Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Қаҳрамон Асланов блогида: Хатонинг эгаси

Баҳо:
+ | -

Россияда бўлиб ўтаётган Конфедерациялар кубогида ҳакамлар видеотакрорлардан фойдаланаётганидан хабарингиз бор. Ушбу янгилик ҳар ким томонидан турлича қабул қилинаётганлиги табиий. Ўйиндаги узилишларни рўкач қилиб, бу янгиликка тамоман қаршилар ҳам бор, улар билан баҳслашиш шарт эмас, бу борада фикрим қатъий — адолат ҳақида гап борганда, ўйин суръати ҳақида фикр юритишдан маъни йўқ. Бу ҳақида Равшан Эрматовнинг ажойиб фикри кифоя: «бир хато устида ўн йил тортишиб юргандан, бир дақиқа ўйинни тўхтатиб, уни жойида тўғрилаган афзал».

Кеча, турнирнинг биринчи ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Чили ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги баҳснинг асосий вақтида ғолиб аниқланмади. Қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётганда эса, португаллар жарима майдонида эътиборли воқеа содир бўлди.

Ҳимоячи Жозе Фонте тўп учун курашда улгурмади ва рақиб ҳужумчиси Франческо Силванинг оёғини босиб олди. Ҳужумчи йиқилиб тушди. Лекин ҳакам ўйинни тўхтатиб ҳам ўтирмади ва ҳеч қандай пенальти йўқлигига ишора қилди.

Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Такрорий лавҳада яққол пенальти борлигини кўрдик. Нега ҳакам белгиламади? Нега «арзимаган» нарсаларга ўйинни тўхтатиб, асабимизга теккан видеотакрор бу ерда жим қолди? Наҳотки, бу янгилик ҳам ҳакам хатоларига таъсир ўтказа олмаса? Кўпчиликнинг дилида ёки ижтимоий тармоқларда бундай фикрлар гужғон ўйнагани аниқ. Ҳатто ўйинни шарҳлаган россиялик шарҳловчи Константин Генич ҳакамни айблар экан, «наҳотки видео ёнида ўтириб, ҳакамга ёрдам бераётган Равшан Эрматов ҳам буни кўрмади?» деб ҳатто ёрдамчи ҳакамни айблай кетди. Бугунги кўпгина нашрларнинг, интернет сайтларининг кечаги ўйинга бағишланган қисмини, «Видеотакрор ҳам ҳеч нарса қила олмади» деган сарлавҳалар безади.

Келинг, конкрет бир вазиятга тўхталиб, шу бахона, видеотакрорлар мавзусини чуқурроқ таҳлил қиламиз ва баъзи тушунмовчиликларга нуқта қўйишга ҳаракат қиламиз.

Аввало шуни таъкидлаш лозим: видеотакрорлар ўйинга ҳакамлик қилмайди, ҳакамларни бошқармайди. Бу ўйиндаги барча вазиятларни қамраб олишга жисмоний имконияти етмайдиган бош ҳакамга ёрдам бериш, инсоний фактор туфайли юзага келиши мумкин бўлган хатоларни камайтириш, олдини олиш учун фойдаланиладиган технологик воситалардан бири холос. Худдики, қанот ҳакамлари билан мулоқот қилиш учун чиқарилган воситалар бор-ку, шунақа деб тушунинг, барибир якуний қарорни бош ҳакам қабул қилади. Кечаги ўйинда ҳам Эрматов видеотакрорлар бўйича ҳакам эмас, ҳакам ёрдамчиси эди.

Хўш, видеотакрорлар қандай вазиятлар учун қўлланилади?

ФИФА ташкилотининг расмий сайтида бу аниқ ва содда шаклда тушунтириб берилган. Видеотакрор асосан қўйидаги тўрт хил ҳолатни аниқлаштиришда қўлланилиши белгиланган.

