Кириш Регистрация
27/11 01:00 Байер 5-0 Зальцбург
27/11 01:00 Бавария 1-0 ПСЖ
27/11 01:00 Янг Бойз 1-0 Аталанта
27/11 01:00 Барселона 3-0 Брест
27/11 01:00 Интер 1-0 РБ Лейпциг
27/11 01:00 Манчестер Сити 3-3 Фейеноорд
27/11 01:00 Спортинг 1-5 Арсенал
27/11 15:00 Квангжу 1-0 Шангхай Шенхуа
27/11 15:00 Йокогама Маринос 2-0 Поханг Стилерс
27/11 17:00 Теп Хань Нам Динь 3-0 Ли Ман
27/11 17:00 Тампинес Роверс 1-0 Бангкок Юнайтед
27/11 19:00 Олтин аср 0-2 Ал-Қува ал-Жавия
27/11 19:00 Насаф 1-2 Кувайт СК
27/11 21:00 Трактор 3-3 Ал-Вакра
27/11 21:00 Ал-Ҳуссайн 2-3 Шабаб ал-Аҳли
27/11 22:45 Црвена Звезда 5-1 Штутгарт
27/11 22:45 Штурм 1-0 Жирона
27/11 23:00 Ат-Таъвун - Холидия
28/11 01:00 Монако 2-3 Бенфика
28/11 01:00 Астон Вилла 0-0 Ювентус
28/11 01:00 Болонья 1-2 Лилль
28/11 01:00 Селтик 0-0 Брюгге
28/11 01:00 Динамо Загреб 0-3 Боруссия Д
28/11 01:00 Ливерпуль 2-0 Реал Мадрид
28/11 01:00 ПСВ 3-2 Шахтёр

Алдоқчи футболчилар ТОП-10

Баҳо:
+ | -

Европада чемпионатлар якунланиб бормоқда. Шундай экан, бемалол ортда қолган мавсумга доир таҳлиллар ҳақида фикр юритсак бўлаверади. Масалан, бизнинг футболимизда муаммо бўлиб турган алдаб ўтиш хислати ҳақида. Европада техника ва дриблингга катта эътибор қаратилиши ҳеч кимга сир эмас. Бизнинг қуйидаги рейтингимиздан ўрин олган футболчилар ҳам мавсум давомида ўртача 20 ўйинда иштирок этишган ва ҳар бир учрашувда камида уч марта рақибларни алдаб ўтишган.

Кўҳна қитъа ҳимоячиларнинг савиясини ҳам инобатга олсак, аслида уларни алдаб ўтиш мумкин эмасдек туюлади. Лекин бу ишни уддалаш мумкин экан. Хусусан, қуйидаги футболчилар бемалол бу вазифани бажаришган. Демак, кўринг, ҳавас қилинг ва ўрганинг...

10. Лукас Моура (ПСЖ) - 61,9%
(36 ўйин, 117 алдаб ўтиш)

Лукас Европага келганига кўп бўлди ва энг муҳими, у ўша Бразилиядаги чоғларида ўзининг бетакрор дриблинглари билан танилган эди. Тўғри, Лукас европалик ҳимоячиларни ҳам алдамчи ҳаракатлар билан қийнаб қўйганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз, аммо сўнгги вақтларда aунинг бу борадаги ишлари унчалик юришмаяпти. Лекин ҳамон агар унинг қаршисида озгина бўшлиқ пайдо бўлиб қолса, ҳар қандай ҳимояни «мойни пичоқ билан кесгандек» ёриб ўтишга қодир. Эҳтимол, сўнгги ўйинлардаги натижалар сабаб бўлиб, Дунга уни Копа Америка турнирига чақирмади. Ваҳоланки, Лукаснинг техникаси ва тезлиги жамоага Чилида катта ёрдам бериши ҳам мумкин эди. Хуллас, гарчи Моура йирик мусобақадан четда қолган бўлса-да, у рақибни алдаш бўйича Иско ва Матео Ковачич каби футболчиларни бемалол ортда қолдирмоқда.

9. Месут Озил («Арсенал») – 62,8%
(25 ўйин, 59 алдаб ўтиш)

Келиб чиқиши турк миллатига мансуб германиялик футболчининг шов-шувли тарзда «Реал»дан «Арсенал»­га ўтиши жуда ғалати тус олди: аввалига Озил жуда яхши тезлик олди-ю, кейинроқ ўзи учун унчалик ёқимли бўлмаган ўнг қанотга жойлашиб қолди. Бу мавсум бошида эса жиддий жароҳатга йўлиқиб, анча вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Лекин муаммоларидан халос бўлиб майдонга қайтганидан сўнг у яна аввалги формасини тиклабгина қолмай, «Арсенал» ўйинига шу қадар киришиб кетдики, биз беихтиёр бундан беш йил олдинги Месутни ёдга олдик. Шундай ўйинлар туфайли у АПЛнинг апрель ойидаги «энг яхши ўйинчиси» деб топилди. Бир сўз билан айтганда, Месут - нафақат моҳир плеймекер, балки яхшигина дриблинг устаси ҳам. Ҳа, ундаги тезликни Лукас Моура билан қиёслаб бўлмайди, аммо у ҳам бразилиялик ҳамкасби каби бир-иккита алдамчи ҳаракатлар билан ҳар қандай ҳимоячини уядтириб қўйишга қодир.

8. Эрик Максим Чупо-Мотинг («Шальке-04») – 63%
(38 ўйин, 138 алдаб ўтиш)

Камерунлик ҳужумчи Гельзенкирхенда илк мавсумини ўтказмоқда. Аммо шундай бўлса-да, у аллақачон жамоада ўз ўрнини топиб улгурди. Эътибор беринг, Чупо-Мотинг «голҚпас» тизимида ҳам клубда яққол етакчилик қилмоқда. Афсуслар бўлсинки, «Шальке» ички муаммолар туфайли келаси йили ЕЧЛда иштирок этолмайди. Лекин бунда Эрикнинг сира айби йўқ. Аслида, камерунлик футболчининг бесўнақай гавдасини кўрган одам унинг рақибларни алдай олишини сира тасаввур қилолмайди. Аммо 190 сантиметр бўйга эга Эрик тўпга ҳассослик билан муомала қилиб, уни бир-икки нафар ҳимоячидан муаммосиз олиб ўтиши мумкин. Шунинг учун кўп қиррали ҳужумчига қизиқишлар етарлича. Жумладан, евромайдонларни забт этишга чоғланаётган «Вольфсбург» уни шу ёздаёқ ўз таркибига қўшиб олмоқчи.

7. Поль Погба («Ювентус») – 64,3%
(33 ўйин, 83 алдаб ўтиш)

Ёш франциялик иқтидор эгаси ниҳоят бу йилга келиб жаҳоннинг энг кучли футболчилари қаторига кирди. Айни пайт­да 22 ёшли йигитча учун «Реал» «Ювентус»га 80 миллионов евро таклиф қилмоқда. Аммо «кекса синьора» ҳам Поль билан хайрлашишни истамаяпти. Чунончи, Погбада бир етакчи футболчига зарур барча хусусиятлар бор: жисмоний куч, отнинг ҳавасини келтирадиган чидамлилик, кучли зарба, аниқ узатмалар ва тўп билан моҳирларча ишлаш. Устига-устак, Погба - «А» сериядаги энг омадли дриблер. Буни қуйидаги рақамлар ҳам яққол кўрсатиб турибди - 72%. Аммо ЕЧЛда Погбанинг «финт»лари унчалик муваффақиятли чиқмаяпти. Шунга қарамай, ярим ҳимоячи барибир, рўйхатимиздан жой олишга арзийдиган натижаларга эришиб бўлди. Қолаверса, ёш футболчи йилдан-йилга ўз савиясини тинмай оширмоқда. Демак, воқеалар ривожини кузатиш ёқимли бўлади.

6. Фредди Гуарин («Интер») – 65,3%
(36 ўйин, 98 алдаб ўтиш)

«Интер»нинг универсал ярим ҳимоячиси бу мавсумда ўзининг савияси жуда юқори эканини кўрсата олди. Шундай иқтидорга эга футболчининг ЖЧ-2014да етарлича ўйин амалиёти билан таъминланмаганига ҳайрон қолмай иложимиз йўқ. Зотан, айни пайтда Гуарин «Интер» марказини бутунлай қўлга олиб, ҳам ҳужумга, ҳам ҳимояга бирдек улгурмоқда. Қолаверса у тўпни ўз вақтида шерикларига оширишни ҳам қойиллатади. Бир қарашда, унинг тўп билан муомаласи унчалик тобига етмагандек кўринади. Аммо бу кўринишидангина шундоқ, холос. Аслида колумбиялик футболчи етарлича айёр бўлиб, ҳар қандай рақибини бир ҳаракатда алдаб кетаверадиганлар тоифасидан. Шунинг учун унга ҳозир «Реал», «Челси», ПСЖ ва «Валенсия» каби клублар кўз тириб туришибди. Бироқ бу жамоаларни футболчининг ёши ўйлантириб қўйгани ҳам бор гап.

5. Арьен Роббен («Бавария») – 65,4%
(28 ўйин, 106 алдаб ўтиш)

Голландиялик вингернинг футбол оламида танила бошлаганига ўн йилдан ошди. Лекин шунга қарамай, йиллар ўтгани сари Арьен нинг савияси паса­йиш ўрнига тинмай юксалиб бормоқда. Бугунги кунга келиб 31 ёшли тезкор футболчининг қандай ҳаракат қилишини бутун дунё ҳимоячилари яхши билишади. Лекин шуниси қизиқки, уни тўхтатиб қолиш камдан-кам инсонларгагина насиб қилади, холос. Тезкор дриблинг борасида Месси билан фақат Роббен беллашиши мумкин. Аммо жароҳатлар Арьеннинг фаолиятига кескин таъсир ўтказмай қолмаяпти. Масалан, бу йил ҳам у кутилмаган жароҳат туфайли «Бавария»га энг керакли лаҳзаларда - ЕЧЛнинг сўнгги босқичларида ёрдам бера олмади.

