Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Сэр Алекс Фергюсон: «МЮ», Нафақа, Ммураббийлик ва Гарвард

Баҳо:
+ | -

Афсонавий мураббийлардан бири - Алекс Фергюсон Шарқий Стирлингширдаги илк кунидан бошлаб, нақ 27 йил давомида «МЮ»ни фантастик даражада бошқарди. 2013 йили истеъфога чиққанидан кейин эса, унинг фаолият йўналиши кескин кенгайиб кетди. Ўзининг янги асари - «Ўз ортидан эргаштириш»нинг тақдимот маросимини ўтказиш мақсадида АҚШга йўл олган мутахассис у ерда ESPN FC мухбири билан ҳозирги юмушлари, футбол фалсафаси хусусида бафуржа суҳбатлашди.
- «МЮ» бош мураббийи лавозимини тарк этиш сиз учун осон бўлмагандир...

- Бутун ҳаётим давомида изчиллик, кетма-кетликка риоя қилишга одатланганим боис, истеъфога тайёр эдим. Ахир менинг ёшимда бу иш қачондир рўй берарди. Муҳими - қарорни ўзим қабул қилдим. Айнан шу кунни, ҳордиқдан лаззат олиш дамларини орзиқиб кутгандим. Режалаштирганимдек, ҳозир қўл қовуштириб ўтираётганим йўқ: кун бўйи кўчага чиқмай, иссиққина уйда ўз вақтини телевизор қаршисида ўтгазадиганларни чинакам бахтиёр кишилар, деб ҳисобламайман. Хуллас, турли жабҳаларда меҳнат қилишда давом этяпман. Дейлик, «МЮ»да ҳамон директор ва элчи лавозимлари эгасиман. UNICEF ва УЕФАда ҳам элчиман, мураббийлик семинарларини ўтказаман. Шунингдек, Гарвардда ёшларга сабоқ беряпман. Кўриб турганингиздек, ўта банд кишиман.

- Ўтмишингизни хотирлаган пайтлар ғамгин лавҳалар ҳам ёдингиздан ўтадими? Балки сизни соғинч ҳисси кўпроқ қийнар?

- Худога шукрки, фаолиятим ва муваффақиятларим борасида қайғуришга сабаб бўладиган жиҳатлар йўқ. Эҳтимол, бу кўпчиликка бироз ажабланарли туюлар, аммо мен мураббийлик даврида ўтмишга ортиқча эътибор бермаганман. «МЮ»ни тарк этганимдан кейинги ҳолат - бошқа масала. Ҳозир телефонимда жамоанинг ҳар бир ўйини, футболчиси ва урган голи ҳақида маьлумот бор. Яъни «МЮ»нинг бутун бир тарихи мужассам. Баъзан уларни томоша қилиб, ўйланиб қоламан: «Эҳ-ҳе, қандай ажойиб таркиб шакллантирган эканман». Ҳа, ҳозирда ўтмиш ҳақида кўпроқ мулоҳаза қиламан.

- Хўш, асосан қайси воқеаларни эслайсиз?

- Мунтазам равишда битта саволга дуч келаман: «Фаолиятингиздаги энг ёрқин лавҳа қайси?» Бу саволга жавоб тариқасида доимо Барселона шаҳрини тилга оламан. ЕЧЛ финалида «Бавария» устидан қозонилган ғалаба амалда мен учун тож кийиш маросими билан тенг эди - ахир унгача нуфузли совринни қўлга киритган эмасдим. Бир тасаввур қилинг: ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг тугашига 3 дақиқа қолганида 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраётган жамоа 2та гол уриб, ғолибга айланса-я! Бунданда таъсирчанроқ фантастикани ўйлаб топиш қийин. Ўшанда биз «МЮ»нинг букилмас иродасини намойиш этгандик.

- Ўз асарингизда омадсизлик туфайли сизни таъқиб этадиган ҳиссиётлар хусусида кўп тўхталгансиз. Бунинг боиси нима?

- Мураббийлик соҳасига ўтгач, бу ҳиссиёт доимий ҳамроҳимга айланди. Маълумки, иш жойини сақлаб қолишдан умидвор мураббий албатта, муваффақиятга эришиши шарт. Бу ерда натижа муҳим роль ўйнайди. Кўпинча бош мураббийларни қаторасига қайд этилган 2-3та мағлубиятдан сўнг истеъфога чиқаришади. Баъзан бунинг учун битта омадсизлик ҳам етарли бўлади. Демак, босим юқори, муваффақият жуда зарур. Буни доимо яхши тушунганман. Албатта, омадсизлик узоққа чўзилган вақтлар ҳам кузатилган. Аммо уларни бирин-кетин даф қилганман. Шу тариқа кайфиятим аввалгига қараганда, кўтарилиб борган. Мисол учун, «МЮ» билан қаторасига 5 йил чемпионатни 2-ўринда якунладик. Ниҳоят,  ортидан чемпионликка ҳам эришдик. Албатта, бу ижобий ўзгаришларга фақат мен сабабчи эмасман. Аммо «МЮ» мураббийи сифатида жамоа табиатини шакллантиришим талаб этиларди. Бунинг учун доимо шогирдларим билан ҳамнафас юрдим. Ўйлашимча, шу йўл билан аҳил, уюшқоқ  жамоа яратдик, ғалабаларга эришдик.

