Кириш Регистрация
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
02/05 20:30 Ироқ - Индонезия
02/05 23:30 Челси - Тоттенхэм

Югенд-сюрприз

Баҳо:
+ | -

Бундеслиганинг 5 нафар кашфиёт футболчиси. Германия - футбол соҳасида ёшлар билан ишлаш тизими яхши йўлга қўйилган мамлакат. Немис диёрида ҳар йили ўнлаб янги-янги вундеркиндлар кўзга ташланишади. Европанинг етакчи клублари ўз скаутларини бежиз шу мамлакатнинг турли бурчакларига юборишмайди. Хуллас, бугун бундеслига-2015|2016нинг асосий кашфиётлари ҳақида алоҳида гаплашамиз.

Юлиан Вайгль

Клуби: «Боруссия» Дортмунд

Ёши: 20

Позицияси: ярим ҳимоячи

Юлиан Бад-Айблинг шаҳарчасида туғилган. Унда узоқ вақт жисмоний кўрсаткичлар масаласида муаммолар борлиги кўриниб турди, шунга қарамай, кўпинча ҳимояда ўйнаб, гавдаси нисбатан катта тенгдошларидан сира қолишгани йўқ. Зеро, йигитча ўта жонкуяр ва майдонда бу хусусияти унга жуда қўл келади. Вайгль 11 ёшида футбол билан профессионал даражада шуғуллана бошлади - «Розенхайм 1860» жамоасида. Кўп ўтмай, ўсмир йигитни «Мюнхен 1860»га таклиф этишди. У шунингдек, «Бавария» кўригида ҳам қатнашган, аммо муваффақиятсиз. Юлиан «шерлар» сафида қолганидан сира афсусланмаса керак. Чунончи, у кейинчалик клуб тарихидаги энг ёш сардорга айланди. Хуллас, Вайгль «Мюнхен 1860»ни илк марта иккинчи бундеслига баҳсида майдонга бошлаб тушган вақтда 18 ёшли йигитча эди. Тўғри, сардорлик миссияси узоққа чўзилмади. Гап шундаки, Юлиан жамоадош дўстлари даврасида ёқимсиз воқеага аралашиб қолди: футболчилар аламли мағлубиятдан сўнг  маҳаллий барда роса кўнгилхушлик қилишди. Оқибатда Маркус фон Ален  ёш иқтидорни сардорлик боғичидан маҳрум этди. Вайгль шу-шу тартиб-интизомга қатъий амал қилишга ўргандики, буни фон Ален ҳам алоҳида тилга олди. Энди эса талабчан Томас Тухель ундан хурсанд ва асосан «Тарбияси идеал йигит», дея мақтамоқда. «Боруссия» ўтган ёз мюнхенликлар етакчисини 2,5 млн. еврога сотиб олди. Мана, ушбу харажат қисқа вақтда тўла оқланди. Зеро, Вайгль бир уринишда дортмундликлар таркибидан жой олиб, майдон марказида Илкай Гюндоган ва Свен Бендер каби тажрибали футболчилар олдида ёмон таассурот қолдирмади. Ўйиннинг баъзи жабҳалари бўйича эса ҳаттоки, ҳар икки тан олинган таянч ярим ҳимоячисидан ҳам яхшироқ кўринди. Хусусан, биринчи тўп ошириш масаласида. Умуман, Юлианнинг заргарона ва аниқ узатмаларига шунчаки, ҳавас қилиш мумкин. Дейлик, Менхенгладбахнинг «Боруссия»сига қарши кечган дебют ўйинида бу борада 96 фоизли натижа қайд этганди. Вайгль ҳозир «Идуна Парк»да ўзини мутлақо қулай сезмоқда. Ҳа, ярим ҳимоячи дастлаб шовқинли Дортмундга мослашишда анча қийналди. Лекин вақт ўтиши билан янгиланган «Боруссия»да ўз ўрни борлигини исботлай бошлади. Юрген Клоппнинг 7 йиллик ажиб давридан сўнг янада ёрқинроқ жамоа шакллантириш ғоят мушкул, лекин жорий мавсум бунинг иложсиз иш эмаслигига умид уйғотди. «Сариқ-қоралар» фанатлари эса ҳозирдан Юлиан Вайглга алоҳида ишонч билан қарашяпти. Ёзда Европанинг энг илғор клублари «Боруссия»га ёш футболчи хусусида мурожаат этсалар, ажабмас. Бироқ ярим ҳимоячининг ўзи ҳозирча ҳеч қаерга шошилмаяпти - аввало, «Боруссия»да ёрқин из қолдирмоқчи. Дортмунд клуби спорт директори Михаэль Цорк айнан шундай ёндашувни маъқуллайди, албатта ва йигитчани мақташни ҳам унутмаяпти: «Вайгль - жорий мавсумнинг энг ёқимли «сюрпризи». У Юлианнинг узоқ йиллар давомида Дортмунд жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилишига шубҳаланмаяпти.

