Кириш Регистрация
20/05 00:00 Лорьян 5-0 Клермон
20/05 00:00 Монако 4-0 Нант
20/05 00:00 Лилль 2-2 Ницца
20/05 00:00 Лион 2-1 Страсбур
20/05 00:00 Реймс 2-1 Ренн
20/05 00:00 Ланс 2-2 Монпелье
20/05 00:00 Тулуза 0-3 Брест
20/05 00:00 Гавр 1-2 Марсель
20/05 00:00 Метц 0-2 ПСЖ
20/05 19:00 Динамо 1-1 Пахтакор
20/05 19:00 Сурхон 0-1 Насаф
20/05 21:30 Салернитана 1-2 Верона
20/05 23:45 Болонья 3-3 Ювентус

Виждон амрига бўйсуниб ёки яна ҳаллоллик борасида

Баҳо:
+ | -

Яқинда Озарбайжон чемпионатида қизиқ воқеа кузатилди. Миллий чемпионатнинг «Интер» ва «Қорабоғ» жамоалари ўртасида кечган ўйини вақтида «Қорабоғ» футболчиси «Интер» дарвозасига белгиланган пенальтини атайин ноаниқ тепди. Нега дейсизми? Жавоби оддий: футболчи шу тариқа ноҳақ белгиланган жарима учун ҳакамдан «ўч» олди. Айнан ушбу воқеа футбол тарихида учраган олижаноб шахслар ва ҳурматга сазовор ишларни яна бир бор ёдга олишга ундади.

Элвин Мамедов

Кириш сўзида келтирилган воқеа аслида қуйидагича рўй берди: ўйин тугашига оз вақт қолган бир пайтда «Қорабоғ» вакиллари рақибни минимал ҳисобда енгишаётган эди. Бир ҳолатда «Интер» посбони яккама-якка ҳолатга чиқиб келаётган рақиб жамоа форвардига пешвоз чиқиб, тўпни узоқлаштиради. Аммо ушбу вазиятда ҳужумчи шу қадар чиройли йиқилдики, учрашув рефериси пенальти белгилашдан ўзини тиёлмади. Боз устига, дарвозабонни майдондан четлатишга ҳам жазм этди. Ваҳоланки, видеотакрорлар голкипернинг тўпга ўйнаганини яққол кўрсатиб турарди. Буни ҳакамдан бош­қа ҳамма сезди. Айниқса, «Қорабоғ» устози Гурбан Гурбанов виждон амрига бўйсуниб, шогирдларига қандай йўл тутиш кераклигини уқтирди. Терма жамоа аъзоси Элвин Мамедов эса устозининг йўриғидан чиқмай, тўпни атайин ноаниқ йўллади. Эътиборлиси, шу ҳиммат ҳам «Интер»га фойда бермади: тез орада «Қорабоғ» футболчилари ўйин ҳолатидан яна бир гол уриб, якуний ҳисоб 0:2 бўлишини таъминлашди.

 

Паоло Ди Канио

Кўпчиликнинг наздида, Паоло Ди Канио - футболдаги энг жанжалкаш инсонлардан бири. Аммо италиялик форварднинг олижаноб ишлари ҳам йўқ эмас. Масалан, у 2000 йили «Вест Хэм» шарафини ҳимоя қилган кезлари «Эвертон»га қарши майдонга тушиб, гол уриш учун жуда қулай имкониятга эга бўлди. Яъни, Паолонинг жамоадоши қанотдан тўпни ошириб бергач, ҳужумчи зарба йўллашга чоғланди. Айни шу паллада рақиб дарвозабони Пол Жеррард тўсатдан ноқулай йиқилиб, жароҳат олди. Натижада Паолонинг қаршисида бўм-бўш дарвоза қолган, футболчидан бор-йўғи тўпни йўллаш талаб этиларди, холос... Лекин «Вест Хэм» аъзоси кипернинг ҳолатини кўриб, тўпни қўлига олди ва ҳакам эътиборини жароҳатланган ҳамкасбига қаратди. Қизиғи, бу воқеа ўйин­нинг 90 дақиқасида, ҳисоб 1:1 кўринишга эга бўлиб турган вақтда рўй берганди. Демак, Паоло икки очкодан кўра, инсонийлик фазилатларини устун қўйди. Бу воқеа тез орада бутун дунёга тарқалди ва охир-оқибат ФИФА италиялик футболчини Fair Play мукофоти билан тақдирлади.

