Ушбу мақоламизда «Барселона»нинг ушбу мавсумдаги бошқарув услуби, ўйин стратегиясини очиб беришга ҳаракат қиламиз. Демак бошладик!
Ҳар қандай клубга янги бош мураббий келганида унинг олдида эртами-кеч бир савол туради - “Эски арава билан ҳаракат қиламизми ёки қайта қурилишни амалга оширамизми?”. Тито Виланова ва Тата Мартино Пеп қолдирган жамоадан ўз ҳолича фойдаланди. Асосий эътиборни тўпга эгалик қилиш ва жамоа бўлиб прессинг амалга оширишга қаратишди. Ҳозир эса Пепнинг ўйин услубини кўчириш ўзини оқлаётгани йўқ. Буни охирги икки мавсумда 1та муҳим соврин (Ла Лига) қўлга киритилганидан англаб олиш мумкин.
Луис Энрике бошқача йўл тутди. Испан мураббийи барчасини кескин ўзгартирди дейиш нотўғри. У «Барcелона»нинг анъанавий ўйинидан воз кечмади, лекин у бир нечта муҳим ўзгаришларни амалга оширди. Ушбу ўзгаришлар «Барселона»нинг ўйинига тезлик қўша олди ва кўп вариантлиликни ташкил этди. Бош мураббий томонидан қўлланилган 4та муҳим ўзгаришга тўхталиб ўтамиз.
Хави ва Иньеста – майдон марказидаги бошқарувчилар ўзгармоқда
Хавининг клубдан кетиши ҳақида ўтган мавсум ҳам айтилган эди. Лекин у «Барселона»да яна бир мавсум қолишни ихтиёр этди. Охирги хабарларда эса Хави Қатарга йўл олаётгани таъкидланди. Энрике эса бир даврлар ўз жамоадоши бўлган футболчини ўйинга тайёргарлик ҳолати бўйича аста-секин асосий таркибдан ажратиб олмоқда. Бу ҳолатни айни дамдаги Жеррардни “Ливерпуль”нинг асосий ўйинчиси номидан қадам ва қадам ажратиб олиш билан бир хил. Ўтган мавсум билан таққослаган ҳолатда, Хави ҳар бир ўйинда ўртача тўп узатишлари 15.3 тага камайган. “Гранада”га қарши учрашувда эса у 65 дақиқада 29та тўп узатишини амалга оширганлиги – энди Хави олдинги ҳолатига қайтмаслигига ишора қилмоқда.
Иньеста эса мураббийнинг эътиборидан қолгани йўқ. Унинг ўтказган ўйинларини ўтган мавсумга нисбатан фарқни таққослаштирмоқчи бўлсак, ўтган мавсум биринчи ярмида Иньеста жароҳатдан даволанган ва майдонга қайтганида ҳам бир неча турни ўзининг жисмоний ҳолатини яхшилашга сарфлади. Лекин унинг ўйинида ҳам қайсидир маънода пастлаш бордек. Ҳужумларни аксарият қисми энди Иньеста орқали ўтмаётганига эътибор қаратсак, бунга оз бўлсада тушунгандек бўламиз. Эндиликда ҳужумлар Иньестанинг иштирокисиз ҳам амалга оширилмоқда. Статистика сўзга чиқадиган бўлса, ушбу мавсумда Иньестада гол+пас бўйича ҳеч қандай очколар йўқ.
Энрике Иньеста ва Хавининг ўйиндаги ролини қайта кўриб чиқди. Ўтган йили жамоанинг асосий кучи бу ярим ҳимоя бўлган. Тўпни эгалик қилиш ва бирор футболчини олдинга рақиб дарвозаси томон чиқариб ҳаракатланиш асосий тактика бўлган. Бу мавсум эса ҳужумда дунёнинг кучли футболчиларидан ташкил этилган ажойиб учлик ҳаракатланмоқда. Энрике энди футболчилардан тўпни тезроқ олдинда ҳаракатланаётган ҳужумчиларга, яъни ҳар бири вазиятни якка ўзи ҳал қила оладиган ТРИОга узатишни талаб этмоқда.
