Жорий мавсумда ўзининг ёрқин қирраларини кўрсатиб, рақиблари дарвозасига кўплаб голлар йўллаган футболчилар талайгина. Лекин уларнинг ҳар бирини эслаб чиқсак, анчагина қоғоз қоралашимизга тўғри келади. Шу сабабдан ҳам "Интерфутбол" газетаси шу каби футболчиларнинг фақатгина 11тасини эслаб ўтишга қарор қилди.
11-10. Гонсало Игуаин («Наполи») - 58 ўйин 29та гол
Айтишларича, Игуаин Неаполдаги сўнгги мавсумини ўтказмоқда экан. Игуаннинг 2 йил аввал «Реал»дан «Наполи»га кўчиб келиши етарлича миш-мишларга бой ва жудаям омадли трансферлардан бири бўлди. Гонсало икки мавсум давомида «Наполи» либоси остида 50дан ортиқ голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Аргентиналик ҳужумчи жорий мавсумдаги барча турнирлар баҳсларининг хар иккисида биттадан гол киритиб майдонни тарк этишга одатланди. Европа лигасининг 14та учрашувида майдонга тушган Игуаин 7та гол киритишга муваффақ бўлди. Бу эса хар икки ўйинда биттадан голни ташкил қилади. А сериянинг 37та ўйинида эса 18та гол, албатта бу ёмон кўрсаткич эмас. Фақат Гонсало энди келаси мавсумни бошқа жамоада ўтказиши эҳтимоли катта.
11-10. Карлос Тевес («Ювентус») - 48 ўйин 29та гол
Тевес ҳам худди Игуаин каби бундан икки йил аввал Италияга кўчиб келганди ва ўтган икки йил давомида оқ-қора рангли либос остида роппа-роса 50та гол урди. Жорий мавсумда у ўтган мавсумдан кўра яхшироқ ҳаракат қилиб ўзини ижобий томонлама кўрсатди. Европа Чемпионлар Лигасининг тўпурарлар рўйхатидан 7та гол билан жой олди. Карлито А сериянинг энг яхши тўпурари бўлиши мумкин эди, лекин сўнгги турларда чемпионликни муддатидан аввал расмийлаштирган «Ювентус» ва унинг футболчиси Тевес шу учрашувларни шунчаки қуруқ ўтказишди. «Верона» дарвозасига белгиланган пенальтини ноаниқ бажариб ўзининг имкониятларини анча сусайтириб юборди.
9. Златан Ибрагимович (ПСЖ) - 37 ўйин 30та гол
Ибра мавсумни омадсиз ўтказган бўлса-да, режасидаги 30та голни жойлаб қўйди. Жароҳат, четлатиш ва узун тили туфайли у якунланган мавсумда 37та учрашувда майдонга тушди. ПСЖ ўз таркибида швециялик ҳужумчини ҳали яна бир мавсум кўрмоқчига ўхшайди. Златаннинг жорий мавсумда киритган 30 голидан фақатгина 11тасини пенальти орқали дарвозага йўллаган. Златаннинг Англия терма жамоасига 25 метрдан қайчи услубида урган голини бир эслаб кўринг.
5-8. Эдинсон Кавани (ПСЖ) - 53ўйин 31та гол
Ва ниҳоят, жорий мавсумда уругвайлик ҳужумчи жамоадоши Ибрагимовичдан кўпроқ гол урди. Тўғри, фақат бир дона кўп гол киритган бўлиши мумкин. Лекин 16та ўйинда кўпроқ майдонга тушди ва хар бир голи деярли клуб фойдасига натижа келтирди. Хабарларга кўра, Кавани Парижни тарк этиб «Атлетико» ёки яна Италияга қайтиб, амалдаги чемпион «Ювентус» таркибида ўйнаши мумкин. Бироқ ҳаммасини вақт ҳал қилади. Франция чемпиони 31та гол урган ҳужумчисини шунчаки бошқа клубга қўйиб юбориши амри-маҳол эмас.
5-8. Харри Кейн («Тоттенхэм») - 51 ўйин 31та гол
21 ёшли ҳужумчи учун бу мавсум жуда ҳам омадли келди, дейиш мумкин. Англиялик ёш футболчи етакчи ҳужумчилардан анчагина гол фарқи билан ўтиб кетиб, АПЛнинг тўпурарлар рўйхатида иккинчи, Европа Лигасида 5та гол ва энг асосийси Англия термасидаги дебютида захирадан тушибоқ ўзини ёрқин қирраларини кўрсата олди. Кейн мавсум давомида 30тадан ортиқ гол уриб гроссмейстерлик маҳорати борлиги ва келажакда буюк футболчи бўла олишини яққол намойиш этди.
5-8. Жексон Мартинес («Порту») - 41 ўйин 31та гол
Жексон Мартинес бу рўйхатда кучли бешлик чемпионатларидан ташқаридаги футболчидир. 35 миллион евро Жексон Мартинес учун ажратилган маблағ, ҳужумчининг деярли хар бир голи 1 млн. евродан тўғри келмоқда. Келаси мавсумдан «Атлетико» футболчисига айланган Жексон Мадрида ҳам шу кўрсаткични такрорлай оладими? Жорий мавсумда ҳам Португалия чемпионатининг энг кўп гол киритган футболчиси бўлибгина қолмай, Европа Чемпионлар Лигаси мусобақасида 10та ўйинда майдонга тушиб, «Порту» рақиблари дарвозасига 8та гол киритди.
