20/11 01:00 | Боливия | 2-2 | Парагвай | ||
20/11 04:00 | Колумбия | 0-1 | Эквадор | ||
20/11 05:00 | Аргентина | 1-0 | Перу | ||
20/11 05:00 | Чили | 4-2 | Венесуэла | ||
20/11 05:45 | Бразилия | 1-1 | Уругвай | ||
21/11 18:00 | Пахтакор | - | ОКМК | ||
22/11 16:00 | Нефтчи | - | Насаф | ||
22/11 18:15 | Қизилқум | - | Навбаҳор |
Бугун сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлганим Игорь Нетто ҳақида кўпчилик билмаслиги мумкин, лекин умид қиламанки ушбу ёзганларимиз сизларга у ҳақида, унинг футболдан иборат бўлган ҳаёти ҳақида етарли маълумотга эга бўлишингиз имконини беради.
1950-60 йиллардаги “Спартак” (Москва) клуби сардори, Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг етакчи ўйинчиси ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин.
-У жуда шўх бола эди,-деб хотирлайди унинг акаси Лев,-доимо тўп ўйнагани ўйнаган, ойим эса унинг оёқ кийимини янгилашдан чарчамасди.
Ўн саккиз ёшида “Спартак” кийимини кийган футболчи, 18 мавсум шу жамоада фаолият юритди. Сардор сифатида жамоаси билан беш марта мамлакат чемпиони, уч марта кубок соҳиби бўлди. Терма жамоа сафида Европанинг дастлабки чемпиони сифатида тарихда қолди. У ўша пайтлаёқ, ҳаётлигидаёқ афсонага айланиб улгурган ва бунга бир нечта сабаблар бор эди.
Футбол тарихида у фақат буюк футболчи эмас, буюк сардор сифатида ўчмас из қолдирди. Чилида ўтган 1962 йилги жаҳон чемпионатидаги унинг жасоратини унгача ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч ким такрорлай олмади.
Гуруҳ учрашуви эди. Собиқ Иттифоқ терма жамоаси Уругвай билан ўйнар ва ҳисоб 1:1 эди. Ҳужумчи Игорь Численко рақиб дарвозасига кучли зарба беради. Келинг, қолганини Игорь Неттонинг ўзидан эшитайлик:
-Тўп дарвозанинг ўнг юқори бурчагидан жой олди. Узоқроқда турган жамоадошларим голни нишонлай кетишди, лекин уругвайлик дарвозабон Соса ва бир нечта футболчилар гол бўлмаганини, тўп дарвоза тўрининг тешигидан дарвозага кирганини исботламоқчи бўлиб ҳакамга ёпишиб кетишди. Лекин, ҳакам майдон марказига ишора қилди. Менинг ўзимга ҳам гол бўлмагандек туюлганди ва Численконинг олдига югурдим. “Гол бўлдими?”, деб сўрадим. “Йўқ”, дарҳол жавоб берди у. Шунда мен сардор сифатида италиялик ҳакам олдига келдим ва ишораларим билан гол бўлмаганлигини тушунтирдим. У менга миннатдорчилик билдирди. Мен эса қалбимда хотиржамлик ва енгиллик ҳис қилдим. Биз ҳалол футбол ўйнардик.
Сизга қандайдир нотабиий туюлмадими бу сатрлар. Менга шундай туюлди дастлаб. Мана шундай футбол ўйнашарди илгари. Сардор номи ҳам мана шундай аҳамиятга эга эди. Ҳозир эса.. Ҳозир сардор деганда биз, нуқул ҳакам билан тортишадиган ва фақат ва фақат ўз жамоасининг манфаатини ҳимоя қиладиган футболчиларни тушунамиз. У футболчилар эса футболнинг, мухлисларнинг (рақиб мухлислари бўлса ҳам) манфаатларини юқори қўйишган.
