Кириш Регистрация
30/11 00:45 Кальяри 1-0 Верона
30/11 01:00 Брайтон - Саутгемптон
30/11 01:00 Мальорка 2-1 Валенсия
30/11 18:00 Барселона - Лас-Пальмас
30/11 19:00 Комо - Монца
30/11 20:00 Брентфорд - Лестер
30/11 20:00 Кристал Пэлас - Ньюкасл
30/11 20:00 Ноттингем Форест - Ипсвич
30/11 20:00 Вулверхэмптон - Борнмут
30/11 20:15 Алавес - Леганес
30/11 22:00 Милан - Эмполи
30/11 22:30 Вест Хэм - Арсенал
30/11 22:30 Эспаньол - Сельта
01/12 00:45 Болонья - Венеция
01/12 01:00 Вальядолид - Атлетико

Сербия cуперлигасидаги ўзбек

Баҳо:
+ | -

Сербия суперлигасида фаолият юритаётган Ҳусниддин Ғофуров билан суҳбатни бошлар эканман, биринчи саволим у тўп сураётган «Явор» футбол клубининг бугунги ҳолати тўғрисида бўлди.

— Ҳусниддин, келинг, аввало жамоангиз «Явор» ФК ҳақида суҳбатлашсак. Бугунга келиб жамоанинг аҳволи қандай?

— Чемпионатимизда 16 та жамоа қатнашади. Жамоамиз бугун чемпионатда 9-ўринда турибди. Олдинда ҳали 3 та тур учрашуви бор. Шундан сўнг жамоалар иккига бўлиниб, плей-оффда қатнашади. Юқори саккизталикка киришга муваффақ бўлган жамоалар совринли ўринлар учун ўзаро баҳс олиб боришса, қолганлар лигада жон сақлаш учун курашади. Биз ҳозирда юқори ўринлар учун курашмоқдамиз, бунинг учун эса, энг аввало, саккизталикка киришимиз зарур.

— Сербия ҳақида гапириб берсангиз. Бу мамлакатнинг юртимизга ўхшаш томонлари ҳам бор бўлса керак?

— Йўқ, тўғрисини айтсам, ўхшаш жойларини сезмадим. Билмадим, балки менга шундай туюлган бўлиши мумкин.

— Кўчаларда сайр қилиб юрган чоғингизда, мухлислар сизни таниб қолиб, сиздан дастхат сўраган вақтларҳам бўлганми?

— Мен яшаётган шаҳарча кичкина ва табиийки, бу ерда деярли ҳамма бир-бирини танийди. Сиз айтгандай баъзида ишқибозлар дастхат сўраб туришади.

— Бизнинг маҳаллаларимизга ўхшаб кетар экан–да?

— Ҳа, шунақа деса ҳам бўлади. Ҳамма бир-бирини танийди.

— Кўпинча «Facebook» ижтимоий тармоғида суратларингизни жойлаштирасиз ва унда сербияликлар ўз тилида турли изоҳлар қўйишади. Серблар–ку, майли, лекин сиз ҳам уларнинг тилида нималарнидир ёзибқўйишингиз мени таажжубга солади. Демакки, тил борасида сизда ҳеч қандай муаммо йўғ–а, шундайми?

— Буни бу қадар ҳайратланарли, деб атамаган бўлардим. Бу оддий ҳол. Анча вақтдан буён бу ерда яшаб келмоқдаман, шунга бўлса керак, ҳозирда серб тилини мукаммал ўрганганман. Бемалол сўзлаша оламан.

— Серб тили рус тилига ўхшаб кетади–я?

— Ҳа, ўхшаш сўзлари бор.

— Жамоангиз сўнгги ўйинни ким билан ўтказди? Сиз қанча вақт ўйнадингиз?

— Чемпионат доирасида «Металак» клубига қарши 27-турда беллашдик. Учрашувда 1-0 ҳисобида ғалаба қозондик. Адашмасам, 65 дақиқа майдонда тўп сурдим, кейин мени алмаштиришди.

— Ишлар яхшими, ишқилиб? Бош мураббийнинг сизга бўлган ишончи баландми?

— Ҳа, ҳаммаси яхши. Ҳар ўйинда асосий таркибда майдонга тушяпман.

— Интервьюларингизнинг бирида, бош мураббий сизни қанотларга қўяётгани, сизга бу нарса унчалик ёқмаётгани, чунки сиз асосан марказда ўйнашга одатланганингизни айтиб ўтган эдингиз… Ҳозир–чи, қайси позицияда ўйнаяпсиз?

— Ҳозир ҳам шу — ўнг ва чап қанотда ўйнаяпман. Сўнгги пайтларда асосан чап қанотда майдонга тушяпман. Мен учун чап қанотда ўйнаш анча қулай бўляпти. Уч йил олдин марказда, яъни ҳужумчи позициясида ўйнаганман.

— Демак, чап қанотда ўйнаш сизга қулайроқ. Бугунги кунда терма жамоамизнинг айнан чап қаноти оқсаяпти, балки келажакда терма жамоамиз бош мураббийи йиғинларга чақириб, сизни ўз севимли позициянгизда ўйнатишга қарор қилар.

— Бўлиши мумкин. Мен ўз вақтимни кутяпман.

