Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Марко Асенсио: "Майдонда сира асабийлашмайман"

Баҳо:
+ | -

Марко Асенсио ўтган мавсум кашфиётларидан бири сифатида бош кўтарди. У «Мадрид»даги тўлақонли деб-ют мавсумида Чемпионлар Лигасида ҳам, Ла-лигада ҳам бирдек мазмунли ҳаракатланди.

Ярим ҳимоячи Marca нашрига берган интервьюсида асосан мавсум якунларига тўхталди: ЧЛдаги илк муваффақияти, Зайниддин Зидан ва Криштиану Роналду билан ҳамкорлиги, ҳиссиётлари ва ҳоказо...

- Агар ўтган йилнинг августида «Севилья»га қарши кечган Европа суперкубоги баҳси арафасида мавсум сиз учун шундай кечишини айтишганида, бунга ишонармидингиз?

- Ҳа, албатта. Зеро, «Реал Мад-рид»дек буюк клуб сафида майдонга тушар экансан, барча совринларга эга чиқишинг мумкинлигига ортиқча шубҳаланмайман. Терма жамоа масаласида ҳам шундай - олдимизда жиддий чорлов турибди. Хусусан, биз ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида ҳам кубок соҳиби бўлишга ҳаракат қиламиз.

- Аввалги сешанба куни тонгда уйғониб, Marca муқовасида сизга алоҳида жой ажратилгани кўргандирсиз...

- Шундай буюк мавсум якунига муносиб воқелик. Чиндан ҳам, охирги мавсум мен учун жуда яхши кечди: кўп қувончли лаҳзаларни бошдан ўтказдим, ўргандим ва улғайдим.

- 21 ёшли йигитчанинг кўнглидан яна нималар ўтяпти?

- Ҳаммасини одатий қабул қилишга ўрганганман. Буюк жамоа шарафини ҳимоя қилсанг, шунақа бўлади: ҳар 3 кунда муҳим учрашув ва сенда ортиқча ўй-хаёлларга ҳам вақт қолмайди.

- Айтингчи, «Реал Мадрид» сафига янги қўшилган пайтдаги ўша Марко Асенсиомисиз ёки...?

- Тан оламан, кўп нарса ўзгарди, аммо менга унча таъсир қилгани йўқ. Албатта, турли ҳаётий вазиятлар сени нималаргадир ўргатади ва аввалгидай қололмаслигинг тайин. Муҳими, юқорида айтганимдай, кўп нарсаларни бошдан кечирган ва жамоа билан кўплаб ютуқларга эришган бўлсамда, ҳамон илгаригидай жилмаяпман.

- ЧЛ бош совринини қўлга олганингизда, нималарни ҳис қилдингиз?

- Ўйиндан бир кун олдин ғалаба қозонишимиз ва кубок олдида суратга тушишим мумкинлигини яққол тасаввур қилгандим. Кубокни қўлга олиш - болалик орзумнинг рўёби. Нақадар ҳаяжонланганимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ахир шу ёшда Чемпионлар кубогини ютиш...

- Шунингдек, ёшлар термасида ҳам кўп нарсага улгурдингиз.

- Ҳа, бу йил совринлар йиғиш мавсумига айланди: аввалига Европа суперкубогини ютдик, кейин Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозондик, якунда Ла-лига ва ЧЛни ҳам забт этдик. Энг асосийси, ҳар биримиз клубнинг муҳим бўғини эканлигимизни қалбан билиб турдик.

- ЧЛ финалида худди «Культураль Леонес»га қарши кечган «Қирол кубоги» ўйинидагидек хотиржам тўп сурдингиз. Доимо шундаймисиз?

- Майдонда сира асабийлашмайман, ахир ақлимни танибманки, футбол ичидаман. Ҳа, ўйинлар арафасида албатта, маълум даражада беҳаловатлик, оғирлик сизилади, аммо майдонга тушгач, ҳаммасини четга суриб, фақат футбол ҳақида ўйлайман.

- Айтмоқчисизки, ЧЛ финалида «Ювентус»га қарши майдонга тушиб, барчасига худди болалик пайтидаги ўйиндек ёндашгансиз...

- Худди шундай. Майдонга тушар эканман, шунчаки, футболдан лаззатланиш ва яхши ўйнашни ўйлайман. Умуман, доимо максимал даражада масъулиятлиман, аммо қаттиқ ишлаган ҳолда ҳам роҳатланиш мумкин. Ҳар ҳолда, мен учун ғалаба йўли шу.

