тўп киритгандим.

Эмилио Бутрегеньо
Бу футболчини пайқамаслик қийин эди. Унинг қўллари узун, оёқлари калта эди. Узун сочли бу йигит умуман тинч турмас, рақиб ҳимоясидаги саросимани жуда тез илғар ва кўпинча тўпни эгаллаб оларди.

Рафаель Мартин Васкес.
Аргентинада ўтган ўсмирлар ўртасидаги ўзига хос жаҳон чемпионатида кашфиёт бўлган бу ҳужумчи “Реал” скаутлари назарига тушди. Ҳар икки оёғида бирдек ҳаракат қила оларди, кучли зарбага эга эди.

Маноло Санчис
Сьюдад Депортивада қиш оқшомларидан бири. Трибунадаги оз сонли томошабинлардан бири, таниқли мутахассис Пако Хенто учрашувни кузатиб ўтиради ва ёнидагига шивирлайди:
— 5-рақамли футболчини кўряпсанми, у 60-йилларда “Реал”да ўйнаган Санчиснинг ўғли ва у отасидан анча яхши ўйнаркан.
Бу Маноло Санчис эди ва ҳақиқатдан ҳам отасидан яхши ўйнарди.

Мигель Гонсалес “Мичел”
Дастлаб Мадриднинг муҳитига мослашиши қийин кечди, аслида у Васкес билан биргаликда Испания ўсмирлар терма жамоасининг юлдузи эди. Йигирма ёшигача иккинчи жамоада ўйнаб юрди, ҳатто “Малага”га ўтиб кетишига сал қолганди. Аммо жамоа мураббийи Амансио уни биринчи таркибга ўтказгандаёқ порлади ва шундагина La Quinta мукаммал бўлди.

Хуллас қаҳрамонларимиз тайёр, сценарий аллақачон ёзилган, кетдик...

1983 йил. “Реал” жамоасининг бош мураббий Альфредо Ди Стефано эди, аммо 80-йилларинг бошлари мадридликлар учун омадсиз келди. Аниқроғи, улар олтин медаллардан қуруқ қолишди ва кумуш ва бронзага ўралашиб қолишганди. Европа майдонларидаги аҳвол ҳам у қадар хавас қилгудек эмасди. Асосийси жамоада барқорорлик етишмасди. Масалан, 1983/84 мавсумнинг бошида Малагада 2:6 ҳисобида мағлубиятга учраб қайтишар ва икки тур ўтиб Мадридда “Кадис” худди шу ҳисобда мағлубиятга учратиларди. Бернабеуда Мадрид дербисида 5:0 ҳисобида ғалаба ва кейинги турда Севильяда мағлубият 1:4. 1983 йилда Кубок эгалари кубоги финалида ўйнашган бўлишса-да, Фергюсоннинг “Абердин”ига 1:3 ҳисобида бой беришди, ягона гол ҳам пенальтидан киритилганди. Метгода ва Бонетадан ташкил топган “Реал” ҳимоя маркази тез-тез хато қиларди.

Аммо айнан шу йиллари “Кастилья” (“Реал”нинг иккинчи жамоаси) да ишлар беш эди. Деярли тарихдаги энг зўр давр десак ҳам адашмаймиз. Ҳатто Испания кубогида финалида ўйнаган жамоа Еврокубокларда қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритишганди. Бернабеуда “Вест Хем” (Англия)ни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратишиб, сафарда бой беришганди 1:5. Шуниси қизиқки, ўша айтиб ўтилган Испания кубоги финалида “Кастилья” “Реал” билан ўйнаганди.

Мураббий Амансио бошқарувидаги “Кастилья”нинг ёш футболчилари, айниқса “Эльче” билан учрашувда покерга эришган Эмилио Бутрегеньо ди Стефанонинг назарига тушди. Унинг “Реал”даги дебюти 1984 йилнинг 5 февралида Кедисда рўй берди.

