Кириш Регистрация
30/09 00:00 Атлетико 1-1 Реал Мадрид
30/09 17:30 Франция 2-1 Парагвай
30/09 20:00 Қозоғистон 1-6 Аргентина
30/09 21:00 Ас-Садд 2-0 Истиқлол
30/09 21:00 Персеполис 1-1 Пахтакор
30/09 21:00 Ал-Васл 0-2 Ал-Аҳли (СА)
30/09 23:00 Ан-Наср (СА) 2-1 Ар-Райян
30/09 23:45 Парма 2-3 Кальяри
01/10 00:00 Вильярреал 3-1 Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут 3-1 Саутгемптон

Жилберто Сильва: «Футболчилар нега жим?»

Баҳо:
+ | -

Футболчилардан FIFAдаги можаролар хусусида тайинли фикр чиқиши даргумондек. Айниқса, ҳамкасбларининг замонавий футболдаги бугунги муаммоларга бефарқ қарашлари собиқ жаҳон чемпиони Жилберто Силвани жиддий ташвишга солган кўринади. Унинг фикрича, энг яхши футболчилар бу борада етакчига айланишлари даркор.

- Менимча, миллионлар ўйини вакиллари - ҳозирда тўп сураётган ва собиқ футболчилар, мураббийлар ўз фикрларини билдиришлари керак, - дейди Силва. - Ҳамма келишиб олгандай жимлик сақлаётганига тоқат қилиб бўлмайди. Бу жуда ғалати. Жилла қурса, «Нима бўляпти?», деб сўрашга журъат тополмаяптилар. Бу сукунат жонни ҳал­қумга келтиради. Қандайдир ўзгаришлар киритиш вақти келди, зеро айбдорлар жазо олишлари шарт. Ҳаётимда йўл қўйган ҳар бир хатоим учун жавоб бераман. Уларни ҳам шунга мажбур қилиш мақсадга мувофиқ.

Луиш Фигу президентликка номзодини қўйди, бироқ ёзда бу юмушдан воз кечди. Энг қизиғи, қамоққа олишлар арафасида, коррупцияга айбловлар эълон қилиниши олдидан шундай қарорга келди. Жилбертонинг фикрича, футболнинг олий даражада бошқарилишини таъминлаш жараёнида кўпсонли футболчилар иштирок этишлари зарур. Силва шундай вазифани ўз зиммасига олишга тайёр. «Албатта, биз бунга қодирмиз, - дейди у. - Аммо яхши тайёргарлик кўришимиз, бу соҳадаги механизмларнинг қандай ишлаши билан танишишимиз ва айнан қаерда ёрдамимиз тегишини билиб олишимиз зарур. Муаммолар бисёр, биз уларни майдонда ҳал қилишга ўрганганмиз. Бироқ унинг майдондан ташқарида қандай ечилиши, ҳаётдан нима кутиш кераклигини билмаймиз. Зеро, дўстни душмандан ажратиш жуда қийин».

Силва аллақачон 39 ёшни қаршилаб улгурган, лекин жароҳатлардан қутулгач, яна бир оз ўйнаш ниятида. Айнан шу муаммо туфайли бутун мавсумни майдондан четда ўтказди.

Жилберто ёшлигидан ҳамма ишни тўғри бажаришга интиларди. 11 ёшидан оиласини боқиш учун ишлай бошлади. Қаҳва плантациясида бир ҳафта тер тўкиб топган дастлабки маошини нимага сарфлаганини эсларкан, беихтиёр жилмаяди: «Ота-онамга товуқ сотиб олдим. Уни уйга автобусда олиб боришимга тўғри келди. Йўл бўйи қисиниб-қимтиниб кетдим, парранда питирлашдан тўхтамасди. Отам қувончдан ўзини қўярга жой тополмай қолди. Якшанба кунги тушликка гўшт истеъмол қилиш барчамиз учун мўъжиза эди. Чунки ҳар куни ҳам товуқ гўшти ея олмасдик-да».

Ўшанда Жилбертонинг онаси хасталикка чалиниб, буйрагини алмаштиришга эҳтиёж сезарди. Отаси заводда арзимаган пулга ишлар, уйда яна 3 нафар қизалоқ бор эди. Шу боис Жилберто ҳали эсини таниб улгурмасидан пул топишга мажбур бўлганди. Қаҳва плантациясидан ташқари бошқа жойларда ҳам ишлади. «12 ёшимда мебель ясовчи дурадгорларга, 13га тўлганимда эса қурувчиларга кўмаклашдим. Кўп нарсани кўрганим сабабли пул қадрини яхши биламан. Оилани боқиш учун отамга ёрдам беришга мажбур бўлганим боис мактабни ташладим, онамни ҳам даволатиш керак эди-да, ахир».

Волидаси шифо топди ва Жилбертонинг футболчилик фаолияти давомида бу оила тасаввур ҳам қила олмайдиган даражада яхши яшай бошлади. У 26 ёшида жаҳон чемпионига айланди, ўйинлари орқали Арсен Венгернинг диққатини ўзига тортди. Хусусан, Бразилия ЖЧ-2002 финалида Германияни мағлуб этгач, Жилберто «Арсенал» таркибидан ўрин эгаллади. Шу тариқа «тўпчилар» сафида ўзининг энг ёрқин йилларини ўтказди. Яқинда у кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган Street Child United хайрия лойиҳасида қатнашиш мақсадида яна Лондонга ташриф буюрди. Албатта, «Арсенал» машғулотлар базасини ҳам четлаб ўтолмади, ахир қадрдон дўстларининг дийдорига тўйиши ҳам керак эди-ку. У Венгердан бутсаларини сўраб, шу тариқа Франсис Кокеленга ўринбосар ахтариш шартмаслигини айтди. «Арсенга ҳамиша ўйнашга тайёрлигимни билдирдим, - дейди «Кўринмас девор» лақабига лойиқ кўрилган бразилиялик футболчи жилмайган кўйи. - Адашмасам, клубдан кетганимдан бери ўрнимга мос футболчини ҳануз топа олишмади. Уларда Микель Артета, Матье Фламини бор, олдинроқ Сеск Фабрегас ўйнади. Аммо улар бошқа турдаги футболчилар. Кокелен тез кунда кучга тўлади ва жорий мавсум «Арсенал»га ёрдам беради, деган умиддаман. У жамоага ҳали кўп жабҳаларда қўл келиши аниқ».

