Кириш Регистрация
20/06 00:00 Шотландия 1-1 Швейцария
20/06 18:00 Словения 1-1 Сербия
20/06 20:00 Насаф 1-0 Нефтчи
20/06 20:00 Навбаҳор 0-0 Қизилқум
20/06 21:00 Дания 1-1 Англия
21/06 00:00 Испания 1-0 Италия
21/06 05:00 Аргентина 2-0 Канада
21/06 18:00 Словакия - Украина
21/06 20:00 ОКМК - Пахтакор
21/06 20:00 Бунёдкор - Олимпик
21/06 21:00 Польша - Австрия
22/06 00:00 Нидерландия - Франция
22/06 05:00 Перу - Чили
22/06 18:00 Грузия - Чехия
22/06 20:00 Локомотив - Сўғдиёна
22/06 20:00 Динамо - Андижон
22/06 21:00 Туркия - Португалия
23/06 00:00 Бельгия - Руминия

Ҳалол ўйин

Баҳо:
+ | -

“Лестер Сити” – Премьер-Лига чемпиони! Футбол қизиқ экан. Ўтган мавсумги олтин медаль соҳиблари “Тулкилар”нинг ғалабасини расмийлаштиришда жонбозлик кўрсатди. Ўша тунда “Тоттенхэм” уйга қуруқ қўл билан қайтди. Бир очко? “Тақачилар” кўпроғини кутганди. Ўттиз олти тур курашган клуб оқ байроқни кўтаришга мажбур бўлди! Мажбур! Бироқ Почеттино шогирдлари эгардан тушишни хоҳламади. Қайтага ортиқча ҳис-туйғуларга берилди…

Тўғриси, “Тоттенхэм” бутун мавсум “Тулкилар”нинг соясида юрганига қарамай, ўз имзосига эга клуб сифатида тан олинганди. Бироқ бир баҳс барчасини остин-устун қилиб юборди. Чемпионлик пойгасида имконият бой берилди. Буни ҳазм қила олмаган футболчилар аламини рақибларидан олишга тушди. Ва мисқоллаб йиққан обрўсини ботмонлаб йўқотди. Яшириб нима қилдим, дербини кузатиб, Почеттино бошқарувидаги жамоа ҳали чемпионликка тайёр эмаслигини тушундим. Негадир мавлоно Румийнинг бисотидаги “Темирчиликни билмасанг, темирчи ўчоғидан ўтаётганингда соқолингни ҳам, сочингни ҳам ёқасан” ҳикматини эсладим.

Бир қарашда “Тоттенхэм” устозига ҳеч қандай эътироз йўқдек. Ахир, у чемпионатдаги энг ёш жамоани чемпионлик курашига олиб кирди. Ахир, у чемпионатдаги энг яхши ҳимояга эга жамоани шакллантирди. Ахир, у ўзига хос тактик ечимларни ишлаб чиқди. Хуллас, санашда давом этсам, яна боридан четда қолган ҳолат охирида панд берди. Клубнинг оёғидан чалди. Бу тартиб-интизом масаласи. Мен Маурисио жаноблари буни инобатга олганига ишонаман. Бир вақтнинг ўзида ҳаёт-мамот масаласи, деб қарамаганига ҳам аминман. Футбол мураббийи яхши руҳшунос бўлиши керак, деб кўп гапирилади. Менимча, Почеттино мураббийлик атрофида ҳаддан зиёд ўралашиб, руҳшуносга айланишни унутиб қўйди. Йўқса, шогирдлари ўзим хон, кўланкам майдон қабилида ҳаракатланмасди.

Ўйлашимча, юқоридаги ибора Диего Костанинг майдондаги шиори ҳисобланади. Шунчаки  рақиблари билан “сен-мен”га боришга, даҳанаки жангга киришишга усталиги учун. Ҳатто бу борада Премьер-Лигада унинг олдига тушадиган футболчи йўқ ҳисоби. Қизиқ томони, “Лондон дербиси”да “испаниялик” ҳужумчи “қўй оғзидан чўп олмаган” йигитга айланиб қолди. Айрим эпизодларда ўзини ўзи “Мен Диего Костами ёки у?” қабилида саволга тутган бўлса ҳам ажабланмайман. Ҳа, Коста шундай учрашувда огоҳлантирилмади. Ўн иккита сариқ карточка кўрсатилган матчда! Шу пайтгача “Тоттенхэм” футболчилари чемпионат доирасида 61 маротаба сариқ карточкага лойиқ кўрилганди. Яъни бир матчда ўртача 1,74 огоҳлантириш. “Челси”га қарши кечган баҳсда арбитр меҳмонларга нақ тўққиз дона сариқ карточка кўрсатди! Бу бир жиҳатга ойдинлик киритади: шу пайтгача “Тақачилар”нинг аксар футболчилари ниқобда юрган экан. Аслида, улар бу жабҳада Костадан қолишмас экан. Қайтага тез-тез танқидга учрайдиган Диего ҳеч бўлмаса ҳақиқий қиёфасини кўрсатаркан.

Бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқлар баҳси. Яна ўртада чемпионлик масаласи бир ёқлик бўладиган ўйин. “Тўқнашувлар, тортишувлар бўлиши аниқ-ку!” дерсиз, эҳтимол. Бироқ тўқнашуви ҳам, тортишуви ҳам меъёрдан ошиб кетди, ўша ўйинда. “Атлетико” ҳам жанговар ўйин кўрсатади, “Матрасчилар” ҳам охиригача курашади. Қўполликларсиз. Диего Симеоне қизиққон мураббий. Аммо шогирдларида буни кўрмайсиз. Почеттино эса “жим” ўтиргани билан қўл остидаги футболчиларнинг “жиловини” йўқотиб қўйди. Натижада ўйинчилар босимга дош бера олмай чегарадан чиқди. Босим кучайган сари муаммо катталашди. Қўпол бўлса ҳам айтаман, “томи кетиб қолди”. Айниқса, ўйиндан кейин “Аристократлар” мураббийи Хиддинкнинг туртиб юборилиши ўлганнинг устига тепгандек гап. “Лондон дербиси” эса футбол деса футболга ўхшади, кураш деса курашга. Шахсан каминага бундай футбол керак эмас!

Хўш, “Тақачилар”нинг чемпионлиги учун нима етишмади? Совуққонлик! Маурисио бошқарувидаги клубнинг “Вест Бромвич” ва “Челси”га қарши ўйинлари билан “Лестер”нинг “Вест Хэм”га қарши матчини солиштиринг! “Тулкилар” охирги дақиқаларгача мағлубиятдан қутулиб қолиш йўлини қидирди. Лондонликлар шунчаки қўлини тушириб қўя қолди. Шахматда пиёда йўлга чиқиб, охирида вазир бўлиши мумкин. Ўзини ўтга, чўққа урган пиёда бу “лавозим”ни бошидан тутмайди. “Тоттенхэм” устози йўл қўйган тактик хатоликлар устида бош қотириб, вазиятни ўнглар. Лекин жамоа мағлубиятга учраганини тан олмас экан, барибир узоққа бормайди. Тўғрисини айтганда, улар “Лондон дербиси”да нафақат чемпионликни, балки виждони ва обрўйини ҳам йўқотди.

Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 12:25, 19.05.2016.
Ўқилди: 2222 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.