Оралиқ маррага етиб келган Италия чемпионати иштирокчилари 6 январга қадар Янги йил таътилида бўлишади. Хўш, биринчи давра қандай натижаларни тортиқ этди?
Етакчи
Бу мамлакат янги соҳибга муҳтож. Унга янги чемпион керак. «Интер» - навбатдаги скудетто соҳиблигига энг муносиб номзод. Катеначчо услуби олис ўтмишда қолган бўлсада, унинг нафаси миланликлар ўйинларида яққол сезилиб турибди. Италияда ҳеч қайси жамоа Роберто Манчини шогирдларидек ҳимоявий ўйинни ўринлата олмади. Жамоа 17 учрашувнинг 12тасида ҳисобни очди ва фақат бир марта (!) - «Палермо»га қарши кечган баҳсда қимматли 3 очкони қўлдан бой берди.
Ўзи билан бир хил савиядаги жамоаларга қарши баҳсларда «нерадзуррилар» олдинга ташланмайди, ҳимоядаги фаолликни ошириш орқали рақибини эркин нафас олишдан маҳрум қилади. Олдинги чизиқда Мауро Икарди, Стеван Йоветич ва Адем Ляйич жонбозлик кўрсатмоқдалар. Бу услуб қадимдан маълум бўлсада, ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Бироқ «Интер» бундан мустасно. Тўғри, пешқадамнинг айрим муаммолари ҳам йўқ эмас. Масалан, асосий рақобатчилардан фақат иккитасини мағлубиятга учрата олди, холос. Мураббий бу борада жиддий ўйлаб кўришига тўғри келади.
Энг яхши футболчи
Маурицио Сарри раҳбарлигида «Наполи»нинг таътилга етакчи учликда йўл олишида Гонсало Игуаиннинг тўпурарлик маҳорати муҳим ўрин тутади. Ҳа, ёзда ҳужумчи «Лацио» билан бўлган ўйинда пенальтидан фойдаланолмай, жамоани ЕЧЛ йўлланмасидан маҳрум этганди. Кейин Америка кубогининг финалида Чили дарвозасини ишғол этолмади. Шу тариқа мухлислар тавқи-лаънатига учраб, тушкунликка тушиб қолганди. Аммо Сарри шогирдининг руҳини кўтара олди, футбол оламининг энг яхши 9-рақамли футболчиси эканини қулоғига қуйди.
Устозининг ишончидан илҳомланган ҳужумчи ўзини ўнглаб олди ва оралиқ маррага 16та гол билан етиб келди. Боз устига, декабрь ойида 3та «дубл»ни қайд этди. Шу кетишда Гонсалони қувиб ета оладиган тўпурар «А» сериясида топилмаса керак.
Энг яхши мураббий
Винченцо Монтелла «Фиорентина»ни Италиянинг энг илғор ва комбинацион жамоасига айлантирганди. Шу боис, унинг Флоренциядан кетиши мухлислар учун чинакам фожиа бўлди. Боз устига, унинг ўрнига Паулу Соуза тайинланиши кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Чунки «Ювентус»нинг ўртамиёна савиядаги собиқ ўйинчиси чемпионшипда омадсиз мураббий сифатида танилганди. Боз устига,италиялик журналистлар Соуза Монтелла томонидан бунёд этилган ажойиб жамоани барбод қилади, деган хавотирда эдилар.
Йўқ, ундай бўлмади. Аксинча, «бинафшалар» ўйинига қўшимча жило бағишлади. Ҳозирда жамоа янада фаолроқ ўйнамоқда, тўпни кўпроқ назорат қилмоқда, янги-янги етакчиларни кашф этмоқда. Чемпионат доирасида 10та гол урган Никола Калинични «Артемио Франки» мухлислари «Янги Батистута» деб атамоқдалар. Монтелла даврида захирага михланган Йосип Иличич ҳам (13та ўйинда 7та гол, 3та самарали узатма) жамоадошидан ортда қолмасликка интилмоқда. «Фиорентина»нинг «Интер»дан бир очкога ортда қолган қолда 2-поғонада бораётгани - Паулу Соузанинг хизмати.
Кашфиёт ўйинчи
Жанлуижи Доннарумма 14 ёшга чиққан пайтида кўпчилик жамоалар скаутлари унинг эшиги ёнида навбат кутишарди. «Клуб Наполи»даги катталарга хос ўйинлари эвазига бу ёш йигитча «Интер»нинг эътиборини қозониб, ҳатто хомаки шартномага имзо чекишга улгурди. Аммо эртасига Жижонинг отасига «Милан»дан қўнғироқ қилишгач, ҳаммаси ўзгариб кетди. Ёш дарвозабон Миланеллога йўл олди. Ахир унинг оила аъзолари «россонерлар» мухлиси эдилар-да.