- Хўш, одамларнинг кўчада сизни таниб, тўхтатишларига кўникдингизми?

- Анча олдин, яъни «Мадрид»нинг бўлғуси ўйинчиси сифатида дўстларим билан кўчада айланиб юрганимдаёқ одамлар мени тўхтатиб, сўрашарди: «Мабодо ўша Марко Асенсио эмасмисан?». Шунда жаҳлим чиқиб, шунчаки, унга ўхшаб кетишимни айтардим. Дўстларим эса бундан ҳақиқийсига ҳайратга тушардилар. Мана, бугунга келиб, бундай ёндашувга кўникиб улгурдим. Хуллас, энди кўчада таниб қолишларини оддий ҳол сифатида қабул қиляпман.

- Ўзи Мадрид бўйлаб сайрга нечоғли кўп чиқасиз? Шаҳарда эътибор кучли эканлиги ноқулайлик туғдирмайдими?

- Сайр - жону-дилим. Аммо кўчада мени тез-тез таниб қолишяптики, бунда ҳам ёқимли, ҳам ноқулай томонлари бор. Имкониятга қараб, кечки овқат ва кино томошаси учун кўчага отланаман... Атрофдагиларнинг мен билан саломлашишни исташлари озгина ғурур ҳам бағишламоқда.

- Зидан билан ўйин амалиётисиз қолишга кўникмаганингиз хусусида кўп гаплашганингизни айтгандингиз. Бундай мусоҳабалар кутилган самара бердими?

- У ҳар сафар ҳали ёшлигим ва ўз устимда янада кўпроқ ишлашим зарурлигини тушунтирар, имкониятларим олдинда эканлигини таъкидларди. Мана, ўша гаплари исботланмоқда: мавсумнинг муҳим мусобақалари финалида майдонга тушдим. Мен хоҳлаган нарса ҳам шу эди - ўта муҳим баҳсларда жамоа ғалабасига ҳисса қўшиш.

- Айтишларича, Флорентино Перес суперкубок ўйини олдидан ёнингизни олган: «Асенсио жамоа учун муҳим йигит ва шундай бўлиб қолади». Бироқ Зидан бу сўзлардан бироз ташвишга тушган...

- Буни билмадим. Ёдимда қолгани, ўша учрашув олдидан мураббий билан гаплашган ва у жамоада қолишимни айтганди. Бу ўзгача енгиллик бағишлади. Зеро, жамоада менга ишонишаётгани ва мавсум давомида ўйин амалиётига эга бўлишимни англадим. 

- Билишимизча, болалигингизда айнан Зиданга кумир сифатида қарагансиз. Хўш, ибрат намунаси ҳисобланган инсон қўл остида ишлаш қандай экан?

- Жуда зўр: чиндан ҳам, Зиданга ҳавас ва ҳурмат билан ёндашардим, унинг иштирокидаги барча ўйинларни ўзгача завқ билан томоша қилганман. Хонам эса улкан суратлари билан тўлганди. Шундай инсон билан бирга ишлаш - ақл бовар қилмас имкон. Дейлик, маслаҳатларини эшитиш, ундан ўрганиш ёқимли. Мисол учун, машғулотлар жараёнида биз билан бирга ўйнайди, савияси ҳамон юқори. Энг муҳими, ҳеч ким мураббийни алдаб ўтишга журъат этолмайди (кулади).

- Ўзингизни Зидан ўрнига қўйиб, Иско, Хамес Родригес, Мората, Ковачич ва Асенсио...ни ўйиндан таш-қарида қолдириш қандай оғирлигини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз?

- Албатта, футболчи кема борти ташқарисида қолганида, мураббийни тушунишга уриниши керак. «Мадрид» таркиби аъло даражада ва майдонга тушган ҳар бир футболчи ўз ишини сифатли бажаради. Ҳамма ҳам ўйин амалиётига эга бўлишни истайди, бироқ якуний хулосани мураббий чиқаради, барибир. «Реал» натижалари Зиданнинг қарорлари тўғри бўлганидан далолат. Қувонтирадиган томони, бирор футболчи клубда ортиқча эканлигини ҳис қилгани йўқ. Умуман, кийиниш хонасидаги яхши муҳит «Мадрид»нинг анчадан бери илк бора «олтин дубль» қайд этишида муҳим ўрин тутди.

- Хамес Родригес ва Моратанинг жамоадан кетишга аҳд қилишгани хусусида нима дейсиз?

