Триолар! Луис Суареснинг “Барса” сафига келиб қўшилиши билан бу мавзу яна қўзғалди. Бу ҳақда кўпчилик қоғоз қоралади. Бизда ҳам шу мавзуга тўхталиб ўтиш фикри туғилди. Бу рўйхатни ўзимиз туздик. Унга киритилган номлар хотиралар ҳамда учлик дейишга арзийдиган натижалар эътибори билан жойлаштирилди.
10. ВВС
Бейл-Бензема-Роналду. “Реал”. 2014.
Гарет Бейлнинг Мадрид суперклубига ташриф буюриши, табиийки, мана шундай кучли трионинг юзага келишини таъминлади. Гарчи бугунги кунда улар асосан танқидчилар учун мавзу эсалар-да, икки йил олдин ҳаддан ташқари кучли футбол кўрсатган эдилар. Бейл-Бензема-Криштиану учлиги ўша мавсумнинг 88 та ўйинидан 71тасида майдонга тушган ва 71та баҳсда 154та гол киритган. Ҳар ўйинга ўртача 2,16 голдан. Тўп узатишлар борасида ҳам улар фантастик натижаларни қайд этишган.
Табиийки, шунча гол совринсиз қолса уят бўлади. ЕЧЛдаги ажойиб чемпионлик ҳам асосан мана шу уч йигитнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ, дея оламиз. Ҳозир эса бу учликнинг ўйинини кўрсангиз, ўшалар шу йигитлармиди, деб қоласиз. Начора…
9. “Москвада “қизиллар”!!!
Руни-Роналду-Тевес. “МЮ”. 2008.
Роналдунинг Испанияга келишига айнан мана шу трио кўрсатган ўйинлар сабаб бўлган, дея оламиз. “МанЮнайтед” таркибида чиройли учлик бўла олган Руни, Тевес ҳамда Роналду 2008 йили ҳар қайси фронтни ўзлариники қилиб олишган. Уччаласи бир мавсумда 60та гол уришган. Уларнинг голларидан кўра, ўзаро ҳамжиҳатлилиги кишини қувонтирарди, албатта. Айниқса, Москвадаги инглиз финалидан сўнг, кубокни айнан шу йигитлар боши узра кўрар эканмиз, беихтиёр уларнинг ўйинлари давомли бўлишларини истагандик. Бироқ, учлик ҳар томонга сочилиб кетди. Бундан “бутун” қолгани фақат португалиялик юлдуз бўлди. Улар бирга кучли эдилар, холос.
8. Ma-Gi-Ca.
Марадона-Жордано-Карека. “Наполи”. 1988.
Бу учликнинг ичида Диего Марадона бор, шунинг ўзи исталган рақибни қўрқитади. 1987/88 йилги мавсумда “Наполи” жуда кучли футболчилар триосига эга бўлди. Гарчи бу мавсум неаполликлар чемпионлик курашида “Милан”га имкониятни бой берган бўлсалар-да, жозибали ўйинлари билан хотираларга муҳрландилар. Марадона ўшанда “Наполи” президентидан илк бора хурнсад бўлиб, “одамга ўхшаган шериклар олиб келгани учун” миннатдорчилик билдирганди.
7. Ро-Ри-Ро.
Роналдо-Ривалдо-Роналдиньо. Бразилия. 2002.
Бу “ёввойи” йигитларнинг ажойиб учлик кўринишини олишларига исмларининг бош ҳарфи бир хил бўлганлиги эмас, балки ўйинларининг гўзаллиги сабаб бўлган. Ҳа, Роналдонинг ўзи бир олам эди, Ривалдо ўз ҳаракатларида беназир эди, Роналдиньо эса футболга гўзаллик деган сўзни омухта қилиб юборган эди. Уччаласининг Осиёдаги ЖЧда кўрсатган ўйинлари рақиблар ҳолига маймунларни томошабин айлаганди. Бир ўйинда катта саҳнага Ривалдо чиқиб, Бразилияни кейинги босқичга олиб чиққан бўлса, кейингисида Роналдиньо афсонавий зарбаси билан Англияни уйига равона қилган, финал кечаси эса сўйлоқ Роналдога аталганди. Буни ҳеч ким унута олмаса керак. Бу учликдан олдин ҳам, кейин ҳам Бразилия юртида трио сўзига арзийдиган йигитлар бўлмаган. Пелелар даври бундан мустасно, у пайтда трио эмас, “11рио” эди жамоа…
6. ИЛК ҚИЗИЛ АЖДАҲОЛАР.
