«Бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон», деган нақл бор. Инсон зоти бир чиркин ишга қўл урган чоғда, шу захотиёқ унга қарши чора кўрилмаса – вақти келиб у ўша ишини албатта қайтаради. Бу унинг табиатида бор. Ҳаттоки, одам ёмон йўлга кириб қолиб, сўнгра бу йўлдан воз кечганлиги ҳақида бонг урса ҳам, қайтиб бу йўлга қадам босмаслигини гапирса ҳамки, унга ҳеч ким ишонмайди. Ишонолмайди. Чунки бир марта ишончни суистеъмол қилган, ўзига қаратган умидларни чиппакка чиқарган.
Олий лигамизнинг янги мавсумига старт берилибдики, жуда қизғин тарзда кечаётган айрим беллашувлар шубҳали кўринди ва ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда. Бир нечта ўйинлар мухлислару мутахассислар томонидан турли муҳокамага сабаб деб кўрилди.
«Маҳаллада дув-дув гап!» Эмишки, баъзи жамоаларимизнинг сўнгги пайтлардаги кўрсатаётган қаҳрамонликлари, яъни уюштираётган «камбэклар» ва жамоаларнинг ўзаро муросасиз тарзда бахс олиб бориб, сўнгги дақиқаларда мухлисларга голлар шоусини тақдим этиб бераётганликлари ўта ғалати ва шубҳали экан. Чемпионатимиз ўйинлари Англия Премьер лигаси учрашувларига хос тарзда ўтиши мухлисларни хушнуд этмасдан, аксинча ўйлантириб қўйган эмиш. Қўшимчасига, ижтимоий сайтларда баъзи ўйинлар «келишилган» деган мақомни олишга ҳам улгурди.
Аслида-ку, буларнинг барчаси қачон ва нимадан бошланганини жуда яхши биламиз. Ўтган мавсумда «Металлург» ҳамда «Пахтакор» жамоалари етарли тарзда жазоланмагани бугунги кунда ушбу миш-мишларнинг болалаётганига сабаб бўлса ажабмас. Айнан ўшанда муаммо тўлиқ бартараф этолмай қолгани сабабли, ушбу мавсумнинг деярли ҳар бир ўйини мухлислар томонидан шубҳа остига олиняпти.
Юқорида таъкидлаганим, муросасиз беллашувлар билан мисли кўрилмаган «камбэклар» барчамизни қувонтирмай қўйган. Интернет тармоқларида мухлисларнинг ўзаро ёзишувларига гувоҳ бўлар эканман, айрим ихлосмандларнинг куюниб ёзган изоҳларига кўзим тушди. Уларнинг таъкидлашича, журналистлар мақолалар ёритишни боплар экан, аммо футболимизни еб тугатаётган «қурт-қумурсқалар»га қаршилик кўрсатишга ожиз эканлар. Яъни, биз хилма-хил танқидий мақолаларни ёзишдан кўра, футболимиз раҳбарларидан интервьюлар олиб, бугунги ҳолатимиз тўғрисида очиқроқ тарзда саволлар йўналтиришимиз зарур экан.
Бир гуруҳ мухлислар шу фикрни илгари суришса, бошқалар ўз ишимиздан воз кечиб, ўз мансабимизни ўртага қўйиб бўлса ҳам ушбу ишларга қарши туриб беришимизни сўрашган. Италиянинг «калчополи» воқеасини ёдга олиб, ўшанда айнан журналистлар томонидан далил-исботларга тўла мақолалар мамлакатнинг кўзга кўринган нашрларида ёритилганидан сўнггина, қинғир ишларга нуқта қўйилганини иддао қилишган. Хитой футболи ҳолатини ҳам ёдимизга солиб ўтишди. У ерда ҳам айнан мухбирларнинг биринчи бўлиб футболда содир этилган жирканчликлар тўғрисида қалам тебратишлари оқибатида мамлакат томонидан бу ишлар қаттиқ назорат остига олиниши мумкин.
Мухлисларни тушунса бўлади. Улар бундай фикр билдиришга тўлақонли хақли, зотан, барчаси ростдан меъдаларига теккан. Қўшиламиз. Футболимиз ичида бўлиб ўтаётган ножоиз ишларни ҳаммамиз кўриб-англаб турибмиз. Гарчи турли манбаларда очиқ-ойдин тарзда мақолалар чоп этилаётган эса-да, бу ҳаракатлар барибир иш бермаётганини ҳам тушуниб бўлганмиз. Хўш, нимага энди биз ўша италиялик ёки хитойликлар каби далил-исботларни келтирган ҳолда шов-шувли мақолалар ёзолмаймиз? Ёзолмаймизми? Менимча, ёзамиз. Ёзганмиз. Ўтган мавсумда ҳам, бу гал ҳам. Масалан, бир ўйиннинг келишилган эканлигини исботлаб бериб, федерациямизда фаолият кўрсатаётган раҳбарларимизни шуни тан олишга мажбур қилгандик-ку, тўғрими? Натижада нима ўзгарди? Деярли ҳеч нима!
