Сарлавҳадаги саволга жавоб топиб улгурмасимиздан бошқа бир фикр хаёлимизни эгаллайди: «Хориждан келаётган футболчилар-чи?» Мавзу катта; бир томондан - ҳаммаси кундек равшан, бошқа томондан эса, бизга қоронғу жиҳатлар мавжуд. Бугун мазкур масалани сунъий равишда бўрттирмоқчи эмасмиз, шунчаки оддий фактларга мурожаат этамиз. Айтиш жоизки, ҳар икки ҳолатнинг ҳам ўзига яраша «плюс» ва «минус»лари бор. Боз устига, бу саволлар ишқибозлар орасида учраган.
I. Бошқа мамлакатларга бориш - экспорт.
1) Кучли турнирлар.
Бу яққол «плюс». Миллий термаси мунтазам равишда жаҳон чемпионатида қатнашадиган мамлакат чемпионатидаги иштирок ўйинчиларимизнинг даражасини сезиларли тарзда оширади. Албатта, агар ўз клубларининг асосий таркибида ўйнашса. Бунга етарли мисоллар бор: Аҳмедов, Жепаров, Денисов - энг кўзга кўринган вакилларимиз. Мундиалда кам кўриниш берадиган давлатлар ҳам бор, аммо бу омил Максим Шацкихнинг МДҲдаги кучли форвардлар қаторида юриши, УЕФА кўз ўнгида шуҳрат қозонишига тўсқинлик қилмади. Осиёда тўп сураётган Ҳайдаров, Рашидов ва Кримец (Хитойга қайтди), Исмоилов ўз жамоаларининг асосий таркиб аъзоси саналишади. Ваҳоланки, уларнинг клубларида Жанубий Америка, Европа ва бошқа минтақалардан ташриф буюрган легионерлар ҳам бор.
Узоқ вақт Қозоғистонда фаолият юритган Гейнрих ҳам у ерда энг яхшилар қаторида бўлган, Бақоев тўпурарга айланган. Ушбу чемпионатдаги клубларнинг ўз сафини кучли легионерлар билан тўлдириши турнир нуфузини ошириб юборди. Аммо мамлакат термаси УЕФАда жиддий ютуқларга эришолмади.
Бугун хорижга чиқиш давом этмоқда. «Персеполис» Эрон чемпионатининг сўнгги мавсумида Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритолмаган бўлса ҳам, мамлакатнинг энг кучли клубларидан бири сифатида эътироф этилаверади. Миллий термамиз дарвозабони Александр Лобанов у ерда ҳақиқий маҳоратини намойиш этишни бошлаб юборди. Форсларга Сашанинг ҳаракатлари ёқибдими, демак кипернинг ўйинларини яхши кузатишган.
Унинг рақами - 55.
Бу экспорт миллий термамиз манфаатларини эътиборга олганда, анча фойдали. Зеро, кучли рақобатга қарши курашиш орқали футболчиларимиз сезиларли ўсишга эришишлари мумкин. Ўз навбатида, мамлакат термаси ўйинидаги сифатни оширишади. Бизнинг чемпионатдаги иштирок орқали эса бу вазифани уддалашлари амримаҳол.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратсак. Бизнинг экспортчи-клубларимиз харидор ва ижарачилардан футболчилар учун мўмайгина даромад олишади, бу эса жамоа бюджети учун «плюс». Клубнинг ривожланиши учун бу жуда аҳамиятли. Гарчи мазкур ҳолат ишқибозлар зарарига ишласа ҳам. Аммо ўша мухлисларнинг аксарияти миллий термамизнинг кучайиши тарафдори! Аниқроғи, бош жамоа кучли ижрочиларга муҳтож.
Бошқа масала - болаларни тайёрлаш. Аммо бугун бу ҳақда гапирмаймиз.
2) Ривожланаётган футбол.