5-8. Александр Ляказетт («Лион») - 40 ўйин 31та гол
Ляказеттнинг «Лион»да қолиши сўроқ остида турган бир вақтда унинг кўрсаткичига назар ташлаб кўрамиз. Франциялик футболчига деярли Европанинг барча етакчи жамоалари қизиқиш билдиришмоқда. Ҳужумчи ҳақидаги хабарлар уни «Атлетико», «Челси», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Арсенал», ва «ПСЖ» клубларига жўнатмоқда. Ички чемпионат доирасидаги барча ўйинларда майдонни голсиз тарк этмаган, Александр май ойида 24 ёшни қаршилади. Франция ёки дунёнинг энг яхши ҳужумчиси бўлишнинг айни вақтидир.
4. Серхио Агуэро («Ман. Сити») - 42 ўйин 32та гол
Агуэро замонамизнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири номини кўп вақтдан буён оқлаб келмоқда ва майдонга тушган ўйинларида уни голсиз тарк этмай келмоқда. «Реал» аргентиналик ҳужумчи учун 90 миллион евро таклиф этди. Лекин «Сити» бу «Тоттенхэм» дегани эмас. Ҳар қанча миқдордаги сумма ҳам «шаҳарликлар»ни Агуэрони сотишга мажбур қила олмайди. 90 миллион кўпмасми, деяётган бўлишингиз мумкин. Бироқ, Агуэро бу суммага арзийдиган ҳужумчидир. Жароҳатлардан чалғимаган Серхионинг тезлиги, техникаси ва кучли зарбаси уни шу даражага олиб келди. Баъзи бир пайтларда эса Мессининг Аргентина термасидаги жамоадоши ва дўсти учрашув масаласини бир ўзи ҳал қилиб қўя олади.
3. Неймар («Барселона») - 51 ўйин 39та гол
Каталонияда ўтказган биринчи мавсум давомида Неймар 9та гол билан чекланди. Иккинчи мавсумда эса у ўзидаги бор истеъдодни кўрсата олди ва жаҳон таълаб қиладиган юлдуз футболчи мақомига эришди. Фақатгина ЕЧЛ турнирида 10та гол, қирол кубогининг 6та ўйинида 7та гол ва Гризманн билан биргаликда Испания премьероси тўпурарларининг учинчи ўрнини биргаликда бўлишиб олди. Биринчи ва иккинчи ўринларда хар доимгидек замонавий футболнинг асосий ролдаги футболчилари яни Роналду ва Мессилар туришибди. Агарда сиз 39та голни кам деб ҳисоблаётган бўлсангиз, бир оз тўхтанг! Ўтган мавсум дунёнинг 4 карра энг яхши футболчиси Месси Неймардан атиги 2тагина кўпроқ гол киритган эди.
2. Лионель Месси («Барселона») - 57 ўйин 58та гол
Бу йилги мавсумда Лео Месси ўтмишдаги энг ёрқин юлдузлардан ҳам ёрқинроқ кўринмоқда - унинг туғма дриблингларини билмайдиган одам йўқ. Мана энди бўлса, Мессининг бу хусусияти ёнига майдонни кўра олиш ва сўнгги узатмаларни аниқ амалга ошириш ҳам қўшилди. Чунончи, агар Лео бўлмаганида, Неймар шунча сермаҳсулликка эришиши гумон эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бразилияликнинг ҳар учинчи голи айнан Мессининг узатмасидан сўнг дарвозага йўлланган. Боз устига, Месси ўзи гол уришни ҳам ёдидан чиқариб қўймаяпти: 58 гол - ҳазилакам натижа эмас. Афтидан, бу йилги «Олтин тўп» соврини шунчаки, расмиятчиликка айланиб қолади, шекилли.
1. Криштиану Роналду («Реал») - 54 ўйин 61та гол
Жорий мавсумда биз гувох бўлган Криштиану жаҳоннинг ягона энг кучли футболчиси бўлиб туюлди, наздимизда. Ҳақиқатда ҳам худди шундай-ку. Португалия терма жамоаси ҳужумчисининг ўйин услубида чинакамига катта ўзгариш рўй берди. Йиллар ўтган сари Роналду ва Мессининг рақобатлари ҳам бора-бора кучаймоқда. Рона барча мавсумлардан кўп гол урди, фақатгина Мессининг премьеродаги рекордини қайтара олмади. Роналду ўзининг буюк футболчилигини яна бир бора исботлаб «Барселона» ва «Ювентус»га қарши ўтган баҳсларда майдонни якунловчи вазифасида тарк этди. Криштиану ўзининг асосий рақобатдоши Мессидан учта фарқ билан кўпроқ гол киритди. Роналду «Пичичи» ва «Олтин бутса» совринига ўзининг кўрсатган меҳнатлари эвазига эришди. Лекин энг ачинарлиси, Роналдунинг 61та голи ва бутун бошли «Реал» Мадрид жамоасининг қилган меҳнатлари клубни чемпионлик тахтига олиб чиқа олмади.