— Чап қанотдан марказ томон ҳаракат қилиб, дарвоза томон зарбалар берсангиз керак. Ҳар ҳолда, чапқанотда ўйнайдиган ўнг оёқлилар шундай йўл тутишади.

— Шундай. Олдинлари ўнг қанотда ҳаракат қилардим ва жарима ичига ёриб киришга ҳаракат қилардим, кейинчалик мураббий мени чап қанотга ўтказди.

— Ўзбекистон чемпионатида қатнашаётган жамоалардан сизга таклиф тушганми?

— Тўғрисини айтсам, ҳозир Олий лига ҳақида ўйламоқчи эмасман…

— Ҳеч қачон ўйламанг ҳам… Айтмоқчиманки, Ўзбекистонда ўйнагандан кўра, бошқа кучли чемпионатлардақатнашганингиз маъқул.

 — Ҳа, шундай. Мен «Явор» сафига ўтиб, кўп нарсаларга эришдим. Бундан тўхтаб қолиш ниятим йўқ.

— Хуллас калом, бутун эътиборингиз фақатгина ўз клубингизга қаратилган…

— Ҳа. Чемпионатимизнинг юқори саккизталигига кириш, плей-оффда қатнашиш, шундан сўнг финалга йўл олишни мақсад қилганман. Ҳозирча фақат шу ҳақда ўйлаяпман.

— Ўзимизнинг биринчи лигада қатнашадиган «НБУ Осиё» жамоасидан қандай қилиб Сербиянинг «Явор» футбол клубига бориб қўшилдингиз?

— Мен «НБУ Осиё» жамоасида жуда кўтаринки руҳда ўйнадим. Голлар урдим, жамоа тўпурарига айландим. Кейинчалик менга «Явор»дан таклиф тушди ва мен уни қабул қилдим. Менинг Сербия чемпионатига ўтишим учун катта ҳажмдаги ишларни бажарган инсонлардан миннатдорман. Айнан уларнинг меҳнатлари эвазига мен бугун шу ердаман.

— Сербия чемпионатининг кучли жамоаларидан ҳам таклифлар тушаётгандир?

— Таклифлар бор, аммо уларни мавсум тугагач кўриб чиқаман. Ҳозирча «Явор» футболчисиман.

— Жуда яхши! Кучли жамоалар сафига ўтсангиз, Европа миқёсидаги мусобақаларда қатнашишга эришардингиз.

— Ҳа, Европа чемпионлар лигасида қатнашиш — менинг орзуим.

— Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини томоша қиласизми?

 — Томоша қилишни жуда истардим, аммо ўйинлар бизнинг машғулотларимиз билан бир вақтда бошланяпти. Шу боис ўйинларни кўролмаяпман.

— Футболчи сифатида фикрингизни билмоқчиман. Айтинг— чи, нима сабабдан бугунги терма жамоамиз сафарда 5–1, 4–0 ҳисобида йирик ғалабаларга эришадию, ўз майдонида кечадиган учрашувларда эса 1–0ҳисоби билан чекланиб қолади. Яманни ҳам ўз уйимизда зўрға 1–0 ҳисобда енгиб, меҳмонда эса нақ учта тўп киритганмиз.

— Бу ерда муҳими уч очкони қўлга киритиш, деб ўйлайман. Тўғри, тўплар нисбатига ҳам эътибор бериш керак, аммо барча ўйинларда терма жамоамиз ғалабаларга эришса, тўплар нисбати иккинчи планга сурилади.

— Келинг, бир Осиё чемпионатини ёдга олайлик. Нима деб ўйлайсиз, терма жамоамизнинг бош мураббийи нима сабабдан сизга ишонч билдирмади? Жуда кам ўйнадингиз…

— У кунлар жуда оғир кечган мен учун. Осиё чемпионатини эсламасликка ҳаракат қиламан.

— Ҳа, сиз билан бирга биз ҳам у кунларни эсламасликка ҳаракат қиламиз. Аммо нима бўлганда ҳам, бу кунлар футболимиз тарихига ёзилди, уни ўчириб бўлмайди энди.

— Тўғри гапингиз.

— Самвел Бабаян сиз билан алоҳида гаплашиб олмадими? Масалан, нима учун сизни эмас, балки ўз спорт формасини тиклашга улгурмаган Жамшид Искандаровни маъқул кўрганини айтмадими?

— Йўқ, бу борада ҳеч ким билан гаплашганим йўқ.

— Ўшандан сўнг мухлислар орасида шундай миш–мишлар пайдо бўлдики, гўё Бабаян фақат «Пахтакор» футболчиларига имконият яратиб берибди–ю, қолганларга эса умуман эътиборсизлик қилибди.

— Бу мухлисларнинг фикри. Мен бу ҳақда ҳеч нарса айта олмайман.

— Майли, интервьюни шу жойда тугатақолайлик. Ҳусниддин, самимий суҳбатингиз учун ташаккур айтаман. Ишларингизга омад тилайман. Жамоангиз кучли саккизталикка киришидан умидвормиз ва биз барчамиз сизларга мухлислик қиламиз. Омад!

— Раҳмат. Сизга ҳам ишларингизга омад тилайман. Соғ бўлинг!

Темур Малик суҳбатлашди

Манба: «Чемпион» газетаси

Манба: tafsilot.uz
Киритилди: 09:10, 11.05.2016.
Ўқилди: 4973 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.