- Омадсиз лаҳзаларда тушкунликка берилмаслик учун шогирдларингизга қандай кўрсатмалар бергансиз? Масалан, 2011-2012 йиллар мавсумининг сўнгги турида чемпионлик «Манчестер Сити»га бериб қўйилганидан кейин...

- Ўшанда 30 сонияга чемпион бўлгандик. Қанчалик азобланганимизни тушуниш қийин эмасдир. Кийиниш хонасида футболчиларга шундай дедим: «Хижолат тортишнинг ҳожати йўқ. Сизлар мавсумни аъло даражада ўтказдинглар. Ҳов анави эшикдан ташқарига чиқингларда, келаси йили албатта, чемпион бўлишингизни баралла айтинглар. Бу реал вазифангиз». Ташқарида барча директорлар жам бўлишганди. Ажойиб ҳолат юз берди. Баҳслашмайман, чемпионликни қўлдан чиқаришимизда ҳаммамизнинг айбимиз бор. Лекин мағлубиятни тан олишга мажбур эдик. Йигитлар ўзларини муносиб тарзда тутишди, клуб нуфузига путур етказишмади.

- Бошқа нохуш вазиятларда, масалан, жамоангиз бирорта соврин ютолмаган вақтда қандай йўл тутгансиз?

- Яқин кишилар маслаҳатларига қулоқ солиш жуда муҳим. Биз учун совринсиз якунланган 2005 йили айнан шундай воқеа юз берди. Мен аввалроқ истеъфога чиқишимни эълон қилгандим. Ўйлашимча, бу жамоага салбий таъсир кўрсатди. Рафиқам ва 3 нафар ўғлим фикримдан қайтаришди. Мен бу борада чуқур мулоҳаза юритдим. Афтидан, истеъфони анча барвақт - 2001-2002 йиллар мавсумида эълон қилишим асосий хатом эди. Кўпчилик футболчилар «қуролсизланиб», «Бўлди, мураббий барибир, кетади», деган фикрга боришганди. Бироқ мен қарорни ўзгартириб, жамоа билан чўққини забт этиш режасини туза бошладим. Кейинчалик сафимизга Руни ва Роналду келишди. Бироқ энди бутун жамоани жонлантириш талаб этиларди. Барчамиз бир ёқадан бош чиқардик - скаутлар, ёшлар оёққа туришди. Буни қарангки, ўша палладан зафарлар даври бошланди.

1995 йили Кантонанинг узоқ муддатга сафдан чиққани туфайли олтин медалларни бой бердик. Бу - факт. Кейин Англия кубоги финалида «Эвертон»дан енгилдик. Вазиятни фақат ёшлардаги иштиёқ эвазига ўнглаш мумкин эди. Уларга вақтида имконият бермасангиз, иқтидорлари «сўнади» ёки ўзлари бошқа жамоаларга ўтиб кетадилар. Мен ҳар қандай вазиятда ҳам Батт ва Скоулзнинг кетишларига имкон бермаганман. Чунки уларнинг яқин келажакда марказни эгаллашларига амин эдим. Шу боис, Инсни 8 млн. эвазига «Интер»га қўйиб юбордик. Натижада ёшлар ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўлдилар ва ишончни тўла оқладилар.

- Дарвоқе, ёш футболчилар хусусида: улар ҳозир ҳам 20 йил аввалгидек имкониятларга эгаларми?

- Бошқа жамоаларни назарда тутадиган бўлсак, ҳа. Лекин «МЮ» Мэтт Басби давридан бошлаб, яъни мендан аввал ҳам ёш футболчиларга катта эътибор қаратиб келган.

- Сўнгги пайтлар сардорлик боғичининг қўлма-қўл бўлиши одат тусига кирди. Сизнинг даврингизга таққосласак, жамоа сардорининг роли қай даражада ўзгарди?