Мазкур эртак қачонлардир ҳақиқатга айланиши аниқ бўлсада, бунчалик тез рўй беришини ҳеч ким кутмаганди. Октябрь ойида Диего Лопеснинг кучли оғриқ билан майдонга тушаётгани ойдинлашгач, Синиша Михайлович 16 ёшли тажрибасиз посбонни «Сассуоло»га қарши жангга ташлади. Доннарумма қандайдир қаҳрамонлик кўрсатмаган бўлсада, дебютни ғалаба билан якунлади. Кейин яна, яна майдонга тушди. Шу тариқа қишки таътилга қадар 4та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади. Ўнлаб ёрқин «сейв»ларни намойиш этди. Ниҳоят, болаликдан «кумири» бўлиб келган адаши - Буффон билан футболка алмашди. «А» сериясидаги омадли старти учун яна нима керак?!
Кашфиёт жамоа
Чемпионат арафасида «Эмполи»га турнир жадвалининг қуйи поғоналаридан жой ҳозирлаб қўйишганди - Маурицио Сарридан жудо бўлган жамоанинг парокандаликка юз тутиши тахмин қилинганди. У кўпчиликни лол қолдирган ҳолда жадвалнинг биринчи ярмида бормоқда, аввалгидан кўра ёрқинроқ ўйнамоқда. Ҳужумкор жамоанинг етакчиси - Рикардо Саппонарони Европа грандлари ҳавас қилишмоқда.
Марко Жампаоло жамоаси ҳатто мағлубиятга учраган ўйинларда ҳам ажойиб комбинациялардан фойдаланиб, ижобий таассуротлар қолдирмоқда. Рождество байрамига эса жамоа ўз мухлислари учун ажойиб совға - қаторасига 4та ғалаба улашди. Бунақаси ҳали «Эмполи» тарихида кузатилмаганди.
Ногаҳоний депсиниш
«Ювентус»нинг бир неча йиллардан буён чемпионликни қўлдан бермай келаётгани, қолаверса, ғолибликка ортиқча қийинчиликларсиз эришаётганига италиялик мухлислар кўникиб қолишганди. Бироқ кузда «кекса синьора» ўз ўйинини топа олмай қолди ва 1962 йилдан буён илк марта энг омадсиз (3 ўйинда 1 очко) стартни қайд этди. Азалий рақибидан бири бўлган «Рома»дан қабул қилинган мағлубият танқидий фикрларнинг кучайишига сабаб бўлди. Ҳатто октябрь ойининг охирида ҳам «Юве» омадсизлик кўчасидан чиқолмагандек эди, гўё. Пирло, Видаль ва Тевесдек юлдузлардан жудо бўлиш жамоани оғир аҳволга солиб қўйди. Поль Погба ўз зиммасига тушган масъулиятга дош беролмади, Манжукич билан Дибаланинг янги муҳитга мослашишлари қийин кечди. Ҳатто сал бўлмаса, Массимиллиано Аллегрининг истеъфосига тайёргарлик кўрила бошланди.
Бироқ худди ўзи каби мавсумни суст бошлаган «Челси»дан фарқли ўлароқ, «Ювентус» ўзини ўнглашга куч топа билди. Қаторасига 7та учрашувда зафар қучган ҳолда таътилга 4-ўринда йўл олди. Дибала кутилган ўйинни кўрсатган ҳолда «Месси вориси» унвони бежизга берилмаганини исботлашга киришди. Погба ҳам юксак савияни тиклаб олди, Буффон 2-навқиронлик даврига қайтди.
Ҳафсалани пир Қилган жамоа
«А» серияси мусобақаларидан озми-кўпми хабардор мухлисларнинг аксарияти жорий мавсумда «Рома»дан чемпионликни кутишганди - ҳозир эришмаса қачон эришади, ахир? Аммо омадсиз ўйинлар серияси чўзилиб кетган римликлар таътилга 5-поғонада етиб келишди. Бундан дарғазаб бўлган фанатлар жамоа автобусини тухумлар билан «бомбардимон» қилишди, Руди Гарсиядан истеъфо талаб қилишди. Ҳа, «бўрилар»дан бундай мавсумни кутишмаганди.
