Ўқиган бўлсангиз, аввалроқ газетамизда, аниқ айтсак, 10 март куни чоп этилган 19 (1227)-сонида футболкалари сотуви чаққон клубларга эътибор қаратгандик. Энди ўша мавзуни сал ўзгартириб, бу борадаги ишларни индивидуал ҳолатда кўриб чиқамиз. Яъни ўйинчилик либослари қўлма-қўл бўлаётган футболчилар ҳақида ҳикоя қиламиз. Криштиану Роналду, Лионель Месси, Златан Ибрагимович, Марио Балотелли... Бу юлдузлар ўз жамоаларига нафақат майдонда кўп ёрдам беришади, балки бизнес йўналишида ҳам катта манфаат келтиришади. Хўш, бозорда кимнинг футболкасига талаб катта, кимники кўпроқ сотиляпти?
10-ўрин. Златан Ибрагимович («ПСЖ») - 385 минг дона
Харидоргир футболкалар рейтингини швециялик бўйдор ҳужумчи очиб беради. Бўйи каби димоғи ҳам баланд Златан «ПСЖ»нинг нафақат майдондаги, балки «барча спорт дўконлари»даги чинакам етакчисидир. Тўғри, 385 минг дона футболка биргина Парижда сотилган эмас. Ахир Ибра бошқа жойларда ҳам машҳур ва севимли...
9-ўрин. Марио Балотелли («Ливерпуль») - 600 минг дона
- Бу йигитни ҳамма яхши кўради. Гарчи Марио ҳақида ҳеч қачон бундай дейишмасада, унинг машҳурлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ҳа, италиялик ҳужумчи оғир характер эгаси, эҳтимол, шунинг учун ҳам унинг шахсига қизиқиш ақл бовар қилмас даражададир. Ҳарқалай, Супермарио футбол майдонларида барқарор ҳолда мўъжизалар кўрсатмаяпти, айниқса, охирги вақтларда ўйинида пасайиш кузатилди. Шунга қарамай, Англия стадионларида орқасига «Балотелли» ёзуви туширилган формалар худди иштаҳани қитиқловчи гамбургерлар каби сотилиб кетяпти. Бошқача айтганда, улар пештахтага қўйилгани ҳамоно харидор топиляпти. Мисол учун, «Ливерпуль» жорий мавсум Марионинг футболкаларидан 600 минг донасини пуллади. Бу борада ҳаттоки, Стивен Жеррард ҳам ҳужумчидан ортда қолиб кетди. «Ливерпуль» сардорига «тегишли» футболкалардан «атиги» 450 минг дона сотилди.
8-ўрин. Арьен Роббен
(«Бавария») - 875 минг дона
Роббен фақат гол уриш ёки унга ассистентлик қилиш бўйича машина эмас. У яна пултопар машина ҳам. Асосийси, нафақат ўзи, балки «Бавария» учун ҳам шундай. Қаранглар, немислар мавсум бошидан буён голландиялик «бува»нинг 875000 дона формасини қуртдай пуллашди. Қисқаси, Арьен рақиб ҳимоячиларидан қанчалик тез қочиб кетса, унинг футболкалари худди шундай суръатда мухлислар мулкига айланмоқда.
7-ўрин. Алексис Санчес («Арсенал») - 925 минг дона
Чилилик ҳужумчи Англия премьер-лигасига шиддат билан кириб, дарҳол чемпионатнинг энг яхши ижрочилари қаторига қўшилди. У шунингдек, клуб дўконида барча жамоадошларини ортга сурди. Лўндасини айтсак, «канонирлар»га тегишли дўконларда энг харидоргир маҳсулот айнан Санчеснинг футболкасидир. Рақамларга эътибор беринг, орқасида «Санчес» ёзуви бор 925 минг дона форма ўз эгаларини топиб улгурди.
