Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Эл-класико» таҳлили: Аввалдан таслим бўлма

Баҳо:
+ | -

Футболда асосий ғоя – рақибни доғда қолдириш. Масала майдонда ҳал қилинса-да, кураш ўйиндан анча олдинроқ, мураббийнинг хонасидан бошланади. Рақибнинг заифлигидан устунлик учун фойдаланиш, устунлигидан эса заифлик ахтариш мураббийлар штабининг вазифаси. Футболчилар қанчалик маҳоратли бўлмасин, улар тактик кўрсатмага муҳтож. Айниқса, жамоавийликни майдондаги ижрочилар эмас, майдон четидаги мураббийлар таъминлайди. Футбол эса – жамоавий ўйин.

“Эл-класико”да бу жиҳат янада аҳамиятли даражага кўтарилади. Ўйиннинг мақоми унга “шунчаки навбатдаги бир баҳс” сифатида қарашга йўл бермайди. Сабабини жуда яхши биласиз.

Бу сафар “Барселона” ҳам, “Реал” ҳам катта футбол спектаклига юксак формада етиб кела олмади. Жамоаларнинг ҳар иккиси ҳам жароҳатлар исканжасида қолди. Бу борада “Реал”нинг ҳолати оғирроқ эди. Бэйл, Кросс, Моратанинг йўқлиги Зиданга етарлича бошоғри келтирди. Қолаверса, Зидан ғоясининг таянчи ҳисобланган Каземиронинг энди тузалиб сафга қайтгани ва ҳали юксак формага кириб улгурмагани ҳам муаммолар юкини оширди.

Зайниддин Зидан бу осон бўлмаган вазиятдан шакллантирилган барқарор ўйин эвазига чиқиб кетишга уриняпти. Шунинг учун қайсидир етакчининг йўқлигида унинг ўрнига тушган футболчи жамоани ортга тортгани йўқ. Мағлубиятсиз сериянинг умри эса узайиб боряпти.

“Реал” устози шу барқарор услубига таяниб, майдонга тушадиган асосий таркибни бир кун аввал эълон қилишдан ҳам чўчимади. У тактик юришни танланган таркиб орқали эмас, кўзланган мақсад ва қўйилган вазифа билан амалга оширишга уринди. Ҳозирги ҳолатда “Реал” устози ашаддий рақиб билан бўладиган биргина ўйин учун эмас, турнир жадвалидан келиб чиқиб тактика белгилаши керак эди. Минимал режа – орадаги фарқни сақлаб қолиш.

“Барселона”да вазият янада оғирроқ. Ёзги трансферлар орқали жамоага янги қон олиб кирмоқчи бўлган Луис Энрике ўзи истаган “олтин нуқта”ни топа олмаяпти. Жамоа барча турнирларда ғолибликка курашиши учун идеал ҳолатни шакллантириши керак. Бу ғоявий инқироз етакчиларнинг кетма-кет жароҳатлари билан қўшилиб, Энрикенинг сочидаги оқ толаларни кўпайтиргандан-кўпайтиряпти.

Бутун дунё кутадиган ўйинга икки жамоа ҳам шундай муаммолар гирдобида етиб келди. Шунинг учун ҳам бу сафарги “Эл-класико” анча хотиржам, эҳтиёткорона бошланди.

Ўйин аввалида жамоаларнинг қуйидаги таркиб ва схемада майдонга тушиши эълон қилинди.



“РЕАЛ”
Аслида икки мураббий ҳам чалғитувчи юришлар тайёрлаб қўйганди. “Реал” юқори прессинг қўллаш ва бу орқали “Барселона”ни қийин аҳволга солишга (“Ман Сити” ва “Реал Соседад” буни кўрсатиб берганди) уриниб кўриши мумкин эди. Аммо турнир жадвалидаги ҳолат бунга эҳтиёж туғдирмайди. Ўйиннинг юқори темпда кечиши фойдадан кўра зарарлироқ. Ҳар ҳолда баҳс “Камп Ноу”да ўтмоқда. Ўйин темпининг тушиши яраланган “Барса”нинг хотиржамликка берилишига олиб келади. Босимсиз ўйинда вазиятни идора қилиш осонроқ. Қолаверса, биргина қарши ҳужум ёки стандарт билан вазиятни ўз томонига оғдириш мумкин.

“БАРСЕЛОНА”
Энрике ҳамкасбининг услубидан хабардор. “Реал”нинг барқарор ўйинини бузиш учун у ўз жамоасининг услубини ўзгартиришга қарор қилди. Бунга юқорида саналган муаммолар ҳам сабабчи аслида. Майдон эгалари ўйинни юқорида келтирилган схемада бошламади. Бускетс таянч зонасида эмас, юқорироққа чиқарилди. Гомеш ва Ракитич эса орқароқда ўйнади. Бускетснинг одатий нуқтасидан тепароқда ўйнаши – унинг ҳужумларни бошлаб беришига эмас, кўпроқ рақиб таянч зонасида ўйнайдиган Модрич ва Ковачичнинг ҳужум бошлаб беришига халақит қилишга қаратилган эди. Шу жиҳатдан Серхио жуда катта ҳажмдаги ишни бажарди. Бускетснинг олдироққа чиқарилиши охирги вақтларда яхши формада бўлмаган Ракитич ва жуда оддий ўйин кўрсатиб келаётган (айниқса, Каталония жамоаси ярим ҳимоячилари учун) Гомешнинг асосий таркибга қўйилишига мажбурий чора эди. Лучо рақиб ўйинини бузиш учун анъанавий “Барса”ча ярим ҳимоя услубини қурбон қилди.

РАМЗИЙ ЯКУН
Шу жиҳатдан ҳар икки мураббий ҳам биринчи таймда кўзлаган мақсадига эришди. Бу тактик кураш биринчи голга қадар давом этди. Майдон эгалари ҳисобда олдинга чиқиб олгач, Энрике энди тўп назоратини кучайтиришга уринди, жароҳатидан тикланган Иниеста майдонга туширилди. Бускетс ўз таянч зонасига қайтди ва Андрес билан тўп назоратини қўлга олди. “Барселона” маълум лаҳза аввал кўриб ўрганганимиз ҳолига қайтгандек бўлди: майдон марказида тотал назорат ва рақибга босим. Бирин-кетин хавфли вазиятлар ҳам юзага келтирила бошланди. МСНнинг ҳар бири камида биттадан қулай имкониятни кўкка совурди.

“Реал” эса мураббий ўйин аввалида тузган режа бўйича ҳаракатланаверди. Зидан баҳсдан кейин таъкидлаганидек, вазифага юракдан ёндашилди. Бу ҳолда бир тўп фарқи бир лаҳзада йўққа чиқарилиши мумкин. Якунда шундай бўлди ҳам. Рамоснинг олтин боши Зидан жамоасига бу сафар ҳам кўзланган натижани тақдим этди.

Қизиқ, Рамос сўнгги дақиқаларда гол урган финалларда мадридликлар ғолибликни нишонлашган. Ла Лига чемпионлиги учун асосий курашда у яна жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Бу балки рамзий якундир. Балки айнан шу гол “Қироллик клуби”га узоқ кутилган Ла Лига чемпионлигини тақдим қилар?!

Мавсумнинг дастлабки “эл-класико”сида “Реал” муддатидан аввал таслим бўлмади ва бунинг учун рағбат топди. Энди худди шу ишни чемпионлик учун курашда “Барселона” бажариши керак. Луис Энрике буни шогирдларига сингдира оладими?

Лутфулло Турсунов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:28, 04.12.2016.
Ўқилди: 18495 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.