Кириш Регистрация
06/05 00:00 Райо Вальекано 0-1 Альмерия
06/05 00:00 Севилья 3-0 Гранада
06/05 18:00 Қизилқум 1-1 Нефтчи
06/05 21:00 Салернитана 1-2 Аталанта
06/05 23:45 Удинезе 1-1 Наполи
07/05 00:00 Кристал Пэлас 4-0 Ман. Юнайтед
07/05 00:00 Лилль 3-4 Лион
08/05 00:00 ПСЖ - Боруссия Д
09/05 00:00 Реал Мадрид - Бавария

«Ишдаги ишқ»

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ЕВРОПА

«Ишдаги ишқ» бадиий фильмининг бош қаҳрамони билан фамилиядош бўлган «Ростов» клуби ҳимоячиси Иван Новосельцев «Торпедо» устидан қозонилган ғалабани бир умрга эсдан чиқмайдиган воқеага айлантирди: Финал ҳуштаги янграганидан кейин футболчи майдон четида турган маҳбубаси - Катерина Кейрунинг қалби ва қўлини сўради. Хайрият­ки, бу Новосельцевнинг «Людмила Прокофьевна»си бўлажак умр йўлдошини ортиқча қийнаб ўтирмади.

Новосельцев ва Катерина

«Торпедочилар» устидан эришилгант ғалаба (1:0) «шаҳарликлар»ни хавф­ли ҳудуддан анча узоқлаштирган бўлса, автозаводчиларни қуйи лигага, Иванни Катеринага яқинлаштирди. Катерина Кейри - таниқли баскетболчи, Ростов фуқароси. Спортчининг отаси Сьерра-Леонедан. Маҳбубасидан ғалаба табригини қабул қилган Новосельцев унинг қаршисида тиз чўкди ва Катяга никоҳ узугини узатди. Бахтиёр жуфтлик ҳеч кимни бефарқ қолдирмади: мухлислар гулдурос қарсаклар билан олқишладилар, Қурбон Бердиев ва футболчилар самимий табриклашди.

Ойи, дадамга турмушга чиқинг!

«Кристалл Пэлас» ярим ҳимоячиси Янник Боласи никоҳдан ўтиш маросимини анчадан бери чўзиб келарди. Маҳбубаси аллақачон унга чақалоқ совға қилган бўлса-да, фахрли узукка эришолмаганди. Ниҳоят, сўнгги Рождетсво арафасида футболчи бир ёшли ўғилчасини башанг кийинтирди-да, бўйнига чиройли тахтачани илган ҳолда маҳбубаси томон йўллади: «Ойи, дадамга тумушга чиқишга розимисиз?» Ҳаяжонини жиловлай олмаган Келси йиғлаб юборди ва ўғли ҳамда куёвни қучган ҳолда «ҳа» деди.

Чапани қилиқлар ва романтика

Марио Балотелли кўпчиликда инжиқ табиатли ва ажбтовур қилиқларни амалга оширадиган футболчи сифатида таассурот қолдирган. Маълум бўлишича, унда романтик эҳтирослар ҳам кучли экан. Бразилия мундиали арафасида у ўз маҳбубасини Риодаги пляжлардан бирига таклиф этди. Айнан ўша ерда, ботаётган қуёшнинг шуълалари остида Марио севгилисини никоҳдан ўтишга таклиф этди. Қолаверса, орзиқиб кутилган таклифни Фанни Негуеше ўзининг туғилган кунида қабул қилиб олди.

Диктофонлар ёқилсин!

Бразилиялик футбол юлдузларидан бири - Леонардо Миланда учратган умр йўлдошини бир неча йиллик жиддий муносабатлардан кейингина чинакамига бахтиёр қилди. Гарчи Анна унга Тиаго исмли ўғилчани ҳадя этган бўлса-да, ўша спорт директори бўлиб ишлаётган собиқ футболчидан садо чиқмасди. Буни қарангки, ҳаётнинг мазмуни бўлган муҳим таклиф тўғридан-тўғри эфир чоғида янгради. Қандай қилиб дейсизми? Гап шундаки, телешарҳловчи ва бошловчи сифатида фаолият юритадиган Анна 2013 йилдаги ЕЧЛ қуръа ташлаш маросимидан кейин Леонардодан Sky Italia учун шарҳ олмоқчи бўлганди. Кутилмаганда собиқ футболчи маъшуқасига қарама-қарши савол билан мурожаат қилди: «Менга турмушга чиқасанми?» Анна вазиятни ҳазил ёрдамида ўнглашга уринди, бу мавзуда уйда суҳбатлашишни таклиф этди. Хуллас, ўзини жавобдан олиб қочди. Лекин кўп ўтмай тўй ҳам бўлиб ўтди.