Шундай экан, унда «Барселона» тўпга эгалик қилишни хоҳламаётган экан деган хулоса қилиш мумкин. Аслида эса ундай эмас. Тўпга эгалик қилиш янада ортди ва шу билан бирга узатмалар сони ҳам сезиларни оширилди. Ўтган мавсумга нисбатан олдинга тўп оширишлар битта ўйинга ўртача 15 тагача орттирилди. Ушбу кўрсаткич умумий 4%га ортганини кўрсатмоқда. Атиги — 4%?! «Барселона»ни 100 мертлик масофада югурувчи Усейн Болт каби деб олсак, унда Усейн ўзининг натижасини 0.04 секундга яхшилади деб тушуниш мумкин. Шундагина ушбу 4% нинг қиймати қанча эканлигини англаш осонроқ кечади.
Иккинчидан, "Барса" тезроқ ўйнай бошлади. Ҳам позицион ҳужумларда, ҳам ҳимоядан чиқишда. Энди жамоа қарши ҳужумга ўтаётганда узатмалар сони кескин камайди. Бу эса каталонияликларнинг янада тезкор ҳаракат қилаётганини билдирмоқда.
Мессининг «Барселона»даги ролининг ўзгариши
Сўнгги 4 йилда аргентиналик футболчи “алдамчи тўққиз” вазифасида ўйнаб келган бўлса, ушбу мавсум биз янги Мессини кўра бошладик. У чемпионатда дастлаб икки позицияда тўп сурди. Энрике Суареснинг дисквалификацияси сабаб, ТРИОдан фойдалана олмаган пайтларда Месси мураббий кўрсатмасига кўра ортроқда ўз жамоадошларини тўп узатмалари билан таъминлаш ролида ўйнади. Айрим ўйинларда эса аввалги позициясида ҳаракат қилди. Месси мавсум бошида 8 та ўйинда 7 та голли пасни амалга оширди.
Суареснинг қайтиши “Барcа”нинг инқироз пайтига тўғри келди. Жамоада жисмоний ва руҳий жиҳатдан пасайиш юзага келди. Матбуот Месси ва мураббий ўртасидаги муаммоларни тинимсиз ёза бошлади. Мураббийдан ҳужум учлигидаги ишни йўлга қўйиш талаб этиларди. Боиси, Неймар гол уришни тўхтатиб қўйди, Месси пас беришни унутди, Суарес эса нима қилишини билмаётган эди. Муаммолар бартараф этилгандан кейин, Энрике Месси ҳамда Суареснинг ўрнини алмаштирди. Ҳужум учлиги эса яна ишлаб кетди.
Энди Месси ўнг қанотда, Суарес эса марказда. Месси учун бу қанот бегона эмас. Чунки 2004 йил Месси ўз фаолиятини айнан шу қанотдан бошлаган. Унинг кўп гол уриш билан бирга жуда кўп голли паслар ва голли вазиятларни яратиш фоизи ҳам ортиб кетди. Суарес эса марказда яхши ўйнашини “Иттиҳод”да “Сити” билан ўйинда исботлади.
Ракитич – Алвес! Баланс.
«Барселона» учун Ракитич трансфери ҳам жуда фойдали бўлди. Унинг марказдаги асосий вазифаси — ҳужумдаги триога тўпни тезлик билан узатиб бериш. Ушбу вазифани бажариш учун хорват футболчисининг “Севилья”даги малакаси катта ёрдам бермоқда. Бундан ташқари ҳужумчиларни қўллаб-қувватлаш учун рақиб жаримасига ошиққан Дани Алвеснинг ўрнини ҳам эгалламоқда. Чунки кўп ҳолларда Дани ҳимояга етиб кела олмаяпти. Қарама-қарши қанотда эса ишлар жуда яхши. Албанинг тезлиги эвазига бутун қанот ёпилмоқда. Ҳимоядан ҳужумгача етиб бориши учун 12 секунд кифоя қилган футболчи ортга ундан ҳам тез етиб кела олишини исботламоқда.
Маскерано — ҳимоячи ёки ярим ҳимоячи?
Охирги ЖЧда Маскеранони ҳимояда қандай ўйнаганини бутун дунё кўрди. Унинг ушбу янги позицияда тўп суриши ҳеч кимга халал бермади. Бу ҳолатни эса Энрике клубда ҳам синаб кўрди. Яна Маскеранони вақти-вақти билан ярим ҳимояга ҳам қўйиб кўрмоқда. Бу услуб “Атлетико” каби тез қарши ҳужумга ўтадиган клубларга қарши қўллаш катта фойда беради. Чунки Маскерано ҳимояга таянган ҳолда ўйин ўтказади.
Энрике ишлашда давом этмоқда. Унинг натижалари аста секин ўзини кўрсатмоқда.