Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Йошиданинг кейинги тақдири ёхуд Галовин жадвали

Баҳо:
+ | -
Бўлим: ОСИЁ

2012 йил 3 июнь куни чипта савдоси билан шуғулланадиганларнинг “сигири роса болалади”. Шу куни Бразилия мундиалига кўз тиккан миллий терма жамоамиз “Жар” стадионида Эрон термасини қабул қилди. Кичкинагина стадион ўйинга ошиққан мухлисларнинг “чанқоғини босиш” учун етарли эмас эди. Бу худдики 48 ўлчамли туфли киядиган оёқларга 25 ўлчамли туфли кийгизишга уринишдек гап. Ўйин қандай натижа билан тугаганини биласиз. Ўйиндаги биз учун муҳим бўлган воқеа ўша пайтлардаги Осиёнинг энг яхши ҳакамларидан саналган Юичжи Нишимуранинг Одил Аҳмедов томонидан киритилган голни инобатга олмагани бўлди. Шу орада яна ўша эски ярамиз аломатларини эслай бошладик. Матбуотда ва халқ орасида “яна япон ҳакамлари оёғимиздан чалиб қолишди” каби гап-сўзлар авж олиб кетди. Бунгача кунчиқар юртдан чиққан Тошимицу Йошида термамизни мундиалдан олиб қолиш “вазифаси”ни шараф билан уддалаганди.

Йошида 1963 йил 29 августда Япониянинг Тотиги шаҳрида туғилган. 1979-1981 йиллар оралиғида Тотиги шаҳар жамоасида, 1982-1985 йиллар оралиғида эса Цукуба университетининг футбол жамоасида тўп сурган. Касаллик сабаб 1985 йили фаолиятини якунлайди. 1987 йили эса Тотиги префектурасидаги футбол мактабида маслаҳатчи мураббий бўлиб ишлайди. 1988 йили футбол ҳаками сифатида фаолиятини бошлайди. 1993 йили япониянинг “Жей” лигасидаги ўйинлардан бирида илк марта ҳакамлик қилган. Йошида фаолиятини якунлагунга қадар 344 ўйинда ҳакамлик қилган ва 1006 марта сариқ, 49 марта қизил карточкаси борлигини эслаб қолган. Ушбу ўйинлар орасида 1 та Япония суперкубоги ўйини, 29 та Набиско кубоги ўйинлари, 11 та Император кубоги учрашувлари, 40 та “Жей-2” лигаси ўйинлари ва 243 Олий лига саналган “Жей” лига ўйинлари бор. 2001 йили Осиё чемпионати саралаш баҳсларида Сингапур ва Қувайт термалари ўртасидаги ўйинни бошқарган. 2006 йилги Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари доирасида 2004 йили икки учрашувни бошқарган. Улар Вьетнам – Жанубий Корея (1-2) ва Қатар – Иордания (2-0) терма жамоалари ўртасидаги баҳслардир.

2005 йили 3 сентябрь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионига бўлажак ўйин қаҳрамони Тошимицу Йошида Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалрини бошлаб чиқади. Ўйин вакилларимиз учун омадли бошланади. Миржалол Қосимов томонидан киритилган гол эвазига англиялик Боб Хоугтон бошчилигидаги жамоамиз олдинга ўтиб олади. Ўйинда ташаббусни қўлга олган футболчиларимиз 38-дақиқада пенальти тепиш имкониятини қўлга киритишади. Пенальтини Сервер Жепаров голга айлантиради. Бироқ, бутун ўзбек халқининг хурсандчилиги узоқ давом этмайди. Шу заҳоти Йошида футболчиларимиз пенальти амалга оширилаётган вақтда жарима майдончасига кириб келгани учун голни инобатга олмайди. Қоидага кўра терма жамоамиз аъзолари яна бир бора пенальти тепиши керак бўлган паллада япон ҳаками жуда антиқа қарорга келади. Баҳрайнликлар тўпни эркин ўйинга киритиб, учрашувни давом эттиришади.

 Бу ҳақида ўша пайтдаги терма жамоамиз бош мураббийи Боб Хоугтон шундай дейди: “Бутун миллат бу қарорга тушуна олмай қолганди. Ҳеч ким нималар бўлаётганини тушунтириб беролмасди. Агар пенальтини қайта амалга оширишга рухсат беришганда биз энг камида 3-0 ёки 4-0 ҳисобида ютган бўлардик. Мен танаффусга чиқиш чоғида захирадаги ҳакамнинг олдига бориб “бу нимаси бўлди?” деб сўрадим. У эса бу янги қарор деб жавоб берди. Шундан кейин мен Ўзбекистон ҳакамлар комиссияси раҳбарининг олдига бориб “нега бизга янги қарор чиққанини айтмагансизлар?” дедим. Чунки, айнан у бизга футболдаги айрим ўзгаришлар ҳақида тушунтирган эди. У “бўлмаган гап” деб жавоб берди ва тез орада биз ФИФА билан боғландик.