Бунинг барчаси радиодан эшитилиб турибди

ЦСКА ярим ҳимоячиси Любош Калоуда ҳам ўз юрагини эфир орқали очишга қарор қилганди. Фақат у бироз эскириб қолган усул -радиони танлаганди. Чунки чехиялик футболчининг яқин дўстларидан бири маҳаллий радиостанцияда ишларди. Любош дўстидан қайлиғининг онасини туғилган куни билан табриклашни илтимос қилди. Шунингдек, табрикнинг эфирга узатилиш вақтини ҳам келишиб олди. Ниҳоят, бўлажак қайнона шарафига самимий табрик ва дилбар қўшиқ янгради. Кейин кутилмаганда Любош ўз севгилисига қарата мурожаат қилиб, турмуш қуришга розилигини сўради. Эшиттириш аввалдан тайёрлаб қўйилгани боис, у эфирга узатилган пайт­да куёв бўлажак рафиқасининг оила аъзолари даврасида ўтирганди. Шу сабабли ўз саволига ўша заҳоти жавоб олди. Албатта, ижобий жавоб!

Ҳамма рақсга тушсин!

Шотландиялик дарвозабон Шон Мёрдок яшил майдондаги ўйинлардан кўра, Нью-Йоркдаги Тайм-Сквер боғида кўпроқ шуҳрат қозонди. У Бродвей раққослари ҳамкорлигида чмнакам шоу уюштириб, сайр этувчиларни ўзига жалб этди. Ҳатто футболчининг қайлиғи ҳам қандай воқеа юз бераётганини англай олмасдан,табассум билан рақсга жўр бўлди. Жўшқин «мюзикл» Шоннинг Клариссега никоҳ узугини тақдим этиши билан ниҳоясига етди.

Сохта бемор

Футбол бўйича Бразилия аёллар терма жамоасининг бош мураббийи Фабрисио Насарре умуман кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиши ҳам мумкин эди. Агарда у ўз шогирдларидан бирининг қўлини антиқа усулда сўрамаганида. Одатий машғулотлардан бирида жамоа 2 гуруҳга бўлиниб, ўзаро куч синашаётганди. Унда мураббий ҳам иштирок этаётганди. Вазиятларнинг бирида у тўпга ноқулай тарзда зарба берди ва майдонга ётиб олди. Кейин кучли оғриқ остида шифокорлар кўригидан ўтди. Ана шу дамларда футболчи Сара Вега устозининг ёнидан жилмади. У шунчалик азият чекардики, ўзини йиғидан аранг тийиб турарди. Мураббийнинг найранг қилаётгани Саранинг хаёлига ҳам келмаганди. Хуллас, кутилмаганда Фабрисио ўрнидан сакраб турди ва қизга никоз узугини узатганча тиз чўкди. Сара ҳайратдан қотиб қолган, жамоадошлари ва дугоналарининг шодон қийқириқларини умуман ҳис этмасди.

Ҳақиқий алоқа воситаси

«Уфа» ярим ҳимоячиси Эммануэль Фримпонг ўзининг ғайри-табиий одатлари билан донг таратган. У Бошқирдистон пойтахтига келган куниёқ ўз «ҳунар»ларини намойиш этишга крришди. Пачоқланган телефони ўрнига янгисини харид қилиш ниятида дўконга кирган футболчи соҳибжамол маслаҳатчи қизни бир кўришда севиб қолди ва унга тумушга чиқишни таклиф этди. Бу каби мулозаматларга кўникиб қолган ходима мулоқотни ҳазил даражасида сақлаб қолди. Акс ҳолда, Фримпонг ҳозир танишган суҳбатдошига тўй таклиф қилишдан ҳам қайтмайдиганлар тоифасидан эди.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 21:05, 06.05.2015.
Ўқилди: 4054 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.