Кириш Регистрация
30/06 00:00 Германия 2-0 Дания
30/06 05:00 Канада 0-0 Чили
30/06 05:00 Аргентина 2-0 Перу
30/06 20:00 Насаф 3-2 Навбаҳор
30/06 20:00 Металлург 1-4 Олимпик
30/06 21:00 Англия 2-1 Словакия
01/07 00:00 Испания 4-1 Грузия
01/07 05:00 Ямайка 0-3 Венесуэла
01/07 05:00 Мексика 0-0 Эквадор
01/07 19:30 Нефтчи - Пахтакор
01/07 21:00 Франция - Бельгия
02/07 00:00 Португалия - Словения
02/07 06:00 АҚШ - Уругвай
02/07 06:00 Боливия - Панама
02/07 21:00 Руминия - Нидерландия
03/07 00:00 Австрия - Туркия

Ўзимизнинг «Кальчополи»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоасининг Баҳрайн устидан сафарда қозонган ғалабаси бундан салкам ўн йил муқаддам Италия футболида рўй берган ҳодисани эслатиб юборди. Бутун дунё­­­га­ «кальчополи» номи билан довруғ таратган ўша воқеани ҳар бир мухлис яхши эслайди: 2006 йилги жаҳон чемпионати олдидан Италия «А» сериясида коррупция ва келишилган ўйинлар билан боғлиқ можаро авж олган ва «скуадра адзурра» мундиалга жанжалу ғурбат оғушида йўл олган эди.

Бунинг оқибати қандай якунлангани ҳам яхши маълум — Италия терма жамоаси Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида шу қадар иштиёқ билан тўп сургандики, худди уйидаги можарони тезроқ унутиб, фақат футболдан лаззат олишни истаётгандек тасаввур уйғонганди. Бу эса унинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшган. Натижада «скуадра адзурра» бир йўла кубокни ҳам ўзи билан олиб қайтганди. Аслида, ўша мундиалда Италиядан кучлироқ термалар кўп эди — Бразилия Роналдиньоси билан, Англия Бекхэми билан ва ниҳоят, Франция ҳам Зидани билан ярим йўлда қолиб кетган. Ғолиблик эса ҳеч ким кутмаган Италияга насиб қилган эди.

Ўзбекистон футболида ҳам ҳозир деярли шунга ўхшаш манзара. Тўғри, бизда ҳозирча ҳеч бир жамоа «Ювентус» каби қуйи лигага бадарға қилингани йўқ. Аммо воқеалар ривожи ҳам тўхтаб қолмади — ЎФФ раҳбари   Мираброр Усмонов айтмоқчи: «Йил охирида ҳаммасини кўриб оламиз». Шундай экан, айтиш мумкинки биздаги ҳолат Италияникидан ҳам ёмонроқ — агар «А» серия вакиллари қандай жазо олишларини билиб, мундиалга йўл олган бўлсалар, олий лига футболчилари тақдирлари қандай кечишидан бехабар ҳолда Баҳрайнга қарши кечган учрашувда майдонга чиқдилар. Аммо кўриб турибсизки,  ижобий натижага эришилди. Тўғри, бизникилар Италия терма жамоаси каби жаҳон чемпиони бўлганларича йўқ — зеро, буни улардан ҳеч ким талаб ҳам қилмаяпти. Аммо «минг йил»дан бери мағлуб этилмай келаётган ва ҳаммамизни зада қилган Баҳрайн йирик ҳисобда маҳв этилиши  биз учун ижобий натижа, ўйиндан олдин 4:0 ҳисобидаги ғалабани орзу ҳам қила олмас эдик. Шундай экан, Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўша машҳур Италия билан тенглаштирсак, маъзур тутасиз. Ҳамма ҳам ўзиникини суяди, кечаги ўйиндан сўнг бизнинг кўзимизга ҳам ўз футболчиларимиз  аъло кўриниб кетдилар.

