Кириш Регистрация
28/06 03:00 Панама 2-1 АҚШ
28/06 06:00 Уругвай 5-0 Боливия
28/06 20:00 Сўғдиёна 4-2 Динамо
28/06 20:00 Қизилқум 1-0 ОКМК
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай 1-4 Бразилия
29/06 21:00 Швейцария - Италия
30/06 00:00 Германия - Дания
30/06 05:00 Канада - Чили
30/06 05:00 Аргентина - Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия

Учтаси бирда ёки Месси-Неймар-Суарес триоси ҳақида

Баҳо:
+ | -

«Барселона» мавсумни юқори нотада якунлади. Каталонияликлар ўзлари иштирок этишган 3та турнирда ҳам ғалаба нашидасини суришди. Жамоа аввалига Испания чемпионлигини муддатидан аввал расмийлаштирди, кейин мамлакат кубоги ва ЧЛ финалида рақиблари - тегишлича «Атлетик» ва «Ювентус»ни ишончли тарзда, бир хил ҳисобда енгди - 3:1. Луис Энрике жамоасининг «требль» қайд этишида бош ролни ҳужумчилардан ташкил топган юлдузли трио бажарди, дейишга асослар етарли. Эҳтимол, Месси-Неймар-Суарес боғлами футбол тарихидаги энг кучли учликдир. Демак, мавсум сарҳисоби доирасида «кўк-анорранглилар» ҳужумида кўзга ташланган «феномен» ҳолатга алоҳида назар соламиз.

Мутлақ рекорд

Трио сўзи узоқ вақт «Барселона»га нисбатан фақат унинг ажойиб ярим ҳимоясини таърифлаш учун ишлатилди. Яъни Бускетс-Хави-Иньеста боғлами айнан шундай, трио сифатида гавдаланди. Чунончи, клуб ўйинини ушбу хоббитлар (Бускетс маълум маънода, албатта) белгилаб келишди. Умуман, «кўк-анорранглилар» ҳужум чизиғида охирги марта чинакам хавфли учлик мавсум-2008|2009да кўзга ташланган эди. Ўшанда Лионель Месси 38та, Самуэль Это~О 36та, Тьерри Анри 26та голга муаллифлик қилишганди. Хуллас, учовлон бўлиб, биргаликда нақ 100та гол уришганди. Ҳозирги ҳужумчилар триоси эса, ўша 100лик маррасини апрель ойидаёқ забт этиб улгурди. Якунда Неймар, Луис Суарес ва яна ўша Лионель Мессининг биргаликда урган голлари сони 122тага ет-ди. Қойилмақом натижа, шундай эмасми? Ахир ҳужум учлигининг ҳар бирига ўртача ҳисобда 40тадан ортиқ гол (!) тўғри келяпти. «Бизнинг 3 нафар ҳужумчимиз ҳам беназир, шахсан мен ҳеч қачон бундай даражадаги сермаҳсул триони кўрган эмасман», - дейди «Барселона»нинг тажрибали ҳимоячиси Дани Алвеш. Жамоа билан хайрлашган фахрий ярим ҳимоячи Хави эса, мақташ борасида қисқа ва лўнда гапиради: «Бу учови - ҳақиқий ваҳший».

Айтганча, «Барселона» триоси биргаликда урган 122та голи билан бу борада испан футболининг мутлақ рекордини ўрнатди. Бунгача энг яхши кўрсаткич «Реал»да барчани тинмай «калтаклаган» Криштиану Роналду-Карим Бензема-Гонсало Игуаин учлигига тегишли эди. Улар 3 йил олдин мавсумни 118та голдан иборат улкан хирмон билан тугатишганди.