 

Жонатан Та

Клуби: «Байер» Леверкузен

Ёши: 20

Позицияси: ҳимоячи

Жонатаннинг отаси Кот-д~Ивуардан. Та 5 ёшидан бошлаб XIX асрда асос солинган афсонавий «Альтоне 93» мактабида тўп сурган. Болалигидан бақувват бўлган футболчини мураббийлар ҳимоя чизиғида синаб кўришган. Ўшандаёқ мутахассислар унда етакчилик сифатлари борлигини пайқашган. Футболдаги ҳақиқий таълимни 13 ёшидан бошлаб «Гамбург» академиясида олган.

«Динозавр»ларнинг иккинчи жамоаси устози Родольфо Кардосо истеъдодли ҳимоячини асосий таркибга тавсия этди. Бироқ на Торстен Финк, на Мирко Сломка бу ўспирин хизматига эҳтиёж сезишди. Фақатгина Берт ван Марвейк Германиядаги фаолияти давомида Жонатаннинг ўйинини Вестерман-Журу тандеми билан уйғунлаштирди. Аммо голландиялик мураббий кетгач, Та ўйин амалиётисиз қолиб кетди ва ижара асосида «Фортуна»га жўнатилди. Дюссельдорфда унинг ишлари ёмон кечмади: иккинчи бундеслигада тажриба тўплади, жамоасининг лигада қолишига кўмаклашди. Жонатанга қадрдон жамоасида имконият беришни хоҳлашмади ва уни 10 млн. евро эвазига «Байер»га сотишди. Агар мавсум аввалида Эмер Топрак ва Тин Едвай жиддий жароҳат олишмаганида, Танинг Леверкузенда муваффақият қозониши сўроқ остида қоларди, балки. Рожер Шмидт бош мураббий сифатида Жонатан ва Пападопулосга ишонч билдирди. Бу тандем ишончни оқлади. Грециялик ҳимоячи кейинчалик захира ўриндиғига «михланган» бўлса, Жонатан асосий таркибдаги ўрнини сақлаб қолди. Кейинчалик Та Германия ёшлар термаси сардорига айланди.

 

Жошуа Киммих

Клуби: «Бавария» Мюнхен

Ёши: 21

Позицияси: ҳимоячи|ярим ҳимоячи

Киммих мўъжазгина Ротвайль шаҳарчасида туғилган. 12 ёшидаёқ Жошуанинг тўп билан муомала қилиш бобидаги маҳорати намоён бўла бошлади. Шунда оилавий кенгашдан сўнг йигитчани «Штутгарт» академиясида синаб кўришга қарор қилинди. Киммих жамоага ортиқча қийинчиликларсиз мослашди, Томас Шнейдер, Марк Кинле, Илья Арачич сингари мураббийлар билан ишлашга улгурди. Ўсмирлар бундеслигасида ўйнади, аммо катталар жамоасида дебю­тини нишонлаш унга насиб этмади.