Ўйиннинг 23-минутидаёқ “Реал”нинг голландиялик легионери Метгода жароҳат олади. Унинг ўрнига La Quinta del Buitre нинг бошқа аъзоси Рафаель Мартин Васкес майдонга тушади. Биринчи таймдан сўнг майдон эгалари 2:0 ҳисобида олдинда эдилар. Вазият қалтис. Ди Стефано Эмилиога қарайди ва “қани болакай, тайёрлан” деб буйруқ беради. Унинг оёқлари қалтирай бошлайди. “Реал” либосида илк бор. Яна 14-рақамда. Нега? Ҳозиргилар балки пайқамас, аммо ўша пайтлар учун 14-рақамнинг тоши анча оғир эди. Йохан Криуфф ўйнаганди бу рақамда. Ўша Криуфф, Эмилио болалигида ЖЧ-74да уни кузатган, ўйинидан завқ олган буюк Йохан. 

Ёш йигитча учун бу ҳақиқий синов эди. Жамоа мағлубиятга учрамоқда, у эса Хуанито, Сантильяна, Гальего каби тирик афсоналар билан ёнма-ён. Ҳақиқий буюк футболчилар. Эмилио тўп киритади, сўнг Гальего ҳисобни тенглаштиради, сўнгги дақиқаларда эса Эмилионинг ўзи ғалаба тўпини киритади. Қироллик клубининг янги юлдузи мана шу тарзда илк бор чарақлаганди.

— Бу ўйин нафақат менинг, балки бутун оиламнинг ҳаётини тубдан ўзгартирди, — эслайди Эмилио, — агар, мендан дебют матчим қандай бўлишини орзу қилганимни сўрашганда ҳам, бунчалик фантазия қила олмасдим. Нари борса, ғалаба қозонишимизни ва тўп киритишимни истаган бўлардим. Аммо буниси ҳақиқий Дисней эртаклари каби бўлди.

Бутун бешликнинг асосий таркибга майдонга тушиши эса 1984 йилнинг ёзига тўғри келди. У пайтга келиб жамоа бош мураббийи этиб Амансио тайинланади ва унинг биринчи иши бешликнинг сўнгги вакили Мичелни биринчи жамоага жалб қилиш бўлади.

La Quinta del Buitre” бир-бирини тўлдириб турар эди. Санчис ҳимоя марказида, Мичел эса ҳужумчилар ортида тўп сурарди. Мартин Васкес 10-рақамда тўп сурарди ва табиийки, ўйин услуби ҳам ўша 10-ларни эслатиб юборарди. Эмилио эса соф ҳужумчи, яъни майдонда ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ва ҳар нарсага югурадиган ҳужумчи эди. У доимо ҳаракатда эди, хато қилишдан қўрқмасди ва фақат тўпнинг олдида бўлишни ёқтирарди. Тезкор Пардесага эса майдонда жой топиш қийинроқ эди. Албатта, у ҳам асосий таркибга мос эди, аммо Эмилио ҳақиқий афсонага айланиб бораётганди.

Футбол эҳтирос даражасига кўтарилган Испанияда футбол услубини ўзгартира оладиган ғоя йўқ эди ва бу бешлик айнан шу вазифани ўтаб бердилар. Уларнинг ҳар бири ўз мухлислари каби оддий йигитчалар эдилар, аммо қандайдир аниқ мақсад ва йўл танлангандек эди гўё. Бутрегеньо бу бешликнинг пешқадами эди ва бутун испан мутахассислари бу бешликдан кўп нарса кутишар, барча режалар улар асосида қуриларди. Эндиги вазифа мана шу орзуларни ҳақиқатга айлантириш эди.

Хорхе Вальдано:
— Ғоя эмас, фактларгагина ишонадиганларга ўз қарашларимни айтиб қўймоқчиман: Бутрегеньо билан ғалаб қозонинш осон эди. Уни Уго Санчес (“Реал”нинг 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошидаги яна бир юлдузи) билан таққослаш керак эмас, улар бир-бирларини тўлдирар эдилар. Эмилио гул тугарди, Санчес мева очарди. Эмилио шеърлар ёзарди, Уго муаллифлик ҳуқуқларига эгалик қила оларди. Уго бизнинг тафаккуримизга кирарди, Эмилио эса туйғумизни бошқарарди. Эмилионинг кўпроқ севилишининг сабаби ҳам шунда, доимо фикрлардан кўра туйғулар устунлик қилади.

Эмилио Бутрегеньонинг майдонда туришининг ўзи ҳам мухлисларга, рақибга босим ўтказа оларди, унинг фантазияси эса футболга гўзаллик бағишларди. Унинг офсайд чизиғини ҳис қилиши ҳам беназир эди. Доимо ҳимоячилар билан мувозанатда турар ва исталган пайтда қочиб кета оларди.