 

Мирослав Клозе

Клозе ҳамиша футболдаги ҳақиқий жентльменлардан бири сифатида эътироф этиб келинган. Чунончи, у бундеслигадаги ўйинларнинг бирида ҳакамдан ўзи «ишлаган» пенальтини бекор қилишни сўраганини кўпчилик билади. Лекин унинг энг олижаноб иши 2012 йил сентябрь ойида кузатилган. Ўшанда «Лацио» «Наполи» билан учрашганди. Бурчакдан жарима майдонига узатилган тўп тасодифан Мирославнинг қўлига тегиб, дарвоза тўридан жой олди. Ҳакам майдон марказига ишора қилди, жамоадошлари эса голни нишонлаш мақсадида Клозе томон чопиб келишди... Лекин қаҳрамонимиз шу заҳоти ҳакамнинг ёнига бориб, воқеа аслида қандай рўй берганини тушунтиргач, голни бекор қилишни сўради. Бу ўйинда римликлар 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишди, аммо Клозе мағлубият эвазига бир умрлик виждон азобидан қутулди.

 

Аарон Хант

Ўтган йилнинг баҳорида «Вердер» сардори ҳам худди шундай намунали хулқи билан ёдда қолди. Батафсилроқ айтадиган бўлсак, Аарон  «Нюрн­берг»га қарши учрашув вақтида ўз жамоаси фойдасига белгиланган пенальтини йўққа чиқарди. Гап шундаки, Хант тўп билан бирга жарима майдонига ёриб кириб, ҳимоячи билан тўқнашиш натижасида ерга қулади. Буни кўрган рефери ҳуштак чалиб, ўн бир метрлик нуқтага ишора қилди. Лекин «Вердер» сардори дарҳол ўрнидан туриб, ҳакам Мануэль Грефенинг олдига борди ва қоидабузарлик рўй бермаганини тушунтирди. Қизиқ, агар иш пенальтигача етиб борганида, «мусиқачилар» ўзларини Мамедовдек тута олишармиди?! Айтганча, адолат ўйин сўнгида қарор топди - «Вердер» барибир, ғалаб қозонди.

 

«Бранн»

Бу антиқа ҳодиса 2012 йили Норвегия чемпионатида кузатилган. Ўйин пайтида «Бранн» сардори Эрик Мьелде тўпни «фэйр-плей» қоидаларига биноан рақибга қайтариб бермоқчи бўлдию, тасодифан «Лиллестрём» дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Ҳакам голни қайд этди. Шошиб қолган сардор эса ўз жамоадошлари билан келишиб, рақибнинг битта гол уришига замин яратиб берди. Лекин «Бранн» посбони Петр Лециевски бунга рози бўлмай, тўп билан дарвоза томон яқинлашиб келаётган рақибига қаршилик кўрсатди. Бироқ кипернинг ёлғиз ўзи 11 нафар футболчига қарши нима қила оларди? Жамоадошлари эса адолат тикланиши учун ҳаракатсиз қотиб туришди. «Лиллестрём» шу тариқа битта голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Ўйин эса давом этди.

 

«Донкастер»

Яна бир шунга ўхшаш ҳодиса 2015 йилнинг августида кузатилди. Англия 1-лигасининг «Бери» ва «Донкастер» клублари учрашуви вақтида меҳмонлар сардори Харри Форрестер ҳам тўпни рақибга қайтариш чоғида дарвозани беихтиёр ишғол қилиб қўйди. Эътиборлиси, бунга қадар ўйинда ҳисоб очилмаган, учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган сўнгги 3-дақиқаси ўтиб бораётганди. Шунда «викинглар» устози  Пол Диков шогирд­ларидан дарҳол жавоб тўпини ўтказиб юборишни талаб қилди. Улар эса мураббий кўрсатмасига бажонидил рози бўлишди. Натижада, ўйин жамоавий «фэйр-плей» билан якунланди.