Иқтидорли футболчи «Ред Булл» сафида Германиянинг қуйи дивизионларини забт этишга киришди. Лейпцигда бош мураббий Александр Цорнигер Жошуа учун оптимал позиция танлашга интилди: марказий ярим ҳимоянинг ҳужумга яқин қисмига қўйди, сўнгра орқароққа - таянч ҳудудига сурди, қанотларда синаб кўрди - ҳамма жойда Киммих ўзидан ёрқин таассурот қолдирди. «Буқалар» иккинчи бундеслигагача кўтарилишди, тинейжернинг муваффақиятини эса мюнхенлик скаутлар диққат билан кузатишаётганди. Жорий мавсум аввалида «Бавария» футболчининг шартномасини 8,5 млн. евро эвазига «Штутгарт»дан сотиб олди.

Асосий ҳимоячилар жароҳат олишгач, Пеп Гвардиола Алаба-Киммих тандемини тажрибадан ўтказишга қарор қилди. Австриялик футболчини ҳамма универсал сифатида таниса, 176 см. бўйга эга Жошуани мудофаа марказида тасаввур қилиш қийин эди. Аммо Киммих юқорига сакраши ва тўпни олиб қўйишдаги фаоллиги эвазига бу камчиликни ёпишга эришди. Айнан унинг ишончли ҳаракатлари «Ювентус»ни мағлуб этишда «Бавария»га асқотди. Ўшандаёқ Гвардиоланинг ёшлар билан ишлаш салоҳияти яна бир бор намоён бўлди.

Жароҳатлар чиндан-да «Бавария»­ни қийин аҳволга солди, аммо захиралар ўриндиғининг кенглиги ва ёшларнинг ишончли ҳаракатлари мюнхенликларга бундеслигадаги етакчиликни сақлаб қолиш ва Чемпионлар Лигаси ярим финалига қадар етиб бориш имкониятини тақдим этди.

 

Маҳмуд Доуд

Клуби: «Боруссия» Менхенгладбах

Ёши: 20

Позицияси: ярим ҳимоячи

Германия ёшлар термаси ярим ҳимоячисининг туғилган жойи - Суриянинг Амуда шаҳри. Болакай бир ёшга тўлмасидан Доудлар оиласи Германиянинг Дюссельдорфига кўчиб ўтди. Маҳмуд футболдаги дастлабки қадамларини айнан шу ерда, маҳаллий «Ресрат» жамоасида ташлади. Кейинчалик «Фортуна» академиясида профессионал тарзда шуғуллана бошлади. 14 ёшга тўлганида унинг иқтидорини Менхенгладбахнинг «Боруссия» клуби вакиллари пайқаб қолиб, Маҳмуднинг ота-онасини янги жамоа билан шартнома имзолашга кўндирдилар. Доуд икки йил аввал асосийда порлаши мумкин эди, аммо 17 ёшли ўспирин жиддий жароҳат олди.

Жамоа бош мураббийлигига Андре Шуберт тайинлангач, футболчиларга ўзларини кўрсатиш нисбатан осонроқ кечди. Янги устоз бошчилигида 20 ёшли даниялик ҳимоячи Андреас Кристенсен асосий таркибдан муқим жой эгаллади. Торган Азарнинг ўйини очилиб кетди. 19 ёшли Нико Эльведи эса асосийдан Юлиан Корбни «сиқиб чиқарди». Доудга келсак, Шуберт ундан Кристоф Крамернинг ўринбосари сифатида фойдаланди. Суриялик иқтидор эгаси Гранит Жако билан «айғирлар» ўйинини ташкил эта бошлади. Маҳмуд сўнгги «пас»ни бериш хусусиятини яхши ўзлаштирган (унинг ҳисобида 8та голли узатма бор), майдон марказида ҳам анча фаол.

Доуд келаси мавсум Англияга кўчиб ўтиши мумкин: ҳозирданоқ Манчестернинг икки клуби ва Лондон грандлари унинг учун пул сарфлашга тайёрлар. Қолаверса, Маҳмуд тез орада Германия термасида порласа, асло ажабланмаймиз.

