Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Юрген Грабовски: «Энди кимлардир Гвардиоладан норози…»

Баҳо:
+ | -

ЧЛ-2014|2015 ярим финали дои­расидаги ўйинлардан сўнг немис футболи тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири, ЖЧ-74 ва Евро-72 ғолиби Юрген Грабовски «СЭ» нашри илтимосига кўра, махсус интервью берди. Собиқ юлдуз суҳбат жараёнида асосан Мюнхен суперклубининг жорий мавсумдаги иштирокини таҳлил қилди.

- Сизнинг наздингизда, «Бавария»га энди жиддий ўзгаришлар керакми ёки...?

- «Бавария» яхши клуб, мана, бундеслигада ғолиб чиқди. Агарда ЧЛ учун янги футболчилар керак бўлса, уларни сотиб олишади - клубда маблағ етарли. Бироқ катта ўзгаришлар ҳақида гапириш ноўрин. Мюнхенликлар таркибида шундоқ ҳам ажойиб ижрочилар кўп. Мабодо кимнидир харид қилишга эҳтиёж сезилса, у чинакамига катта юлдуз мақомида бўлиши шарт. Бироқ айни пайт Месси ёки Неймар «Барселона»дан кетмайди. Йўқ, Германияда ишонч билан ҳукмронлик қилаётган жамоада жиддий ўзгаришларга қўл уриш ярамайди. Ҳа, баварияликлар халқаро майдонда ҳам доимо яхши кўринишган. Фақат, бу сафар «Барса» шунчаки, кучлилик қилди.

- Бироқ, Лам, Швайнштайгер, Роббен, Рибери, Хаби Алонсо, Писарро каби футболчиларнинг ёши 30дан ошган...

- Биласизми, Роббен шу ёшида ҳам  бундеслиганинг энг яхши футболчиси. Демоқчиманки, у ва бошқа етакчиларнинг 30 ёшдан ўтганлари муаммо эмас. Ҳаммалари ажойиб футболчилар! Умуман, шахсан мен учун ёш мутлақо аҳамият касб этмайди. Муҳими, бошқа савол: яхши ўйинчими ёки ёмон? 31 ёшли фаол футболчи, дейлик, 20 ёшли ўртамиёна ҳамкасбидан яхши. Фахрий мақомини олган футболчи яна 3-4 йил ёш йигитлардан кўпроқ манфаат келтириши мумкин. Мана, Роббен супермавсумни ўтказди, бироқ афсуски, охирида мушаклари панд берди. Рибери эса деярли бутун мавсум бўйи даволанди. Тан олиш лозим, «Бавария»нинг айнан шу масала - жароҳатлар бўйича омади чопмади.

- Агар етакчилар сафда бўлишганида, мюнхенликлар «Барса» тўсиғидан ўта олармидилар?

- Каталонияликлар ихтиёрида Месси бор, яна бир қатор ёрқин юлдузлар ҳам. Улар «сенсацион» ўйин намойиш этишди. Ҳа, «Альянц Арена»да ютқазишди, аммо охирги ярим соатда ҳар қандай ҳолатда 2:6 ҳисобида енгилмасликларини тушуниб, суръатни нисбатан тушуришди. Қисқаси, «Барселона» 2-3 йиллик кичик пасайишдан сўнг яна ўзига келган кўринади.

- Барибир, Роббен, Рибери ва Алаба майдонга тушишганида, қандай ҳолат кузатиларди?

- «Бавария» кучлироқ кўринарди ва унинг финалга чиқиш имконият ҳам ошарди, албатта. Бироқ шундай бўлсада, финалга йўл оларди, деб баралла айтолмайман. Етакчиларнинг йўқлигида эса «Барса» ҳар икки ўйинда тўлиқ устунликка эришди.

- Хосеп Гвардиола жорий мавсум фақат битта совринни таъминлади - «Кумуш товоқ»ни...

- Ҳа, бошқача якун кутилганди. Ҳарқалай, Мюнхенда 3та совринга умид боғлагандилар. Оддий айтганда, мақсадга эришилмади, вазифа бажарилмади. Шунинг баробарида Гвардиоланинг сеҳри нисбатан пасайди. Мавсум олдидан ҳамма «Бавария» ҳақида фақат ҳайратланиш даражасида гапирди. Бироқ жамоа Германия кубоги ва ЧЛ ярим финалларини бой берди. Табиийки, бу мюнхенликлар учун катта хафагарчилик.

- Умуман, Гвардиола «Бавария» учун мос мураббийми?

