Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Жесси Лингард: «Ғамхўр жамоадошларимнинг борлиги - менинг омадим»

Баҳо:
+ | -

«Қизил иблислар»нинг ёш вингери «МЮ» расмий сайтига интервью бераркан, оғир жароҳатдан тортиб, Луи ван Гал жамоасининг асосий таркибидан жой олишгача бўлган мураккаб йўлни қай тариқа босиб ўтгани ҳақида гапирди.

У 21 ёшга тўлганида узоқ кутилган имкониятни қўлга киритиб, асосий таркибда майдонга тушди. Аммо атиги 24 дақиқа тўп сурган футболчи шу қисқа вақт мобайнида Эшли Уильямс билан тўқнашиб, лат еди. Жессининг тиззасидаги жароҳат уни мавсумни бошқалардан эртароқ якунлашга мажбур қилди.

- Ушбу жароҳат сизга қандай таъсир кўрсатди?

- Тан оламан, барчаси ўз хатоим туфайли рўй берди, лекин шифокорлар менга яхши муносабатда бўлишди. Бу воқеа ҳаётимда катта ўзгариш ясади, деб ўйлайман. Фаолиятимдаги энг жиддий жароҳатдан ўтдим, деган умиддаман. Оғир вазиятда мени қўллаб-қувватлаган яқинларим ва дўстларимга миннатдорчилик билдираман.

- Фергюсон даврида асосий таркибдан жой олишингиз қийин кечди. Сизнингча, бунга нима сабаб бўлганди?

- 22-23 ёшга тўлганимдагина сэр Алекс «Манчестер Юнайтед»нинг биринчи таркибига киришимни айтди. У нима қилаётганини яхши билади. Фергюсонда келажакни кўра олиш хусусияти бор. Ўша вақт унга ишониб хато қилмадим.

- Ниҳоят, узоқ кутилган муваффақиятга эришяпсиз, чоғи...

- Жамоанинг барча мутассадилари мени сабр қилишга чақирдилар. Қолаверса, жамоадошларимнинг далдаси асқотди, бунинг учун улардан умрбод миннатдорман. Муваффақиятга эришиш учун узоқ кутишимга тўғри келди, шу муддат ичида вақтнинг қадрига етдим. Мана, ниҳоят, Луи ван Гал менга ишонч билдиряпти.

Лингард ЦСКАга қарши кечган баҳсда ЕЧЛдаги иккинчи ўйинида майдонга тушиб, Уэйн Рунининг голига ассистентлик қилди. Ван Гал қаҳрамонимизнинг манзилига илиқ сўзлар айтди, мазкур учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида ҳам айнан Лингард эътироф этилди. Кўп ўтмай, «Вест Бромвич» билан ўйинда АПЛдаги илк тўпини киритди. Асосий таркибдан жой олиш йўлида машаққатли йўлни босиб ўтган вингер чинакам характер намойиш этмоқда.

- Вақтингизни захирада ўтказгандан кўра, бошқа жамоалардан келган таклифни ўрганиб чиқиш маъқулроқ эмасмиди?

- «МЮ»да қолишимга асосий сабаб - жамоадагиларнинг менга нисбатан ишончи. Манчестердан аввалроқ кетишим ҳам мумкин эди, лекин сабр қилишни жоиз топдим. Мураббийнинг менга имкон беришини кутдим, қачондир асосий таркиб футболчисига айланишимни кўнглим сезарди.

- Жорий мавсумда биз гўёки мутлақо бошқа Лингарднинг ўйинларидан баҳра олаётгандекмиз. «Эвертон» билан ўйин фикримга яққол далил бўла олади.

- Ёзги йиғинлар тамомлангач, юқори спорт формасида эканимга ишончим комил эди. Янги мавсумни юқори савияда ўтказишга астойдил бел боғладим. Чиндан ҳам, «Эвертон»га қарши ўйинни яхши кайфиятда ўтказдим. Шерикларим мени қўллаб-қувватлашди, маслаҳатларини аяшмади. Бу эса муваффақиятим омилига айланди. Шундай ғамхўр жамоадошларимнинг борлиги - менинг омадим.

- «Гудисон Парк»даги ўйинда нафақат ҳужумчилар, балки ҳимоядагиларга ҳам мунтазам равишда кўмаклашдингиз. Бу мураббий кўрсатмасимиди ёки...?

- Уоррен Жойснинг «МЮ» ўринбосарлар таркибида тез-тез «Орқага қайт!» дейиши ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ижара футболчиси сифатида ўйнаган кезларим ҳам майдонда шундай вазифани бажарардим. Бошқа амплуа вакилларининг ҳимояга ёрдам беришини деярли барча мураббийлар қўллашади.

- Нима деб ўйлайсиз, сизнинг ҳолатингизга тушганлар биринчи нав­батда нималарга эътибор қаратишлари лозим?

- Энг асосийси, бундай паллаларда сабр қилиш керак. Қолаверса, ижара асосида бошқа клубда ўйнаб, тажриба тўплаш ҳам фойдадан холи эмас. Шу тариқа биринчи жамоага мутлақо бошқача кўринишда қайтишга имкон туғилади.

Асосий таркибга кириш қанчалик қийин бўлса, у ердаги жойни сақлаб қолиш унданда мушкулроқ. Зеро, рақобат ўта кучли. Аммо Лингард мазкур масалада муаммо сезмаяпти. У ўз ўйини билан Ван Гални қойил қолдириш ниятида.

- Тез орада «МЮ»даги етакчилар ўрнини эгаллаш ниятингиз бордир?

- Энг аввало, асосий таркиб билан янада яқинроқ бўлишга интиламан, барча ўйинларни бошланғич таркибда бошлаш ниятидаман. Ҳозирда бош мақсадим шу. «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилиш қатъиятлилик бағишлайди. Қанча кўп меҳнат қилсам, ўзимни кўрсатиш учун шунча кўп имкониятга эга бўламан. Жамоадаги ўрнимни сақлаб қолиш йўлида ҳали кўп ишлашим, машғулотларда тинмай тер тўкишим лозим.

Жесси Лингарднинг ривожланиши, «Олд Траффорд»даги юлдузли даври унинг меҳнатлари самарасидир. Қолаверса, ён-атрофидаги айрим кишилар, ишқибозларнинг ҳам бунда ҳиссаси катта. Ёш футболчининг нафақат сабр, балки ғурурига ҳам таянишини барча кўрди. Келгусида Лингард ўз куч ва маҳоратини намойиш этган ҳар бир ўйинда «МЮ» мухлислари шундай ҳолат гувоҳига айланаверадилар.

Акмал ЭШОНХОНОВ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:12, 25.11.2015.
Ўқилди: 3102 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.