Португалия терма жамоаси ҳужумчи Криштиану Роналду ўйнаган 7-рақамни ФИФА қоидалари сабабли муомаладан чиқармайди. Бу ҳақда Record нашри хабар бермоқда. Аввалроқ футболчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлашга қарор қилганини маълум қилган эди.
ФИФА ва УЕФА талабларига кўра, терма жамоалар футболчилари расмий ўйинларда 1 дан 23 гача бўлган рақамларда майдонга тушиши керак. Шу тариқа, жаҳон футболи бошқарув органи регламенти миллий терма жамоалар доирасида рақамларни муомаладан чиқаришни тақиқлайди.
Аввалроқ Аргентина футбол ассоциацияси ҳужумчи Лионель Месси ўйнаган 10-рақамни муомаладан чиқариш бўйича шундай илтимос билан мурожаат қилган, бироқ рад жавобини олган эди.
41 ёшли Криштиану Роналду Португалия терма жамоасидаги дебютини 2003 йил 20 август куни, 18 ёшида Қозоғистон терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида (1:0) ўтказган. У иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган.
Ҳужумчи Португалия терма жамоаси сафида жами 234 та ўйин ўтказиб, 146 та гол ва 45 та голли узатма қайд этган. Роналду 2016 йилда Европа чемпиони бўлган, шунингдек, УЕФА Миллатлар лигасида икки марта — 2018/2019 ва 2024/2025 йилги мавсумларда ғолиб чиққан.