Аслида, бундай натижага ҳайрон қолиш керак эмасдир, балки. Чунки ҳар икки ҳолатда ҳам футболчилар бир нарсага қасд қилган ҳолда майдонга тушгандилар — улар «ким аслида ким»лигини исботлаб бериш иштиёқида ёнар­дилар. Буни футбол тилида «соф спортча ғазаб» дейдилар. ғазабланган инсонни эса енгиш осон эмас. Истардикки, футболчиларимиз келгуси учрашувларда ҳам мана шу ҳиссиётни унутмасалар. Ахир футболчи кучли иштиёқ билан майдонга тушиши учун фақат можаро рўй бериши шарт эмас — ҳеч бўлмаганда, бутун бошли мамлакат шаънини ҳимоя қилаётгани ҳам бунга сабаб вазифасини ўташи керак.

Ноябрда бизни яна бир муҳим ўйин — КХДРга қарши кечадиган учрашув кутиб турибди. Ишонамизки, футболчиларимиз бу баҳсда ҳам ишончни оқлайдилар. Агар олий лига ўйинлари ҳалол ва рақобатбардош руҳда ўтса, уларнинг тайёргарлиги ҳам аъло даражада бўлиши турган гап. Шундай экан, Кореянинг шимолийси тугул, жанубийси ҳам бизга энди муаммо туғдирмаслиги керак. Рақиб Япония ёки Австралия бўлган тақдирда ҳам, Ўзбекистон терма жамоаси фақат ғалаба учун майдонга тушиши шарт.

Бунинг учун эса фақат бир нарса керак — футболимиз ҳалол бўлсин. Шундагина Ўзбекистон миллий терма жамоаси кучайиши мумкин. Олий лига ўйинлари тоза кураш остида ўтса, футболчилар тобланиб, пишиб бораверадилар. Кимгадир ишониб майдонга тушган спортчидан яхши ўйин кутиш эса — шудгорга арпа сепиб, буғдой кутишдек гап. Ахир халқимизда «Бўйнидан боғланган този овга ярамас», деган гап бор. Футболчи фақат ўзига, иқтидорига ишониб майдонга тушиши лозим. Акс ҳолда, унинг ови ҳам, дови ҳам олий лигадан ташқарига чиқмай қолаверади…

Ўзбек футболи иқтидорларга бой, бироқ унинг ўсиши учун зарур бўлган рақобатбардош ўйинлар кам. Умид қиламизки, ЎФФ бошлаган ишини охиригача етказади ва олий лига ҳақиқий мардлар майдонига айланади. Агар шу иш ўн-ўн беш йил аввал амалга оширилганида, ҳозир Одил Аҳмедов Россия эмас, Англия чемпионатида ўйнаётган бўларди. Ёки Сервер Жепаровнинг умри Кореяда ўтмасди, Испаниянинг ўртамиёна жамоасида бўлса ҳам тўп сурарди. Бу футболчилар-ку, амаллаб ўз йўлларини топиб олишди, аммо йўқолиб кетганлар қанча? Буни санаш учун алоҳида илмий иш олиб бориш керак. Ўша келишилган ўйинлар ташкилотчилари эса билиб қўйишсинки, уларни ҳали мана шу очилмай сўнган иқтидорларнинг уволи тутади.

Майли, насиб қилса, бу ишларнинг якуни қандай бўлишини яқинда билиб оламиз. Мираброр Усмонов айт­ганидек, йил якунланаверсин-чи. Иқтидорлар  эса бизда ҳозир ҳам кам эмас. Ишонамизки, олий лига ўйинлари тоза ва ҳалол ўтса, яқин йилларда ўша ёруғ кунларни биз ҳам кўрамиз ва футболчиларимиз Европа майдонларида тўп сура бошлайдилар. Ахир япон ёки корейс уддалаган ишни, нима учун  ўзбек йигити амалга оширмаслиги керак? Фақат бунинг учун олий лига J-лига ёки K-лига даражасига чиқишиш талаб этилади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:22, 19.10.2015.
Ўқилди: 2687 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.