4. Алекс Окслейд-Чемберлен («Арсенал») – 66%
(29 ўйин, 108 алдаб ўтиш)

Англиялик навбатдаги иқтидор ҳам худди Роббен сингари аксарият ҳолларда жароҳатлардан азият чекади. Агар шу камчилик бўлмаганида, 21 ёшли ярим ҳимоячи «Арсенал» асосий таркибидан муқим жой олиши аниқ эди. Зеро, Окслейд-Чемберлен тезкор ва чидамли, Туманли Альбионга хос бўлмаган тарзда, техникаси жуда юқори футболчи. У айни хусусиятлар туфайли бир вақт­нинг ўзида бир неча позицияни ёпибгина қолмай, йўлида учраган бир-иккита рақибни осонликча ортда қолдириб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Кўнгилсиз жароҳатлар уни тарк этса, Алекс узоқ йилларгача «Арсенал» ва Англия термасининг етакчи футболчиларидан бири бўлиши мумкин.

3. Эден Азар («Челси») - 66,2%
(44 ўйин, 221 алдаб ўтиш)

Шубҳасиз, бу йил ёрқин нур сочган энг истеъдодли футболчи - Эден Азар. Бельгиялик бу йигит жорий мавсумда рақибларини ҳавас қиладиган даражада енгиллик билан алдаб ўтиб, Англиядаги барча ишқибозлар олқишини олди. Хуллас, Азар - бу йилги Европа Чемпионлар Лигасининг энг яхши дриблинг­чиси (76,1 фоиз. Унга яқин натижаларни фақат Иско қайд этган), бутун Европа қитъасида эса иккинчи «алдамчи». Қитъада фақат Мессигина ундан яхшироқ натижага эришган. Аммо бошқа томондан - алдаб ўтишларнинг самараси бўйича у ҳатто аргентиналикдан ҳам яхшироқ кўрсаткичга эга. Ҳозирча Азар фақат голлар уриш борасидагина Роналду ва Мессидан ортда қолмоқда. Лекин тез орада бу камчилик ҳам бартараф этилса, ажабмас.

2. Раффаэл («Боруссия» М.) – 68,3%
(37 ўйин, 99 алдаб ўтиш)

Бундеслигининг энг самарали дриблинглар устаси билан танишинг. Бу Ройс эмас, Белараби ҳам эмас, ҳатто Роббен ёки Риберилар ҳам эмас. Бу - Раффаэл. Бразилиялик футболчи Европада тўп сура бошлаганига яқин 10 йил бўлди. Лекин унинг асл савияси мана шу йилга келибгина тўла намоён бўлди. Бунгача узоқ вақт «Герта»да етакчи бўлиб юрган футболчи ўз кучини маълум вақт «Шальке-04»да синаб кўрди. Кейин эса Киевнинг «Динамо»си шарафини ҳимоя қилди. Сўнгги икки мавсумда эса Менхенгладбахнинг «Боруссия»си сафига ўтди. Бу йилга келиб у Крузе ва Херрманнлар билан биргаликда Менхенгладбахда ажойиб учликни вужудга келтирди. Бу учлик кўрсатган ўйинлар туфайли «Боруссия» ЕЧЛга йўлланмани нақд қилди. Айниқса, Раффаэл майдонда ҳамма ишни уддалайди: аниқ зарба бериш, стандартларни маромида ижро этиш, керакли вақтда шерикларини тўп билан таъминлаш ва ниҳоят, қаршисидаги рақибларни шунчаки, калака қилиш (осонликча алдаб ўтган тарзда).

1. Санти Касорла («Арсенал») – 70,1%
(43 ўйин, 110 алдаб ўтиш)

Испаниялик ярим ҳимоячи Лондонга 2012 йилда кўчиб ўтди ва шундан бери британияликларга тўп билан муомала қилиш қандай бўлиши кераклигидан сабоқ бериб келади. Бош­қача айтганда, «Арсенал»га қадар иккинчи даражали клубларда тўп сурган Санти топ-жамоада ҳам йўқолиб қолмади. Аксинча, ўзи учун одатий бўлган қанотдан марказга силжиб, ёрқин ўйин намойиш қила кетди ва «тўпчилар»нинг етакчиларидан бирига айланди. Чунончи, унинг беқиёс дриблингги тўпни ўзида ушлаб туриш имконини беради ва бу орада унинг шериклари қанотлардан олдига ўтишга улгуришади. Умуман олганда, Арсен Венгер қўли остида Алексис Санчес ва Месут Озиллар билан рақобатга киришишнинг ўзи бўлмайди. Аммо Касорла шундай оғир ишни уддалаб, тинмай меҳнат қилмоқда. Натижани кўринг: Санти - клубдошларининг голларига ҳаммуаллифлик борасида яққол етакчи. Рақибни алдаб ўтишда эса қитъада Касорлачалик кўрсаткични бошқа ҳеч ким намойиш қила олмаяпти.

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади, "Интерфутбол" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:51, 02.06.2015.
Ўқилди: 6466 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.