Ўша учрашувда Неттонинг жамоаси барибир ғолиб чиқди. Ўша пайтларда “FAIR PLAY” каби совринлар бўлмаса-да, бутун дунё бу ҳаракатни чин қалбдан олқишлашди. Ҳақиқий ҳалол ўйин майдон ташқарисига чиқариб юборилган тўпни рақибга қайтариб бериш учун бор кучи билан яна майдон ташқарига тепиб юборши эмасди у пайтларда.
Орадан йигирма тўрт йил ўтиб, замонлар ҳам ўзгарди, сардорлар ҳам. Худди шундай турнирда, бундан ҳам аҳамиятли учрашувда яна бир сардор қўли билан тўп киритди ва барчани алдади. Ҳакам голни ҳисоблади, лекин, афсуски Марадонанинг ҳаёлига келмади бошқача йўл тутиш. Ўша гол унга чемпионликни олиб бергандир, лекин, футбол аҳли олдида ҳурматини йўқотилишига асосий сабаб бўлди.
Уни жамоадошлари “гусь” деб аташарди. Бунга сабаб, унинг бўйнининг узунлигию, овозининг бироз хириллаб чиқиши эди. Ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида у “Спартак”да ва терма жамоада сардорлик қилди. Юксак техника ва индивидуал ўйини, майдондаги ҳақиқий жангчилик хусусиятлари билан ҳамманинг меҳрини қозонди. Майдонда у жуда шиддатли ва қизиққон эди, лекин доимо, ҳатто энг катта босимларда ҳам ўзининг тактик фикрлашини йўқотмасди. Ҳамиша майдондаги ҳолатни тўлиқ хис қилиб турарди, ажойиб комбинациялар ташкил қилар ва кўпинча ўзи уларни ниҳоясига етказарди. Кейинчалик, кўпчилик томонидан севилган гўзал ва нафис “спартакча футбол”нинг ривожланишида айнан унинг ҳизматлари катта эди.
Виктор Понедельник у ҳақида шундай дейди:
-Менимча, у футбол тарихида энг яхши ярим ҳимоячилардан бири эди. У ҳатто юқори тезликда ҳам 2-3 ҳимоячини бемалол алдаб ўтар, ўзининг чап қанотидан деярли дарвоза чизиғигача бориб, ажойиб пасларни бера оларди. Унинг унчалик баланд бўлмаган, лекин қатъий овози жамоадаошларини ҳам доимо юқори босимда ушлаб турарди.
Николай Старостин:
-Тасаввур қилинг, барча ҳужум қилиш йўллари беркилган, рақиб ҳимоясидан ўтиш умуман иложи йўқ. Ҳатто, энг айёр тўп узатишлар ҳам эгасига етиб бормаяпти. Бирдан, Игорь Нетто тўп билан олдинга ташланади, биттаси алдаб ўтилади, иккинчиси, кейин учинчиси. У дарвоза қаршисида ва гол. Игорь эса ўзининг киборларча ҳаракатлари ва мулойим нигоҳи билан майдон марказига қараб югуради.
У футболга ниҳоятда жиддий муносабатда бўларди. У тактик тарафдан бутунлай консерватив эди ва ностандарт ҳаракатларни ёқтирмасди. Мағлубиятни мардонавор қабул қиларди, ҳеч қачон ўйиндан сўнг ортиқча гап қилмасди. Доим ундан мағлубият сабаби сўралганда, “кўп хато қилдик”, деб қисқа жавоб берарди ва ўзининг ва жамоадошларининг эътиборини кейинги учрашувга қаратарди. Балки, мана шу ҳусусиятлари учун ҳам, у сардорлик қилган ўн беш йил давомида “Спартак” ҳеч қачон икки марта кетма кет мағлубиятга учрамаганди.
Унинг ҳаётга бўлган муносабати ҳам ўта жиддий эди. Онасини ниҳоятда қадрларди. Алоҳида яшаса-да, деярли ҳар куни уни олдига келарди. Баъзи кунлари ҳатто бирорта сўз айтмасди, лекин олдида ўтириб қайтиб кетарди. Баъзан эса, ётиб қоларди, кроватни онасига яқин қилиб сурарди-да, хотиржам ухларди. Майдонда у ниҳоятда қатъий ва жиддий эди, уйда эса жуда мулойим ва меҳрибон эди.
