"Барселона"нинг "Вильярреал" устидан қозонган иродали ғалабаси нафақат майдондаги воқеалар, балки Ламин Ямалнинг ўзига хос ҳаракати билан ҳам эътиборни тортди.
The Touchline тарқатган маълумотга кўра, 19 ёшли вингер учрашувдаги голлардан бири нишонланаётган пайтда тўпни футболкаси остига яшириб, ҳомиладор аёлни тасвирловчи ҳаракатни амалга оширган. Унинг бундай нишонлаш усули жамоадоши Фермин Лопесни ҳайратда қолдирган.

Эътиборлиси, Ямал учун мазкур баҳс омадсиз бошланганди. Испаниялик футболчи биринчи бўлимда пенальтини аниқ амалга ошира олмади. Унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
Шунга қарамай, Ҳанс-Дитер Флик бошчилигидаги "Барселона" дастлабки етти дақиқада иккита гол ўтказиб юборганига қарамасдан, ўйинда бурилиш ясашга муваффақ бўлди. Каталонияликлар якунда "Вильярреал"ни 3:2 ҳисобида мағлуб этишди.
Ушбу ғалабадан кейин "Барселона"нинг очколари сони 36 тага етди. Жамоа Ла Лига турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб қолди ва иккинчи ўриндаги Мадриднинг "Реал" клубидан уч очколик устунликка эга бўлди.