Бутре бешлиги” шундай ўйнай бошладики, гўёки улар бажара олмайдиган иш йўқдек туюларди. Европа кубокларидаги сафар учрашувларида бемалол ютқазиб келинар, ҳатто баъзи пайтларда йирик ҳисоблар қайд этилганда ҳам хотиржамлик сақлаб қолинарди. “Бернабеу”даги жавоб учрашуви эса ҳақиқий шоу бўлиб кетарди. Ҳар қандай мағлубият жавоб ўйинигача ҳаммани хавотирда ушлаб турар, футболчилар майдонга сафланишгач эса ҳаммаси унутилар, барча эътибор яна ўша “Реал” болаларига қаратилар эди.

Камачо, Вальдано, Сантильяне, Хуанито ва Гальего каби ветеранлар ва “Бутре бешлиги”дан ташкил топган жамоа УЕФА кубогида зафар қучди. Футболга анчайин чанқоқ бўлган ёшлар ҳар қандай қийин вазифаларни бирин-кетин бажариш мақсадида йўлга чиққан эртак қаҳрамонларини эслатишарди. Иккинчи йили ҳам УЕФА кубогида зафар қучилди.

“Ҳаммасини бажара оламиз, Европани забт этамиз” деб бонг урарди “Реал” томонидагилар. Яна Вальданони эшитайлик:

— Биз миллий чемпионатда “Барселона”дан қолиб кетгандик ва УЕФА кубогини қўлга киритишимиз шарт эди. Жавоб учрашувидан бир хафта олдин бизнинг йўлбошчимиз, жамоа сардори Хосе Камачо эрталабки машғулотга келарди-да, “йигитлар биз бешта урамиз” дерди. Кейинроқ рақибнинг бирор баёнотини ўқиб чиқиб, “кўрдиларингми, улар қалтирашни бошлади” деб изоҳ берарди. Охирида эса ўзининг психолиядан бўлган дарсларини якунларди: “Агар ким чоршанба куни қўрқув остида уйғонса, қайтиб ухлайверсин”. Биз жим тураверардик, шуниси яхши эди, акс ҳолда қаттиқроқ бақиришни бошларди.

Ҳаммаси ишонч қасами билан, ўзини фидо қилиш ваъдаси билан ва керакли тактика билан ўйинга тайёр бўлинарди. “Уларни жарима майдонларида кўмамиз” – бироз қайсар, аммо тўғри шиор. Ўша “Реал” учун фақат битта хавотир бўларди — вақт етармикин. Жавоб учрашувида “Реал” 6:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва бунинг учун уларга 45 дақиқа кифоя қилди. Шундан кейин Хуанитонинг қуйидаги ҳазили футболчилар учун оддий ҳақиқатга айланганди:
“Бернабеуда 90 минут – бу жуда кўп”

Маноло Санчис хотирлайди:
— Бизнинг сиримиз шунда эдики, ўзимиз учун турли шиор ва вазифалар қўйиб олардик. Масалан, илк беш дақиқада дарвозага камида учта зарба бериш каби. Мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари шу даражада бўлардики, биз осмонларга чиқиб кетардик, рақиб учун эса жаҳаннамга айланарди. Икки йил ичида бирор бир жамоа “Бернабеу”даги руҳий босимга дош беролмаганди. Айниқса плей-оффларга ажойиб тарзда ёндошардик. Сафарда қанчалик йирик ҳисобда ютқазсак, жавоб учрашувида шунчалик реванш туйғуси ортиб кетаверарди. Айниқса, Мёнхенгладбахнинг “Боррусия”си билан ўтказилган учрашувлар ҳамон ёдимда. Сафарда 1:5 ҳисобида ютқазгач, “Бернабеу”га гўёки сўнгги ўйинга тушаётгандек тушдик. Шунда Аргентина терма жамоаси врачи Меноттининг гаплари ёдимга тушганди: “Инсон ўзини чарчаган хис қилаётгани унинг чарчаганлигини англатмайди”. Бизда ҳам фавқулодда вазиятларда намоён бўла оладиган жуда катта куч мавжуддек туюларди. Ўша учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Сантильяна тўртинчи голни киритган ва биз 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик.  

