Кириш Регистрация
07/07 00:00 Нидерландия 2-1 Туркия
07/07 03:00 Колумбия 5-0 Панама
07/07 06:00 Уругвай 0-0 Бразилия

Самараси йўқ харажат бунга ким айбдор?

Баҳо:
+ | -

«МЮ»да талаб даражасида фаолият юритолмаган Давид Мойес ўрнини эгаллаган Луи ван Гал жамоанинг аввалги шон-шуҳратини тиклаш мақсадида шу кунгача бир қатор харидларни амалга оширди. Лекин «қизил иблислар» ҳанузгача ўзларига келолмаяптилар...

Яқинда голландиялик мутахассис жамоа аъзоларининг 13 нафарида жароҳат борлигини баҳона қилди. Жорий мавсумдаги беқарор иштирокдан шундай тасаввур уйғонадики, нафақат мухлислар, матбуот вакиллари, жамоанинг собиқ ва ҳозирги айрим ўйинчилари, балки тақдир ҳам Луи ван Галга қаршидек, гўё. Ҳарқалай, тарқалган жароҳатлар «эпидемияси»ни нима биландир изоҳлаш жуда қийин. Эҳтимол, барча айбни тақдирга ағдариш инсоф доирасига кирмас. Балки бунинг сабаби футболчиларнинг жисмоний тайёргарликлари талаб даражасида эмаслигидадир... Ахир шундай нохуш манзара ўтган йили ҳам кузатилганди-да.

Рақамларда айтсак, аввалги мавсум давомида «МЮ» ўйинчилари нақ 39 марта шикастланишган. Жорий чемпионатнинг ҳозирги ҳолатига қадар эса улар бу натижани «яхшилаш»га улгуришди. Айрим манбаларнинг хабарига кўра, жароҳатлар сони 41та етган. Бу борада «МЮ» ҳаттоки, жафокаш «Арсенал»дан ҳам ўзиб кетди. Аммо муаммо фақат жароҳатларда эмас. Зеро, 2 йилдан буён жамоада давом этаётган кадрлар масаласидаги чигалликларни изоҳлашга футболчиларнинг сафдан чиқаётганликлари етарли асос бўлолмайди. Тўғрироғи, мураббийнинг оптимал таркибни шакллантириш йўлидаги омадсиз уринишлари кадрлар қўнимсизлигини келтириб чиқарди. Лекин рақобатбардош жамоадан ҳамон дарак йўқ.

Хўш, ван Гал яхлит жамоа шакллантириш уддасидан чиқадими? Голландияликнинг дастлабки дақиқалардан қайси футболчиларни майдонга туширишини олдиндан айтиш умуман иложсиз. Қаранг, мураббий 1-давранинг ўзида 32 нафар футболчи хизматидан фойдаланди. Бу фантастик кўрсаткич тасаввур қилиш ҳам жуда қийин муаммо - беқарорликдан далолатдир. Жорий мавсум майдонда энг кўп тўп сурган ўйинчи - бу Крис Смоллинг. Тиришқоқ футболчи учун ажойиб натижа. Бироқ у жамоа рамзи бўлишга муносибми? Дэйли Блинд, Давид де Хеа, Хуан Мата ва Уэйн Рунида ҳам ўйин вақти оз эмас. Лекин бу футболчиларнинг «МЮ»га келишларида ван Галнинг умуман алоқаси йўқ. У дастлабки мавсумда у жамоани аввалги юқори мақомга қайтариш мақсадида кичик инқилобни амалга оширди, бир йилдан кейин яна ислоҳотни давом эттирди. Шу давр ичида «МЮ»га келиб-кетган футболчилардан ЕЧЛ гуруҳ босқичида бемалол муносиб тўп сурадиган жамоа шакллантириш мумкин эди. Айни пайт «МЮ»нинг таркибида асосан ёшлар майдонга тушяптилар. Хуллас, қўнимсизлик «қизил иблислар» учун асосий хусусиятлардан бирига айланиб қолди. Энг ачинарлиси, ана шу қўнимсизлик катта харажатлар эвазига юзага келди. Чунончи, ван Гал 2 йил ичида таркибни кучайтириш учун чамаси 340 млн. евро сарфлади. Харидларнинг ҳозирча етарли самара бермагани ҳам бор гап. Уларга тегишли фойдали иш коэффициентини аниқлаш ўта мушкул вазифа. Лекин битта беллашув мисолида кўриб чиқиш иложи бор. Келинг, «МЮ»нинг сўнгги учрашувларидан бири («Сандерленд»га қарши - 1:2)да ван Гал томонидан сарфланган миллионлар эвазига келган футболчилар берган эффектни аниқлайлик. Хуллас, ўша оқшом «МЮ»нинг бошланғич таркибида ван Гал томонидан 120,5 млн. евро эвазига харид қилинган футболчилар майдонга тушдилар. Дарвоқе, бу ҳаммаси эмас - ахир ўйинга захирадан қўшилганлар ҳам бор-ку! Шундай қилиб, ван Гал томонидан олиб келинган футболчиларнинг умумий қиймати 148 млн. еврони ташкил қилди.

