Кириш Регистрация
06/05 00:00 Райо Вальекано 0-1 Альмерия
06/05 00:00 Севилья 3-0 Гранада
06/05 18:00 Қизилқум 1-1 Нефтчи
06/05 21:00 Салернитана 1-2 Аталанта
06/05 23:45 Удинезе 1-1 Наполи
07/05 00:00 Кристал Пэлас 4-0 Ман. Юнайтед
07/05 00:00 Лилль 3-4 Лион
08/05 00:00 ПСЖ - Боруссия Д
09/05 00:00 Реал Мадрид - Бавария

Шейн Лонг:«Илк вазифа гуруҳдан чиқиш»

Баҳо:
+ | -

«Саутгемптон» клуби ва Ирландия терма жамоаси ҳужумчиси Шейн Лонг жорий мавсум кашфиётларидан бирига айланди. У хусусан, 2015 йилнинг 8 октябрь куни Германия термасига қарши кечган ўйиннинг чинакам қаҳрамони бўлди. Аниқроқ айтсак, АПЛ баҳсларида тобора ёрқинроқ нур сочаётган ҳужумчининг Мануэль Нойер дарвозасига урган ягона голи ирландларга «сенсацион» ғалабани тақдим этди ва камтарин жамоа якунда Евро-2016 йўлланмасини расмийлаштирди. Табиийки, Лонг ҳозирда бўлажак қитъа биринчилиги стартини сабрсизлик билан кутяпти. Футболчи Британиянинг The Guardian нашри журналистлари билан суҳбатлашиш чоғи ирландлар Францияда ҳам шов-шувли юришларини давом эттиришга бел боғлашганини яшириб ўтирмади.

2015 йил 8 октябрь. Ўша куни Шейн Лонг Германия термаси дарвозасини ишғол қилди ва бу ягона гол ирландларга ғалаба келтирди. У ўша учрашувдан кейинги воқеаларни қуйидагича эслайди: «Немисларга қарши ўйин кўп куч олди. Финал ҳуштаги янграгач, журналист­ларнинг бир неча саволларига қисқа-қисқа жавоб бердимда допинг-тест назоратига йўл олдим. Жараён якунлагани билан кийиниш хонасига шошилдим, бироқ бу вақтда ҳамма кетишга улгурган экан. Шундай қилиб, жамоамиз жойлашган меҳмонхонага энг охирида етиб бордим ва дарҳол уйқуга кетдим. Қисқаси, у ерда ҳеч ким билан кўришмадим. Эртасига эса делегациямиз Польша сафарига чиқди. Нима бўлишидан қатъий назар, ўша оқшомни сира унутмайман - сеҳрли лаҳзалар. Афсуски, Польшада бизга ғалаба қозониш насиб этмади. Агар у ерда ҳам 3 очко олганимизда эди, бу бутун Ирландия футболи учун идеал ҳафта бўларди».

   Хўш, ҳаммаси қандай рўй берганди? Камтарин жамоа даҳшатли бундестимни ниманинг ҳисобига енгди? Шейн Лонгнинг тан олишича, у буни тушунтириб беришга ожиз: «Очиқ айтаман, ўшанда рўй берган воқеаларни англолмай қолгандим. Бошқача ифода этганда, майдондаги ишларни тушунгунимча ўйин якунига етди. Фақат, орадан бир неча ҳафта ўтгач, барчасини яхшилаб миямга сингдиришга уриниб кўрдим. Аммо барибир, ютуғимиз моҳиятини ақлимга сиғдиролмадим. Албатта, Германия термасини мағлуб этганимизни ҳеч қачон эсдан чиқармайман. Лекин бу фаолиятимдаги ягона мўъжизакор лаҳза эмас. Мисол учун, термадаги дебют голимни машҳур «Уэмбли»да Англия миллий жамоаси дарвозасига йўллаганман - унутилмас воқеа. Ўшанда голни ҳаттоки, қандай нишонлашни билолмай, эсанкираб қолганим эсимда. Шунчаки, бахтиёрликдан еттинчи осмонда учгандим, гўё».

Лонг Францияда ўтадиган бўлажак Европа чемпионатида иккинчи имкониятга эга бўлади - унинг Ирландия термаси таркибидан жой олиш эҳтимоли катта. Ҳужумчига биринчи чинакам имкониятни 4 йил олдин италиялик мутахассис Жованни Трапаттони тақдим этганди. Бироқ Ирландия термаси Украина ва Польша майдонларида ўтган чемпионатнинг гуруҳ босқичида ҳеч қандай каромат кўрсатолмаганди - 3та мағлубият. Лонг эса Италия ва Хорватия термаларига қарши баҳсларда захирадан майдонга тушиш билан чекланганди. Мана, орадан шунча вақт ўтди ва ирланд футболи фахри Робби Кин тобора фахрийликни тан олмоқда. Шундай экан, Франция-2016 гуруҳ раундида  Бельгия, Швеция ва Италия термалари билан ўйнайдиган ирландлар ўткир ҳужумчи ролини айнан «Саутгемптон» вакилига ишониб топширсалар, ажабмас. «4 йил олдин Польшада кўпроқ ўйнашни хоҳлаганим тушунарли. Бироқ майдонда атиги 10-15 дақиқа ҳаракатландим, холос. Аммо қитъа биринчилигига борганимнинг ўзи ёқимли эди, —дейди Лонг. — Охирги саралаш босқичи давомида эса жамоага керак эканлигимни яққол ҳис қилдим. Чунончи, етарли ўйинларда майдонга тушиб, бир нечта гол муаллифига айландим. Умид қиламанки, термамизга ҳали кўп ёрдам бера оламан. Евро-2016даги биринчи вазифамиз - гуруҳдан чиқиш. Давомини кейин кўрамиз».

Айтганча, Шейннинг спорт фаолияти мутлақо бошқача тус олиши ҳам ҳеч гап эмасди. У болалигида хёрлинг (чим устида хоккейнинг ирландча варианти)га қизиққан ва бинойидек ўйнаган. 2003 йили ҳаттоки, «Типперари» клубида Ирландия чемпиони бўлган. Фақат, 18 ёшида кутилмаганда, спорт йўналишини ўзгартириб, «Корк Сити» футбол жамоаси билан шартнома тузди. 2005 йилга келиб, Лонг жамоадоши Кевин Дойл билан бирга «Рединг» клубига ўтди. Инглизлар икки футболчи учун 92 минг фунт тўлашганди, лекин маблағнинг асосий қисми Дойлнинг трансферига ажратилганди. Лонг кейинчалик «Вест Бромвич» ва «Халл Сити» сафида чакки ўйнамади. Мана, ҳозир «Саутгемптон»­даги мавқеси ёмон эмас. Эътиборлиси, ҳужумчи футболдаги муваффақиятларига қарамай, ҳалигача хёрлингдан кўнгил узмаган ва бўш вақт топиши ҳамоно қўлига клюшка олади: «Жамоадошларим Sky орқали хёрлингда яхши ўйнашимни кўришган, бироқ буни шунчаки, аҳмоқлик санашади. Ваҳоланки, мен чим устидаги хоккейдан кўра, футболда кўпроқ жароҳатланганман. Йигитлар хёрлинг томошасини ёқтирсаларда, бевосита ўзлари ўйнаб кўришга жазм этолмайдилар».

Лонг «Сэнт-Мэрис»даги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмоқда, гарчи жорий мавсум «Саутгемптон»нинг ишлари унча юришмаётган бўлсада. «Ўйлашимча, биз ҳозиргидан кўпроғига муносибмиз аслида» - футболчининг ўз клуби ҳақидаги фикрлари шундай қатъий. Умуман олганда, Лонгнинг ўйин услуби «Саутгемптон»га жуда мос келяпти ва Роналд Куман унга майдонда бир неча позицияни ишониб топширмоқда. Ирланднинг ўзи ўткир ҳужумчи ролини маъқул кўради, лекин жорий мавсум олдинги чизиқнинг ўнг ва чап томонида ҳам бирдек тўп суряпти.

Манба: Football.ua,

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:09, 24.04.2016.
Ўқилди: 1938 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.