6-ўрин. Сеск Фабрегас («Челси») - 1 миллион дона
Испаниялик ярим ҳимоячи 30 млн. фунтлик трансферини оқлаб бўлди. Йўқ, гап «Барселона»нинг собиқ аъзоси майдонда жонкуярлик кўрсатаётгани ва тинмай голли узатмаларни амалга ошираётганида ҳам эмас. Фабрегас «Челси» харажатларини тўғри маънода қоплашга улгурди. Чунончи, «Челси» томонидан сотилган футболкалардан 27 фоизи айнан уники. Бошқача айтганда, «аристократлар» мухлислари дўконларда орқасига «4» рақами туширилган формага илҳақлар. Ҳозиргача сотилган 1 миллион дона футболкани пулга чақсак, «Барса» ҳисоб рақамига ўтказиб берилган маблағ чиқади. Қойил, Сеск!
5-ўрин. Анхель Ди Мария («МЮ»)- 1,05 миллион дона
Аргентиналик ярим ҳимоячининг клубдаги ишлари у қадар мақтанарли эмас. Собиқ «реалчи» АПЛдаги фаолиятини ўта ёрқин бошлади, аммо кўп ўтмай, барқарорликни бироз йўқотди. Бир қарасангиз, Ди Мария мўъжизавий футбол кўрсатади, бошқа сафар сира ўзига ўхшамайди. Шунга қарамай, унинг футболкалари ҳамон қўлма-қўл бўляпти. «МЮ» ҳозирга давр унинг 1,05 миллион дона формасини сотди.
4-ўрин. Радамель Фалькао («МЮ») - 1,1 миллион дона
Колумбиялик ҳужумчи Англия футболига ҳамон тўла мослашганича йўқ. Тинмай гол урувчи Фалькао қаергадир ғойиб бўлгандек, гўё. Ҳа, Радамелнинг ижарага олиниши «МЮ»га спорт нуқтаи назаридан фойда бермагандир, аммо маркетинг масаласида улкан ва муваффақиятли қадам бўлди. Бунга харидорлар қўлига етиб борган 1,1 миллион дона футболка яққол далолат.
3-ўрин. Хамес Родригес («Реал») - 1,15 миллион дона
Кўпчилик колумбияликнинг трансфери тўғри эканлигига шубҳа билан қараганди. Умуман, айримлар ҳозиргача бундай шубҳалардан қутулишмаган. Лекин факт шуки, ёш футболчининг харидига катта маблағ сарфлашдан чўчимаган «Реал» бунинг ортидан етарлича пул топди. Мана, эътибор беринг, «Қироллик клуби» колумбиялик билан шартнома расмийлаштирилганидан кейинги 48 соат ичида унинг фамилияси битилган формалар сотувидан нақ 20 миллион фунт олди. Умумий айтганда эса, Хамеснинг 1,15 миллион дона футболкаси мухлислар томонидан харид қилинди.
2-ўрин. Лионель Месси
(«Барселона») - 1,2 миллион дона
Бу рўйхатга Леонинг тушмаслиги мумкинми? Ахир уни сайёрамизнинг турли бурчакларида бирдек қадрлашади. Шунга яраша, футболкаларини тез-тез сотиб ҳам олишади. Хуллас, «Барселона» аргентиналик даҳочанинг фамилияси акс этган футболкалардан 1,2 милллион донасини сотишга улгурди. Бундан қанча топганини эса аниқ айтиш қийин. Зеро, футболкаларнинг нархи бир хил эмас.
1-ўрин. Криштиану Роналду («Реал») - 1,33 миллион дона
And the Oscar goes to... Cristiаnо! Бунга ким шубҳа қиларди? Лео Месси ҳам иккинчи ўрин билан қаноатланаётган экан, португалияликка яна ким рақобат тақдим эта оларди? Бутун дунёда одамлар Роналдуга тегишли футболкани кийиб кўришни орзу қилишади ва бунинг учун маълум миқдорда пул тўлашни пайсалга солишмайди. 1 миллион 330 минг дона футболка сотилибдими, демак, ортиқча гапиришга ҳожат йўқ.