Умуман, голландиялик даврида харид қилинган ва ҳозир жамоа шарафини ҳимоя этаётган футболчилар қиймати ўртасидаги фарқ 200 млн. еврони ташкил этмоқда. Хўш, улар қаерда? Айримлари Францияда бинойидек тўп суриб, ЕЧЛда ажойиб узатмаларни амалга оширмоқдалар, баъзилари Германияда юксак савияни намойиш этмоқдалар. Яна кимлардир, масалан, Швайнштайгер ва Рохога ўхшаганлар жароҳатдан фориғ бўлишга интилишмоқда. Андер Эррера эса ҳозирча асосий таркибдан жой ололмаяпти. Жароҳатланганлар орасида Люк Шоуни алоҳида айтиш жоиз. Бу футболчига қанча сарфланганидан қатъий назар, унинг шикастланиши - тасодифий фалокат. Бу трансферни ван Галнинг омадсизлиги сифатида баҳолаш адолат ва одоб-ахлоқ мезонларига зиддир. Бундан ташқари, клуб голландиялик мураббий билан келишолмаган айрим футболчиларнинг сотувидан бинойидек даромад олди. Мана шу ижобий жиҳат футболчилар савияси талаб даражасида бўлганию, «МЮ»дан муносиб жой ололмаганликлари уларнинг айби эмаслигини яққол кўрсатиб турибди. Демак, омадсизликка аввало, клубдаги муҳит, биринчи навбатда, бош мураббий айбдор.

Албатта, халқ орасида юрадиган «Бировнинг пулини ҳисоб-китоб қилиш одобдан эмас», деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Лекин ван Галнинг «МЮ»даги ҳаддан ташқари йирик харажатлари эмас, балки уларнинг қанчалик самара бераётгани хусусида мулоҳаза юритиш айб саналмаса керак. Йирик сармоялар ёрдамида клуб тараққиётини ривожлантириш замонавий футбол учун одатий ҳолга айланди, бунинг ажабланадиган томони йўқ. Ҳамма гап шундаки, голландиялик мутахассис ҳарчанд уринса ҳам, жамоадаги кадрлар муаммоси сира камаймаяпти. Ўтган йили айнан зарурат туфайли Жеймс Уилсон ва Тайлер Блэкетт майдонга тушишганди. Жорий мавсум шу ҳолат Жесси Лингард ва Бортуик - Жексонда кузатилмоқда. Тўғри, улар ишончни оқлаш учун бор куч-маҳоратларини ишга солишмоқда, келажакда асосий таркибнинг доимий аъзосига айланишлари ҳам ҳеч гап эмас. Шу маънода айтсак, Луи ван Галнинг ёшларга ишонч билдираётгани таҳсинга лойиқ. Аммо мана шу хислати таниқли мураббийнинг Манчестердаги ягона ижобий фазилати бўлиб қолмоқда. Ҳарқалай, ёшларга ишонч билдириш сиёсатини бошқа ҳар қандай чемпионат, масалан, Голландия эредивизионида ҳам бемалол татбиқ этиш мумкин...

«МЮ»нинг «Сандерленд»га қарши ўйиндаги таркиби

Давид де Хеа: «МЮ»га ван Галдан олдинроқ келган;

Кэмерон Бортуик-Жексон: клуб тарбияланувчиси (текин);

Дэйли Блинд: ван Гал даврида «Аякс»дан 17,5 млн. евро эвазига келган;

Крис Смоллинг: жамоага мураббийдан олдин келган;

Маттео Дармиан: ёзда «Торино»дан 18 млн. еврога харид қилинган;

Майкл Кэррик: «МЮ»га ван Галдан олдинроқ келган;

Морган Шнайдерлин: ёзда «Саутгемптон»дан 35 млн. еврога ўтган;

Антони Мартиаль: ёзда «Монако»дан 50 млн. евро эвазига харид қилинган;

Хуан Мата: «МЮ»га ван Галдан олдинроқ келган;

Жесси Лингард: клуб тарбияланувчиси (текин);

Уэйн Руни: «МЮ»га ван Галдан олдинроқ келган

--------------------------------------------------------------------------------------------------

Уилл Кин: клуб тарбияланувчи (текин);

Дональд Лав: клуб тарбияланувчи (текин);

Мемфис Депай: ёзда ПСВдан 27,5 млн. евро эвазига ўтган

Манба: Championat.com,

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:19, 10.03.2016.
Ўқилди: 3188 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.