Кириш Регистрация
02/11 01:00 Алавес 1-0 Мальорка
02/11 15:00 Олимпик 1-2 Навбаҳор
02/11 17:15 Қизилқум 1-2 Динамо
02/11 17:30 Ньюкасл 1-0 Арсенал
02/11 18:00 Осасуна 1-0 Вальядолид
02/11 19:00 Болонья 1-0 Лечче
02/11 20:00 Борнмут 2-1 Манчестер Сити
02/11 20:00 Ипсвич 1-1 Лестер
02/11 20:00 Ливерпуль 2-1 Брайтон
02/11 20:00 Ноттингем Форест 3-0 Вест Хэм
02/11 20:00 Саутгемптон 1-0 Эвертон
02/11 20:15 Жирона 4-3 Леганес
02/11 22:00 Удинезе 0-2 Ювентус
02/11 22:30 Вильярреал - Райо Вальекано
02/11 22:30 Вулверхэмптон 2-2 Кристал Пэлас
03/11 00:45 Монца - Милан
03/11 01:00 Валенсия - Реал Мадрид
03/11 16:00 Нефтчи - Бунёдкор
03/11 16:30 Наполи - Аталанта
03/11 18:00 Атлетико - Лас-Пальмас
03/11 18:15 Металлург - ОКМК
03/11 19:00 Торино - Фиорентина
03/11 19:00 Тоттенхэм - Астон Вилла
03/11 20:15 Барселона - Эспаньол
03/11 21:30 Ман. Юнайтед - Челси
03/11 22:00 Верона - Рома
03/11 22:30 Севилья - Реал Сосьедад
04/11 00:45 Интер - Венеция
04/11 01:00 Атлетик Бильбао - Бетис
04/11 22:30 Эмполи - Комо
04/11 22:30 Парма - Женоа

«Талъат ака – фанат ака»нинг ороми ва оғриғи

Баҳо:
+ | -

Мана, қувонч ва изтиробга, шукуҳ ва шиддатга тўла евромавсум ортда қолди, ҳисоб. Ўтган шанба оқшомидаги қизғин баҳслардан сўнг минг-минглаб қалблар бирдан тинчланди. Чунки Испания примеросида ҳам чемпионлик масаласига ойдинлик киритилди. Очиғи, ўша куни «Бун­ёдкор»-«Бухоро» учрашуви давомини аксарият мухлислар томоша қилишмади. Кимдир «Матч ТВ»нинг «Футбол-1», яна биров «Футбол-2» телеканалига уланди. Марказий шаҳарлардан узоқроқда яшовчи мухлислар эса Idman, VarzishSport каби телеканалларни излаб топишди. Idman ва VarzishSport хизматидан фойдаланганлар у қадар қийналишмади. Зеро, бу телеканаллар асосий экранда «Гранада»-«Барселона» баҳсини, унинг бир бурчагида эса «Депортиво»-«Реал» ўйинини намойиш этишди. «Футбол-1» «Барселона», «Футбол-2» эса «Реал» мухлислари истакларини қондирди. Ўта қизиқувчан мухлислар ҳаттоки, 2та телевизорни ёнма-ён қўйиб олишди. Энди маълум бўлишича, мазкур учрашувлар ва «Келин» сериалининг параллель келиб қолиши оқибатида бир қанча хонадонларда келишмовчиликлар ҳам юз берибди... Хуллас, катта футбол марафонининг марраси шундай мароқли воқеаларга бой кечди.

Қайсидир мухлисда «Хўш, ўзингиз қандай йўл тутдингиз?» қабилида савол туғилиши табиий. Тўғриси, ҳеч бир иккиланишсиз «Бунёдкор»-«Бухоро» учрашувини охиригача кузатдик. Нега? Чунки миллий чемпио­натимиз доирасидаги баҳсни Sport телеканали орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш завқидан бебаҳра қолишни истамадик. Йўқ-йўқ, ҳеч бир истеҳзо эмас бу. Ана, «Локомотив»-«Пахтакор» ўйинини тун ярмида намойиш этишди. Вақтни аниқ билмаганимиз боис, ғафлатда қолибмиз. Муҳим баҳс эртасига такроран берилганида эса, «Ким эдику ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» мавзусидаги тарғибот тадбирларига жўнаб кетгандик. Қисқаси, шундай муҳим учрашувни ўз вақтида томоша қилиш имкони топилмади. Бунга ким айбдор? Албатта, ўзимиз. Бутун бошли телеканал айбдор бўлмайди-ку?! Ҳаммаси бепарволик ёки ишонувчанликнинг салбий оқибати. ТВ дастурда ўзгариш қилинишини назарда тутганимизда, шунча гап-сўзга ўрин қолмасди. Хунобимиз ошганини кўрган бир ҳамкасбимиз «Локомотив»-«Пахтакор» учрашуви ёзилган флешкасини қўлимизга тутқазар экан, аста шивирлади: «Пойтахтдаги баҳслар тўғридан-тўғри эфирга узатилса, стадионда мухлисларнинг сони кама­йиб кетармиш. Чунки мухлислар стадионга тушмай, севимли жамоалари иштирокидаги учрашувларни  уйда хотиржам ҳолда, телеекран орқали томоша қилишармиш...».