- Фақат битта нарсани ишонч билан айтишим мумкин - у жуда кучли мутахассис. Буни бутун дунё билади. Хосепнинг ўйинчиларга берадиган билими, жамоа учун қиладиган ишлари унинг ноёб мураббий эканлигига исбот. Бироқ биз клуб ичидаги ишлардан бехабармиз. Шундай экан, аниқ хулоса чиқариш қийин.

- «Бавария»никидек таркиб билан ҳар қандай мураббий Германия чемпиони бўла олади. Бу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа, кўпчилик уддаласа керак. Бироқ ҳозир Гвардиола шаънига бундай шаъма қилиш ноўрин. Қайтараман, у қойилмақом мураббий. Мана, Мюнхенга келиши ақл бовар қилмас кўтаринкилик бағишлади, ҳамма-ҳамма сезиларли даражада руҳланди. Тўғри, энди кимларнингдир ундан хафа эканликлари тайин. Гвардиола эса айни пайт бунга кўникишга, шу ҳолатда яшашга мажбур.

- Испаниялик мураббий тактика билан ҳаддан зиёд ўралашиб қолмаяптими?

- Тушунинг, ким ўйнамаётган бўлса, ўша норози бўлади. Ҳаттоки, Мюллер ҳам вақти-вақти билан ўпкаланади, агарда уни алмаштиришса. Гётце эса... Унинг Мюнхенда «Барса»га қарши ўйиндаги бир неча дақиқалик ҳаракати шунчаки, кулгули. «Бавария» ижобий натижага эришганида ҳам майли эди. Бироқ у турнирдан тушиб қолди. Эски ҳақиқат: агар мураббий ниманидир ўйласаю, жамоаси ютса - у қаҳрамон. Акс ҳолатда унинг ишини микроскоп ор­қали таҳлил қилишни бошлашади. Ҳозир Мюнхенда худди шундай ҳолат ҳукм суряпти. Биласиз, 2 ойча муқаддам «Бавария»да бундай гаплардан асар ҳам йўқ эди. Энди эса, кимга қараманг, у Гвардиоланинг Мюнхенда қолиш-қолмаслигини муҳокама этяпти. Ўзи футбол бизнеси шунақа. Менимча, Хосеп жамоада қолади, баварияликлар унга ишонишади. Тўғри, мамлакат кубоги ва ЧЛдаги муваффақиятсизликлардан сўнг умумий вазият нисбатан ўзгарди. Тахминимча, энди мураббийда эркинлик камроқ, босим кўпроқ бўлади.

- Ўтган мавсум Мюнхенда «Реал»га 0:4 ҳисобида ютқазилганди, энди Барселонада 0:3 кўринишида мағлубиятга учралди. Нима, Гвардиола айниқса, испан клубларига қарши ўйинларда бошқача қийналадими?

- Шундай, шекилли. Аслида испан жамоалари немис клубларига ноқулай рақиб. Боз устига, «Барса»да Месси бор. «Реал» ҳам албатта, жудда кучли, лекин Криштиану Роналдуда Мессичалик дриблинг санъати йўқ. Португалия­ликнинг услуби бошқача. Месси эса кичик ҳудудда ҳам ақл бовар қилмас финтларни бажаришга қодир.

- Бироқ Юпп Хайнкес «Барса»ни енгганди, «Реал»дан ҳам ўтганди...

- Ўша вақт Каталония клуби ҳозиргидек яхши ҳолатда эмасди. Ҳарқалай, баъзи муаммоларга учраганди. Тўғри, бу 3та совринни таъминлаган Хайнкеснинг хизматларига соя сололмайди. Хуллас, буёғига «Бавария»нинг ҳар бир мураббийига айнан Хайнкес билан таққослаган ҳолда баҳо беришади.

- Гвардиола қисқа «пас»лар ва  тўпни узоқ вақт назорат қилиш тарафдори. Ўзи бу услуб «Бавария»га мос келадими?

- Кўрдикки, бундеслигада ҳаммаси бинойидек кечди. Теран қарасак, «Барселона» ҳам худди шундай футбол кўрсатади ва эҳтимолки, буни мюнхенликлардан кўра, яхшироқ уддалайди. Фарқи шуки, «Барса» қисқа тўп узатишлар орқали ҳужумга ўтади. Бундеслигада эса бундай услуб тўпнинг тез-тез орқага - дарвозабонгача етиб бориши билан тугайди.

- Гвардиоланинг ҳимоядан ўйин ташкил этишда нўноқ эканлиги хусусидаги фикрларга қандай қарайсиз?