У футбол ўйнашни ўттиз олти ёшида тўхтатди. Тўғрироғи, у хоҳламаса-да, мураббийлар унинг дам олишини хоҳлашди. Игорь эса “Спартак”дан бошқа жамоада ўзини тасавур қила олмасди. Футболсиз қолиш унга жуда қаттиқ таъсир қилди ва узоқ вақт касал бўлиб ётди. Кейин эса, мураббийлик соҳасини бошлади. Узоқ йиллар давомида у мамлакатда ва чет элда турли жамоаларда ишлади, аммо, унчалик муваффақият қозонмади. Кўпчилик бу омадсизликни унинг ўта ҳалоллиги билан боғлашади. Йиллар ўтиб, у жонажон клубига қайтди ва ёш болаларни тарбиялай бошлади.
Инсонда доимо ҳаёти олдинда эканлиги ҳақида тасаввур мавжуд бўлади. Исталган пайтда ўзини ўнглаб олиши мумкиндек, бу нарса бутунлай ўзига боғлиқдек тасаввурда бўлади. Аммо.. Инсон ҳаётининг асосий қисмида қандай ҳаёт кечирган бўлса, кўпинча умрининг охирида мана шу ҳаётнинг инъекосини яшайди. Бойлик, кайфу сафо дардида яшаган одам, ҳатто бу нарсалар ўзи учун аҳамиятини йўқотган пайтга келиб ҳам, улардан воз кеча олмайди. Шунинг учун ҳам, ҳаётнинг энг ёрқин палласида инсон ўз мақсадини белгилаб олиши лозим.
Игорь Нетто ҳаётини футбол билан яшади. Аниқроғи футбол унинг қалбининг ва ҳаётининг энг катта бўлаги эди. Умрининг охирги кунларида оғир касалликка чалинди. У деярли бутун хотирасини йўқотган ва кўпинча ўз уйини ҳам топа олмай қоларди. Унинг хотини ташлаб кетган ва акасининг уйида истиқомат қиларди.
-У ўзининг касаллигини билмасди,-дейди машҳур футболчи ва мураббий Никита Симонян,-ҳаётининг қийинлашиб кетгани ҳақида кўп нолирди, лекин касали ҳақида гапирмасди. Меинмча, унинг мияси ўзига бўйсунмай қўйганди.
Бир куни у футбол кўриб ўтириб, “Лариса! Лариса! Қани Володя?” деб бақириб юборган. Владимир Маслаченко шарҳлаётган ўйинни кўриб ўтириб, Владимир билан бирга ўтиргандек ҳаёлга борган ва унинг йўқ бўлиб қолганини тушунмай қолганди. Келинойиси Лариса унга, ўйиндан кейин Маслаченко албатта келишини айтиб, зўрға юпатганди.
Оилавий ҳаётдаги бахтсизлик, футбол билан оғир ҳайрлашув, моддий қийинчиликлар унинг соғлиғига ўз таъсирини ўтказмай қолмаганди. Баъзи вақтларда, у атроф билан алоқани йўқотар ва бутунлай футбол ўйнаб юрган вақтларига қайтиб қоларди. Ҳатто, баъзан у спорт формасини кийиб, сумкасини тайёрлаб оларди ва шерикларини кутиб ўтирарди. Машғулотлар кейинга қолдирилганлигини айтиб, зўрға уни тинчлантиришарди. Шунда у кийимларини алмаштирарди ва ҳаммасини унутиб юборарди.
Албатта, уни кўп даволашди, лекин касалликни тўхтатиб бўлмасди. 1999 йилнинг 30 мартида, ўзининг олтмиш тўққиз ёшида футболнинг ажойиб фарзанди вафот этди.
Қаҳрамон Асланов
Асосий сахифа |
© STADION.UZ Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт. Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар. |
|