Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду Осиё Чемпионлар лигасида «Ас-Садд»га қарши ўйин давомида қанот ҳакамининг қарорларидан норозилигини ўзига хос тарзда намойиш этди.
Португалиялик футболчи учрашув давомида бир неча бор офсайд ҳолатига тушиб қолди. Навбатдаги вазиятлардан бирида у қанот ҳакамига қараб, бир нечта ишоралар қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Роналду аввал кўзларини юмиб, кейин эса ҳакамнинг байроқ кўтариш ҳаракатини тақлид қилгани акс этган. Шу тариқа, у ҳакам вазиятларни кўрмасдан баҳолаётганига ишора қилди. Шунингдек, футболчи ҳакамга қарата нималардир деб бақирган.
Учрашув «Ан-Наср»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Роналду эса пенальтидан гол уришга муваффақ бўлди.