- Билмадим. Ҳар қандай ҳолатда бу рақибга ҳам боғлиқ. «Бавария» бундеслиганинг бутун мавсуми давомида чинакам имтиҳонга дуч келмади, ҳисоб. Рақибларга қийин, ахир мюнхенликлар ихтиёрида 20 нафар тенг кучли футболчи бор - бундай таркиб бошқа ҳеч бир клубда йўқ. Халқаро майдонда эса ҳаммаси бошқача. ЧЛни олсак, баҳорги босқичга фақат энг кучли клублар чиқишади. Қолаверса, «Бавария» ички биринчиликдан ЧЛга мослашишда муайян муаммоларга учради. Яна жароҳатлар эпидемияси... Олдинлари «Бавария» жаҳондаги энг яхши клуб сифатида тилга олинарди, энди кўрдикки, «Барса» ундан кучлироқ экан.

- Ҳа, Швайнштайгер, Лам, Тьяго Алькантара ва бошқалар узоқ вақт жароҳат туфайли четда қолишди. Улар ҳозир ҳам яхши формада эмаслар. Табиийки, бу ҳолат ўз сўзини айтди, шундайми?

- Албатта. Бироқ кўп нарса кимга қарши ўйналаётганига боғлиқ. Баварияликлар бундеслига ўйинларида ҳаттоки, идеал формада бўлмасалар ҳам, осонликча ғалаба қозонишлари мумкин. ЧЛда эса бундай қилиш қийин - агар 100 фоиз тайёр бўлмасанг, рақибни енголмайсан.

- Бироқ «Бавария»нинг асосий мақсади барибир, ЧЛдаги ғалаба эди...

- Шубҳасиз. Бу йил мақсад амалга ошмади. Клуб ЧЛ кубогини енгиллик билан қўлга киритади, деб ўйлагандик, аммо... Табиийки, мюнхенликлар энди барчасини обдон таҳлил қилиб чиқишади.

- Шундай таассурот уйғондики, «Бавария» ҳимояси Месси ва унинг жамоа­дошларига ҳаддан ортиқ катта бўш ҳудуд қолдиришди...

- Ҳаммаси рақибга боғлиқ. Агар кимдир индивидуал томондан ўта кучли бўлса, уни фақат бутун ўйин давомида алоҳида қўриқлаш орқали зарарсизлантириш мумкин. Яъни бундай рақибларга битта футболчини «боғлаб» қўйиш керак. Бироқ мураббийлар ҳозирда бош­қача ўйлашади: «Йўқ, бу бизга тўғри келмайди». Кейин эса азобини тортишади. Шахсий фикримча, «Барселона»га рақиб бўладиган клубнинг мураббийи энг кучли, тезкор, шиддаткор, ёқимсиз шогирдини Мессига шахсий қўриқчи сифатида қўйиши ва ўша ўйинчи бутун 90 дақиқа давомида Леодан бир қадам нарига силжимаслиги керак. Тўғри, шундай ҳолатда ҳам аргентиналикни ўйиндан бутунлай узиб қўёлмайсиз, барибир, аммо у ўзини одатдагидан анча ноқулай ҳис этади. Афсуски, мураббийлар бундай қилишни ўзларига эп кўришмайди, гўёки, салоҳиятларига ишонч сусайиб қоладигандек. Ваҳоланки, олдинлари алоҳида таъқибчи билан ўйнаш яхши тажриба саналарди. Ўз мисолимда айтсам, 15 йиллик фаолиятим давомида ҳар бир ўйинда мени алоҳида рақиб таъқиб этган.

- Германия термаси ўтган ёзда ЖЧ-2014 ғолибига айланди. Эҳтимол, бавариялик 6 нафар чемпион ҳозирда ғалабага унча ташна эмасдир...

- Футболчилар 11 ой олдинги жаҳон биринчилиги туфайли яхши ҳолатда бўлмасалар - бу чинакам фожиа. Аксинча, бундай турнирдан сўнг футболчи янада кучайиши лозим. Чунончи, агар сен юқори даражадаги унвонга эга чиқсанг, ўйинга ташналигинг янада ошади ва майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушасан. Шундай экан, футболчидаги кучли руҳият унинг ҳаракатларига фақат ижобий таъсир этиши керак. Қисқаси, «Бавария»нинг муваффақиятсизлигига Бразилия мундиалидаги олтин медалларни баҳона  сифатида тилга олиш ноўрин.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:04, 28.05.2015.
Ўқилди: 4746 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.