 

Голнинг ҳаққонийлигини аниқлаш. Мисол учун, футболчи офсайдла қолган ҳолатда ёки қоида бузиш орқали рақиб дарвозасини ишғол қилса, видеотакрордан фойдаланган ҳолда, ҳакам қарор чиқариши, дастлабки қарорини ўзгартириши мумкин. Тўп дарвозага киргач, ўз-ўзидан ўйинда узилиш содир бўлади, яъни бу ерда ўйин суръатининг тушиши ҳақидаги гаплар ортиқча.

 

Пенальтини бор ёки йўқлигини аниқлаш. Пенальтининг белгиланиши ёки белгиланмаслиги ҳам ўйин натижасига таъсир қиладиган муҳим қарорлардан бири. Жарима майдонида қоида бузилгани ёки бузилмагани видеоассисент ёрдами билан аниқлаштирилиши мумкин.

 

Қизил карточка. Қизил карточкага лойиқ қоида бузилиши ёки вазиятнинг қизил карточкага «тортмаслиги»ни аниқлаш учун ҳам, видеотакрорга мурожаат қилиниши мумкин. Бу ерда фақат тўғри-тўғри қизил карточкалар назарда тутилган, иккинчи сариқ карточка эмас.

 

Футболчиларни чалкаштириб юбориш. Мисол учун, ҳакам қоида бузган ёки рақибини урган бир футболчи қолиб, ёнида турган шеригини жазолаб юбориши, бутунлай бошқа одамга сариқ ёки қизил карточка кўрсатиб юбориши мумкин. Бу ҳолат ҳам видеотакрор ёрдамида тузатилади.

 

Тўп майдон ташқарисига кимдан чиқиб кетди? Майдон марказида қоида бузилдими ёки йўқми? Бу футболчига сариқ карточка кўрсатиш керакми ёки йўқми? Шу ва бошқа саволлар билан видеоассисент шуғулланмайди.

Энди тизимнинг ишлаш тамойилларига ўтамиз.

Биринчи босқич: Бош ҳакам юқоридаги тўртликка кирадиган маълум бир вазиятда видеотакрорга мухтож бўлиб қолса, ишора беради. Ёки видеоассисент бирор вазиятда ҳакам адашганини кўрса, ҳакамга ушбу вазиятни видеотакрорда қайта кўришни тавсия қилади.

Иккинчи босқич. Бир неча камерадан лавҳаларни кузатиб ўтирган ёрдамчи энг мақбул ракурсдаги видеони майдон четидаги мониторга жўнатади.

Учинчи босқич. Ҳакам видеони кўриб, ўз қарорини айтади. У видеотакрорни кўргандан сўнг, дастлабки фикрида қолиши ҳам, видеоассисентнинг маълумоти асосида қарорини ўзгартириши ҳам мумкин.

Мисол учун. Тўп дарвозага киритилди, ҳакам офсайд бор ёки йўқлигига шубҳаланса, видеотакрорни кўриб, қарор қилишни исташи мумкин. Ёки бош ҳакам гол деб ҳисоблади, лекин видео олдида ўтирган ёрдамчи офсайд бўлганини кўрди. Ёрдамчи бош ҳакамга офсайд бўлганини айтади. Бош ҳакам ёрдамчи тавсияси билан такрорий лавҳани кўради. Ва қарорини ўзгартириши ёки ўзгартирмаслиги мумкин.

Мана шу.

Энди бу маълумотлардан келиб чиқиб, юқоридаги вазиятни таҳлил қилганимизда, Чили – Португалия ўйинини бошқарган эронлик ҳакам Ризо Сухандоннинг ўша вазиятда пенальти белгиламангани видеотакрор тизимидаги камчилик туфайли содир бўлмаганини кўрамиз. Ҳакам ўша вазиятни яқиндан, қулай ракурсдан кўрдим, видеотакрорга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблади ва қарор чиқарди.