Учови ҳам тўпурарлар сафида

Испания чемпионати энг яхши тўпурарларининг кучли ўнлигидан «Барселона»нинг 3 нафар аъзоси жой олди. Яъни клубнинг зарбдор учлиги тўлалигича голеадорлар рўйхатининг юқори қисмига кирди. Бунда Лионель Месси (43та гол) ва Неймар (22та гол) 2-3-ўринларни банд этишди. Тўғри, бразилиялик футболчи фахрли 3-ўринни «Атлетико» голеадори Антуан Гризманн билан бўлишиб олди. Луис Суарес эса пойгада 8-поғонани эгаллади - 16та гол. Бундан ташқари, энг яхши ассистентлар рўйхатининг кучли бешлигида 2та жой «Барселона»нинг 2 нафар аъзоси томонидан банд этилди. Лионель Месси чемпионатнинг ўзида 19та голга ҳаммуалифлик қилди. Табиийки, унинг самарали узатмаларининг ярмидан кўпи ҳужумдаги қолган икки шеригига йўналтирилди. Луис Суарес эса, чемпионатнинг 27та учрашувида 16та голи ёнига 11та ассистентликни қўшиб қўйди ва бу 5-6-яхши кўрсаткичдир. Умуман олганда, Лео голли узатмалар нуқтаи назаридан ўзининг энг яхши мавсумини ўтказди. У барча турнирлар ҳисобидан 27та голга «шериклик» қилди. Охирги фактга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. «Мессининг мен учун нима қилганини ҳеч қачон унутмайман. Унда «хет-трик»ни расмийлаштириш имконияти бор эди, аммо пенальтини менга топширди, гарчи ўзи мавсумнинг энг яхши тўпурари мақомини олишга жиддий курашаётган бўлсада. Бу хатти-ҳаракатини таърифлашга тилим ожиз. Шундай самимий муносабат учун катта раҳмат, Лео!» - деганди Неймар «Кордоба»га қарши ўйин (8:0)дан сўнг.

Футболдаги энг яхши триолар ўртасидаги норасмий «кураш»да «Барселона» вакилларига нафақат майдондаги ҳамкорлик динамикаси, балки унинг ташқарисидаги ўзаро муносабат ҳам маълум устунлик беради. Яъни улар ўртасида чинакам дўстона алоқалар шаклланган. Айтайлик, Месси ва Ибрагимович ёки Роналдиньо ва Это~О ўртасида бундай ўзаро тушунишлик кузатилмаганди. Асосийси, Месси, Суарес ва Неймар ҳеч қандай муаммосиз бир-бирларига гол совға қилишга тайёрдек. Бунга охирги мавсумдан етарлича мисоллар келтириш мумкин. Эсланг, уругвайлик ҳужумчи Мюнхенда «дубл»га эришиш имкониятини ҳосил қилган вақт қандай йўл тутганди - шунчаки, тўпни бўш дарвоза олдида турган бразилиялик шеригига юмалатиб қўйди. Ёки ўшандан бир ҳафта олдин юз берган Неймарнинг голини нишонлаш ҳолатини олайлик. «Барселона»нинг 11-рақамли ҳужумчиси «Бавария» билан ўйин (3:0)га нуқта босгач, унинг ёнига биринчи бўлиб Месси югуриб келди ва амплуадошини самимий ҳолатда майдонга қулатди. Тез орада Суарес ҳам етиб келди. Уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам биргаликда тушган суратлари етарли. Фотолар тагига эса асосан «Мен ва жаҳоннинг энг яхши футболчиси» қабилидаги сўзлар ёзилган. Месси бразилиялик амплуадошини «Эртакнамо йигит», дея таърифлайди, Суарес ҳақида эса, «У майдонда бўлса, мен хотиржамман», - дейди.

Ўзгарган услуб

Тушунарлики, биргина яхши муҳит билан бундай юқори кўрсаткичга эришиш мушкул. «Барса»да ҳужумчилар учлиги манфаати учун бутун ўйин схемаси хизмат қилади. Яъни янги бош мураббий Луис Энрике амалга татбиқ этган услуб самара берди. «Барселона» эндиликда кетма-кет рекордлар ўрнатиш ва тинмай ғалаба қозониш имкониятини берган «ўша жамоа» эмас. Дейлик, «Бавария»га қарши «Камп Ноу»даги баҳс (эътибор беринг, уй учрашуви)да жамоа 2006 йилнинг декабридан буён илк марта тўпни назорат қилиш бўйича 50 фоиздан паст кўрсаткич қайд этди. Шу тариқа «тики-таки» услубининг 96та ўйиндан иборат «ҳокимлик» серияси узилди. Ҳозирги «Барса»да бошқа устун тарафлари ҳам бор. Тезкор ва ўйланган қарши ҳужумлар, ҳужумчиларнинг ажойиб ҳамкорликлари ва уларнинг барқарор тарзда гол уришлари, шунингдек, ўз функцияларини аниқ-мукаммал бажаришлари (нафақат олдинги чизиқда, балки ҳимоявий ҳаракатларда ҳам)...

Майдонда  анча кам йиқилишга одатланган Неймар мавсумда шунча гол урдики (диққат, «Барса» унинг учун атиги 2-клуб), бу кўрсаткич билан аввалги 84та мавсумдан 74тасида жамоанинг энг яхши тўпурари бўларди. Бразилиялик айниқса, охирги ўйинларда тезликни ошириб, ажойиб серия қайд этди (7та ўйинда 9та гол).  Умуман, у сўнгги 10та учрашувда ўз ҳисобига 11та гол ёзиб қўйди. Чемпионлар Лигаси доирасидаги охирги 5та ўйинда эса 6 марта зафар қучди. Барча турнирлар ҳисобидан олсак, сўнгги 13та учрашувда шунча гол урди.

Месси 6 июнь куни ЧЛ тарихида голли комбинациялардаги иштироклари сони бўйича иккинчи 100таликни «майдалай» бошлаган биринчи футболчига айланиши мумкин эди. Бироқ аргентиналик форвард финалда фаол тўп сурган бўлсада, гол ҳам урмади, ассистентлик ҳам қилмади. Натижада 100 очкога эга Роналду (77та голҚ23та «пас») пешқадам сифатида қолди. Айни пайт Леонинг натижаси 99 очкога тенг (77Қ22). Лекин жорий йил тақвими бўйича олсак, Месси примеронинг 22та ўйинида 28та гол урди. Бу Европа топ-чемпионатлари учун энг юқори кўрсаткич, боз устига, иккинчи яхши натижадан анча баланд ҳам.

Луис Суарес ушбу қойилмақом самарадорлик конструкциясида энг муҳим ролга эга. Тўғри, унинг статистикаси шериклариникига нисбатан камтаринроқ. Лекин инобатга олиш керак, уругвайлик ҳужумчи одатга кўра, майдонда рақибнинг икки ҳимоячисини ўзи билан овора қилиб юради. Бири Луисга «ёпишиб» олади, гўё, иккинчиси эса, ҳар эҳтимолга қарши марказ ҳудудида ҳушёр туришга мажбур. Натижада автоматик равишда қанотлардан ҳужум уюштирувчи Месси ва Неймар турли финтлар ишлатиш учун кенгроқ бўш ҳудудга эга бўлишади. Ақл бовар қилмас юришлар, девор услубларини аъло даражада қўллаш - барчаси шунинг самараси. Ҳарқалай, рақиб дарвозасига тескари туриб яхши ўйнаш ва тўпсиз идеал ҳаракатланиш борасида ҳозирда Суареснинг олдига тушадиган футболчи топилмаса керак. Луис Англияда симуляциячи ва «тишлоғич»дан ташқари, «норвичларни жазоловчи» мақомини олганди. Бошқача айтганда, жиддий жамоаларга қарши ўйинларда йўқолиб қолиши таъкидланарди. Якунланган мавсумда эса, Луис биринчи «класико» (айтганча, «Барса» сафидаги дебют ўйини)да голга ҳаммуаллифлик қилди, иккинчисида ғалаба тўпини киритди. Қолаверса, «Иттиҳод» стадионида Давид Луизни «ўйнатиб», «дубль» қайд этди. Агар Суарес мавсум бошида дисквалификация сабаб, ўйинларни ўтказиб юбормаганида, ҳозир «Барса»нинг голлари қанча бўларди - буни тахмин қилиш ҳам қийин.

Факт

Мавсум давомидаги атиги 5та ўйин «(Вильярреал», АПОЭЛ, «Валенсия», «Манчестер Сити» ва «Селта»га қарши)да Месси-Неймар-Суарес триоси вакилларидан ҳеч бирига гол уриш насиб этмади. Бу ўйинларнинг барчаси «Барселона»нинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.

 

Футбол тарихидаги энг яхши ҳужум триолари

Гуннар Грен - Гуннар Нордаль - Нильс Лидхольм («Милан», 1950-...)

Ушбу учлик илк марта Олимпиада-48да кўзга ташланган. Ўшанда шведлар олтин медалга эга чиқишганди. 1949 йили эса Гре-Но-Ли триоси тўла таркиб билан «Милан»га ўтади ва илк мавсумдаёқ «россонерлар» 38та ўйинда 118та гол (!) уришади. Катта самарадорликка айниқса, Нордаль катта улуш қўшади. Умуман, у тўпурарлар пойгасида нақ 5 марта ғолиб чиқади. Айтганча, Нордаль «А» серияси тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида ҳамон 3-ўринни банд этиб турибди - 225та гол.

 

Альфредо Ди Стефано - Ференц Пушкаш - Франциско Хенто («Реал», 1950 йиллар охири - 1960 йиллар боши)

«Реал» ўзининг юлдузли ҳужуми ёрдами билан Европа Чемпионлар кубоги турнирида қаторасига 5 марта ғолиб чиқади (1956-1960 йиллар). Ана шу вақтда жамоа ҳар бир ўйинда ўртача 3,6тадан гол урганди. «Майдонга тушишдан олдин бизга ниманидир тушунтириш шарт эмасди, - деганди Франциско Хенто «бланкос»­нинг муваффақиятлари сири ҳақида. - Чунки қайси жамоага қарши ўйнашимизнинг фақри йўқ эди». Айтганча, айнан Хенто асосий евротурнирда ғолиб чиқиш бўйича рекордчи саналади - у «шалпангқулоқ» кубокни 6 марта боши узра баланд кўтарган.

Жорж Бест - Денис Лоу - Бобби Чарльтон («МЮ», 1960-...)

«МЮ»нинг «муқаддас учлиги»га кирган ҳужумчилардан ҳар бири Европанинг энг яхши футболчиси, деб топилган: 1964 йили - Лоу, 1966 йили - Чарльтон, 1968 йили - Бест. Мавсум-1968да «қизил иблислар» Чемпионлар кубогини ютишган. Ўшанда «Бенфика»га қарши кечган финал ўйини 4:1 ҳисобида якунланган ва 2та гол Чарльтон ва 1таси Бест томонидан урилганди.

Пит Кейзер - Йохан Кройфф - Жонни Реп («Аякс», 1970-...) 

Кейзер ҳужумнинг чап қанотида, Реп ўнг томонда, Кройфф эса марказда тўп сурган. Уларнинг давридаги «Аякс» Чемпионлар кубоги турнирида кетма-кет 3 марта ғолиб чиққан (1971-1973 йиллар). Реп 1973 йилги финалда «Ювентус» дарвозасига ғалаба голини урган бўлса, Кройфф ЕЧК-72нинг ҳал қилувчи баҳсида «дубл»га эришган. Қолаверса, у 3та «Олтин тўп» соҳибидир (1971, 1973-1974 йилларда бош лауреат бўлган).

Фабрицио Раванелли - Жанлука Виалли - Алессандро Дель Пьеро(«Ювентус», 1990-...)

Марчелло Липпининг қарори билан ёш Алессандро Дель Пьеро сеҳрли «учбурчак»да Роберто Баджо ўрнини эгаллайди ва «Ювентус» ЧЛ-1995|1996да ғолиблик нашидасини суради. Финалда Раванелли гол урганди. «Бундай кучли форвардлар ва Дель Пьеронинг иқтидори билан олдинги чизиқда хоҳлаган ишимизни қилардик. Яъни рақибни имкон қадар кўп «эзиш»­ни тақозо этадиган услубда тўп сурардик» - Липпи туринликларнинг муваффақиятини шундай изоҳлаганди.

Тьерри Анри - Самуэль Это~О - Лионель Месси («Барселона», 2000 йиллар охири)

Месси-Неймар-Суарес триоси рекорд ўрнатгунича «Барселона» ҳужумида энг яхши тўпурарлик кўрсатгичини  Анри-Это~О-Месси  учлиги қайд этганди. Шу учовлон битта мавсумни 100та гол билан тугатган ва клубнинг ЧЛ-2008|2009даги ғалабасини таъминлаган («МЮ»га қарши финал Это~О ва Мессининг голлари ўлароқ, 2:0 ҳисобида хотима топган).

Криштиану Роналду - Гонсало Игуаин - Карим Бензема («Реал», 2010-йиллар боши)

«Реал»нинг учлик бобидаги рекорди шу йигитларга тегишли - мавсум 2011|2012да жами 118та гол. Қолаверса, бу охирги мавсумгача испан футболи учун энг юқори кўрсаткич эди. Умумий ҳолда айтсак, ушбу трио 4та мавсум давомида 376та голдан улкан хирмон ясаган. Табиийки, голларнинг кўпи КриРо ҳисобига ёзилган.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 03:45, 22.06.2015.
Ўқилди: 7859 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.