Учрашувда 1-0 ҳисобида вакилларимиз ғалаба қозонади. Шундан кейин Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАга шикоят хати билан чиқади ва рақибга техник мағлубият ёзилиши кераклиги ёки бўлмаса ўйин 38 давиқадан давом эттирилишини сўрайди. Ўша пайтдаги ОФКнинг президенти Муҳаммад бин Ҳаммам ҳам вакилларимизни қўллаб-қувватлаб ФИФАдан бу масалани кўриб чиқишни ва Осиё футболи шаънига доғ туширган япониялик ҳакамни жазолашни сўрайди. 2005 йил 6 сентябрда эса Германияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси учрашув қайта ўтказилиши кераклиги ҳақидаги қарорга келади. Учрашувларни бошқариш эса Массимо Бусакка ва Грем Пол каби дунё таниган ҳакамларга ишониб топширилади. ФИФА эса Йошидани ФИФА доирасидаги ўйинларда ҳакамлик қилишдан маҳрум қилади. ОФК ҳам худди шундай қарорга келади.

2015 йил 8 апрелда худди шунга ўхшаш воқеа аёллар ўртасидаги Европа чемпионати саралашида рўй беради. 2-1 ҳисобида ортда қолаётган Англия термаси Норвегия дарвозасига пенальти белгилайди. Яна ўша воқеа такрорланади. Пенальти бекор қилинади, эркин тўп тепилади. Шикоят хати ёзилади. Учрашув тўхтаб қолган 96 дақиқадан давом эттирилади. Пенальтини инглизлар голга айлантиради ва ўйин 2-2 ҳисобида якунланади.

Японияда ҳам ушбу ҳакам кўрсатган каромат жуда машҳурлашиб кетади. Мамлакатнинг етакчи нашрлари у ҳақида ёзишади. Хусусан шулардан бири бўлган “Асаҳи Шимбун” газетаси 2006 йил 17 январ сонида “Йошидага ўз номини тарихда қолдириш учун бунданда яхши имконият берилмасди” деб ёзганди. “Жей” лига вакили Масару Сузуки бу ҳақида шундай дейди:

“У Япониянинг энг яхши ҳакамларидан бири. Уни ФИФА ва ОФК четлатди. Ички биринчиликдаги кейинги тақдирини эса Япония футбол асоссиацияси ҳал қилади. Япон футбол асоссиацияси эса уни қуйи лигага бадарға қилади”

Бу орада Ўзбекистон терма жамоаси мундиалдан қуруқ қолади. Барча футбол ишқибозлари япон ҳакамидан гина қилиб, айрим ишқибозлар ҳозиргача уни “ширин сўзлар” билан эслаб юради. Орадан йиллар ўтди. Кейинги мундиалдан ҳам миллий терма жамоамиз турли сабабларга кўра қуруқ қолди.

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали япониялик дўстларимиз билан боғландик ва улар бизга Йошида ҳақидаги қизиқ маълумотни юборишди. 2004 йили Япониянинг энг яхши ҳаками деб топилган Йошида 2005 йилги воқеалардан кейин бир муддат “Жей” 2-лигасидаги учрашувларни бошқариб боради. Бироз вақт ўтиб эса яна “Жей” лига ўйинларига тайинланишни бошлайди. 2008 йили эса яна бир марта Япониянинг энг яхши ҳаками деб топилади.

2005 йили кўпгина Хитой нашрларида Шарқий Осиё кубоги доирасидаги Жанубий Корея ва Хитой жамоалари ўртасидаги ўйинни Тошимицу Йошида бошқариб боргани ва унда яна бир қўпол хатога йўл қўйгани айтилади. Газетада ёзилишича учрашувда қўполлиги учун янглиш тарзда Ли Вей Фенг тўрнига Гао Линга огоҳлантириш берилади. Аслида эса бу ўйинни Йошида эмас бошқа бир япон ҳаками Юичжи Нишимура бошқариб борганди.

2012 йили эса уни “Бурирам Юнайтед” ва “Арми Юнайтед” клублари ўртасидаги Таиланд кубоги финал учрашувини бошқаришга таклиф қилишади. Бироқ ОФК томонидан таъқиқда бўлганлиги сабаб Йошида ўйинни бошқара олмайди. 2013 йил июнь ойида эса Хитой футбол асоциацияси томонидан “Тянцзин Теда” ва “Чанчун Ятай” жамоалари ўртасидаги Суперкубок финали ўйинини бошқаришга таклиф қилинади ва бу ўйинда Йошида ҳакамлик қилади.

Қисқа муддатли таътилдан кейин 2016 йили январь ойидан бошлаб, Тошимицу Йошида ҳакамлик фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳозирда эса учрашув назоратчиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

Мақоламизни Галовин жадвали деб номлаганимиз сабаби шуки кўриш қобилияти текшириладиган бу жадвалда энг катта ҳарфлар биринчи қаторда туради. Қаторлар пастга тушгани сайин ҳарфлар ҳам кичиклашиб бораверади. Мадомики футболда ҳакамлар томонидан йўл қўйиладиган хатолар йўқолмас экан, истардикки Тошимицу Йошида, Юичжи Нишимура, Тожи Минори каби япон ҳакамлари томонидан терма жамоамиз зарарига йўл қўйилган қўпол хатолар биринчи қаторларни эгалласа, бу давлат номидан чиқадиган бошқа рефереларнинг хатолари Головин жадвалининг энг охирги қаторлардаги ҳарфлар каби кичрайиб, арзимас хатоларга айлансин. Саломат бўлинг.

Тилмочбек

Манба: offsayd.uz
Киритилди: 22:05, 04.05.2016.
Ўқилди: 3535 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.