1985-90 йилларда Шустер, Гордильо, Маседа, Уго Санчеслар билан бирга тўп сурган “Бутре бешлиги” кетма-кет беш бор Испания чемпионига айланди. Айниқса, 1989/90 футбол мавсумида жамоа 38 учрашувда 107 гол киритиб, ўзига хос рекорд ўрнатди. Аммо Чемпионлар кубогида омад юришмади. Дастлаб ярим финалда “Бавария”га имконият бой берилди (1:4, 1:0), йил ўтиб яна “Бавария” қаршисига чиқишди ва бу сафар реванш олинди (2:3, 2:0). Лекин яна ярим финалда тўхташди (ПСВ 1:1, 0:0).

“Реал”ни танқид қила бошлашди. Уларни мағлубиятни қабул қила олмасликда айблашди. Бу тўғри эди, чунки, ички чемпионатдаги кетма-кет ғалабалар уларнинг мағлубиятни тўғри қабул қила олишга йўл қўймас эди. “Бутре бешлиги”ни осмонларга кўтарган матбуот энди секин-аста ерга тушира бошлади.

Бутре бешлиги” дейилса-да, кўп ҳолларда бу футболчилар биргаликда майдонда ҳаракат қилишлари имконсиз эди. Айниқса Эмилио Бутрегеньо билан бир хил амплуада ҳаракат қилувчи Мигель Пардеса кўпинча захирада қолиб кетарди.
— Мен афсонага қарши тура олмайман, — деб бу ҳолатни изоҳлаган Пардеса “Сарагоса” билан шартнома имзолади.

Пардеса учун “Реал”нинг обрўли захира ўриндиғидан кўра, ўртамиёна клубнинг етакчиси бўлиш яхшироқ эди. Ўзининг “Реал”даги тўрт йиллик фаолияти давомида атиги 28 учрашувда майдонга тушган Пардеса “Сарагоса”да юлдузли онларини ўтказди. Деярли ўн мавсум “Сарагоса” либосида майдонга тушган ҳужумчи 71 та гол киритди, бир нечта совринларга эга бўлди ва кейинчалик клубнинг спорт директори лавозимини эгаллади.

Айнан Пардесанинг “Реал”даги омадсиз фаолияти натижасида, “Бутре бешлиги” атиги бир учрашувдагина бутун ўйин давомида бирга ҳаракат қилган.

Европа Чемпионлар кубогидаги омадсизлик давом этарди. Айниқса, Европа майдонларида ўзининг буюк “трио”си ва Барези, Донадонилари билан “Милан” бўй кўрсата бошлагач, бу соврин “Реал” учун янада узоқлашиб кетди. “Бернабеу”даги ўйинда ҳар ҳолда қониқарли натижага эришилди 1:1, аммо “Сан Сиро”да “Реал” ўз услубида тор-мор этилди 0:5.

90-йилларни “Реал” Жон Тошакнинг қўл остида бошлади. Жамоанинг Европа майдонларидаги омадсизликлари Испанияда асосий баҳс мавзуси бўлиб қолди. Жамоани танқид қиладиганлар ҳам, ҳимоячилари ҳам кўп эди, аммо энг ачинарлиси қўлга киритилган кетма-кет беш чемпионлик тезда унутилганди. Клубнинг Европа майдонларидаги омадсизликлари унинг жамоа тарихида 60-йиллардаги каби олтин ҳарфлар билан муҳрланишига тўсқинлик қиларди. “Бутре бешлиги” футболчиларига танқидлар ёмғири тўхтай демасди.

У пайтга келиб улар уч киши қолгандилар. Мартин Васкес клуб президенти Мендоса билан келишмай қолди ва у Италияга, етакчига эҳтиёж сезаётган “Торино”га йўл олди. Италияликлар адашишганди. У яхши ўғил бўла оларди, аммо ундан яхши ота чиқмасди. Васкеснинг ўрнини эса Георги Хаджи эаллади.

Италияда ўтган жаҳон чемпионатида бешовлон ҳам терма жамоа таркибидан жой олишди. Аммо бу турнир испан футболи учун омадсиз якунланди. Югославия терма жамоаси билан 1/8 финал учрашувида қўшимча вақтда мағлубиятга учраган Испания терма жамоаси ўз анъаналарига содиқ қолиб мундиални эрта тарк этди.