Бест-Чарльтон-Лоу. “МЮ”. 70-йиллар охири.
Жаҳон футболида росмана илк трио. Бест, Лоу ва Чарльтоннинг бошқа учликлардан устунлиги нимада эди? Улар ҳамиша бир-бирларини тўлдиришар эди. Бест билан Чарльтон ҳужум бунёдкорлари эди, Лоу эса ўша ҳужумнинг якунловчи тўпурари…
Ўша даврларда “Олд Траффорд” шу йигитлар учун тўлиб тошарди. Натижа ҳам ёмон эмас, “уч мушкетёрлар” ҳисобида Европа Чемпионлар кубоги ва Англия чемпионлиги. Яна бир қанча майда совринлар. Бест ҳалигача клубнинг бир ўйинда энг кўп тўп киритган аъзоси ҳисобланади. Лоу клуб тўпурарлари сафида иккинчи ўрин эгаси… Чарльтон эса иккисининг сардори эди.
5. ЖАНУБЛИК ЁВВОЙИЛАР.
Месси-Суарес-Неймар. “Барселона”. 2015.
Ҳозирги “Барселона”ни тўхтатиб қолиш замонавий футболнинг энг катта бошоғриғи. Аниқроғи, улар ўзлари тўхтамасалар, ҳеч ким тўхтата олмаслигини 21 ноябрь куни кўрдик. Хуллас, бу учлик жуда кўп гол уриб ташлади. Бошқа фактларга тўхталиб ўтмайин-да, биргина Мессининг шу йил бошидан йўллаган тўплари сони ўнлигимизни безаб турган ВВСдан кўпроқлиги билан тўхтала қолай. У жароҳат олган пайтда эса Неймар ҳамда Суарес галма-галдан рақибларни ранжитмоқдалар. Улар гол учун туғилган машинани навбатма-навбат ҳайдаб кетаётган шумахерларга ўхшашади. Ҳозир бу учовлон мавсум охирида ҳеч ким қилмаган ишни ҳам қилиши кутилмоқда – “Олтин тўп” учун бир йўла уччаласи кураш олиб бориш! Бу йил бўлмаса ҳам, бу иш кейинги йил аниқроққа ўхшайди.
4. ТОТАЛ ФУТБОЛ УЧЛИГИ.
Кейзер-Реп-Кройфф. “Аякс”. 1971-73.
Жанубий америкалик йигитларни ҳозирча бешинчи ўринга қўйиб турганимизнинг сабаби бор эди. Улар ҳозирча биргаликда бир йил ўйнадилар. Мувозанатни йўқотмай, икки уч мавсум ўйнаб берсаларгина, юқорилардан жой олишлари мумкин. Юқорида эса тотал футболни ўйлаб топган йигитлар…
Кейзер чапда, Реп ўнгда, ўртадан Кройфф… Худди шу кўринишда “Аякс” ўша даврнинг барча ҳимоясини ёриб ўтаверган. Уч йил қаторасига мамлакат чемпиони бўлган йигитлар барча даврлар учун инқилобий футболни тақдим этишди. Амстердамда пайдо бўлган ўйин услуби кейинчалик “тотал футбол” номи билан танилди ва Голландия футболининг ёрқин даврларини бошлаб берди. Ўшандан бери лолалар юрти ҳимоядан кўра ҳужумкор футболни хуш кўради.
3. УЧАР ГОЛЛАНДЛАР.
Гуллит-Ван Бастен-Райкаард. «Милан» ва Голландия термаси. 1988-90.
Яна бир голланд авлоди Амстердамда эмас, Милан шаҳрида триога айланди. Бу учликнинг бири ҳужумга алоқадор бўлмаса-да, улар иштирокида кечган ўйинлар барчанинг хотирасида сақланиб қолган. Бу учликнинг қолганлардан ажралиб турадиган жиҳати ҳам бор. Улар нафақат бир клубда, балки термада ҳам ёнма-ён эдилар. Учар голландлар ҳақида кўп ва хўп гапирсак бўлади, аммо биргина фактнинг ўзи билан тўхталамиз. Шунинг ўзи етади.