Россиялик шарҳловчи ҳам вазиятга нотўғри баҳо берган бўлиб чиқади — Равшан Эрматов видео орқали пенальти борлигини кўрган бўлиши ва ҳакамга ўз тавсиясини берган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақида биз ҳам, Генич ҳам билмаймиз. Агар бош ҳакам видеотакрор шарт эмас деб топса, Эрматовнинг тавсиялари уларнинг ўртасида қолиб кетаверади. Биз офсайд учун ён ҳакамни айблашимиз мумкин – чунки унинг байроқча кўтаргани ёки кўтармаганини кўриб турамиз. Лекин видеоассисент қайси вазиятда тавсия берди-ю, қайси вазиятни кўрмай қолди, бу қоронғу бўлиб қолаверади.

Айтмокчиманки, кечаги вазият учун видеотакрорлар ишлаш тизимини айблаш нотўғри бўларди. Бош ҳакамда вазиятни аниқроқ баҳолаш имконияти бўлганди. У бундай фойдаланишни истамади, ўзига мутлақо ишонди. Агар якуний қарор хато бўлган тақдирда ҳам, фақат ва фақат бош ҳакамни маломат қилиш мумкин холос.

Хулоса қилиб, видеотакрорларнинг ижобий жиҳатларидан мавзуга алоқадор икки томонини айтиб, кетмоқчиман.

Биринчидан, бу тизим ҳакам қарорларини соғломлаштиради. Ўйин суръатии йилдан-йилга юксалиб бораётган бир пайтда, майдондаги ҳакам футболчилардан бир неча баробар кўп тер тўкишга тўғри келади. У Роналду билан бирга ҳужумга югуриши, агар Роналду тўпни олдириб қўйса, у билан бирга бошини чангаллаб ўтирмай, нариги жамоа ҳимоячиси билан бирга энди, нариги дарвоза томон югуриб кетиши керак. Шу билан бирга, маълум сонияларда жуда муҳим қарорларни чиқариши керак бўларди.

Тасаввур қилинг, ҳакам мана шу тезликда бирор вазиятни кўрмай қолди. Фарқи йўқ, у бу вазият учун қарор чиқариши шарт. Ўзига ишонадими, йўқми, вазиятни кўра олдими, кўрмай қолдими, фарқи йўқ, у бечора қарор чиқаришга маҳкум. Натижада, жамоалардан бири жабр чекиши, ҳакам эса, йиллаб эсланиб юрадиган вазият қурбонига айланиши мумкин.

Энди эса, қарорлар соғлом бўлади. Ҳакам вазиятни баҳолай олмаса, видеотакрорга мурожаат қилиш ва соғлом қарор чиқариш имконига эга. У видеотакрорларга мурожаат қилмадими, демак, ўша вазиятни аниқ кўрган, аниқ баҳолашга қодир бўлган — яна соғлом қарорга эга бўляпмиз.

Иккинчидан. Юқоридаги пенальти воқеасини мисол келтириш мумкин бемалол. Эронлик ҳакам Ризо Сухандон Эрматовдан ёрдам олмадими, демак ўзига мутлақо ишонган ўша вазиятда.

Муҳими, биз энди бош ҳакам аниқроқ қарор чиқариш учун имкониятга эга эканини билиб турамиз. Мабодо бирор жойда адашса, «ахир у ҳам инсон, хато қилиши мумкин-ку, ўн километрлаб югуради, ўша ракурсдан кўра олмасди, биз такрорий лавҳаларни кўриб фикр билдиряпмиз, у бечора нима қилсин» деб ҳакамларни оқламаймиз. «Кўра олмай қолса, видеотакрордан кўриши керак эди», деб тураверамиз.

Энди ҳакамлар камроқ хато қилганлари билан, хатоларнинг жавоби ҳам қаттиқроқ бўлади — чунки улар бу хатоларнинг ҳақиқий эгасига айланадилар.

 

Қаҳрамон Асланов.

Манба: maydon.uz
Киритилди: 16:55, 29.06.2017.
Ўқилди: 6544 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.