Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ғурурланишга асос

Баҳо:
+ | -

ОРЗУГА ИНТИЛИШ -  «ТОТТЕНХЭМ» САФИДА ПОРЛАГАН 5 НАФАР ЭНГ ЯХШИ ЁШ ФУТБОЛЧИ. Тарихий тарзда шундай бўлиб чиқяптики, «шпорлар» мудом чўққига интилишади, бироқ нафаслари охирги қадамгача етмайди, баъзан қувватлари ҳаттоки, ярим йўлда тугаб қолади. Мана, якунланган мавсум ҳам шу воқелик такрорланди - «Тоттенхэм» деярли финиш маррасигача «Лестер»ни қувди, аммо барибир, АПЛ тахтига кўтарилолмади. Нима бўлишидан қатъий назар, Лондон клубини улкан мақсад сари интиладиган куч сифатида таърифлаш мумкин. Фақат шуниси борки, «тақачилар»да суперюлдузларни сотиб олиш учун ортиқча маблағ йўқ. Клуб ушбу камчиликни доимо иқтидорли ёшларни излаб топиб, арзон нархда харид қилиш салоҳияти билан билинтирмайди. Мисол учун, жамоа охирги 16 йил давомида асосий таркибини мунтазам равишда 20 ёшдан кичик футболчилар ҳисобига тўлдириб келди ва уларнинг кўплари қисқа фурсатда чинакам етакчиларга айланишди. «Тоттенхэм»­нинг мавсум-2015|2016даги таркиби ҳам АПЛда энг ёши эди. Гарри Кейн, Эрик Дайер ва Деле Аллини эса энг ёрқин ёш юлдузлар қаторида тилга олиш мумкин. Дейлик, Алли энди-энди чинакамига ёғду тарата бошлади. Лекин қуйидаги мақолада фақат 20 ёшга тўлгунига қадар асосий таркибдан жой олган исътедодлар ҳақида гап боради. Демакки, бу рўйхатга на Кейн ва на Роуз ёки Уокер киришади. Зеро, улар муҳим ролга чиққан пайтлари 20 ёшдан ўтиб улгургандилар.

1. Рето Циглер

«Шпорлар»нинг аксарият фанатлари Рето Циглерни табиий равишда унутган бўлсалар, ажабмас. Чунончи, у клубда қисқа вақт ўйнаган. Шунга қарамай, ўзидан ёрқин из қолдиришни уддалаган. Аниқроқ айтсак, Циглер мавсум-2004|2005да бошланғич таркибга кирганди. Ўшанда «Тоттенхэм» турнир жадвалининг 9-поғонасидан жой олган. Хуллас, «тақачилар» гарчи мухлислар ҳафсаласини пир қилган бўлсаларда, ёш футболчи ёмон таассурот қолдирмаганди. Дейлик, жамоа «Арсенал»га 4:5 ҳисобида ют-қазганида, Фредди Канутенинг голига айнан Циглер ассистентлик қилганди. Кейин «шпорлар» Ретонинг аниқ зарбаси эвазига «Эвертон»ни мағлубиятга учратишган - 5:4. Ҳа, Циглер ушбу мақолага тушган бош-қа вундеркиндлардан фарқли ўлароқ, кейинчалик катта футболда айтарли ютуқларга эришгани йўқ, лекин у ўша жуда заиф «Тоттенхэм»да энг яхшилардан бири бўлганди. Маълумот ўрнида айтиш керак, «тақачилар» билан 2007 йили хайрлашган бу футболчи кейинчалик бутун Европани кезиб чиқди, ҳисоб. Ўз ўрнида, Швейцария миллий жамоаси сафида 2та жаҳон чемпионатида иштирок этганини ҳам айтиш жоиз.

