Кириш Регистрация

Сардор Азимов: «Фидоий мухлислари бор жамоада ўйнаганимдан фахрланаман»

Баҳо:
+ | -

Бу йилги мавсум биринчи ярмини «Навбаҳор»да ўтказган ярим ҳимоячи Сардор Азимов биринчи давранинг кашфиёт футболчиларидан бири бўлди. Жорий йилги мавсумда олий лигадаги дебютини нишонлаган Сардор қисқа вақт оралиғида «Навбаҳор» жамоаси мухлисларининг ёқимтойига айлана олди. Ҳар доим хушчақчақ бўлишга одатланган ёш футболчи жамоадошлари орасида ҳам ҳурмат қозона олди. Бундан ташқари майдонда ҳам катта хажмдаги ишларни амалга ошириб, кўпчиликнинг эътиборини қозонди. Ҳуқуқий жиҳатдан «Бунёдкор» клубига тегишли бўлган Азимовни клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби ортга қайтаришга қарор қилишди. Шу сабабли, футболчи иккинчи даврага тайёргарликни «қалдирғочлар» билан биргаликда олиб бормоқда. Наманганлик мухлислар эса Сардорни «Навбаҳор»дан кетганлигини яхши бўлмади деб баҳолашмоқда. Ишқибозлар футболчи яна бир давра ўйнаганида, тажрибасини ошириб оларди. «Бунёдкор»да эса захирада қолиб кетиши мумкин деган фикрларни илгари суришмоқда. Хўш футболчининг ўзи бу борада қандай фикрда эканлигини билиш мақсадида Сардорга мурожаат қилдик. Суҳбатимиз чоғида нафақат юқоридаги масала билан боғлиқ балки бошқа бир қатор саволларга ҳам жавоб олдик. 
- Олий лигадаги дебют мавсумдаёқ мухлисларнинг эътиборини қозондингиз. “Навбаҳор”га келишдан олдин бундай бўлишини кутганмидингиз?
- Очиғини айтганда мавсум олдидан бундай бўлишини кутмагандим. Шундай бўлсада, “Навбаҳор”да чиройли ўйинлар намойиш этишни олдимга режа қилиб қўйгандим. Худога шукрки, мухлислар олдида уялиб қолмадим. Олий лигада дебют мавсумимни ўтказган бўлишимга қарамай кучли футболчилар орасида йўқолиб қолмаганимдан хурсандман. 
- Футболчи сифатида ортда қолган биринчи даврадаги иштирокингизни қандай баҳолайсиз?
- Биринчи даврадаги иштирокини яхши бўлди деб айта оламан. Юқорида айтиб ўтганимдек, олий лигада дебютимни нишонладим. Тўғрисини айтганда камчиликларим ҳам бор. Масалан ҳар бир ўйинда барқарорлик етишмади деб ўйлайман. Айрим учрашувларда чарчоқ аломатлари ҳам ўз сўзини айтди. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида машғулотларда тиним билмай тер тўкиб, кучли футболчи бўлиб етишиш учун ҳаракат қиламан.
- Жамоада бир қатор тажрибали футболчилар йиғилган бўлсада, қайд этилган натижа ижобий кўриниш олмади. Бунга сабаб нимада деб ўйлайсиз?
- Чинданам биринчи давра якунига кўра қониқарли натижани қайд эта олмадик. Ваҳоланки ўзингиз айтганингиздек таркибда тажрибали футболчилар сони кўпчиликни ташкил этганди. Сабаб сифатида аниқ бир гапни айтиш мушкул. Назаримда жамоага омад етишмади деб ўйлайман. Бир қатор учрашувларда “Навбаҳор”га омад етишмади. Футболда омад муҳим аҳамиятга эга эканлигини барча яхши билади. Бундан ташқари барқарорлик ҳам етишмади деб айтган бўлардим. Аксарият ўйинлар давомида дарвозалар олдида юзага келтирилган хавфли вазиятларни самарали якунлашда совуққонлик ҳам етишмади. Айнан шу жиҳатлар натижаларни ижобий кўриниш олмаслиги учун хизмат қилган бўлса керак деб ўйлайман. 
- “Навбаҳор”га Сизни ким таклиф этганди?
- “Навбаҳор” жамоасига Рашид Ғофуровнинг таклифига кўра келгандим. Рашид ака “Бунёдкор” академиясига қабул қилинган дастлабки кезларда бизга устозлик қилгандилар. “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида иш бошлаганларидан кейин Наманганга таклиф этдилар. Шу сабабли мавсум бошида “Навбаҳор” футболчисига айлангандим.
- Таклиф билан чиқилганида, дарҳол розилик бердингизми ёки иккиланиш бўлганмиди?
- Рашид ака таклиф этганликлари сабабли таклиф борасида ўйланиб ўтирмадим. Ёшлигимдан устозлик қилаётган мураббийга тўла ишонганим сабабли иккиланишларсиз розилик бергандим. 
- Сиз билан бирга жамоага чақирилган Нодир Мавлонов мавсум олди назорат ўйинларида ўзини кўрсатганди. Аммо, чемпионатнинг дастлабки туридан кейин футболчи руҳий томондан ўзини йўқотиб қўйди. Ёшликдан бирга тўп сурганингиз учун унга нима бўлганлигини яхшироқ билсангиз керак?
- Нодир Мавлонов қишки йиғин чоғида ташкил этилган учрашувларда чинданам ўзини кўрсатганди. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда мураббийлар дастлабки турда асосий таркибга киритишганди. Хабарингиз борки, биринчи турда Наманганда “Локомотив” жамоасини қабул қилгандик. Чемпионат очилиши ва кучли рақиб бўлганлиги сабаб ўйингоҳга кўп мингли сонли мухлислар ташриф буюришганди. Нодир ишқибозлар билан тўлиб тошган ўйингоҳда тўп суриб ўрганмаганлиги сабабли ўзини йўқотиб қўйди. Айнан шу жиҳат кейинчалик Мавлоновнинг ўйинларига ҳам салбий таъсир кўрсатди. 
- “Навбаҳор” мухлислар хусусида қандай фикр билдирасиз? Ҳар ҳолда талабчан мухлислар қаршисида тўп суриш осон эмас. 
- Наманганлик мухлисларни талабчан ва қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар ижобий натижа талаб қилишади деган фикрларни олдин ҳам эшитгандим. “Навбаҳор”га ўтаётганимда ҳам айримлар Наманганда яхши ўйнасанг ҳурмат қозонасан, аксинча бўлса буни акси бўлади деб айтишганди. Маҳаллий ишқибозлар ҳақида етарлича тушунчага эга бўлганлигим сабабли “Навбаҳор”га ўтаётганимда бу борада менда ҳеч қандай қўрқув ва хадик бўлмаган. Буни амалда ўзим синаб кўриб, катта тассуротлар олдим. Бир сўз билан айтганда “Навбаҳор” мухлисларига гап йўқ. Жамоа қаерда ўйнамасин қўллаб-қувватлаш учун доимо етиб боришади. Келгусида ҳам худди шундай бўлишига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Бундай фидоий мухлислари бор жамоада ўйнаганлигимдан фахрланаман. 
- Қисқа вақт оралиғида “Навбаҳор” етакчиларидан бирига айландингиз. Давралар оралиғида яна “Бунёдкор”га қайтдингиз. Бунинг сабаби нимада?
- “Бунёдкор”га қайтишимни ўзим ҳал қилганим йўқ. Барчага маълумки, “Бунёдкор” футбол клуби тарбияланувчиси ҳисобланаман. Шу сабабли, клуб билан амалдаги шартномам мавжуд. “Навбаҳор”да ижара асосида тўп сураётганлигим сабабли клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби мени “Бунёдкор”га қайтишимни исташди. Шундай экан, раҳбарият ва мураббийларнинг талаб ва истагини бажаришга мажбурман. 
- Ўзингизда мураббийларга айтиб яна бир давра “Навбаҳор”да тўп суриб тажрибани ошириш нияти бўлмадими?
- Ниятим бор эди. Лекин, юқорида айтиб ўтган сабаб туфайли ортга қайтдим. Умуман олганда қайси жамоада тўп суришимни фарқи йўқ. Асосийси ўйин амалиётига эга бўлсам бўлгани. Мақсадим кўпроқ учрашувларда майдонга тушиб тажрибамни оширишдан иборат. 
- “Бунёдкор”да рақобат кучли. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда иккинчи даврада захирада қолиб кетиб, ўйин амалиётини йўқотиб қўйишдан чўчимайсизми?  
- “Бунёдкор”га ўтишдан олдин захирада қолиб кетсам керак деган ҳаёлда ўтганим йўқ. Чунки, Сергей Лушанни яхши биламан. Ушбу мутахассис меҳнат қилган ва асосий таркибда майдонга тушишга ҳаракат қилган футболчига доимо имконият бериб келган. Келгусида ҳам худди шундай бўлади деб ўйлайман. 
- “Бунёдкор” ёзги танаффусга олий лига пешқадами сифатида йўл олди. Жамоанинг чемпион бўлиш борасидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- “Бунёдкор”да мавсум якунида чемпион бўлиш учун яхшигина имконият мавжуд. Жамоа иккинчи даврани ҳам худди биринчиси каби ўтказа олса якунда албатта мақсадга етилади деган умиддаман. Шундан келиб чиққан ҳолда бу йил “Бунёдкор” чемпион бўлади деган фикрни айта оламан. 
- Давралар оралиғида “Навбаҳор”ни бир қатор футболчилар тарк этди. Уларнинг ўрни эса муносиб футболчилар билан тўлдирилмади. Шундан келиб чиққан ҳолда иккинчи даврани “Навбаҳор”ни қандай жамоа сифатида кўряпсиз? 
- Ҳақиқатданам, жамоа билан бир қатор футболчилар хайрлашди. Лекин, “Навбаҳор”да бир инсон борки, ҳамма вақт жамоа билан бирга бўла олади. Гап Дилшод Жабборов ҳақида кетаётганлигини айтиб ўтиш жоиз. Дилшод ака ҳар қандай ёш футболчини ҳам олдинга ва ғалаба сари етаклай олиш қобилятига эга. Дилшод акага бу борада ишонаман. Айнан Жабборов етакчиликни қўлга олиб, жамоани ижобий натижалар сари ундайди деган умиддаман. 
- Кўпчилик жамоани биринчи лигага тушиб кетиш хавфи бор деган фикрларни ўртага ташламоқда. Бунга муносабатингиз қандай? 
- Бундай деб ўйламаган бўлардим. Шу сабабли, жамоа ҳали ўз сўзини айтади. Негаки, “Навбаҳор” кеча ташкил этилган клуб эмас. Ўзининг бой тарихига эга бўлган клубларимиздан бири саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда “Навбаҳор” олий лигадан тушиб кетмайди деб айта оламан. Бир қатор футболчилар жамоадан кетишган бўлсада, “Навбаҳор”ни Дилшод Жабборов, Акрам Баҳриддинов, Тоҳир Шамсиддинов, Аъзам Алиев каби ўйинчилар ташлаб кетишгани йўқ. Айнан уларнинг тажрибалари жамоанинг фойдасига хизмат қилади деган умиддаман. Билишимча, жамоага иккинчи даврада олий лигада қолиш вазифаси қўйилса керак. қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар кучлилар сафидаги юришини давом эттиради. Сабаби, “Навбаҳор”нинг ажойиб ва талабча мухлислари бунга йўл қўйишмаса керак. Улар ўзларининг қўллаб-қувватлашлари билан футболчиларга далда бўлишади. Айнан ишқибозларнинг қўллаши самараси ўлароқ жамоани керакли очколарни қўлга киритишига ишонаман.
- Кўпчилик Сардор Азимовни футболга қай тариқа кириб келганлигини билмайди. Шу сабабли, футболга кириб келишингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
- Футболга кириб келишимга ота-онам сабабчи бўлишган. Улар улғайганимда спортчи, хусусан футболчи бўлишимни ният қилишганди. Ота-онамни футболга бефарқ бўлмаганликлари сабабли ҳам футболчи бўлишга қарор қилгандим. Миллионлар ўйини билан олти ёшимдан бошлаб шуғуллана бошлаганман. Футболнинг илк сирларини биринчи мураббийи Шуҳрат ака Бобоматовдан ўрганганман. 2008 йили “Бунёдкор” клуби мураббийлари водий бўйлаб сафар уюштириб, иқтидорли футболчиларни саралаб “Бунёдкор” академиясига таклиф этишганди. Андижонда бўлиб ўтган танловда ҳам қатнашганимдан кейин Сергей Лушанни ўзи Тошкентга таклиф этганди. “Бунёдкор” академиясига қабул қилинган дастлабки икки ой давомида Сергей Иванович қўл остида шуғулланганман. Кейинчалик футболчилар ёшларига қараб гуруҳларга ажратилган. Аввалига Артур Ҳайитов мураббийлик қилганди. Маълум вақтдан кейин эса гуруҳимизга Рашид Ғофуров устозлик қилганди. Ғофуров қўл остида шуғулланганим сабабли “Навбаҳор”га ўтганлигимни юқорида айтиб ўтдим. 
- Яқинда якунига етган Евро-2016 мусобақасини кузатганлигингиз аниқ. Европа чемпионатидан қандай тассуротлар қолди ва қайси терма жамоага мухлислик қилдингиз?
- Франция майдонларида бўлиб ўтган Европа чемпионати баҳсларини катта қизиқиш билан кузатдим. Мазкур мусобақада учта терма жамоага мухлислик қилдим. Германия, Италия ва Португалия терма жамоалари иштирокидаги учрашувларни бошқача қизиқиш билан кузатдим. Чемпионат бошланиши арафасида Германия терма жамоасини чемпион бўлиш имкониятлари юқори деб баҳолагандим. Аммо, якунда Португалия терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди. 
- Суҳбатимиз сўнггида айтар сўзингиз борми?
- “Навбаҳор”да ўйнаб мухлислар эътиборини қозонишимга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Рашид ака Ғофуров, Александр Волков ва мураббийлар штабида иш юритган барча мутахассисларга катта раҳмат айтаман. Биринчи давра давомида “Навбаҳор”да тўп суриб, тажрибамни оширганим учун клубда хизмат қиладиган барча ходим ва ишчиларга ҳам миннатдорчилик билдириб ўтаман. Уларнинг менга бўлган муносабатларини бир умрга унутмайман.

Маълумот учун: Сардор Азимов, 1995 йилнинг 1 июн санасида Андижон вилоятига туғилган. «Бунёдкор» футбол клуби тарбияланувчиси. 2016 йилга қадар «Бунёдкор» клубининг ёшлар жамоалари сафида тўп сурган. Жорий йилги мавсум биринчи ярмини «Навбаҳор»да ижара асосида ўтказиб, олий лигадаги дебютини нишонлади. Мавсум биринчи ярмида «Навбаҳор» сафида 13 та ўйинда иштирок этиб, 968 дақиқа давомида майдонда тўп сурган.

Шавкат Содиқов суҳбатлашди.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 15:33, 26.07.2016.
Ўқилди: 3739 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.