“Насаф” бу йилги ОЧЛ мусобақасини ўтиш босқичидан бошлашидан хабарингиз бор. Яъни, клубимиз мамлакатимиз футбол клублари орасида янги футбол мавсумини эртароқ бошлайди.
Жамоамиз 31 январ куни Осиё чемпионлар лигасининг ўтиш босқичида Бахрайннинг “Ал-Ҳидд” жамоасини қабул қилади. Учрашув “Бунёдкор” стадионида соат 16:00да бошланади.
Бахрайн мамлакати жамоалари юртимиз футбол клублари билан жуда кам учрашув ўтказишган. Бу билан ушбу мамлакат футбол жамоалари бизга унчалик маълум эмас. Аниқ қилиб айтадиган бўлсак, маълумотлар кам.
Биз қуйида бўлажак рақибимиз ҳақида умумий маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.
Клубнинг тўлиқ номи: “Ал-Ҳидд” спорт ва маданият клуби (AL HIDD (BHR)
Клуб раҳбари: Аҳмад Салмон Алмусаллам
Шаҳар: Мухаррақ шаҳри, Бахрайн
Ташкил этилган йили: 1945 йил
Стадиони: Бахрайн миллий стадиони, Ал-Рифа шаҳри, сиғими 35580 ўрин
Бош мураббийи: Исо Алҳамданий (Бахрайн)
Мусобақа: Баҳрайн премьер-лигаси (10та жамоа)
Лақаби: “цунами”
Баҳрайн премьер-лигаси 1952 йили ташкил этилган ва куз-баҳор тизимида ўтказилади. Лигада жами 10та жамоа иштирок этади. Охирги ўринни эгаллаган жамоа 1-лигага тушиб кетади. Амалдаги мамлакат чемпиони “Ал-Ҳидд” клуби ҳисобланади.
“Ал-Ҳидд” футбол клуби 1945 йилда ташкил этилган. Ўтган 2014/15 йилги Бахрайн премьер-лигасида ўз тарихидаги илк чемпионликни нишонлаган.
Бу йилги мавсумда 9та ўйин ўтказиб, турнир жадвалини 7-поғонасини банд этиб турибди. Бўлиб ўтган 9 учрашувнинг иккитасида ғалаба, 4 учрашувда дуранг ва уч учрашувда мағлубиятга учраган. Рақиблари дарвозасини 8 марта ишғол қилиб, ўз дарвозаларидан 10та тўп олиб чиқишган.
Айни пайтда Бахрайнда кубок баҳслари бўлиб ўтмоқда. Рақибимиз декабр ойида жами 4та учрашувда майдонга тушди. Шулардан 2таси Бахрайн премьер лигаси учрашуви бўлса, қолган 2таси Бахрайн кубоги учрашувларидир. Премьер лига учрашувларининг иккаласида ҳам мағлубиятга учраган “Ал-Ҳидд” клуби, кубок баҳсларининг бирида 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 30 декабр куни бўлиб ўтган “Манама клуб” жамоаси билан бўлган учрашувда эса йирик 5:0 ҳисобида мағлуб бўлди.
“Ал-Ҳидд” клуби навбатдаги расмий учрашувни 5 январ куни “Нажма Манама” клуби билан ўтказади. Бу учрашув Бахрайн Футбол Ассосацияси Кубоги доирасида бўлади.
“Ал-Ҳидд” жамоаси таркибида маҳаллий футболчилар билан биргаликда легионер футболчилар ҳам фаолият юритади. Давралар оралиғида рақибимиз таркибида ўзгаришлар юзага келиши ҳам мумкин. Лекин ҳозирча жамоа таркибида уч нафар нигериялик ва бир нафар иорданиялик легионер футболчилар бор. Булар, Эфидайо Омасуи, Уче Агба, Окарандут Орок, Муҳаммад Алдовудлардир.
“Ал-Ҳидд” клубининг икки ўйинчиси Бахрайн терма жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилишади. Булар дарвозабон - Аббос Аҳмад, ҳужумчи – Абдулваҳоб Алмалудлардир.
«Ал-Ҳидд» таркиби ҳақидаги тўлиқ маълумотни кейинроқ эътиборингизга ҳавола қиламиз.