“Реал”нинг навбатдаги мавсуми ҳам шу кайфиятда ўтди. Испания чемпионатида ва Еврокубоклардаги омадсизлик. Бу сафар “Реал”ни тўхтатадиган “Милан” ҳам шарт эмасди, “Спартак” (Москва) нинг ўзи ҳам етарли бўлди. Ўша пайтда “Реал”нинг бошқарувини яна Ди Стефано қўлига олганди. Москвадаги учрашув мартда ўтказилганлиги сабабли майдоннинг аҳволи яхши эмасди. Буни яхши тушунган испанлар кўпроқ ҳимояга эътибор беришди ва “Спартак”ка деярли имконият беришмади. Учрашувда ҳисоб очилмади ва жавоб учрашувининг фаворити деб албатта “Реал” тилга олина бошланди. Учрашувнинг илк дақиқаларидаёқ Бутрегеньонинг зарбаси голга айлангани ҳам рақибни тўхтата олмади. Радченконинг икки ва Шмаровнинг бир голи “Спартак”нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Ўша учрашувда мухлислар москваликларнинг чиройли ўйинидан ҳайратда қолишди ва учрашув охирида уларни олқишлай бошлашди. Икки кун ўтиб Ди Стефано истеъфога чиқди:
— Сизларга қўлимни узатишни истагандим, аммо оёғимни чўздим, — деди у шогирдларига клубни тарк этаётиб.

Кейин Антич келди, Мендоса икки марта шу постни эгаллади, хуллас бу ўзгаришлар ва кетма-кет икки омадсиз мавсум “Бутре бешлиги”нинг таназзулига сабаб бўлди. 1993 йилга келиб Испания терма жамоаси мурабиийи Хавьер Клементе қўпол равишда баёнот берди:
“Бутре бешлиги” ўлди!

1995 йилга келибгина бу бешлик (аслида учлик қолганди) ҳақиқатдан ҳам тугади. Мичел ва Санчислар клубда ўйнашни давом эттиришган бўлишса-да, бешликнинг ҳақиқий юзи Эмилио Бутрегеньо турли танқидлардан зерикди ва “Барселона”нинг таклифига ҳам эътибор бермасдан Мексикага йўл олди.

Қаҳрамонларимиз ичида фақат Маноло Санчисгина узоқ кутилган Европа Чемпионлар Лигасининг ғолиби бўлди. Ҳатто икки марта. 1998 ва 2000 йилларда зафар қучган “Реал” қитъалараро кубокнинг ҳам соҳибига айланди.

Хорхе Вальдано:
Маноло Санчиснинг отаси ҳам машҳур футболчи бўлган. Айтишларича, Манолони Стефано, Пушкаш, Хенто, Амансио каби футбол афсоналари эркалаб катта қилишган. Аммо унда манманликдан асар ҳам йўқ, ўз даврининг футболчилари орасидаги устунликлари билан мақтанмайди, аксинча ўзининг майдондаги сезилмас, аммо алмаштириб бўлмас ўрнидан ҳам завқ олишни билади.

80-йиллардаги “Реал” қанчалик улкан муваффақиятларга эришмасин, қанчалик мухлислар кўнглини қувончга тўлдирмасин, бу давр тарих варақларида 50-60 йиллардаги “Реал”нинг соясида қолиб кетди. Бунинг сабаби юқорида айтиб ўтганимиздек, асосий Европа турниридаги муваффақиятсизликлар эди.

“Реал”нинг беш буюк тарбияланувчиларининг тарихи шу ерда поёнига етади. Деярли ҳамшаҳар бўлган беш йигитнинг бир даврда, биргаликда муваффақиятнинг чўққисига қадар чиқишлари албатта қизиқ ҳолат. Улар яқин дўст эдилар ва бирга улғайдилар, бирга машғулотларда қатнашдилар, бирга ғалаба қозондилар. Улар футбол касбини футбол завқига айлантира олгандилар.

Бемалол айтиш мумкинки, айнан мана шу йигитлар испан футболига ўша 60-йиллардаги ва ҳозирга келиб испан футболини юзига айланган юқори тажовузкорликни олиб кирдилар. Ахир айнан ўшалар футболнинг оддий спорт ўйини даражасидан ижтимоий соҳага айланиб бораётган даврларда Испанияда асосий ролда бўлишди. Уларнинг барчаси афсонага айланишди.

Қаҳрамон Асланов

Ўкилди: 15800 марта.
Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.