- Ҳозирги футбол воқелиги аввалги 10 йилликдагидан кескин фарқланади. Айни пайт жамоа бир вақтнинг ўзида чемпионат, ЕЧЛ, Англия ва Лига кубоклари баҳсларида тўп суриши лозим. Табиийки, фақат битта таркиб билан буни уддалаш мушкул. Мавсум бошидаёқ ЕЧЛ учун 25 нафар ўйинчини аниқлаб олиш керак. Клубдаги узоқ фаолиятим давомида таркибни аввалдан белгилаб қўйишни ўргандим. Масалан, Невиллга «Сен навбатдаги 3та учрашувда ўйнамайсан, лекин «Ливерпул»га қарши майдонга тушасан» қабилида кўрсатма берардим. Футболчилар бундан ранжимасдилар, чунки уларни яхши билар ва барчаларига ишонардим. Умуман, ишонч билдириш мумкин бўлмаган футболчини олиб юришдан фойда йўқ.

Шунингдек, ҳар қайси шогирдимга дам олиш имкониятини берардим. Дейлик, ўртамиёна ёки аутсайдер билан айниқса, ўз майдонимизда куч синашадиган бўлсак, еврокубок учрашувлари ва кучли жамоаларга қарши кечадиган кейинги ўйинларни ҳисобга олган ҳолда, таркибга ўзгаришлар киритардим.

- Доимо Рунини сардорлик учун зарур барча фазилатларга эга, деб ҳисоблаганмисиз?

- Уэйн - англиялик ўйинчиларнинг типик вакили. У Манчестерга келганидаёқ бунга амин бўлганман. Унинг сардорлик мақомига лойиқ кўрилганида ҳеч қандай сир йўқ. Қолаверса, Руни 10 йил кўпроқ вақтдан бери жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда. Умуман, «МЮ»да узоқ йиллик тажрибага эга ўйинчилар етарли. Менинг давримда сардор ўйинни барвақт тарк этадиган бўлса, боғични ёши улуғ жамоадошига қолдирарди.

- Мураббийлик нонини ейиш ҳозир ҳам аввалгидек қийинми?

- Менимча, ҳа. Авваллари жамоаларга англияликлар соҳиблик қилишарди. Энди АПЛ клублари дунёнинг турли бурчакларидан келишган кишилар ихтиёрида. Уларнинг айримлари футболга қандай келиб қолишган - буни тушуниш қийин. Факт эса битта - барчага ғалаба керак. Шу боис, мураббийга жуда қийин.

- Сизнингча, Луи ван Галь ҳам ўзининг «МЮ»сини шакллантира оладими? 3 йиллик муддат озлик қилмайдими?

- У жорий мавсум 6та, ўтган йили ҳам тахминан шунча харидни амалга ошириб, анча ўзгаришлар киритди. Боз устига, Луи «Барселона» ва «Бавария»да ишлаган, «Аякс»ни ЕЧЛда шоҳсупага олиб чиққан тажрибали мутахассис. Лекин мукаммал жамоани шакллантириш учун узоқ вақт керак. Айниқса, «МЮ»да. Менинг давримда фақат Дуайт Йорк биринчи кундан бошлаб, ёрқин ўйин кўрсата олган. Бошқа ўйинчиларнинг янги шароитга мослашиб олишлари учун анча вақт ва куч сарфлаганмиз. Мисол учун, Де Хеа жамоага келганида, ёш бола эди. Ҳатто машина ҳайдашни ҳам билмасди.

- Жорий мавсум «МЮ» чемпион бўлиш имкониятига эгами?

- АПЛда истаган жамоа ғолиб чиқиши мумкин. Мана, ҳозир «Лестер» барқарор ўйин кўрсатяпти. Агар «МЮ» янги йилга қадар етакчиликни сақлаб қолса, яхши имконият ҳосил қилади.

- Гарвардда сабоқ беришингизга нима туртки бўлди?

- Университет профессори ўғлим Жейсондан мен билан бу ҳақда гаплашишни илтимос қилган экан. Таклифга аниқ жавоб қайтармадим: «Бу менинг томонимдан манманлик бўлмасмикан?» Жейсон ўша заҳоти гапимни бўлди: «Ёшингиз 70га бордику, қанақа манманлик?» Ўйлаб кўрсам, ўғлим ҳақ экан. Аввалига бироз ноқулай бўлди, лекин тезда ҳаммаси изига тушди.

- Америкадаги қандай янгилик сизни ҳайрон қолдирди?

- Аввало, жуда машҳур эканлигимни билиб олдим. Ахир авваллари бу ерда футболга унча қизиқишмасди-да. Маълум бўлишича, ёшлар ҳам мен ҳақимда кўп нарсаларни билишар экан.

- Уларга қандай маслаҳат берасиз?

- Менимча, ҳар ким ўзлигича қолиб, шахсий ақидаси бўйича иш кўриши керак. Муҳими, изчиллик, кетма-кетликка амал қилишсин. Нарвондан поғонама-поғона кўтарилиш ҳам ишончли, ҳам ишонарли!

Содиқ Собир тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:06, 26.10.2015.
Ўқилди: 3145 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.