Ўзбекистон, Тошкент, 12news.uz – Ўзбек футболи саҳифаларини варақласангиз, унда Абдураимовлар сулоласи катта ўрин эгаллашига гувоҳ бўласиз. Сулоланинг дастлабки вакили Биродар Абдураимов ўзбек футболининг илк юлдузлари сирасига киради. Биродар аканинг «Пахтакор» жамоаси сафида собиқ иттифоқ олий лигасидаги ёрқин ўйинлари ва унутилмас голлари нафақат юртимиз, балки қўшни республикалар футбол мухлислари хотирасига ҳам абадий муҳрланиб қолган десак, муболаға бўлмайди. Азамат Абдураимовнинг футбол фаолиятига назар соладиган бўлсак, унинг энг асосий ютуғи шундаки, у Биродар Абдураимовнинг ўғли сифатида эмас, балки ўз қобилияти ва истеъдоди билан ўзбек футболи номини дунёга ёя олган маҳоратли футболчи ўлароқ футболимиз тарихига ўз номини ёза олди.
– Азамат ака, 1992 йилги дастлабки Ўзбекистон чемпионатида “Навбаҳор” сафида тўп сургач, Малайзияга йўл олгандингиз…
– Ўзбек футболининг хорижга йўл олган илк вакилларидан бўлган Салохо 1993 йил бошида менга телефон қилиб, ўзи тўп сураётган Малайзия чемпионатининг кучли бир жамоасига ўтишга имконият борлигини айтди ва мен “Паханг” жамоасига кўрикка бордим. Кўрик давомида иккита ўйин ўтказдик. Иккинчи ўйин пайтида ўйингоҳда “Паханг” клуби хўжайини, Малайзия шаҳзодаси Тендку Абдулла хам ўтирган экан. У ўша пайтда Малайзия футбол федерациясининг президенти ҳам эди. Унинг отаси Паханг султони Ахмад шоҳ эса ОФК президенти лавозимида эди. Қисқаси, шаҳзода ташриф буюрган ўйинда мен битта гол урдим, ва унга ўйиним ёқиб қолиб, жамоага олишни буюради. Айтиш мумкинки, “Паханг” Малайзия ўлчовида анчайин кучли ва энг бой жамоа эди. Шундай қилиб, 1993 йил январда мен улар билан шартнома имзоладим. Ягона муаммо, жамоада мендан бошқа бизнинг ўйинчилардан йўқ эди.
Малайзияни мен доим илиқ ҳислар билан эслайман. Менга клуб ажойиб шароитлар яратиб берганди. Икки қаватли уй, машина…кейинроқ эса уйландим. Энг қизиғи, менинг тўйим ҳам Малайзияда ўтган. Шаҳзода мени уйланаётганимни эшитиб, менга, “кел, тўйингнинг барча харажатларини мен кўтараман, лекин битта шарти, тўйни Малайзияда, маҳаллий урф-одатларга кўра ўтказамиз” деб таклиф қилди. Мен рози бўлдим. Тўйимиз бутун Малайзия бўйлаб шов-шувга сабаб бўладиган тарзда тантанали ўтди. Оммавий ахборот воситалари бу хақдаги хабарлар билан тўлиб кетди. Биринчи куни Пахангнинг марказий масжидида никоҳ маросимини ўтказган бўлсак, эртасига катта саройда тўй тантанаси бўлиб ўтди. Турмуш ўртоғим иккимизга маҳаллий кийимларни кийдиришди. Унинг бошига тож, менинг бошимга салла кийдириб, зардан тикилган либосларга ўрашди. Малайзияда шундай бир одат бор эканки, турмуш қураётган ёшлар тўй куни қирол ва қиролича даражасида бўлишаркан. Чунки бу кун уларнинг энг бахтли куни деб қабул қилинар экан. Яна шундай анъана бор эканки, тўй куни келин-куёв яқинлари, дўстлари, қариндошларидан нимани исташса, улар ёшларнинг истагини бажаришга мажбур экан. Афсуски, бу ҳақда менга тўйдан кейин айтиб беришганди, йўқса….(кулади)
– Сизни кўпчилик 1994 йилги Осиё ўйинларида Корея дарвозасига урган голингиз билан танишади…
– Хиросимадаги Осиё ўйинлари менинг хаётимда унутилмас воқеалардан бири. Эсимда, бизга бошда кунлик харажат пулларини ҳам беришмаган. Боксчилар, гимнастикачилар бизни мазах қилиб, “бориб, пулларингни олмайсизларми” деб тегажоқлик қилишарди. Делегация раҳбарларига чиққанимизда, улар, “биз фақат медаллар учун курашадиган спортчиларга пул ажратганмиз, сизларни эса шунчаки одам кўпайсинга олиб келганмиз, ўйнаб қайтиб кетаверинглар” дейишган. Бу эса бизда жаҳлимизни чиқарганди ва жамоа бирлашиб, яхши ўйин кўрсатишни мақсад қилгандик. Биринчи ўйиндаёқ жаҳон чемпионати иштирокчиси Саудия Арабистонини 4-1 ҳисобида енггандик. Корея билан бўлган ўйинга келадиган бўлсак, корейслар биздан олдин чорак финалда майдон эгалари-Японияни енгишганди. Биз билан учрашувга улар бироз чарчаган ҳолатда бўлишган. Бундан ташқари, улар Ўзбекистонни ҳар қандай ҳолатда енгишларига ишонишган.
– Кореяга урган голингизга келсак, ўша пайтда тўпни иложсизликдан тепиб юборганмидингиз йўқса оз бўлсада гол уриш мақсади бўлганмиди?
– Иложсизлик деган иборани ишлатиш нотўғри. Биз учрашувдан аввал Кореянинг ўйинини таҳлил қилиб кўриб, улар билан очиқ футбол намойиш этиш имконсизлигини англагандик. Шунинг учун мураббийлар имкон бўлди дегунча узоқдан зарба беришни уқтиришган. Мен тўпни рақибдан олиб қўйиб, икки-уч ҳимоячини алдаб ўтганман. Дарвоза томон зарба бериш учун имкон туғилган, мен зарба берганман. Яна бошқа бир нарсани айтишни ҳоҳлардим, зарба беришдан аввал ичимдан бир ҳис, бир овоз “теп, гол бўлади” дегандек бўлганди. Буни тасодиф эканини айтмаган бўлардим. Ўйиндан кейин майдонни тарк этаркан, бир томонда ғалаба қозонганимизга севинган бўлсам, иккинчи томондан майдонда йиғлаб ётган корейс футболчиларига раҳмим келганди.
Финалда Хитойга қарши ўзимизга тўла ишонч билан майдонга чиққанмиз. Ўйин тўлалигича бизнинг сценарий бўйича ўтган дея олмайман, лекин жуда биз учун омадли ўтган. Ўйин бошидаёқ Шквирин ҳисобни очган бўлса, бироз ўтгач Лебедев иккинчи тўпни киритганди. Хитойликлар анча ўзларини йўқотиб қўйишганди. Бироқ улар битта гол уришгач, ўйин анча тенглашганди. Иккинчи таймга чиққанимизда гол уриш зарурлигини сезиб турардик. Жарима майдончасида менга тўп узатишганда, атайлаб пенальти ишлаш мақсадида олдинга интилдим, чунки ҳимоячи менга ета олмаётгани кўриниб турарди. Тўпни олдинга ташладим, ҳимоячи бу пайтда мени туртиб юборди. Менга ҳам айнан шу керак эди, дарров йиқилдим. Пенальтидан урган голимдан кейин, ўйин тақдири деярли ҳал бўлганди. Бу буюк ғалабада ҳиссам борлигидан фахрланаман…
Суҳбатдош Дилмурод ЖУМАБОЕВ