- Ҳар иккиси ажойиб ижрочидир. Уларнинг кўпроқ майдонга тушишни исташаётганини тушуниш керак. Ахир ҳар ким ўз олдидаги муайян мақсадлар сари интилади.

- Ўйин амалиётисиз қолган вақтлар нималарни ўзлаштирдингиз, яъни бунинг қандай фойдали жиҳати бўлди?

- Кўп нарсани ўрганганим аниқ. Аввало, қўл кўтармаслик, таслим бўлмай, ўз устимда ишлаш кераклигини англадим. Тўғри, кўп ҳолларда роса қийналдим, боиси, аввалги клубимда доимий равишда майдонга тушардим.

- Криштиану Роналду билан ёнма-ён ишлаб-ўйнаб, нималар олдингиз?

- Криштианунинг менга энг маъқул келган томони - тиниб-тинчимаслиги. Қаранг, шунча кўп жамоавий ва индивидуал соврин ютганига қарамай, ҳамон ўйин ва ғалабага чанқоқ! Ҳар ким бундай ёндашувдан ўзгача илҳомланиши мумкин. Роналдунинг тренажёрлар залида энг кўп ишлаши ҳам ҳайрат уйғотади.  Хуллас, Криштиану доимо янада кўпроғини истайди ва бу билан жамоани олға ундайди. Ҳар бир машғулотда ундан ниманидир ўрганиш мумкин.

- Болалигингиздан «Мадрид»га ошуфтасиз. Клуб тизими ичида туриб, унинг нима эканлигини тушунтириб бера оласизми?

- Бу ўта муҳим ва буюк тушунча: ҳаммаси ҳайратга солади, лекин вақти келиб, клубнинг бир бўлагига айланганингда, оддий элемент ҳам сен учун ғоят қадрли бўлади.

- Айтмоқчисизки, четдан дабдабали туюлган «Реал Мадрид» аслида унчалик даҳшатли эмас...

- Маълум маънода шундай. Аммо ҳар куни астойдил ишламасанг, шу дабдаба орасида йўқолиб қолишинг ҳеч гап эмас.

- Ҳозир «Мадрид»дасиз, аммо «Атлетик»да ўйнашингиз ҳам мумкин эди...

- Ҳа, 2 йилча олдин олдимда шундай вариант юзага келганди, аммо клуб сиёсати туфайли тўғри келмадим, шекилли.

- «Мадрид» охирги 4 йилда ЧЛнинг 3 карра ғолибига айланди. Буни қандай уддалаяпсизлар?

- Чинакам мўъжиза. Балки кимгадир осондек туюлар, аммо ҳақиқат шуки, 4 йилда 3 марта турнир ғолибига айланиш - тасаввурга сиғмас иш. Сирга келсак, ҳаммаси оддий: жамоамиз энг кучли футболчилардан ташкил топган ва биз ғалабаларга ўчмиз.

- 21 ёшгача кўплаб ютуқларни тантана қилишга улгурдингиз. Сиз учун десимотерсера ҳам қўл узатса етадигандай...

- Бу ҳақда Серхио Рамосга айтдим. У ҳозирги ютуқлар билан кифояланиб қолмаслигимиз лозимлигини таъкидлади. Серхио ЧЛдаги ғалабани узоқ кутди ва барчаси нақадар қийинлигини яхши билади. Қолаверса, «Мадрид»нинг кўплаб афсоналарига ушбу мусобақада зафар қучиш насиб этмаган. Демак, бу масалада омадим чопди.

- Килиан Мбаппе тўғрисида нима дея оласиз?

- Унинг иштирокидаги саноқли учрашувларни кўрдим ва бу келажаги порлоқ ҳужумчи эканлигини фаҳмлашимга етарли бўлди.

- Кардифф финалида олинган суратлардан бирида гол ургач, трибуна томон югурганингиз акс эттирилган...

- Шунчаки, оила аъзоларим томон яқинлашдим. Зеро, гол урсам, уни доим яқинларимга бағишлайман. Ўзи ўша учрашув арафасида ҳам гол урсам, яқинларим олдига югуриб боришимни айтгандим ва шундай қилдим.

- ЖЧ-2018 стартига ҳам бир йилча қолди. Бўлажак мундиалда ўзингизни кўряпсизми?

- Эҳ, мундиалга бориш йўлида қаттиқ ишлайман, бунга эришсам, ҳақиқий мўъжиза бўларди...

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:34, 06.07.2017.
Ўқилди: 6280 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.