2. Том Хаддлстоун

Том Хаддлстоуннинг «Тоттенхэм»­даги фаолияти анча қизиқарли тус олди. Ўсмирлик чоғиёқ, яъни 2005 йили «Дерби» билан хайрлашиб, «тақачилар» сафига қўшилган Томни дарҳол «Вулверхэмптон Уондерерс»га жўнатишди ва йигитча бу жамоада ўша вақтдаги бош мураббий Гленн Ходдлда жуда яхши таассурот қолдирди. Шундай қилиб, Хаддл­стоун «Тоттенхэм»га ўзгача тажриба тўплаган ҳолда қайтди. У гоҳида шундай ўйнардики, кўпчилик ҳайратдан беихтиёр ёқа ушларди. Айниқса, илк даврларда Томнинг ақл бовар қилмас даражадаги «пас» салоҳияти ва даҳшатли зарбаси кўзга ташланди. Афсуски, унга чинакам юлдуз бўлиш насиб этгани йўқ. Оддий айтганда, футболчига спорт формасига боғлиқ муаммолар ва ортиқча вазни халақит берди. Мавсум-2009|2010га келиб, асосан Харри Реднаппнинг саъй-ҳаракатлари билан яхшироқ ўйнаган Том  «Тоттенхэм» сафида илк марта Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўша мавсум Хаддлстоунни ҳаттоки, Англия термаси йиғинларига жалб қилишди ва у  ЖЧ-2010 учун тўлдирилган «заявка»дан жой олди. Бироқ бемаврид орттирилган жароҳат қимматга тушиб, футболчи миллий жамоада ўз ўрнини тополмади. Хуллас, у якунда сурункали жароҳатларнинг яна бир қурбонига айланди. Ҳарқалай, сайёрамизнинг энг нуфузли турнири арафасида сафдан чиқмаганида, фаолияти мутлақо бошқача давом этиши ҳеч гап эмасди. Умуман, Том 3та мавсум мобайнида атиги 36 марта майдонга тушди, холос. Шундай экан, клуб мухлислари унинг барчасини ўта дадиллик билан бошлаганини аллақачон унутишди ҳам.

3. Гарет Бэйл

Бэйл «Саутгемптон»дан Лондон клубига ўтганида, унга алоҳида умид боғлашди. Айтганча, сэр Алекс Фергюсоннинг шахсан ўзи йигитчани «МЮ» томон оғдиришга бир неча марта уриниб кўрганди. Уэльслик йигит эса «шпорлар»ни танлади ва клубдаги иккинчи ўйинидаёқ голлари ҳисобини очди. Яққол сезилиб турарди - Бэйл «Тоттенхэм»да ўз кучига тўлиқ ишонган. Мисол учун, очиқ турган жамоадошига тўп узатиш имкони бўла туриб, барчасини мустақил бажаришга қарор қиларди ва асосийси, кўпинча ижро мукаммал чиқарди - гол. Гарет хусусан, бошланғич даврда «Арсенал»га қарши кечган «Лондон дербиси»да ҳам гол урган, тўғри, унда жамоаси 1:3 ҳисобида ютқазганди. Аслини олганда, Бэйлнинг янада ёрқинроқ тўп суришига жароҳатлар халақит берди, аммо ўша вақтдаёқ «Тоттенхэм» бағрида яна бир мега-юлдуз камол топаётгани тайин бўлиб қолганди.

4. Аарон Леннон

Леннон - «Лидс» АПЛ билан хайрлашиши олдидан клубни тарк этган футболчилардан бири. Эсингиздами, жамоа раҳбарияти ўшанда энг сара ўйинчиларини бирин-кетин сотганди. Ўта иқтидорли йигит Лондонга йўл олди ва бир уринишда «Тоттенхэм»нинг асосий аъзоларидан бирига айланди. Унинг айниқса, тезлиги ва рақиблар дарвозасига бутун 90 дақиқа давомида тўхтамай таҳдид солиши мухлисларга ёқиб тушди. Леннон фаол ҳаракатларига яраша етарлича гол урди. Дейлик, 2006 йили «шпорлар»  айнан унинг голи ҳисобига «Челси»ни енгишга муваффақ бўлишди. Ваҳоланки, «Тоттенхэм» нақ 16 йил давомида ушбу азалий рақиби курагини ерга теккизолмай қийналаётганди. Аарон лондонликлар сафидаги дастлабки икки мавсум якунида энг яхши ёш футболчи номига даъвогарлик қилдики, бу унинг катта саҳнага шиддатли тарзда кириб келганидан далолат беради. Аммо у ҳам ўз иқтидорини тўла очиб беролмади. Яъни кейинроқ анча сустлашган футболчини «Эвертон»га сотишди.

5. Деле Алли

Катта ишонч билан айтиш мумкинки, Деле Алли ўша Уэйн Руни давридан буён инглиз футболида бош кўтарган энг умидли ва истиқболли исътедоддир. Шундай экан, унинг ушбу рўйхатдан четда қолиши ақлга сиғмасди. Қаранг, Деле дебют мавсумига буюклик тамғасини босди. Дейлик, англиялик ярим ҳимоячилар орасида тўпурар бўлибгина қолмай, жамоа голеадори Гарри Кейн билан ажойиб ҳамкорлик қилди. Унинг ижросидаги 7та голга ассистент бўлгани барчасига далолат. Умумий статистикаси ҳам ажойиб - «Тоттенхэм» клуби ва Англия миллий жамоаси учун 15та гол ва 9та самарали «пас». Муҳими, у ҳар бир баҳсда ўз жамоасига наф келтириш уддасидан чиқди, шунингдек, ҳали ёш бўлишига қарамай, ишга профессионалларча ёндашуви билан яққол ажралиб турди.

FootballHD.ru - А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:17, 30.05.2016.
Ўқилди: 3374 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.