1992 йилнинг ёзида Швецияда IX Европа чемпионати бўлиб ўтди. Сўнгги маротаба 8 та терма жамоа иштирокида ўтган бу мусобақа аввалгиларидан тубдан фарқ қилмаслиги, олдиндан кутилганидек, Европанинг биронта гранд терма жамоаси ғалабаси билан якунланиши ҳам мумкин эди. Ҳа, мумкин эдию, лекин бунинг акси бўлиб чиқди. Бунинг сабабчиси эса чемпионатга кетаётган “поездга” сўнгги палладагина чиқиб олган Дания терма жамоаси эди....
Ҳаммаси кутилмаган қарордан бошланди. Европа саралаш мусобақасининг 4-гуруҳида Югославия термаси ғолиб чиққан эди, данияликлар эса 1 очко фарқ билан иккинчи ўринда қолишганди. Югославияда рўй бераётган уруш туфайли БМТнинг ушбу давлатга қўйган сиёсий санкцияларига асосланиб, Европа чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолганда УЕФА қарор чиқарди: Югославия терма жамоаси Европа чемпионатида қатнашишдан четлатилсин, унинг ўрнига эса Дания термаси мусобақада иштирок этади. Тамом-вассалом. Қарор қатъий, шикоятга ўрин йўқ.
Бу маҳалда Дания термаси футболчиларининг деярли барчаси дам олиш учун курортларга сочилиб кетишганди, терма жамоа мураббийи Рихард Меллер-Нильсенга миллий футбол федерациясидан қўнғироқ қилиб ушбу хабарни етказишганида, у уйида ошхонасини бамайлихотир таъмирлаётган эди.
Зудлик билан терма жамоа аъзоларини жамлашга киришилди, футболчиларни мусобақага тайёрлаш ҳақида эса гап бўлишиям мумкин эмасди. Чемпионатда совринли ўринлардан бирини эгаллашига данияликларнинг ўзлариям ишонишмасди. Яққол фаворит – бу мураббий Мишель Платини бошчилигидаги Франция термаси эди: саралаш босқичида 8 та ўйинда 8 та ғалаба, тўплар нисбати 20-3. Совриндорлар қаторида тўрт йил аввалги таркиб ўзагини сақлаб қолган голландияликлар, ҳар галгидек немислар, охирги жаҳон чемпионатида ярим финалгача етиб борган инглизлар номи тилга олинарди.
Чемпионатни данияликлар ҳеч қандай сенсациясиз бошлашди. Англия билан 0-0 ҳисобида дуранг, Швеция термасидан 0-1 ҳисобидаги мағлубият ва буёғига уйга кетишга тайёрланаверсаям бўлади. Учинчи турда уларни Франция термаси кутиб турарди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, французлар мусобақада фаворит эдилар. Гуруҳдаги вазият эса данияликлар кейинги босқичга чиқишлари учун фақат ғалаба қозонишларини тақозо этарди. Йўқотадиган ҳеч нарса йўқ эди ва Дания “динамити” шу ерда чин маънода портлади. Франция билан ўйин уларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Тажрибали Брайан Лаудруп жамоа ўйинида мисоли “дирижёр” эди, Поульсен, Йонсен, Ларсен ғалаба “калити”ни рақиб дарвозаси томонда излардилар. Тезкор ҳужумлардан бирида тўп бўш зонада қолган Хенрик Ларсенга келиб тушди ва у дарвозанинг юқори бурчагига тўпни кучли зарб билан йўллаб ҳисобни очди.
Голдан руҳланган данияликлар рақибларига нисбатан бутун майдон бўйлаб прессинг қўллай бошлашди, тажрибали Жан-Пьер Папенга тўп умуман етиб келмасди, Эрик Кантонани эса изма-из таъқиб қилардилар. Барибир тажриба ўз сўзини айтди, 61-дақиқада французларнинг қарши ҳужумлардан бирида ўнг қанотдан узатилган тўпни Кантона Папенга моҳирона ташлаб берди, у эса дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди, 1-1. Бу ҳисоб Дания термасини асло қониқтирмасди. Яна ҳужумга ўтилди. 78-дақиқада француз футболчиси чап қанотда тўпни олдириб қўйди ва данияликлар кўпчилик бўлиб олдинга ташланишди. Қанотдан узатилган тўпни таъқибсиз қолган Ларс Эльструп астагина дарвозага йўллаб қўйди, 2-1. Дания терма жамоаси ярим финалда чиқди.
Данияликлар учун ярим финалга йўл очиб берган Эльструп урган голидан 10 дақиқа олдин майдонга тушганди, аслида ярим ҳимоячи Ким Вилфорт ўз ўрнида қолганида у умуман ўйнамаслиги ҳам мумкин эди. Ўша чемпионат пайтида барчанинг эътибори Вилфортга қаратилганди: Данияда унинг кичкина қизчаси қон саратонига чалиниб оғир аҳволда ётган эди. Франция билан ўйиндан олдин қизчанинг аҳволи янада оғирлашди ва Вилфорт ватанига кетишга мажбур бўлди. Шу сабабли унинг таркибдаги ўрни бўшади ва унинг жойида Хенрик Ларсен бошланғич таркибда майдонга тушди, Эльструп учун эса заҳирадан таркибга қўшилишга имконият пайдо бўлганди. Гарчи қизчасининг аҳволи яхшиланмаган бўлса ҳам Ким Вилфорт Голландия термасига қарши ярим финал ўйинига яна қайтиб келди ва Хенрик Ларсен билан биргаликда биринчи дақиқадан бошлаб таркибда тўп сурди.