Ол-а, энди буниси ортиқча. Ҳамкасбимизнинг соддалигидан бош чайқадик. Sport телеканалидагилар бунчалар содда эмаслар. Улар тўғридан-тўғри эфирнинг стадионга мухлислар ташрифига мутлақо таъсири йўқлигини жуда яхши билишади. Пойтахтда бўлиб ўтадиган бир неча учрашув тўғридан-тўғри эфирга узатилмаслигининг бизга номалум сабаблари бордир балки. Ташқаридан туриб, гапириш осон. Шундоққина ёнида бўлаётган баҳсни тўғридан-тўғри эфирга узатишни қайси спорт канали истамайди? Хоккей бўйича жаҳон чемпионатидаги зерикарли учрашувни шарҳлаётган журналист хаёлида ҳам миллий чемпионатимизнинг муҳим учрашувлари турганига ишончимиз комил. Бир неча баҳслар тўғридан-тўғри эфирга узатилмадими, демак, қандайдир номувофиқлик, ноқулайлик юз бергани аниқ. «Бунёдкор»-«Бухоро» учрашувининг тўғридан-тўғри тран­сляция қилингани - фикримиз исботи.

Онгу-шууримиз шундай мулоҳазалар билан банд бўлиб турган бир паллада тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган «Бунёдкор»-«Бухоро» баҳсини охиригача кузатмаслигимиз, «Нари тур, еврофутбол!» демаслигимиз, шундай дейишга кучимиз етмаслиги адолатдан саналмасди. Шукрки, ичимиз қанчалар қизисада, ўша баҳсларга қизиқсакда, бунга кучимиз етди. Учрашув якунлангач ҳам «Футбол-1» ёки «Футбол-2»га уланишга шошилмадик. Қадрдонларимиз Мусулмон ва Маҳмуд Намозовнинг Сурхон сафарига бағишланган кўрсатувини ҳам томоша қилишимиз шарт эди. «Маданият ва маърифат» телеканалининг бу ноодатий кўрсатуви еврофутболнинг натижасини аввалдан тахмин қилиш қийин бўлмаган икки муҳим учрашувидан устун келди. Йўқ, фикримизча, бу ҳол футболга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланмайди. Инсоний муносабатлар шунчаки, баъзан барча ўйинларни, шу жумладан, футболни ҳам енгади. Бу орада устоз Темур Тўрабоев биродаримиз, таниқли ижодкор Баҳодир Мурод Али вафот этгани ҳақидаги машъум хабарни етказди. Футбол ортиқ кўнгилга сиғмади. Ўша икки учрашувни кўриш яна ортга сурилди. Бироқ бундан афсусланмадик. Йўқ, биздаги бундай кечинма ўша икки баҳсни «Футбол-1» ва «Футбол-2» қайта-қайта намойиш этишини билганимиз ва бу учрашувларни томоша қилиш имкони мавжудлигидан эмас асло. Юқорида айтганимиздек, биз учун инсонийлик бошқа барча жиҳатлардан баландроқдир. Миллий чемпионатимизда фаолият юритаётган мураббийлар, футболчилар, Месси ва Роналдуга тарафкашлик қилиб, бир-бирини қийнаётган мухлислар ҳам бу масалага юқоридан туриб қарашларини хоҳлардик. Унутмайликки, футбол инсонийлик пойида ястаниб ётган бепоёнлик ва фусункорликдир. Мулоҳазаларимиз аввалида бироз шахсий ички кечинмаларга берилишимизнинг сабаби ҳам шу. Олий лига баҳсларида ножоиз, шарт бўлмаган қизил карточкалар сони кўпайиб бораётгани, рақиблик чегараларини бузаётган инсонийликка зид аёвсизлик устун келаётгани ғоят ташвишланарли ҳолдир.