Жилбертонинг фикрича, жамоанинг соғлом ўйинчиларига ҳозир олға қадам ташлашнинг айни пайти. «Бугун клуб учун оғир давр. Етакчилар жароҳат олганида жамоани тиклаш мураббийга ҳам қийин. Арсеннинг муаммолари кўп, футболчилари эса оз. Улар буни ҳисобга олишлари керак. Бутун мавсум тақдири ҳал бўладиган лаҳзалар яқинлашмоқда. Агар улар ҳозирнинг ўзида бор салоҳиятиларини намойиш этишса, чемпионлик учун яхши имкониятга эга бўлишади. «Арсенал»га яна лигани ютиш даври келди. Бу Арсеннинг 20 йиллик меҳнат фаолиятига муносиб совға бўларди».

Жилберто шунингдек, ватандоши Филиппе Коутиньони ҳам тилга олиб ўтди. «У - бетакрор. «Ливерпуль» таркибидаги бир нечта ўйинларини кўрдим, инглиз футболига жозиба олиб киряпти. Филиппе рақиби билан жисмоний томондан рақобат қила олмаслиги мумкиндир, аммо қарор қабул қилишдаги тезкорлиги таҳсинга сазовор. Тўпни эгаллагани заҳоти олға интилиб, уни шу даражада аниқ узатадики, жамоадоши бундай узатмани ортиқча қийинчиликсиз қабул қилади. Бразилиялик футболчилар масъулиятни зиммаларига олишни яхши кўришади ва Коутиньо ҳам бундан мустасно эмас».

Жилбертонинг фикрича, янги авлод вакиллари Бразилиянинг уйда ўтказилган ЖЧда яксон бўлган обрўсини қайта тиклашни таъминлашлари мумкин экан. Неймарда эса терма жамоа етакчисига айланиш учун имконият етарли. Буни у деярли уддалади ҳам. «Шу ёшда салмоқли натижаларга эришмоқда. Ёш иқтидор эгасининг Европага йўл олганидан жуда хурсандман. Ўйлайманки, барчасини тўғри бажарган ва бу саёҳатга тайёр эди. Неймар - жасур йигит. Бразилия футболида муносиб из қолдиришга қодир ўйинчи».

Жилберто 7:1 ҳисоби қайд этилган ўша нохуш ўйинни студияда Михаэль Баллак ҳамроҳлигида кузатганди. «Ўшанда қай аҳволга тушганимни тасаввур қила оласизми? - дейди у. Сўнгра қадрдон термасини қайта тиклаш мавзусидаги фикрлари билан ўртоқлашди. - Бу, ростини айтсам, жуда мураккаб вазифа. Ўшандан буён Бразилияда ҳаммаси секин ўзгаряпти, ҳеч ким сўнгги 10 йилда нима нотўғри бажарилгани тўғрисида жиддий бош қотиргани йўқ. Маҳаллий футболчилар билан нималар содир бўлаётганига эътибор қаратинг. Аксарият клубларга ҳамон нормал инфратузилма керак. Айримларида ҳатто машғулотлар базаси ҳам йўқ. 2016 йил остонасида бу шармандали ҳолат эмасми?! Айрим жойларда кўча футболи ўйнашга зарур шароитни топиш амримаҳол. Болаларнинг профессионал даражага етишлари учун уларда жўш ураётган иштиёқни юзага чиқариш йўлида дарҳол нимадир қилиш керак. Фақат шундагина улар орасидан янги Неймар, Роналдо, Роналдиньо, Пеле сингари юксак даражадаги юлдузлар етишиб чиқади».

Жилберто Street Child элчиси сифатида бошпанасиз болаларга ёрдам беришга интилади. «Бу кичкинтойларнинг ҳаётда омадлари келмади», - дейди бразилиялик футболчи. - Уларга кўчада юриш ҳам осон эмас, гўёки бу дунёда ҳеч ким эмасдеклар. Кўпчилик бу болаларни назар-писанд қилмайди. Аммо Street Child уларга ёрдам беришга интилмоқда. Футбол бошпанасизларнинг жамиятга қайтишлари йўлида ҳақиқий кўмакдош, турли юмушлар билан шуғулланишларига имкон яратади. Менинг болалигим билан уларникини солиштирсак, кўчада ухлаш ва ахлат қутисидан овқат ахтаришимга тўғри келмаган. Аммо ўзимни бу кичкинтойларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қиламан. Улар нима хоҳлашяпти? Бу болалар учун бошқаларнинг ишончини қозониш учун биргина имконият кифоя. Агар ёрдамга шошилмасак, бу норасидалар кўчада нобуд бўлишлари мумкин. Улар шунчаки бу ёруғ дунёнинг бир бўлагига айланишни исташади, холос».

Football.ua - И.ОБИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:03, 01.01.2016.
Ўқилди: 4150 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.