Менимча, «Нега фалон журналист камчиликларни ёритиб, бу ҳақда оммага ёзмайди?» ва «Нимага мана бу мавзу ҳалигача очиқ қолиб турган бир пайтда, анови журналист қаерда йўқ гапларни ёзиб ўтирибди?» – дейиш нотўғри. Саволни бошқачароқ қўйиш керак, назаримда. Мисол учун: «Ўтган йил келишилган ўйинларда иштирок этган мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар нима сабабдан бу мавсумда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек ўз фаолиятини давом эттиришяпти? Ахир мухбирлар бу ҳақда етарли даражада қалам тебратишди-ку, керакли нашрларда чоп эттиришди-ку? Нега Италиядаги «калчополи» воқеаси ёки хитойликлар қўллайдиган услуб бизда инкор этилмоқда?» ва ҳоказо. Ўринли саволлар, шундай эмасми?
Биз-ку, ёзганмиз, ёзаверамиз, аммо натижа бўлмагач, бу ёзганларимиз билан иллатларнинг бари йўқ бўлиб колмаса, меҳнатларимиз самарасиз якунлайверса, ўзга чораларимиз қоладими? Чемпионатимиздаги «камбэклару» муросасиз бахслар, голларга бой бўлган учрашувлар ҳамда бир учрашув давомида иккитадан зиёд қизил карточка кўрсатилишини шунчаки тасодифга йўямиз.
Дарвозабон ғалати тарзда гол ўтказиб юборган чоғда, гўёки, «иссиқ» тўпни ушлаб олиб, қўллари «куйиб» кетиши оқибатида уни ташлаб юборгандек тасаввур уйғотдими сизда? Ташвишламанг, бу оддий бир тасодиф, холос.
Жамоа иккинчи бўлимнинг бошидан бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилишига қарамай, иккита тўп ўтказиб юбориб, мағлубиятга учрадими? Ҳаммаси жойида, ишонаверинг! Буни «интрига» дейишади, биродар! Демак, шиддатли кечган учрашув. Яхши гумондамиз. Зеро, шунга мажбурмиз.
Мақолани тугатаётиб, кайфиятингизни кўтариш илинжида, бир эски латифани сўзлаб бермоқчиман:
«Бир шаҳарчада муҳташам институт бор экан. У ердаги талабалар ўқиш мавсумининг якунларига келиб, имтиҳон топшириш вақтида, ўз мансабининг ҳар бир қарич ерини пул билан ўлчайдиган «порахўр» деканга рўбарў бўлишлари зарур экан. Қанча билимли бўлишингиздан қатъи назар, токи унинг чўнтагига пул қистирмас экансиз, «аъло» баҳодан умидингизни узар экансиз. Шу сабаб, талабаларнинг барчаси маълум бир суммани конвертга солиб, деканга узатишга мажбур эканлар.
Кунлардан бир куни ўша ерда ўқийдиган билимли ва шу билан биргаликда ғурурли, димоғи баланд бўлган талаба ҳеч ким, ҳеч қачон бажаролмаган, ҳатто бажаришга ботина олмаган ишни ўз бўйнига олибди ва ҳамманинг олдига чиқиб: «Мен мана шу деканга бир сўмимни ҳам ажратмасдан, ўз билимим эвазига ундан «аъло» баҳо оламан!» деб ваъда берибди.
Имтиҳон бошланибди. Боланинг «қоқилиши» учун декан роса ҳаракат қилибди. Баъзи ҳолларда савол мавзуси доирасидан чиқиб, бошқа мазмундаги саволларни йўлласа ҳамки, бола барчасига тўғри жавоб бераверибди. Охири талабанинг имтиҳонга чиндан ҳам яхши тайёрланиб келганига амин бўлибди ва… тақдирга тан берганча, унга аъло баҳо қўйишга рози бўлибди.
Баҳо қўяётиб, «дейишади, дейишади», деб қўйибди. Бола ҳайрон: «Узр, тушунмадим, менга гапирдингизми?» деб сўрабди. «Дейишади, барибир дейишади» дея қайтарибди декан яна. Талаба: «Ким дейди? Нима дейди?» – деб сўраса, ҳалиги декан мийиғида кулиб қўйиб: «Пул қистирмасанг ҳам, қистирди, дейишади» деганча, қаҳқаҳа отибди.»
Шундай экан, юқорида номи тилга олинмаган жамоалар биздан ранжимасинлар. Мақола бошида таъкидлаганимдек, бўрининг оғзи еса ҳам қон, емаса ҳам. Бундан чиқдики, токи сизлар бу каби қинғир ишларингизга чек қўймас экансизлар, атрофингиздагиларнинг барчаси латифадаги ҳикояга ўхшаб, қилган ишингизни ҳам, қилмаганингизни ҳам баралла «қилди», дейишади.
Темурмалик Тожиддинзода
Манба: “Чемпион” газетаси