Айни чоғда яна бир муҳим мавзу бизни ўйга толдирмоқда. Гап шундаки, Искандар Ҳамроқулов «Реал» мухлиси - «Талъат ака - фанат ака» тимсолида мухлислар ўртасида анчагина оммалашди. Санъат нуқтаи-назаридан унинг изланишлари таҳсинга сазовор. Санъат - ҳаётдаги муҳим воқеликнинг бадиий инъикоси. Шу маънода Искандар Ҳамроқулов миллий ахборот маконида эътибордан четда қолаётган мавзуга қўл урганки, буни фақат олқишлаш лозим. Бизнинг футбол муҳитимизда «Реал» ва «Барселона» мухлислари ўртасидаги зиддият айрим ҳолларда ақидапарастлик даражасига кўтарилаётгани ва футбол борасида соғлом мулоҳаза юритишга тўсиқ бўлаётгани факт. Масалан, «Реал» ЕЧЛ доирасида «Вольфсбург»ни ажойиб тарзда мағлуб этиб, ҳар 3та голни Роналду урганида, газетамизнинг биринчи саҳифасида уни даҳо ёрлиғи билан мақтадик. Ҳаттоки, бутун «Реал» ўрнига Криштиануни қўйдик: Роналду - «Вольфсбург» - 3:0. «Барселона» мухлислари эса бундан қаттиқ ранжишди. «Гол уролмасларга Суаресдан салом!» сарлавҳаси эса «Реал» мухлисларига ёқмади. Ҳолбуки, ҳар икки ҳолатда ҳам сарлавҳалар фактлардан келиб чиқиб қўйилганди ва уларни қабул қилолмаслик аслида футболга нисбатан нохолисликдир. Яна бир бор таъкидлаймиз: футбол бепоёнлик ва фусункорликдир. «Реал» ва «Барселона» шу улканлик ва гўзалликни бир қисми, холос. Искандар Ҳамроқулов шунга ишора қилмоқда ва кўр-кўрона «тарафкашлик» устидан кулмоқда. Коса остидаги нимкосани тушунмаганлар эса бошқача хаёлларга бормоқдалар. Балки Искандар изланишларини давом эттириб, ҳангомаларига «Пахтакор» ва «Бухоро» ёки йирик ҳисобли ғалабадан қувонаётган «Навбаҳор» мухлиси образини олиб кирар. Эҳтимол, шунда мухлислар уни машҳур «фанат» - Эргаш Каримовнинг чинакам вориси сифатида эътироф этишар... Ҳозирги ҳолатда  Ҳамроқулов ҳангомаларида бир ёқламалик сезил­япти, чоғи.

Умуман олганда, наинки Искандар, балки ҳар биримиз бир ёқламаликдан эҳтиёт бўлганимиз маъқул. Шу жумладан, таниқли ҳакамимиз, халқаро майдонларда футболимизнинг юзи, кўзи бўлмиш Равшан Эрматов ҳам. Футболни чинакам ҳис қиладиган мухлис ўйинни адолатли бошқарган ҳакамдан ҳеч қачон нолимайди. Дейлик, Чортоқ туманидаги Пешқўрғон қишлоғида ўтказилган хотира турнири финалини ҳазратишоҳлик Аҳадхон Икромов бошқарди. Мўъжазгина майдонга 5000 нафардан зиёд мухлис йиғилди ва бирор киши ҳакамга эътироз билдирмади. Ваҳоланки, авваллари шундай баҳслар кўнгилсизлик билан якунланарди. Кўринадики, бу сафарги байрамона руҳда ўтган баҳс­да Аҳадхон Икромовнинг хизмати катта. У 5000дан ортиқ мухлис кўнг­лига йўл топа билди. Равшан Эрматов-чи? «Локомотив»-«Пахтакор» учрашувидан сўнг нимага ундан норозилар сони кўпайди? Бизни шу масалада ҳакамлик иши эмас, балки айни вазиятнинг ўзи ўйлантирмоқда. Чунки Равшан - футболимизда мўъжиза яратган инсон! Эҳтимол, у ўзини мутлақо ҳақ санар ва ҳақиқатан ҳам, бунга лойиқдир. Шундай ҳисобланган тақдирда Равшан келгусида бу каби ёқимсиз ҳолатларга имкон бермаслиги керак. Унутмасинки, у миллатнинг фахрига айланган ҳакам ва шаънига айтилган нохуш мулоҳазалар футболимиз обрўсига ҳам соя солади. «Локомотив» эса «Пахтакор»га қарши учрашувда икки ҳисса ютди, яъни «Ал-Ҳилол» билан муҳим ва қийин учрашувдан аввал муносиб рақиб ёрдамида зарур «репетиция»­ни ўтказди. Бўлажак баҳсда «темирйўлчилар»га фақат ва фақат омад тилаймиз.

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:59, 19.05.2016.
Ўқилди: 3022 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.