1988/89 йилги мавсум “Милан” Европа чемпионлар кубоги финалида “Стяуа” билан “Ноу Камп” стадионида ўйнади. 100 мингдан кўпроқ ишқибоз учрашувни тўғридан тўғри кузатган эдилар ўша куни. Сакки бошчилигидаги миланликлар 4:0 ҳисобида устун келишди. Дунё мана шу голланд учлигининг ажойиб ҳаракатларидан завқланди. Бу йигитлар “Милан” таркибида 2та ЕЧЛ кубогини, 2та қитъалараро кубокни, 2та Суперкубокни бошлари узра кўтардилар. Натижада, олдинги голланд учлигини ҳар томонлама ортда қолдирдилар.
2. “ГЕГЕМОН ГНОМЛАР”
Хави-Иньеста-Месси. “Барселона”. 2010-2013.
Бу уч йигит замонавий футболни остин-устун қилиб ташлашди, десак, ҳеч қандай муболаға ишлатмаган бўламиз. Гвардиола бошчилигида яшил майдонга тадбиқ қилинган услуб 6 йил давомида испанлардан бошқа ҳамманинг “қонини ичди”. Майда тўп узатмалари асосида “тики-така” услуби “Барселона” тугул, Испания терма жамоасининг қуролига ҳам айланди. Бу услуб ўйлаб топилганига анча бўлган, бироқ унинг ижроси мураккаб эди. Шу боис ҳам, заиф ижрочилар билан бундай қалтис ишга қўл урмасдилар.
“Барса” триоси эса айнан шу услуб учун яралган эдилар. Ақлли Хави, ўйинни ўқий оладиган Иньеста ва туғма истеъдод Месси. “Барса” бу йигитлар билан ҳар икки йилда ЕЧЛ кубогини ўйнаб-кулиб енгадиган бўлди. Испания термаси 3та мусобақани зир титратди. Ва ниҳоят, Месси 4 йил давомида “Олтин тўп” мутлоқ эгасига айланиб олди. Ҳа, дарҳақиқат, бу учлик биз кўрган футбол ичида энг ноёби эди. Энг қўрқинчлиси ва энг чиройлиси эди. Ҳалигача бу учликнинг таъсири кейинги авлодда давом этаётгани фикримизни тасдиқлайди. Ундаги Месси эса улғайган ва орқароққа қайтган…
1. РЕАЛ ҚОТИЛЛАР.
Пушкаш-Ди Стефано-Хенто. «Реал». 1958-64.
Биринчи ўринни танлашда, очиғи роса қийналдим. Бу ердаги энг асосий муаммо уларнинг бири “Реал”, бири “Барса”га тегишлилигида эди. Бизда мухлислар шундан ҳам жанжал чиқарадилар. Шуни ўйлаб ҳам қийналдим, рости…
Аввалига қадимги “Реал” учлигини иккинчи ўринда ёздим (бунга икки сабаб бор эди – биринчиси, “Реал”га ён босгандек кўринмаслигим, иккинчиси, қадимгилар ўйинини кўрмаганим…), кейин эса ўйлаб қолдим: “Барселона”нинг супертриоси барибир ва барибир натижа эътибори билан Пушкаш ва Ди Стефанолардан ортда-ку. Уларнинг ўйинини рангли тасвирларда кўрмаганим, бу менинг муаммоим-ку… Натижаларни, замонавий футболга бўлган таъсирни солиштириб чиқиб, “Реал” учлигини биринчи ўринга жойлаштиришга қарор қилдим. Келинг, бир бошдан исботлай фикримни…
Ҳалигача, “Реал” ишқибозларининг тилини беш қарич қилиб келадиган жамики катта кўрсаткичлар айнан ўша даврга тўғри келади.
Европа чемпионлари кубогини қаторасига бешинчи марта қўлга киритар экан, Пушкаш ўзининг машҳур иборасини айтган эди: “Бизда ҳамма ҳужумчи!” Ҳа, ўша пайтдаги “Реал” таркиби бошқалардан шунчалик фарқ қиларди. Бироқ, улар ичида айнан 3та ҳужумчи яққол ажралиб турганини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Хенто “Реал”нинг энг тажрибали вакили эди, Ди Стефано энг истеъдодлиси, Пушкаш энг маҳсулдори. Европада уларни 5 йил тўхтата олишмаган. Эшитяпсизми, 5 йил!
Илтимос, у пайтда футбол бугунгидек бўлмаганди, деманг! Балким бу йигитлар бугунгидек бўлишмаганди. Нуқта.
Хайрулла Ҳамидов.