Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Захира ўриндиғидаги изтироб

Баҳо:
+ | -

ёхуд ўйин ташқарисида қолаётган ўйинчи

Ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун тинимсиз меҳнат, қунт, сабр-бардошдан ташқари, истеъдод ҳам керак.

Истеъдод бўлмаса, устанинг қилган ишида шакл бўлади, бироқ моҳиятни кўрмаймиз. Хусусан, футболчилар иқтидор борасида оқсоқ бўлса, энг яхши жамоада ўйнаса ҳам ўртамиёна спортчи бўлиб қолаверади.

Шундай футболчилар борки, улар ўйин пайтида бутун майдонни бошқаради, ўзининг тезкор ва ақлли ҳаракатлари билан ташаббусни ўз қўлига олади. Бундай спортчилар учун захира ўриндиғи дегани ёт тушунча. Улар фақат жароҳати ёки бошқа сабаблар туфайлигина бу «диққинафас» жойда қолиши мумкин.

Бироқ соппа-соғ, ажойиб истеъдодга эга спортчиларнинг майдонга тушишни орзу қилиб, бош мураббийнинг кайфиятига қараб ўтириши (яшаши) футболчини руҳан синдиради. Шу боис «миллионлар ўйини» устаси учун энг ёмон, энг оғир ҳолат — захира ўриндиғида ўтириш. Бахтга қарши, кимдир шу ўриндиққа ҳам ўтириши керак.

Кўпинча биз майдондаги футболчиларнинг хатти-ҳаракатига андармон бўламизу, аммо панада қолган, ўзини йиғлашдан базўр тийиб ўтирган футболчиларни ўйламаймиз. Захира ўриндиғида ўтириш қанчалар азоблигини тушунгимиз келмайди. Бу ҳам бир касалликка ўхшар экан-да: одамзод бошдан ўтказмай туриб, билолмас, ҳис этолмас экан...

Бир куни дўстларим билан бирга стадионга кечикиб бориб, кейинги жамоаларнинг сафига чақиришини кутиб ўтирдим. Узоқ кутдим. Шунда роса алам қилди: ич-ичимдан асов отдек ғайратим қайнаб турса-ю, майдонга отилиб тушолмасам...

Майдонда копток тепаётганлар кўзингизга азбаройи умрида биринчи марта тўп тепаётгандек кўриниб кетаркан шу чоғда. Қани, уларнинг даврасига тушиб, «Футбол аслида мана бунақа ўйналади», деб ўргатиб қўйсангиз...

Энди ўйлаб кўринг. Бу оддий бир ҳаваскор футболчида содир бўлаётган изтироб, кечинма, холос. Бутун борлиғини, ҳаётини футболга бахшида этиб, ўйинқароқ болалигидан воз кечган профессионал чарм тўп соҳиблари шунча йил футбол мактабларида таҳсил олиб, тинимсиз югуриб, ҳар бир машғулотда узлуксиз қатнашиб, яна мураббий эътиборидан четда қолиб кетаверса... Бошқа жамоага бош олиб кетай, деса, захира ўриндиғидаги футболчини ким ҳам ўз сафида кўришни истайди?

Бир-икки марта майдонга тушиб қолса, оғзи қулоғида, аммо ўйин тақдири ҳал бўлган: аксарият ҳолларда жамоаси ё муайян ҳисобда ютаётган ё ютқазаётган маҳали туширилади. Вақтни чўзиш учун! Кимдир «Ҳа, энди, дўстим, бу футбол-да, ҳамма нарса содир бўлиши мумкин. У шуниси билан ҳам қизиқ», дейиши мумкин. Лекин назаримда, бу гапга асло қўшилиб бўлмайди. Футбол нима бўлган тақдирда ҳам, аввало — ўйин! Инсон руҳияти, қалби эса ҳамма нарсадан устундир.

Хўш, сиз бунга нима дейсиз? Футболни озми-кўпми ўйнаб турган вақтларингиз захира ўриндиғида ўтирганмисиз ҳеч? Дилингиздан шу тобда нималар кечган? Аминманки, осон бўлмаган сизга ўшанда. Демак, захирадаги футболчиларга ҳам имкон бериш зарур. Улар ҳам ўзини кўрсатишга ҳақли. Бошқалардан кам жойи йўқ.

Хато дейсизми, бу — табиий. Тажрибаси йўқ-ку, ахир, матчни нуқул захира ўриндиғида кузатганидан кейин янглишади-да! Ҳаяжонни босиб олиш осонми минглаб нигоҳ қаршисида?! Бир нарса аниқки, уларнинг аксарияти сизу бизни — мураббийлар ва мухлисларни уялтирмайди. Аксинча, шунча пайт «асраб» ўтирганингиз учун ўзингиз хижолат бўласиз. Бунга фақат бироз вақт керак. 

Жавоҳир САМАНДАРОВ

Манба: "Оила даврасида" газетаси
Киритилди: 15:26, 27.10.2016.
Ўқилди: 10990 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.