Дарҳақиқат, мухлисларнинг нафрати асоссиз эмас - Руди Гарсия барча «кумир»ларга эга эди - ажойиб тарзда ўтказилган селекция, жамоанинг ажойиб-ҳужумчига эга бўлгани, рисоладагидек таркиб, узун захира ўриндиғи... Лекин жамоа яна барқарорликни таъминлай олмади. Кўтаринки кайфият билан бошланган старт омадсиз ўйинлар серияси билан алмашди. Жумладан, «Барселона»дан 1:6 ҳисобидаги аламли мағлубият қабул қилиб олинди. Ўйинчилар ҳам ўзларини кўрсата олишмади. Стандарт вазиятлардан унумли фойдаланаётган Миралем Пьянич билан эндигина ўз ўйинини намойиш этаётган Жервиньони ҳисобга олмаганда, албатта. Бироқ «Рома»дек номдор жамоа учун бунинг ўзи камлик қилади. Хуллас, мутасаддилар Гарсиянинг жавобини бериб, ўрнига Лучано Спалеттини олиб келсалар, ажабланманг.
Ҳафсалани пир Қилган ўйинчи
Эдин Жекони Римда худди даҳодек қувонч билан қарши олишган, ниҳоят, «Рома» ҳам Тотти ва Думбиялардан кўра кўпроқ гол ура оладиган сермаҳсул машинага эга бўлди, деб ўйлашганди. Италиялик касбдошларимиз эса Жекони тўпурарлар етакчиси сифатида тасаввур қилишганди. Бироқ амалда босниялик ҳужумчи кутилган самарани бера олмади, у фақат бир нечта ҳимоячиларни ўзига жалб этиш орқали Салоҳ ва Жервиньо учун бўш ҳудудлар яратишга яради, холос. Табиийки, бундай ҳаракатлар статистикада қайд этилмайди. Хуллас, Жеко 15 марта майдонга тушиб, атиги 3та гол урди. Шунинг 2таси «нуқта»дан! Тўғри, Эдин ишончни оқлаш учун бор кучини аямаяпти, у «Рома»нинг бошқа ўйинчиларидан кўра кўпроқ (44 марта) зарбалар йўллади. Аммо голга айланмаган зарбаларнинг кимга кераги бор?!
Юбилей
Жорий мавсум «Рома»га кўплаб азиятларни тортиқ этди. Лекин айрим ижобий воқеалар ҳам йўқ эмас. Римликларнинг тирик афсонаси ҳисобланган Франческо Тотти «Сассуоло»га қарши баҳсда ўзининг 300-голини нишонлади. Тўғри, тарихий гол ўта таъсирчан услубда ёки ажойиб тарзда амалга оширилмади. Аксинча, рақиб посбони Андреа Коносильянинг хатоси туфайли ва «император»нинг ярим миллимертли «офсайд» ҳолатидан киритилди.
Даниэле де Росси эса «Эмполи»га қарши баҳсга «бўрилар» либосида 500-марта майдонга тушди. Сардор бу юбилейни бурчакдан узатилган тўпни голга айлантириш орқали нишонлади. Қўшимчасига, «Рома» ўз сардорига 3:1 ҳисобидаги ишонарли ғалабани совға қилди. Юзлари қувончдан порлаб турган футболчи ўз эҳтиросларини яширолмади: «Ажойиб оқшом, айниқса, гол уриш - ёқимли. Бундай бахт менга ҳар доим ҳам насиб этавермайди».
Рокировка
«А» серияси клубларининг мутасаддилари бош мураббийларни алмаштириш бобида мутлақ рекордчи эканликларини яхши биласиз. Ҳатто, элитада дебют мавсумини ўтказаётган «Карпи» ҳам бу нохуш анъанани бинойидек ўзлаштиришга улгурди. Сентябрнинг охирида жамоанинг қониқарсиз натижаларидан ранжиган раҳбарият (6та ўйинда 2 очко) уни «А» сериясига олиб чиққан Фабрицио Касторидан воз кечди. Унинг ўрнини эгаллаган Жузеппе Саннино ҳам бор-йўғи бир ой ишлади. Оқибатда Кастори яна ўз лавозимига қайтарилди. Лекин афсуски, бу «рокировка» ҳеч қандай наф бермади - «Карпи» 19-ўринда келаётганди, шу поғонада таътилга чиқди.
Биринчи давранинг рамзий терма жамоаси
Дарвозабон: Самир Ханданович («Интер»)
Марказий ҳимоячи: Жейсон Мурильо («Интер»)
Марказий ҳимоячи: Лоренцо Тонелли («Эмполи»)
Ўнг қанот ҳимоячиси: Шиме Врсалько («Сассуоло»)
Чап қанот ҳимоячиси: Маркос Алонсо («Фиорентина»)
Марказий ярим ҳимоячи: Аллан («Наполи»)
Марказий ярим ҳимоячи: Миралем Пьянич («Рома»)
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Риккардо Сапонара («Эмполи»)
Ҳужумчи: Гонсало Игуаин («Наполи»)
Ҳужумчи: Никола Калинич («Фиорентина»)
Ҳужумчи: Пауло Дибала («Ювентус»).
Сhampionat.com - Содиқ СОБИР тайёрлади