 

Митчелл Вайзер

Клуби: «Герта» Берлин

Ёши: 22

Позицияси: вингер

Митчелл-Эли учун футболга бўлган меҳр отадан қолган мерос. Унинг отаси Патрик Вайзер 1990 йилларда бундеслига ва Лига 1 жамоаларида таянч чизиғида тўп сурган. Вайзерлар оиласи Франциядан Германияга қайтгач, бир неча йил Брауншвейгда яшашди. Ўша ерда 6 ёшли Митчелл маҳаллий «Айнтрахт» клуби секциясига аъзо бўлди. Отаси ўғлига фаолиятини бир вақтлари ўзи ўйнаган «Кёльн»да давом эттиришни тавсия қилди. Митчелл 17 ёшида «эчкилар»нинг ёшлар жамоасида ўзининг дастлабки сов-ринини қўлга киритди. Орадан бир йил ўтиб, «Байер»га қарши баҳсда биринчи ва охирги марта асосий таркибда тўп сурди.

Ёшлар термасидаги муваффақиятли иштирокидан сўнг Вайзерни «Бавария» 500 минг евро эвазига сотиб олди. «Ёшлик чоғингизда «Бавария»да профессионалга айланиш - ажойиб. Мюнхенга юлдузларга термулиб ўтириш учун келмадим. Бу мен учун катта имконият», - деганди Митчелл ўзининг илк интервьюларидан бирида. Аммо Арьен Роббен ва Франк Рибери каби «наҳанглар» билан рақобатлашиш осон эмасди. Ярим йилдан сўнг клуб раҳбарияти иқтидорли йигитчани сўндирмаслик мақсадида уни амалиёт ўташ учун «Кайзерслаутерн»га жўнатди. Аммо Франко Фоде жамоасида ҳам Митчеллнинг ишлари қовушмади. Вайзер иккинчи бундеслигада 13та ўйин ўтказгач, Мюнхенга қайтди. «Бавария» билан тузилган шартнома шу йилнинг бошида якунланар, сўнгра Митчелл эргин агентга айланарди. «Герта» президенти Вернер Гегенбауэрнинг ақлли қарори бўлмаганида, ёш иқтидор эгасининг фаолияти тугаши ҳам мумкин эди. Уддабурон мутасадди уни текинга қўлга киритди. Митчелл Берлинда нафақат Пал Дардаи жамоасига мослашишни уддалади, балки ўзининг энг яхши сифатларини ҳам намоён эта билди: тезлик, финтлар, «подкатлар»... Ҳаттоки, венгриялик мураббий Вайзердан ҳар қайси қанотда бир хил ўйин намойиш этадиган универсал сифатида фойдаланди.

Балки Митчелл шошилгандир, «Бавария»га ўтиш чоғида ҳисоб-китобни тўғри қилмагандир. Аммо пойтахт клуби сафига қўшилгач, фаолиятини юксак даражада давом эттириш имконияти туғилди.

Sports.ru - Ў.УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:44, 12.05.2016.
Ўқилди: 3161 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Беллингем ўзининг севимли футболчиси ким эканлигини айтди [8695]

U23 Осиё Кубоги. Ўзбекистоннинг финалдаги рақиби аниқланди [6838]

Шин Тэ-Йонг: «Футболчилар ўйин бошланишидан олдин бироз асабийлашишди» [6469]

Улар ҳозир қаерда? Анчелотти қўл остида «Реал» таркибида дебют қилганлар [3774]

Абдуқодир ва Ҳожимат ўз клублари ихтиёрига жўнаб кетмоқда [3459]

Sport TV'да 30-апрель куни бир нечта хоккей ва «Бавария» - «Реал» ўйини трансляцияси бор [3433]

"Боруссия" ёки "Бавария": Левандовски Чемпионлар лигасида кимни қўллаб-қувватлашини айтди [2803]

Перес Мбаппе ортидан яна бир йирик харидни амалга оширмоқчи [2707]

Роналдо Бразилиядаги клубини сотди, энди навбат Испаниядаги клубга келди [2536]

Афсоналар Европани тарк этади, "Манчестер Юнайтед" "Байер" етакчисини олиб кетмоқчи! Ҳафтанинг энг яхши трансфер миш-мишлари [2451]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.