Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Антони Мартиаль: «Термада ҳали ўзлигимни топмадим»

Баҳо:
+ | -

Франция терма жамоасининг 20 ёшли ҳужумчиси Антони Мартиаль Евро-2016 гуруҳ босқичи ўйинларида ўртача таассурот уйғотди. Мисол учун, у албанлар билан баҳсдаги хатти-ҳаракатлари билан кўплаб мухлислари ҳафсаласини пир қилди. Бироқ Антони Мартиаль ва унинг потенциал имкониятини яхши биладиганлар сабр қилиш лозимлигини таъкидлашди. Умумий хулосага кўра, ёш иқтидорнинг миллий жамоа руҳига сингиб кетиши учун озгина вақт керак, барибир. Эсингизда бўлса, аввалги ёз Антонининг «Монако»дан «Манчестер Юнайтед» сафига ўтиши чинакам «бомба» трансферга айланганди. Ахир инглизлар 19 ёшли йигитчанинг трансфер ҳуқуқи учун 50 миллион евро тўлашдан тийилишмади. Боз устига, «қизил иблислар» Монте-Карло клуби ғазнасига яна 30 миллион тўкишади, агарда маълум шартлар бажарилса: 1. Қўшимча 10 миллион - 4 мавсумга мўлжалланган шартнома остига имзо чеккан Мартиаль «МЮ»нинг расмий ўйинларида 25та гол урса; 2. Қўшимча 10 миллион - Франция миллий жамоасида 25 марта майдонга тушса (ҳар бирида камида 45 дақиқа ўйнаши лозим); 3. Қўшимча 10 миллион - «Олтин тўп» соврини учун даъвогарлар рўйхатига кирса. Айнан шу учинчи шартнинг ҳаётга мувофиқ келиши учун Антони Европа чемпионатида ёрқин нур сочиши керак. Аммо Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам ҳозирча 20 ёшли ҳужумчига тўлиқ ишонишга тайёр эмасдек. «Антони кўп жиҳатдан табиатан кучли ва юксак иқтидор билан сийланган. Энди барчамиз унинг шу иқтидорни тўла-тўкис ишга солишини сабрсизлик билан кутамиз, - дейди Франция терма жамоаси собиқ аъзоси Сабри Ламуши. - Лекин йигитча ҳали жуда ёш эканлигини ҳам унутмайлик. Бундай ёшда кучли босимга бардош бериш осон эмас. Шахсан мен Антонининг яқин вақт ичида ўзини баралла намоён этишига шубҳаланмайман». Бунга қўшимча қилиш жоиз, унинг ўзини кўрсатиши бевосита Дидье Дешамга ҳам боғлиқ. Яъни мураббий ихтиёридаги футболчиларни яхши ва ёмон ёки ёқимтой ва ёқимсизга ажратмаса, бас. Нима бўлишидан қатъий назар, айни пайт Мартиаль учун асосий ва бош критерия битта - ҳар бир муайян ўйинга шай туриш. Қани, ўқийликчи, Мартиалнинг ўзи Евро-2016 гуруҳ босқичи якунида берган интервьюсида нималар хусусида гапирганкин?

- Франция миллий жамоасида бир йил олдин дебют қилган эдингиз. Хўш, айни пайт термада ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?

- Тобора яхшироқ, аммо тан олиб айтишим жоиз, ҳали унинг тўлақонли футболчисига айланганимча йўқ. Энди гол уришни ҳам бошлашим керак ва имкон қадар ўйин вақтини кўпайтиришим зарур. Шунда ҳаммаси табиий равишда ривожланади, ишонч ўз-ўзидан ортиб боради. Мени қувонтираётган томони шуки, тажрибали футболчилар жамоага мослашишимда катта ёрдам беришяпти. Бу ғоят муҳим. Айнан илиқ муносабат туфайли ўзимни бегонадек ҳис қилмаяпман ва зиммамдаги вазифаларга ҳам хотиржамроқ қараяпман.

- Евро-2016да гол уришдан умидвор бўлсангиз керак (суҳбат аввалги ҳафта бўлиб ўтган)...

- Албатта, ҳар қандай футболчи каби мен ҳам рақиб дарвозасини нишонга олишни истайман. Бироқ шахсий кўрсаткичлар иккинчи даражали масала ҳисобланади. Зеро, терма жамоага имкон борича кўпроқ наф келтириш ва унинг ғалабасига сезиларли улуш қўшиш иштиёқи муҳимроқдир.

- Албания терма жамоасига қарши ўйин танаффусида сизни Поль Пог-ба билан алмаштиришди. Бир қарашда, Дидье Дешамнинг бу қароридан ранжигандек бўлдингиз...

- Ҳа, табиийки, ўйиннинг охиригача майдонда қолишни истагандим, аммо мураббий қарори муҳокама қилинмайди... Дарвоқе, фаолиятим давомида бу борада бир сафар хунук вазиятга ҳам тушганман. Яъни иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган бўлсамда, мураббийимиз орадан чамаси 25 дақиқа ўтгач, мени қайта алмаштирганди (Франция чемпионати доирасидаги «Нант» - «Монако» учрашувида шундай ҳолат кузатилган). Албатта, ўша пайт норози бўлиб, ғазабим қўзиган. Лекин ўйин видеоёзувини қайта томоша қилгач, мураббий тўла ҳақ бўлганини тушунганман. Чунончи, майдонда дарҳақиқат, ўта суст ҳаракатланган эканман. Айнан ўша вазият мен учун ўзига хос сабоқ вазифасини ўтаган.

- Ўтган йилнинг декабрь ойида обрўли совринни қўлга киритдингиз - Италиянинг Tuttosport газетаси сизни Европанинг 21 ёшдан кичик футболчилари орасида энг кучлиси сифатида эътироф этди. Айтганча, Лионель Месси, Уэйн Руни, Марио Гётце ва Поль Погба каби бугунги юлдузлар ҳам вақтида шу соврин лауреати бўлишган...

- Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Албатта, келажакда улардан-да юқорироқ даражага чиқишга интиламан. Яна тан олишим керак, мени эътироф этишган пайт футболда шундай соврин борлигидан бехабар эдим, аммо ўта бахтиёрлик ҳиссини туйдим. Тўғри, яна ўз жойида такрорлайманки, мен учун индивидуал совринлардан кўра, жамоавий ютуқлар анча муҳим саналади.

- Навбати билан Франция ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўйнадингиз. Мана, энди миллий жамоа аъзосисиз. Мамлакатнинг турли ёш тоифасидаги термаларида фарқ катта эмасми?

- Ўртада сезиларли тафовут бор, албатта. Лекин умумий ёндашув, муносабат қанчалик фарқланмасин, бош жамоада ўйнашни орзу қиладиган ҳар бир футболчи учун ёшлар термаларида тажриба ошириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Мисол учун, мен доимо Франция миллий жамоаси либосини кийишни ўйлаганман ва ўсмирлар ҳамда ёшлар таркибидаги даврлар бу орзу йўлидаги босқичлар вазифасини ўтаб берди. Энди асосий фарққа келсак, миллий жамоада барчаси анча жиддий.

- Бош мураббий - Дидье Дешам билан ўзаро муносабатларингиз қандай шаклланяпти?

- Эшитишимча, у буюк футболчи бўлган экан (Дешам жаҳон чемпионатида ғолибликни нишонлаган вақт Мартиаль 3 ёшли кичкинтой эди) ва шу боис, унга катта ҳурмат билан ёндашаман. Муҳими, Дидье ёш футболчиларни жуда яхши тушунади. Умуман, Дешамнинг маслаҳатлари ва ўгитлари шахсан мен учун жуда қадрли.

 - Қизиқ, Монакодан Манчестерга кўчиб ўтаётганингизда ҳам, у билан маслаҳатлашганмидингиз?

- Йўқ, биз асосан ўйин ҳақида суҳбатлашамиз. Яъни Дешам фақат футбол доирасида маслаҳат бериши мумкин.

- Европа чемпионатидек йирик турнир «заявка»сидан жой олиб, кейин захира ўриндиғида қолиш ақл бовар қилмас даражада алам уйғотса керак-ов...

- Йўқ, мени издан чиқаришга уринманг. Айни пайт умумий ҳолатни хотиржам қабул қиляпман. Ахир 20 ёшда 23талик рўйхатга киришнинг ўзи катта гап. Ўйнасам - нур устига аъло нур. Захирада ўтирибманми, демак, сабр қилишим керак. Зеро, ҳаммасини мураббий ҳал қилади.

- Дешам сизни асосан чап қанотга қўймоқда. Салоҳиятингизни марказий зонада ҳам синаб кўришни хоҳлармидингиз?

- Нима фарқи бор? Асосийси - майдонга тушиш ва ўйнаш. Эҳтимол, марказда ҳаракатлансам, кўпроқ гол урармидим...? Лекин мураббий мени қанотга қўймоқдами, демак, жамоага шу жойда керакман ва кўпроқ фойда беришим мумкин. Тўғри, ўз ўрнида очиқ айтаман, ўнг қанотда ўйнашни асло хоҳламайман. Чунки бу ерда ўзимни мутлақо ноқулай сезаман.

- Зайниддин Зидан сизнинг ёшингизда энди-энди «Канн»дан «Бордо»га ўтиш тараддудини кўраётган бўлган, Мишель Платини иккинчи дивизион, Франк Рибери эса ҳаттоки, учинчи дивизионда ўйнаган...

- Эҳтимол ўша вақтлар ёш футболчилар учун ҳозиргидек имкониятлар бўлмагандир. Балки селекционерлар ёш иқтидорларни топишда оқсагандирлар. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, битта факт бор: Платини ҳам, Зидан ва Рибери ҳам буюк футболчи сифатида кўплаб сов-ринларни ютишган. Мен ҳам кўплаб ёш футболчилар каби уларнинг йўлидан боришни хоҳлайман.

- Умуман, нима ҳақда орзу қиласиз?

- Имкон борича кўпроқ ғалаба қозонишни. Шунингдек, йил ўтгани сайин мукаммаллашиб боришим зарур. Акс ҳолда, футбол ўйнашдан қандай маъно бор?!

- Сизни кўпинча Николя Анелька билан қиёслашади. Бу ёқимлими?

- Ҳа, албатта. Бундай таққослашларга айнан Анелька услубига ўхшаш тарзда ҳаракатланишим сабаб бўлса, ажабмас. Дейлик, ўйин пайти тўпни олганим ҳамоно олдинга талпинаман. Лекин орамизда катта фарқ ҳам бор -  Анелька барчасини исботлаб қўйган буюк футболчи бўлса, мен энди шу йўл бошида турган йигитман. Унга ўхшашлик учун ҳали кўп нарсаларни кўрсатишим керак. Шундай экан, ўхшатишлар ҳозирча нисбийлик касб этади, холос.

- Футболдаги кумирларингиз...

- ...Зайниддин Зидан, Роналдо ва Роналдиньо. Айнан шу юлдузларга ҳавас билан боқиб, футбол ўйнай бошлаганман. Биласиз, Зидан ҳам, Роналдо ва Роналдиньо ҳам майдонда барчасини уддалардилар.

- Ҳозирги юлдузлардан-чи, кимни эътироф этасиз?

- Лионель Мессига тенг келадигани йўқ. У жаҳонда энг яхшиси! Леонинг жамоа учун қандай ўйнашига бир қаранг - фантастика.

- Камтарин йигитдек таассурот уйғотиш баробарида мақсади улкан ва иштиёқи кучли футболчидек кўринасиз.

- Футболда айнан камтар бўлиш керак - ўз манфаатингизни жамоаникидан устун қўймаслик учун. Лекин кучли истаксиз ҳеч нарса ютолмаслигингиз ҳам тайин!

- Ўтган мавсум «МЮ» учун 55та ўйинда 18та гол урдингиз. Шахсан ўзингиз якунни қандай баҳолайсиз?

- Турлича қараш мумкин. Клубимиз ЧЛдан гуруҳ босқичидаёқ чиқиб кетди, лекин биз шунинг баробарида келаси мавсум турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Шунингдек, Англия кубогини ютганимизни ҳам унутмаслик керак.

- Шахсий кўрсаткичларингиз-чи?

- Англия футболига секин-аста мослашяпман. АПЛдаги умумий ҳолатга гап йўқ. Доимо айнан шу лигада ўйнашни орзу қилганман. «Манчестер дербиси»га қаранг - майдонда фақат юлдузлар. Ҳар бир футболчи бундай ўйинда иштирок этиш ва ғалаба қозонишни орзу қилади.

- 18 ёшли Маркус Рашфорд сизни қария ўрнида кўрмаяптими?

- Йўқ. «МЮ»да ёш футболчилар кўп ва бу ҳолат алоҳида муҳитни таъминлайди. Рашфорд - қойилмақом йигит. Мана, бошқа футболчилар жароҳати туфайли юзага келган имкониятдан ажойиб тарзда фойдаланди.

- «МЮ» сиз учун «Монако»га 50 миллион евро тўлади, боз устига, яна бонуслар ҳам бор. Клубда шу қимматбаҳо шартномангизни эслатиб туришадими?

- Асло. Ҳарқалай, кийиниш хонасида бу мавзуда кимдандир бир оғиз гап эшитганим йўқ. Ҳа, трансфер нархи ўзимни ҳам унча ўйлантираётгани йўқ. Ота-онам эса умуман бошқачалар. Улар бошида шунчаки, «шок» ҳолатига тушиб қолишди, чунки маълум вақт атрофда фақат менинг шартномам ҳақида гапиришди, уни роса муҳокама қилишди.

- Ўтган йилнинг 12 сентябрь куни «МЮ»да дебют голингизни нишонладингиз.  Бу ҳозирча сиз учун энг ёрқин хотира бўлиб турибдими?

- Эҳтимол. Ўшанда манчестерлик мухлислар қаршисида илк марта намоён бўлдим. Улар мени умуман танимасдилар. Табиийки, бошида жуда ҳаяжонландим. Гол урганимда эса, чексиз қувонч ҳиссини туйдим. Ҳа, ўша вазият мен учун ҳозирча энг ёрқин лаҳзалардир...

- Фикрингизча, «МЮ»да қайси жиҳатлар бўйича яққол кучайдингиз?

- Жисмоний тайёргарлик томонлама ўзгариш катта. Эндиликда майдонда тўлиқ 90 дақиқа ўйнашим мумкин. Дейлик, «Монако»да одатда 60-70 дақиқалик ҳаракат билан чекланардим.

- «МЮ» афсонаси Райан Гиггзнинг эътирофи: «Мартиаль ижросидаги ўйин мен учун «янги қон томчиси»дек бўляпти». Бундай гапларни эшитиш ёқимлидир...

- Шубҳасиз. Албатта, билдирилаётган ишончга мувофиқ бўлишга интиламан. Ҳа, Англиядаги иккинчи мавсум мен учун биринчисига нисбатан оғир кечиши тайин. Лекин бундан ваҳимага тушмайман. Чемпионат бошланишига қадар эса терма жамоада ўзимни кўрсатишни хоҳлардим.

маълумот учун

Антони МАРТИАЛЬ

Туғилган санаси: 1995 йил 5 декабрь

Амплуаси: ҳужумчи

Клуби: «Манчестер Юнайтед»

Бўйи: 184 см. Вазни: 78 кг.

Ютуғи: Англия кубоги соҳиби

Франция терма жамоаси сафида 10 марта майдонга тушди

Манба: «ССФ»,

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:28, 04.07.2016.
Ўқилди: 2768 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.