 

Жузеппе Пиллон

2009 йили «Асколи»ни бошқарган мураббий Жузеппе Пиллон ҳам олижаноблик борасида ҳурматга сазовор шахслардан бири. «Реджина»га қарши ўйинда унинг шогирдлари рақиб дарвозасини иш-ғол қилишди. Лекин бундан сал олдинроқ «Асколи» вакили рақиб ҳимоячиси Карлос Адриан Вальдеснинг жуда оғир жароҳат олишига сабабчи бўлганди. Албатта, бундан «Реджина» футболчилари ғоят ғазабланишди. Улар ҳаттоки, айбдор - Андреа Коста майдондан четлатилганидан кейин ҳам ўйинни давом эттиришдан бош тортишди. Ҳакам эса голни инобатга олиб улгурганди...

Шунда Пиллон ўртага тушиб, шогирдларидан битта гол ўтказиб юборишларини сўради. Охир-оқибат, ўйин «Асколи»нинг 1:3 ҳисобидаги мағлубияти билан ниҳоя топди. «Асколи» мухлислари эса анчагача Пиллонни мазах қилиб юришди.

 

Игорь Семшов

2002 йили Москванинг «Торпедо» клуби ярим ҳимоячиси Игорь Семшов ўта ноқулай ҳолатда қолди.  «Спартак»­ка қарши ўйини чоғида рақиб жамоа вакили Игорь Митрески тўп юзига қаттиқ тегиши оқибатида деярли ҳушсиз ҳолда ерга қулади. Тасодифни қарангки, Митрескининг жароҳатига сабаб бўлган тўп бўм-бўш дарвоза қаршисида тўрган Семшовга келиб тушди. У эса бироз иккилангач, тўпни четга тепиб юборди. Ваҳоланки, қулай вазият туфайли «Торпедо» ҳисобда олдинга чиқиб олиши аниқ эди. Учрашувдан сўнг бу вазият турлича талқин қилинди: кимдир Семшовнинг ишини олижаноблик сифатида баҳолади, айримлар эса уни «аҳмоқ»қа чиқаришди...

 

Сергей Оборин

2006 йилги воқеа «Амкар» устози Сергей Оборин номи билан боғлиқ. Жамоанинг «Том»га қарши ўйини чоғида унинг шогирди Виталий Гришин тўпни қўли ёрдамида дарвозага киритди. Аммо ҳакам бунга эътибор бермагани учун гол ҳисобга олинди. Шунда Оборин шогирдларини ёнига чорлаб, вазиятни батафсил ўрганди. Гришин эса голнинг дарҳақиқат, «илоҳий қўл» ёрдамида урилганини тан олди. Буни эшитган мураббий ҳакамга мурожаат этиб, голни бекор қилишни сўради. Аммо мазкур воқеа русларнинг ёдидан тезда кўтарилди.

 

Игорь Нетто

1962 йилги жаҳон чемпионати. Майдонда собиқ иттифоқ ва Уругвай термалари тўп суришмоқда. Вазиятларнинг бирида иттифоқ вакиллари ҳужумга ўтишди. Якуний зарбадан сўнг тўп уругвайликлар дарвозасидан жой олди. Ҳакам ҳуштагини чалганча майдон марказига ишора қилди. Лекин зарба муаллифи Игорь Нетто негадир рақиб дарвозасига яқинлашиб, тўрни текширишга тушди. Тез орада унинг нимани қидираётгани аниқланди - Нетто тепган тўп дарвоза тўридаги тешикдан ўтиб, мўлжалга бориб тушган экан! Олижаноб футболчи ҳакамларни чақириб, зарбаси ноаниқ чиққани, аслида, тўрдаги тешик барчани лақиллатганини тушунтирди ва голни бекор қилдирди. Энг муҳими, бу ўйинда ҳам адолат тантана қилди: Уругвай ҳақли тарзда мағлуб этилди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 06:10, 27.10.2015.
Ўқилди: 3143 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.