«Реал Мадрид»нинг тирик афсоналаридан бири - Фернандо Йерро россиялик ҳамкасбларимизнинг илтимосларига кўра, Денис Черишевнинг «Қироллик клуби»даги истиқболи ҳақида фикр юритди. У шунингдек, Фабио Капеллонинг диктатор эмаслигини таъкидлаб, Икер Касильяснинг кетиши ва Россия терма жамоасининг ЖЧ-2018даги имкониятларига ҳам тўхталиб ўтди.
- Россияда ЖЧ-2018 стартига 1000 кун қолганини алоҳида нишонлашди. Бўлажак мундиал ҳақида нима дея оласиз?
- Табиийки, бу улкан воқелик бўлади. Россияда футболни ҳаддан зиёд севишади ва ишончим комилки, турнирга боғлиқ қандайдир таҳдид ёки таваккалчилик йўқ. Билишимча, айни пайт тайёргарлик ишлари режа асосида юқори суръатда кетаётган экан. Ўйлайманки, ҳаммаси талаб даражасида ташкиллаштирилган. Чунончи, рус футболи охирги 10 йилликдан буён шубҳасиз, ривожланмоқда. Мисол учун, маҳаллий лигага жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчилар боришяпти, кучли мураббийлар ишлашяпти. Россия терма жамоаси эса йирик турнирларда қатнашяпти.
- Хўш, сиз 2018 йили Россияга қайси мақомда ташриф буюришни режалаштиряпсиз?
- Менинг қайси ролда боришим муҳим эмас. Асосийси, Испания терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичидан муваффақият билан ўтиши лозим. «Қизил фурия» олдида турган бош вазифа айнан шу. Менга келсак, ўз мамлакатим миллий жамоасига қаттиқ мухлислик қиламан ва унинг аввало, Франциядаги Евро-2016да муносиб иштирок этишига тилакдошман. Шундан кейингина 2018 йилги ЖЧ ҳақида бафуржа ўйласак бўлади.
- «Реал» раҳбарияти Денис Черишевни қўйиб юбормади, аммо ҳозирча унга ўйнаш имкониятини тақдим этгани ҳам йўқ. Сизнингча, Дениснинг клубдаги истиқболи қандай?
- Мен Черишевни кўп йиллардан буён биламан - у ажойиб йигит. Айтишим мумкинки, «Реал»нинг асосий таркибида ўйнаб кетиш учун барча хислатларга эга. Испания футбол федерацияси спорт директори лавозимида ишлаган пайтларим Черишевдаги кучли интилишга алоҳида эътибор қаратгандим. Умуман, у иштиёқ бобида доимо ажралиб турарди. Шубҳам йўқ, Черишевни олдинда ёрқин келажак кутяпти. Дейлик, ЖЧ-2018да Россия терма жамоасининг ўзига хос «қуроли»га айланиши ҳам ҳеч гап эмас.
- Шахсий фикрингизча, Черишев «Реал»да қолиб тўғри қилдими ёки ижара асосида бошқа клубга ўтгани маъқул эди?
- Футболчилик тақдирини фақат унинг ўзи ҳал қилади. Черишев «Вильярреал»даги омадли мавсумдан сўнг «Реал»га қайтиш ва Мадридда ўз бахтини топишга яна бир марта уриниб кўришни лозим топди. Унинг бу масаладаги қарорини ҳурмат қилишимиз керак. Ҳарқалай, Дениснинг тўғри ёки нотўғри йўл танлаганини муҳокама қилолмайман. Ўйлашимча, унинг учун айнан «Реал»да ўйнаш муҳим ҳисобланади. Шу боис ҳам, клубда қолишни маъқул кўрди, чоғи.
- «Реал»да ишлаган вақтингиз Черишев сизда қандай таассурот қолдирганди?
- Қайтараман, Денисни жуда яхши биламан, унинг отаси билан ҳам кўп йиллардан буён танишмиз. Улар «Реал» базасида шуғулланишар ва йўлларимиз тез-тез кесишарди. Шуни алоҳида таъкидлашим жоиз, Черишев доимо 100 фоиз куч билан ишларди ва Россия термасида ўйнашни орзу қиларди. Яъни ўз мамлакати жамоасига наф келтириш ҳақида ўйларди. Айтганча, мендан Денис ҳақида илк марта Фабио Капелло сўраган эди.
- Суҳбат табиий равишда Капеллога бориб тақалди. Айтингчи, сизни нима кўпроқ ҳайрон қолдирди - унинг Россия терма жамоасини қабул қилиб олганими ёки муддатидан олдин истеъфога чиққани?