Дания-Голландия. Европа чемпионатлари тарихида классик ўйиннинг ёрқин намунаси бўлган матч. Дания термаси ўша пайтдаги қитъанинг энг кучли терма жамоалардан бирига рўбарў келди. Голландияликлар сафида ёрқин юлдузлар – Гуллит, Ван Бастен, Райкаард, Рональд Куман ҳамда келажаги умидли деб баҳоланаётган Бергкамп, Франк де Бур каби ёш истеъдодли футболчилар тўп суришарди. Данияликлар рақибдан тортинмасдан ўйин бошиданоқ ҳужумга ташланишди. Тиниб-тинчимас Хенрик Ларсен 5-дақиқада ўнг қанотдан Лаудруп узатган тўпни боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни очди. Деннис Бергкамп тезда ҳисобни тенглаштирган бўлса-да, орадан 9 дақиқа ўтар-ўтмас яна ўша Ларсен данияликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, 2-1. Иккинчи таймда уларнинг кетма-кет тезкор ҳужумлари ўзларини бироз чарчатиб қўйди, чемпионатга етарли жисмоний тайёргарлик кўрилмагани шу ерда сезилиб қолди. Ташаббус голландияликлар қўлига ўтди.
Тайм ўрталарида эса ўйин деярли 10 дақиқага тўхтаб қолди, аслида бундай паузанинг умуман бўлмаганиям маъқул эди: Дания термаси жарима майдончасида Ван Бастен ва ҳимоячи Хенрик Андерсен тўп учун курашишарди, бир зумга уларнинг оёқлари тўқнашиб кетди ва... стадион Андерсеннинг ваҳимали бақиришидан ларзага келди. Йирик планда унинг оёғи кўрсатилди: гетриси орасидан синган суяклари чиқиб турарди. Даҳшатли манзара. Футболчига оғриқни қолдирувчи уколларни қилиб уни майдондан олиб чиқиб кетдилар. Ўйин давом эттирилди. Голландия термаси рақиб дарвозаси томон ҳужумларни тўхтатмасди, голнинг ҳиди келиб турарди. Ва ниҳоят Франк Райкаард асосий вақт тугашига 4 дақиқа қолганида Петер Шмейхель дарвозасига жавоб тўпини киритди, 2-2.
Қўшимча вақт голландияликлар устунлигида ўтди, тўп эса ҳечам дарвозага кирмасди. Дарвозабон Шмейхель фантастик ўйин кўрсатарди. Пенальтилар сериясигаям етиб келинди. Тўпга яқинлашганлар бехато тепишарди. Голланд афсонаси Ван Бастен эса... Марадона, Зико, Платини каби омадсиз пенальтичилар рўйхатига ўз номини ёздириб қўйди. Сўнгги ва ҳал қилувчи зарбани Кристофте аниқ бажарди. Дания - финалда!
Финалда Дания термаси энди фаворит эди. Гётеборгдаги “Уллеви” стадионига бутун Дания кўчиб келгандек эди гўё. Немислар эса гуруҳдан аранг чиқиб, чемпионлик унвонига асло тортишмасди. Данияликлар яна учрашувни кескин ҳужумлар билан бошлашди. 19-чи дақиқада Йон Йенсен ўнг қанотдан шериклари узатган тўпни олис масофадан кучли зарб билан рақиб дарвозасининг юқори бурчагига “михлади”. Вақт ўтиб борарди, германияликлар эса вазиятни ўнглашнинг уддасидан чиқа олишмасди. Тажрибали Клинсман, Эффенберг, Ридле, Хесслернинг ўткир ҳужумлар ташкил этишга қилган ҳаракатлари самара бермасди, улар кўплаб хатоларга йўл қўярдилар, данияликлар эса уюшқоқлик билан жамоавий тезкор футбол намойиш этардилар. Мўъжиза ҳақиқатга айланиб бораётганини барча ҳис этиб турарди. Ўйин тугашига 11 дақиқа қолганида Ким Вилфорт немисларнинг 2 та ҳимоячиси орасидан тўпни дарвоза томон йўллади, тўп устунга тегиб оҳистагина дарвоза чизиғини кесиб ўтди, 2-0. Бу данияликларнинг ғалабасини билдирарди. Ўйиндан кейин Вилфорт кўз ёшларини яшира олмасди...
Финалдан кейин эса бутун Данияда байрам бошланиб кетди. Европа чемпионларини Копенгаген кўчалари бўйлаб миллионлаб мухлислари олдида олиб ўтишди. Хенрик Анденсен гипсланган оёқлари билан махсус ўриндиқда ўтириб, қўлларини кўтарганича ватандошларини олқишларди. Қитъа ғолиблари миллий қаҳрамонлар даражасига кўтарилдилар, данияликлар ўзларини энг бахтли инсонлардек ҳис этардилар. Ким Вилфортнинг қизчаси эса... отаси финалда ғалаба тўпини киритганидан кейин бир ой ўтиб оламдан кўз юмди...
Машҳур эртакчи Ханс-Кристиан Андерсен ватандошларининг 1992 йил ёзида бутун Европа аҳлига ҳавола этган футбол “эртаги” шу тариқа якун топди.
Н.МИРХОДИЕВ