Ушбу клублар совринли ўринлардан бирини эгаллаши кутилаётган «Насаф»га етарлича ташвиш туғдирмоқдалар. Аввалги турда қаршиликлар «Қизилқум» меҳмони бўлишди. Олтита гол урилган ўша учрашувда жанговар дуранг қайд этилди. Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда Шаҳбоз Эркинов томонидан киритилган тўп «Насаф»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Биз мазкур учрашувдан сўнг ўйин қаҳрамонларидан бирига айланган ҳужумчидан интервью олдик.
– Шаҳбоз, «Қизилқум»га қарши учрашув драматик кўриниш олди. Олтита гол урилган баҳсда ғолиб аниқланмади. Бу сизлар учун кутилган ўйин бўлдими ёки навоийликлар бироз ҳайрон қолдиришдими?
– Мезбонлардан худди шундай шиддатли ўйин кутган эдик. Мураббийимиз баҳс олдидан кўрсатма бериш чоғида айтганидек, майдон эгалари асосан узун тўп узатишлар ва стандарт вазиятларга таяниб ҳаракат қилишди. Бунинг натижасида дарвозамиздан жой олган учала тўп ҳам стандарт вазиятдан сўнг киритилди. Қолаверса, ҳисобнинг бундай кўриниш олишига ўзимиз ҳам сабабчи бўлдик. Ҳисоб 2:0 бўлиб турган бир пайтда хотиржамликка берилдик шекилли, оқибатда кетма-кет учта тўп ўтказиб юбордик. Яна бир жиҳат эътиборимдан четда қолмади: бу йил иккинчи маротаба «Қизилқум»га қарши сафарда ўйин ўтказган бўлсак, ҳакамлар бизнинг дарвозамиз томон учта пенальти белгилашди.
– Одатда ҳакамлар масаласи футболчилар ёхуд мураббийлар томонидан муҳокама қилинмайди. Лекин реал олганда, «Қизилқум»га қарши учрашувда ҳакам ўйин натижасига таъсир ўтказдими?
– «Қизилқум»нинг ҳужумкор футболчилари пенальти ишлашга уста эканлар. Бу ҳам бир маҳорат бўлса керак (кулади). Умуман олганда, бу масала бўйича мендан эмас, мутахассис ва мухлислардан сўраш керак. Агар ҳакам таъсир ўтказди, десам ўзи ва жамоасини оқлаяпти, деб ўйлашлари мумкин. Баҳона тайер, дейдиганлар ҳам топилади. Менинг фикрим аҳамиятли эмас, яхшиси, оқилона баҳони учрашувни стадиондан туриб бевосита томоша қилган мухлислар беришсин. Шу ўринда яна бир нарсани айтишни истардим, агар ўзимиз энг яхши ўйинимизни намойиш этганимизда, ҳакамлар тўғрисида ортиқча гап-сўзга ҳожат қолмасди. Бошқа томондан, бундай шиддатли кечадиган баҳсларни бошқаришда ҳакамлар ҳам қийинчиликларга дуч келишади.
– «Қизилқум» билан ўйинда бир очкога эга бўлдингларми ёки икки очко йўқотилдими?
– Рақибга ҳурматни сақлаган ҳолда шуни айта оламанки, ўша учрашувда икки очко йўқотдик. Тўғри, қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни тенглаштирдик. Лекин охирги сониягача ғалаба қозониш ҳақида ўйлаб, ҳужумга интилдик. Мураббийларимиз ҳам бизни бутун ўйин мобайнида фақат олдинга чорлашди.
– Қўшимча бўлимда гол урдингиз…
– Керакли пайтда, керакли жойда пайдо бўлдим. Бу вазиятда омадим келгани ҳам бор гап.
– Кўз тегмасин, сўнгги ўйинларда майдонни голсиз тарк этмаяпсиз. Геннадий Красницкий номидаги юзлик клубига ҳам қўшилдингиз. Шаҳбоз Эркинов ўз ўйинини топиб олди, десак бўладими?
– Шукрки, омадим келяпти. Мени бир муддатга тарк этган омад қушини тутиб олгандекман. Лекин ҳали охиригача ўз ўйинимни топдим, дея олмайман. Умуман, бу нарсага мутахассис ва мухлислар баҳо беришгани маъқул. Ўзим ҳақимда гапиришни унча хуш кўрмайман. Аммо Красницкий клубига аъзо бўлганимдан жуда хурсандман. Шу тариқа орзуларимдан бири ушалди.
– Бундай ҳолат, яъни узоқ муддат давом этган голсиз сериянинг юзага келишини нима билан изоҳлайсиз?
– Ҳар доим турлича вазиятлар бўлган. Қаердадир хотиржамлик етишмаган, бошқа сафар ана шу хотиржамлик кўпайиб кетган. Сўнгги ўйинларда кўп интиляпман, изланяпман, қулай вазиятларни юзага келтиришда бевосита иштирок этяпман, тўп келишини эса кутмаяпман. Энг асосийси, голни ҳис қиляпман. Менимча, муваффақиятимнинг сири ҳам шунда бўлса керак.
– «Машъал»дан кетишингизга нима сабаб бўлганди? «Насаф» варианти қаердан пайдо бўлди?
– «Машъал» билан ёзги ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаётган пайтимда менга «Насаф» жамоаси раҳбариятидан қўнғироқ қилишди. Ўша суҳбат сўнгида учрашув белгиладик. Келишувга кўра, Тошкентда учрашдик. Менга шахсан жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг ўзи қизиқиш билдираётганини айтишди. Агар ўзимда «Насаф»га ўтиш истаги бўлса, «Машъал» раҳбарлари билан ўзлари масалани ҳал қилишларини билдиришди. Шу тариқа, Қаршига келдим, бош мураббий билан суҳбатлашдим ва «Насаф»га ўтишга розилик бердим.
– «Машъал» раҳбарлари сизни осонликча қўйиб юборишмагандир?
– Улар билан ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Менимча, бундан кейин ҳам бўлмаса керак. Муборакдагилар билан дўстона руҳда хайрлашдик. Клуб раҳбарияти ҳам, мураббийлар штаби ҳам танловимни тўғри қабул қилишди. Учрашув сўнгида бир-биримизга омад тиладик.
– «Насаф»даги ҳозирги ҳолатингиздан кўнглингиз тўқ, шундайми?
– Тўлиқ тўқ, дея олмайман. Ҳаётда максималист бўлишни хоҳлайман. Боиси, шундай тарбия олганман. Ҳали олдинда муҳим учрашувлар кўп. Қолаверса, бизни кубок финали ҳам кутиб турибди. Насиб қилса, бу саволингизга мавсум охирида жавоб бераман.
– Чемпионатнинг қолган ўйинлари шиддатли кечиши аниқ. Ғалвир сувдан кўтариладиган фурсат етиб келди. Бу учрашувларга тайёрмисизлар?
– Ҳа, бундан буён 6 очколик ўйинлар ўтказилади. Мазкур баҳсларга тайёргарлик кўряпмиз. Энг асосийси, футболчиларда жароҳат бўлмасин.
– Учинчи ўринни сақлаб қолиш учун имкониятинглар етарлими?
– Ҳозир энг асосийси, кейинги ўйинларда очко йўқотмаслик ҳақида ўйлаяпмиз. Табиийки, жамоаларнинг қайси поғонани эгаллашганини фақатгина мавсум якунида билиб олишимиз мумкин. Олдиндан башорат қилиш қийин. Чунки қолган ўйинлар, юқорида айтганимдек, 6 очко учун кечади.
– Бу йил ҳам Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи баҳсида ўйнайсизлар. Финалда имкониятлар деярли тенг бўлади, дейишади. Бу фикрга қўшиласизми?
– Албатта, қўшиламан. Ҳақиқатан ҳам, жамоаларнинг имкониятлари тенг. Битта ўйиндан иборат учрашувларда биргина хатонинг ўзи ҳам мағлубиятга элтиши ҳеч гапмас. Умуман, ўша пайтда яхши тараддуд кўриб, руҳий ва жисмоний томондан ўйинга тайёр бўлган жамоанинг ғалаба қозониш имконияти кўпаяди, деб ўйлайман. Ахир кубок финали – мавсумнинг охирги ўйини. Бу учрашувда жамоалар борларини беришади, футболчилар жон-жаҳдлари билан ўйнашади. Мавсум бошидан то шу кунгача етиб келишнинг ўзи бўлмайди. Битта хато эвазига аламли мағлубиятни қабул қилиб олишни ҳеч бир жамоа истамайди. Ўйлайманки, ўша пайтга бориб айнан бизнинг тайёргарлигимиз оптимал ҳолатда бўлади ва биз ўз унвонимизни сақлаб қоламиз.
– Чемпионлик учун курашда қайси жамоанинг имкониятларини юқорироқ баҳолайсиз?
– Очколар орасидаги фарқни ҳисобга олсак, «Локомотив»нинг имконияти баландроқ, деб ўйлайман. Лекин «Бунёдкор» ҳам охиргача курашиши аниқ. Амалдаги чемпион – «Пахтакор» турнир жадвали ўрталарида бораётганига қарамай, чемпионлик учун курашаётган ҳар икки клубни ҳам мағлубиятга учратишни уддалади. Менимча, бу икки жамоа ҳали яна очко йўқотишади. Чунки олий лигада жон сақлаб қолишга интилаётганлар ҳам сўнгги учрашувларда кучли ўйин намойиш этишади. Бевосита «Насаф»га келсак, қолган ўйинларда максимал даражада очко жамғаришимиз шарт. Акс ҳолда, бизни таъқиб этаётган жамоалар анча яқинлашиб олишади.
– Миллий жамоамизни олдинда иккита муҳим уй учрашуви кутиб турибди. Эрон ва Хитой термаларига қарши ўтказиладиган бу ўйинлардаги имкониятларимизни қандай баҳолайсиз?
– Кўз тегмасин, бош жамоамиз учинчи саралаш босқичини жуда яхши бошлади. Насиб қилса, саралаш босқичининг охиригача шундай бўлиб қолади. Ҳозиргача учинчи саралаш босқичини бу қадар муваффақиятли бошламагандик. Кетма-кет иккита ғалаба ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади. Бевосита гуруҳда ўтказилган дастлабки ўйинларга тўхталсам, ҳаяжон жуда кучли эди. Бу ҳолат футболчиларда яққол сезилиб қолди. Иккала учрашувда ҳам йигитлар фақат натижа учун ўйнашди. Шунинг учун ҳам ўйин чиройли кўриниш олмади. Лекин асосийси, 3 очко қўлга киритилди. Ҳозир бизга айнан шу нарса муҳимроқ. Чунки жозибали хатти-ҳаракатлар узоғи билан икки ҳафтада мухлислар ёдидан кўтарилади. Натижа эса бир умрга тарихга муҳрланади. Шахсий фикрим, гуруҳнинг кейинги ўйинларида футболчиларимизга нисбатан осонроқ бўлади. Улар стартдаги ҳис-ҳаяжонни енгиб ўтишди, деб ўйлайман. Менимча, Эрон ва Хитой термаларига қарши ўтказиладиган икки ўйин гуруҳимизда жуда кўп нарсага ойдинлик киритиб беради: шу тариқа ким қандай кучга эга-ю, жаҳон чемпионатига чиқишга ким ҳақли эканлигини билиб оламиз. Насиб қилса, 6 ва 11 октябрь кунлари ўтказиладиган баҳсларда 6 очко олиб, якунда албатта, ЖЧ-2018га ҳам чиқамиз. Терма жамоамиздаги барча шуни хоҳлаяпти, бу яққол кўриниб турибди. Истак бор жойда эса, натижа ҳам бўлади. Бутун ўзбек халқи термамизнинг узоқ кутилган мундиал йўлланмасини қўлга киритишини истаяпти.
– Термамиз ҳужум чизиғида ўзига яраша муаммолар борлигини инобатга олсак, сизда ҳали бош жамоадан чақирув олиш имконияти мавжуд. Кун тартибингизда бу масала ҳам борми?
– Албатта. Ҳар бир футболчи бош жамоадан чақирув олиш учун астойдил ҳаракат қилади. Кўпчилик қатори миллий термамиз либосини кийиш менинг ҳам орзум. Насиб қилса, бир кун келиб ниятимга етаман. Соғлиқ жойида бўлиб, мавсумни жароҳатсиз ўтказсам, голлар уриб турсам, орзум рўёбга чиқишига ишонаман.
– Отангиз илк мухлисингиз ва шу билан бирга биринчи танқидчи ҳамда таҳлилчингиз бўлсалар керак?
– Отам нафақат илк мухлисим, балки биринчи мураббийим ҳамдирлар. Ҳам ҳаётда, ҳам футболда отамга ўхшашга ҳаракат қилганман. Сиз айтгандек, улар менинг биринчи мухлисим ва танқидчимлар. Ҳар бир учрашувдан сўнг ўйинимни таҳлил қилиб берадилар. Қаерда хатога йўл қўйдим, қайси вазиятда нотўғри ҳаракат қилдим, ҳамма-ҳаммасини айтадилар. Нафақат айтадилар, балки кейинчалик бу хатоларни такрорламаслик учун нималарга эътибор беришимни ҳам уқтирадилар. Маълум сабаблар билан ўйинимни кўра олмасалар, ўша учрашув ёзилган дискни олиб келиб бермаганумча тинч қўймайдилар. Бир сўз билан айтганда, ўртамизда ҳамиша футбол муҳокамаси, мунозара ва таҳлили бўлиб келган.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Манба : “Интерфутбол” газетаси