- Аввало, айтишим керак, Капелло билан ўртамизда илиқ, дўстона муносабатлар шаклланган. У фантастик инсон. Фабио улкан тажриба соҳиби, оддий айтганда, мегамураббий. Жаҳон футболидаги энг кучли мутахассислардан бири, десак муболаға бўлмайди. Капеллонинг серқирра фаолияти фикримга исбот. У билан Россия термаси ҳақида гаплашганимизда, доимо бу жамоада ишлаш ёқаётгани, барчасидан хурсанд эканлигини таъкидларди. Айтайлик, Россия термасини Бразилия мундиалига тайёрлаш жараёнида бор билимини ишга солганини айтганди. Бироқ омади юришмади.
- У диктатор, тўғрими?
- Йўқ-йўқ-йўқ. Бу фикрга умуман қўшилмайман. Бизга бир йил давомида унинг қўл остида ишлаш бахти насиб этган в ҳаммаси ажойиб кечганди. Ҳа, Капелло ўта талабчан мураббий, ўз услубига эга. Лекин бу диктаторлик эмас. Ҳарқалай, мен Фабиони диктатор сифатида таърифлолмайман.
- Мисол учун, сиз машғулотлар жараёнида тўп устига оёқ қўйиб туришингиз мумкинмиди?
- Муаммосиз.
- «Зенит» ҳужумчиси Артём Дзюба эса шундай қилгани туфайли балога қолганди...
- «Реал»да бунақаси кузатилмаган. Умуман, Капеллонинг талаблари одатий эди. Ҳозир барча футболчилар уни ижобий хотиралар билан эсга олишади.
- Сиз узоқ йиллар «Реал»га сардорлик қилгансиз. Кетганингиздан сўнг боғич аввалига Рауль, кейин Касильяс қўлига ўтди. Энди ёзда Икер ҳам клуб билан хайрлашди. Хуллас, «Реал»да ўз афсонаси, чинакам клуб рамзи қолгани йўқ. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?
- Ҳеч ким абадий эмас. Ҳар бир футболчи вақти келиб, ўз ўрнини бошқаларга бўшатиб беради. Шундай экан, бу масалада айюҳаннос солишга асос йўқ. Шахсий фикримча, ҳозирги «Реал»да яхшигина етакчиси ҳам бор - Рамос. Ахир у 10 йилдан буён «Мадрид» учун ўйнаяпти ва бу вақтда афсона мақомига муносиб хизмат қилди.
- Демак, Касильяс «Реал»дан барвақт кетди, деб ҳисобламайсиз, шундайми?
- Шахсан ўзимга қолса, Икернинг бутун умр бўйи фақат «Реал» шарафини ҳимоя қилишини истардим. Бироқ бу ҳаётда шунақаси ҳам учраб туради.
- Мураббийлик масаласи: Карло Анчелоттининг Рафаэль Бенитесга алмаштирилгани ғалати кўринмаяптими?
- Буниси энди клубнинг қарори. Мен Анчелотти билан ҳам бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман ва бемалол таъкидлай оламан - у ажойиб мутахассис. Дейлик, қаерда ишламасин, доимо совринлар ютган. Лекин Бенитес ҳам омадли мураббийлардан бири. Мисол учун, у «Ливерпуль» билан ЧЛда ғалаба қозониб, барчасини исботлаган. Хуллас, иккиси ҳам ажойиб мураббий ва ўз ишини мукаммал билади. Шундай экан, ғалатилик ҳақида гапириш ноўрин.
- Яна Россия термасига қайтамиз. Жамоа таркибида сиз ёқтирадиган футболчи борми?
- Менга индивидуал футбол маъқул эмас, жамоавий ҳаракатларни қадрлайман. Саволингизга келсак, Россия термасида доимо муносиб ўйинчилар тўп суришган. Лекин кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатишим қийин.
- Наҳотки, лоақал битта фамилияни айтолмасангиз...
- Нега энди? Мисол учун, Виктор Онопко ва Александр Кержаков билан муносабатларимиз жуда яхши. Лекин бирор футболчи ҳақида алоҳида гапиришга сабаб йўқ.
- Сизнингча, россияликлар ўз майдонларида ўтувчи ЖЧ-2018да ғолиблик шоҳсупасига кўтарила оладиларми ва бунинг учун нима қилиш лозим?
- Россия термаси ихтиёрида мундиалга муносиб тайёргарлик кўриш учун ҳали 3 йил вақт бор. Тушунарлики, жамоанинг ўз майдонида, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида ўйнаши нисбатан осон. Шуни ҳисобга олсак, руслар чемпионат мезбони сифатида яхши имкониятга эгалар. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор - бу миллий жамоа зиммасига тушадиган мислсиз босим. Аввало, шу босимни енгиб ўтиш талаб қилинади.
- Якунда сизга ҳам одатий ва абадий саволни берамиз: Криштиану Роналду ЧЛдаги голлари сонини 80тага етказиб қўйди. Лионель Мессининг ҳисобида эса озроқ гол бор. Хўш, улардан қай бири кучлироқ?
- Ро-нал-ду (Йерро «Реал» етакчиси фамилиясини бўғинларга ажратиб талаффуз қилганча интервьюга нуқта қўйди).
Уткирбек тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси