Баҳор клубларга босим юклаши туфайли алоҳида аҳамиятга эга фаслга айланади. Хўш, дастлаб имконияти паст баҳоланган, аммо кейинчалик юқори ўринларга даъвогарлик қилаётган жамоа мураббийлари босим муаммосини қандай енгишмоқда? Қуйида ана шу мавзуга батафсил тўхталамиз.
Бу галги евромавсум Голливуд сценарийси асосида кечаётгандек. «Барселона» кўҳна қитъанинг клублар ўртасидаги энг йирик мусобақасидан чиқиб кетди, «Лестер» АПЛда етакчилик қилмоқда, «Атлетико» «олтин дубл»га эришиш имкониятини сақлаб турибди, «Ростов» эса ё инқироз ёки чемпион... Бунақаси яна қачон такрорланиши номаълум, демак, имкониятдан унумли фойдаланиш даркор. Бунинг учун эса ҳафта сайин, ўйиндан-ўйинга ортиб бораётган босимни енгиш лозим.
Ўйинчилардаги босимни бартараф этиш - мураббийларнинг иши, улар эса бу вазифани турлича бажаришади. Ҳозирча бунинг уддасидан чиқишяпти. Бугун жамоасини юқори ўринларга олиб чиқишни уддалаган мутахассисларнинг услубларига бирма-бир тўхталамиз.
Диего Симеоне.Мисоли жабрдийда
Аргентиналик мураббий ўзини ночор қилиб кўрсатишни ажойиб тарзда уддалайди. Икки йил аввал «Атлетико» мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, Испанияда чемпионликни қўлга киритди, Чемпионлар Лигаси финалида ўйнади. Ўшанда Симеоне жамоасининг грандлар билан рақобатлаша олмаслигини таъкидлаб, барчани бунга ишонтиришга уринди. Дастлаб «Клубимизнинг чемпион бўлишига ишонмайман», деган мутахассис ўз навбатида ЕЧЛдаги рақиби «Милан»ни фаворит сифатида кўрсатди, кейинчалик «Челси» ҳақида ҳам шундай фикр билдирди. Шунингдек, аргентиналик барча турнирларда ҳакамлар грандларга ён босиб, кичик жамоаларга қарши чиқишларини қўшиб қўйди.
Жорий мавсум «Атлетико» бундай гап-сўзларга матбуотни ишонтиришда қийналади: клуб ҳам, мураббий ҳам сўнгги йилларда нималарга қодирликларини кўрсатиб улгуришди. Аммо енгилишни хоҳламаётган Симеоне рақибларини мақташдан тўхтамаяпти: «Барселона»га ўйин бой берилгач, Луис Суаресни мукаммал футболчига қиёсларкан, бундай мағлубиятдан фахрланишини билдирди. Февралда барча жамоалар ўзаро куч синашиши, каталонияликларнинг эса бошқа даражада эканликларини таъкидлади.
Ҳаттоки, Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Галатасарой» билан ўйиндан олдин турк клубини фаворит сифатида кўрсатди: «Биз 55 минг кишига қарши тўп сурамиз. Боз устига, уларнинг ҳужуми жуда самарали, 90 дақиқа мобайнида сергакликни йўқотмаслигимиз лозим». Рақибнинг ҳужуми ҳақидаги «сирли сўз» - Симеоненинг яна бир севимли усулларидан бири. У «Барса», «Севилья», «Бенфика» ва «Лас-Пальмас»нинг олдинги чизиғини мақтади. Бу жамоаларда бир ўзи ўйин тақдирини ҳал қила оладиган футболчилар йиғилганини таъкидлади. Таққослаш учун аргентиналик мураббийнинг «Лас-Пальмас»га қарши кечган баҳсдан сўнг ўз шогирди ҳақидаги фикрларини келтириш мумкин: «Гризманн барқарор ўйин кўрсатяпти. Агар ишлашда давом этса, ундан кучли футболчи етишиб чиқади». Бироз камтарона, шундай эмасми?
Симеоненинг ўзига хослиги ҳам шунда. Эҳтимол, бошқа мураббийлар ихтиёрида самарали, тўкис ва иқтидорли ўйинчилар бўлиши мумкиндир, бироқ «Атлетико» вакиллари мақтов ўрнида фақатгина «ишлашда давом этишимиз керак» ёки «қилган меҳнатимиз билан фахрланаман» қабилидаги таъкидлар билан чекланишади. Гўёки Симеоне учун якуний натижадан кўра, футболчиларининг майдонда борларини бериб ўйнашлари муҳимроқдек. Дарвоқе, мартда у «Атлетико»нинг мавсумий мақсадларини ошкор этди: Испанияда кучли учликдан жой олиб, ЕЧЛда ўзига ишониш. Классика.
Диего сўнгги бир неча ҳафта мобайнида «биз ҳеч нимага эришмадик» деявергач, жамоаси ҳақидаги илиқ фикрлари қуруқ мақтанишдек туюляпти. «Реал» таслим этилгач, Симеоне шундай деди: «Бу оддий ғалаба, биз «Сантьяго Бернабеу»да муваффақият қозонишга қодирмиз». «Барселона» Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборилгач, аргентиналик ярим финал йўлланмасининг қўлга киритилиши «Атлетико» учун оддий ҳол эканини билдирди. Бу нима? Мувозанатнинг йўқолишими ёки «Атлетико»нинг имижини ўзгартириш бўйича иш бошланганидан далолатми? Мазкур саволга шу йилнинг ёзида - Гризманн, Годин ва бевосита Симеоненинг тақдири қандай тус олишига қараб жавоб топамиз.
Клаудио Раньери.Турнирни тарк этмаслик
Италиялик мутахассис дастлабки ярим йилликда «Премьер-лигани тарк этмасак бўлгани» қабилида такрор ва такрор фикр билдириб, ишқибозлар ҳамда матбуотни хурсанд қилди. Сўнгра бу ҳолат кўпчиликни чўчита бошлади. Аммо тажрибали Клаудио айни вазиятда нима қилишни билади: 2010 йили унинг «Рома»си шов-шувли тарзда юлдузли «Интер»га скудеттони бой берди. Апрелда римликлар чемпионат пешқадамлигини сақлаб туришганди. Римликлар ғолибликка шу қадар ишонишгандики, буни яшириш ҳақида зинҳор ўйлашмаган.
«Мақсадимиз қатъий - чемпионликни нишонламоқчимиз», - деганди Раньери апрель ойи бошларида. «Скудетто тақдири бизнинг қўлимизда», - деди у бир-икки ҳафтадан сўнг. Аммо кўп ўтмай «Рома» ўз уйида «Сампдория»га ютқазгач, «А» серияда пешқадам ўзгарди ва Раньери «Лацио»дан умидвор эканини билдирди («Рома»нинг азалий рақиби ўз майдонида «Интер»ни қабул қиларди). Бироқ ҳаммаси аввалдан режалаштирилганидек, миланликлар Италия чемпионлигини қўлга киритишди, «Рома» эса маррага иккинчи ўринда етиб келди. Шундан сўнг Раньери анчагача ўзига келолмай юрди чоғи, матбуот билан ишлашга ўзгача тарзда ёндоша бошлади. Италиялик мураббий «Лестер»ни бошқараркан, октябрь ойига келиб - бутун премьер-лигани ҳайрон қолдиришга улгурган паллада клубнинг асл мақсадини ошкор этди: «Очколаримиз сони 15тага етди. Мавсум сўнгигача шу кўрсаткични 40тага етказсак бўлгани». Ўша пайтда бу режанинг амалга ошиши ҳақиқатга яқиндек туюлганди.
15 декабрь: «Ўзимизни йўқотиб қўймаслигимиз керак. Ҳа, мавсумни ажойиб тарзда ўтказяпмиз, бироз орзу қилишга ҳаққимиз бор. Аммо биздан яна 5 очко тўплаш талаб этилади. Шундагина хавф-хатардан холи бўламиз». 19 декабрь: «38 очко тўплаганимиз ёқимли. Яна иккита очко олсак кифоя».
Январда «Лестер»нинг очколари сони ниҳоят, 40тага етгач, Раньери мабодо «тулкилар» чемпионшипга тушиб кетишган тақдирда ҳам клубда қолишини билдирди. Шу заҳоти иккинчи даврага мўлжалланган режаларни ошкор этди: яна 40 очко. Балки Раньери мақсади кейинги йилга мўлжаллангандир? Эҳтимол, шу тариқа жамоасини келаси мавсум элитада сақлаб қолишга интилгандир?
Февраль охирларига келиб журналистларнинг чемпионлик ҳақидаги саволларидан қочиш қийин бўлиб қолди. Аммо Раньери ўзига хос тарзда жавоб қайтаришда давом этди: «Букмекерлар бизни чемпионлик пойгаси фаворити сифатида кўришяптими? Мен букмекерларга ишонмайман». Ёки: «Чемпионлик? Шуни айтишим мумкинки, ҳа, эплаймиз. Фақат бошқа жамоалар кучига-куч қўшилаётган бир паллада биздан имкон қадар кўпроқ югуриш талаб этилади». Мартда италиялик мутахассис премьер-лига етакчилари сифатида «Арсенал» ва «Тоттенхэм»ни кўрсатди.
Апрелда Раньери ниҳоят, пластинкани алмаштирди: Англия чемпионати пешқадамининг мураббийи эндиликда «Лестер»нинг мақсади еврокубокларда иштирок этишдан иборат эканини билдирди. Тўғри, бир ҳафта муқаддам Раньери чемпионликни нишонлаш лозимлиги, шундагина бу воқеани йиллар давомида эслаб юришларини айтди. Афтидан, бу унинг энг «баландпарвоз» гапи. Бироқ шу заҳоти «хато»сини тузатиб, кейинги мавсум режаларини ошкор қилди: чемпионатда юқори ўнликдан жой олиш. Шунчаки, Раньерига ушбу режаларини амалга ошириш чоғида ҳозирги суръатни сақлаб қолишни тавсия этамиз.
Қурбон Бердиев.«Эплолмайман» дейиш йўқ
«Қуруқ» ўйинлар сериясини давом эттираётган «Ростов» РПЛда пешқадамликни сақлаб турибди. Аслида, мақсади турнир жадвалининг тўққизинчи поғонасини эгаллаш бўлган жамоанинг ҳозирги ҳолатини Қурбон Бердиев шундай таърифладики, унга ҳаттоки, Симеоне ҳам ҳавас қилса, ажабмас: «Ҳа, ҳозир бизга руҳий босим юкланади. Аммо йигитлар «эплолмайман» дейишмаяпти, бунинг учун улардан миннатдорман». Сўнгра ростовликлар устози фидокорлик ва тартиб-интизом ҳақида ҳам гапирди. Умуман, бу таъкидлардан на Бердиев, на «Ростов» ҳақида бирор янгилик ола билдик.
Дарвоқе, у ўзини «Рубин»да ҳам шундай тутарди. 2008 йили Қурбон Бекиевич бир вақтнинг ўзида ҳам жамоани мақтаб, ҳам натижадан нолишнинг йўлини топди: «Йигитларни танқид қилишдан йироқман, жонбозлик кўрсатишганидан мамнунман. Фақат очко йўқотаётганимиз ачинарли», - деди у ЦСКАга қарши кечган учрашувдан сўнг. Биринчи давра якунларига кўра, қўлга киритилган натижалар мураббийни қониқтирди: «Биз кучли бешликка кирмоқчи эдик, айни дамда 1-ўриндамиз. Бу унчалик яхши эмас, чунки доимо етакчилик қилиш қийин. Умуман олганда эса, биринчи даврадаги кўрсаткичлардан қониқдим».
Чемпионат ғолиблиги нақд бўлгач, Бердиев Қозон аҳолисини табриклаш чоғида ЕЧЛ каби жиддий турнирдаги дебют хавотир туғдираётганини айтди. Кейинчалик ўша жиддий турнирда «Барселона»дан 6 очко тортиб олди.
Умуман, жорий мавсум «Ростов»да таниш йўналиш гувоҳига айландик: «ҳеч нима кўрмаяпман, ҳеч нима эшитмаяпман, деярли ҳеч нима демайман». Ҳозирча ёмон эмас, Бердиевнинг мураббийлик салоҳияти яна намоён бўлмоқда. Баҳор фасли бошларида у молиявий қийинчиликни бошдан кечираётган клуб ҳеч қачон жиддий турнирларда олий мақсадларни кўзламаслигини айтганди. Кўп ўтмай, ЦСКА манзилига бир-иккита мақтов йўллади. Қурбон Бекиевичнинг наздида «армиячилар» Россиянинг етакчи клуби экани, уларга қарши очиқ футбол намойиш этиш қийинлигини билдирди. Дарҳақиқат, «Ростов» деярли ўйнамади: тўпни рақибга топшириб, асосан ҳимояланди ва якунда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бердиев дарҳол турнир жадвалига эътибор қаратмаслигини айтиб, шу тариқа, Раньерига салом йўллади.
Моуриньодан «мастер-класс»
Бонус сифатида бир жамоага келаётган босимни тўлалигича ўзига олган мураббий ҳақида сўз юритмоқчимиз. 2010 йили Жозе Моуриньо «Интер» билан тарихий натижа қайд этди. Чунки жамоасини бутун дунё уларга қарши эканлигига ишонтирди. «Сампдория» билан бўлиб ўтган баҳс ҳакамини «Интер»га нисбатан ноҳақлик қилаётганликда айблаб, унга ножўя имо-ишора йўллагач, дисквалификацияга учради. «Милан» билан ўйиндан сўнг («нерадзурри» ўша баҳсни тўққиз киши бўлиб якунлади) португалиялик мутахассис жамоаси ўйинни олти киши қолса ҳам ўз фойдасига ҳал этишини билдирди... «Барселона»га қарши кечган ЕЧЛ ярим финал жавоб ўйинида Моуриньо майдонда ғайриоддий хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турди, Виктор Вальдес билан жанжаллашди. Ўз клуби ҳақида эса қисқа ва камтарона фикр билдирди: «Улар - қаҳрамонлар!». Бу тактиканинг минуси шундаки, у ҳаттоки, Моуриньо ижросида ҳам аксар ҳолларда иш бермаслиги мумкин...
Championat.com - Ў.УМАРОВ тайёрлад