Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби "Бавария" ҳужумчиси Гарри Кейнни келажакда ўз сафига қайтариш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди.
Манбага кўра, англиялик футболчи Мюнхен клуби билан шартномасини узайтирганига қарамай, "Тоттенхэм" уни қайта сотиб олиш бўйича устувор ҳуқуқини сақлаб қолган.
Мазкур келишувга асосан, "шпорлар" Кейн учун "Бавария"га бошқа клублардан келиб тушган трансфер таклифини исталган вақтда такрорлаш имкониятига эга.
Маълум қилинишича, "Тоттенхэм" раҳбарияти клубнинг собиқ ҳужумчисини келажакда Лондонга қайтаришни орзу қилмоқда.
Бироқ эҳтимолий трансфер кўп жиҳатдан Кейннинг шахсий қарорига боғлиқ бўлади.
Футболчининг ўзи эса Мюнхендаги ҳаёти ва "Бавария"даги фаолиятидан жуда мамнун эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гарри Кейн "Бавария" билан шартномасини узайтирганидан сўнг Европадаги энг кўп маош олувчи футболчига айлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.