Ўзига яраша «минус»лар ҳам бор. Айниқса, келажаги порлоқ ёшларнинг футболи эндигина ривожланаётган, аммо инфратузилмаси ҳамон паст даражада бўлган мамлакатларга йўл олишлари алоҳида мавзу. Мисол учун, Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари чемпионати нуфуз борасида бизнинг биринчи лигамизга ўхшаш, ундан юқори эмас. Аммо ташкилотчилик масалаларида улар биздан ўзиб кетишган. Бундай дейишимга асос бор, зеро ушбу гапларни сўнгги пайтда ўша мамлакатларга сафар уюштирганлар(футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар)нинг гаридан келиб чиқиб айтяпман. Мазкур давлатлар бугунги кунда ўз даражаларини биз ва бизга ўхшаганлар ҳисобига кучайтиришмоқчи. Бу - улар танлаган йўлнинг навбатдаги босқичи. Бизнинг ўйинчиларимизни эса қулай шартлар, мўмай даромад, маиший шароитлар эвазига жалб этишмоқда.
Термамизда ўйнаб, етарли тажриба тўплаган, миллионлар ўйинининг деярли барча чиғириқларидан ўтиб улгурган футболчиларнинг ўша томонларга йўл олишларини тўғри тушуниш мумкиндир. Аммо ёшларни ҳам бу ўлкаларга қўйиб юбораётганимиз - ҳақиқий муаммо.
Биз бошқа даражадаги етказиб берувчилар хизматига мурожаат қилишимиз даркор. Мана, иккинчи бўлимга ҳам етиб келдик.
II. Легионерлар.
1) Ўйинчиларнинг юқори даражаси
Бу тоифага ҳозирда ўз чемпионатларида кўплаб талабгорларга эга, юқори баҳога лойиқ кўрилган, мунтазам равишда асосий таркибда тушган футболчилар киришади. УЕФАда аутсайдерлар қаторига кирмайдиган Сербия, Босния ва Герцеговина чемпионатлари вакилларидан фойдаланиш мумкин. Япониядан эса Минори Сато олий лигамизга мослаша олди, Тунисдан Шакер Зуаги бор. МДҲга аъзо мамлакатлар орасидан эса Кахи Махарадзе (Грузия) ҳамда Артур Геворкян (Туркманистон)ларнинг номларини келтириш мумкин.
2) Бошқа томондан...
Баъзан юртимизга ўйин даражаси эмас, балки шартлари билан мос келадиган легионерлар ташриф буюришади. Улар ўз юртларида асосий таркибдан ўрин ола билмагач, «Осиёнинг нисбатан паст даражадаги мамлакатлари»дан жамоа қидиришаётганини билдиришади. Аммо «орол чемпионати»га боришмайди, обрўларини сақлаб туриш мақсадида Ўзбекистонга келишади. Бизда Чемпионлар Лигасида ўйнаш имконияти бор, бизда яхшигина маош тўлашади (айниқса, уларга)... Бу тоифа футболчилар кўриклар жараёнида бор кучларини намойиш этиб, клуб мутасаддиларида илиқ таассурот қолдиргач, шу тариқа уларни шартнома тузишга ундашлари мумкин. Сўнгра чемпионатдаги уч-тўртта баҳсда шу зайл ўйнашда давом этишади... Кейин эса пасайиш кузатилади ва буни турли сабаблар билан изоҳланади. Бир қарасангиз, тиббий кўрик пайтида аниқланмаган эски касаллик хуруж қилади. Ўша пайтда ҳаммаси яхши эди, аммо катта жисмоний юкламаларга тўла машғулотлардан сўнг хасталик пайдо бўлади... Баъзан эса пасайиш руҳий жиҳатлар билан боғланади: «Ортиқча ҳаракатнинг нима кераги бор?! Бу ердаги чемпионат менинг даражам билан таққослаганда сустроқ, ярим куч билан ўйнасам ҳам бўлаверади...»
Буларнинг бари мураббийларнинг келажакни кўра билмасликларидандир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай ўйинчи клубда ушланиб қолмайди. Йўқ деганда шартномаси якунланишини кутади. Клуб эса битимни бир томонлама бузилиши эвазига тўланадиган маблағдан қочиб, уни ушлаб туради. Спортга мосланган бир мақол ҳам бор: «Ўйинчи ўтирибди, маош эса келяпти!»
Хориждан келганларга тегишли талаблар қўйилиши лозим. Миллионлар ўйинида бир гап бор: «Легионер маҳаллий ўйинчилардан бир бош устун бўлиши лозим!»