Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

“Реал”ни уруғ-аймоқчилик емиряптими?

Баҳо:
+ | -

Айни пайтда дунё матбуоти нигоҳи “Реал”нинг омадсизлигига қаратилган. Чунки ҳеч ким ўтган мавсумда Европада тенгсиз бўлган жамоанинг янги мавсумни бунчалик омадсиз бошлашини кутмаганди. Атиги бешта тур ўтган бўлса-да, “Реал” аллақачон икки марта дуранг ўйнади ва ҳатто мағлубиятга ҳам учради. Оқибатда жамоа XX асрдаги энг хунук стартини намойиш этди. Табиийки, бу кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.

ЖАРОҲАТЛАР ГИРДОБИДА

Албатта, мазкур омадсизликнинг биринчи сабаби сифатида жароҳатни келтириш мумкин. Боиси, айни пайтда Флорентино Перес ўйинидан норози бўлаётган Гарет Бейлни жароҳатлар анча қийнаб қўйди. Шунинг учун ҳам унда аввалги тезлик унчалик йўқ, шунинг учун ҳам “Бетис”га қарши ўйинда унинг омади келмади. Агар Бейлнинг “Реал”нинг асосий ўйинчиларидан бири эканлигини инобатга олсак, жароҳат жамоанинг оёғига тушов бўлмоқда.

Янги мавсумда “Реал”да энг катта йўқотиш кузатилди. Кетма-кет дисквалификациялар, оғир жароҳатлар... Ҳатто бу ҳолатни “Реал”ни қарғиш урганлиги билан ҳам изоҳлашди. Хусусан, “Бетис”га қарши ўйинда Марсело ҳам жароҳат олди. Тўғри, айни пайтда таркиб яна қайтадан мукаммаллашди, бироқ бу пайтга келиб “Реал” аллақачон етти очко йўқотиб улгурганди.

ОМАДНИНГ ҲАМ ЎРНИ КАТТА, ШЕКИЛЛИ

“Бетис”га қарши ўйинда “Реал” жуда яхши ўйнади, йигирмадан ошиқ зарба берди, бироқ омад ҳам кўп нарсани ҳал қиладиганга ўхшайди. Очиғи, шу ўйинда Бенземанинг “Реал”га фойдаси тегишини тушуниб етдим, чунки Роналду тўпни ён томондан марказга етказиб берганида тўпга улгурадиган ҳужумчи топилмади. Бензема кўп ўйинларда ҳужум чизиғида “тайёрга айёр” бўлиб турарди. “Бетис”га қарши ўйинда эса ана шу вазият кузатилмади, яъни “тайёрга айёр” бўладиган ҳужумчи топилмади. Агар Бензема бўлганида, эҳтимол, ўша вазиятни яққол голга айлантириши мумкин эди.

ТАРКИБ ЎЗГАРИШИ КЕРАКМИ?

Айни пайтда Зиданда жуда катта имконият бор. “Реал”да шунақа таркиб шаклланганки, аслида, бир-иккита жароҳатларнинг ўрни билинмаслиги лозим. Клубда иккита тенг кучли таркиб мавжуд: Навас, Марсело, Рамос, Варан, Карвахал, Кросс, Каземиро, Модрич, Роналду, Бейл, Бензема. Энди “иккинчи таркиб” дейиладиган футболчилар рўйхатига эътибор беринг: Кико Касилья, Начо, Иско, Асенсио, Васкес, Майораль, Ковачич... Энди эътибор беринг, Иско, Асенсио ва Ковачич “иккинчи таркиб” деган таърифдан устун футболчилар ҳисобланади. Касилья ҳам, агар имкон берилса, дарвозани муносиб қўриқлай олади. Васкес исталган жамоанинг асосий таркибида ўйнашга муносиб. Иско билан Асенсиони-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бундай вазиятда Зидан, аслида, жароҳатларни сабаб қилмасдан, таркиб ва тактикани тўғри танлай олиши керак эди.

Таркибни ўзгартириш лозим, чунки, барибир, “Реал”га кучли марказий ҳужумчи керак Бензема билан рақобат қилиш учун. Боиси, Роналду марказда ўйнаган тақдирда ҳам, барибир, марказий ҳужумчи эмас ва бу баъзи ҳолларда сезилиб қолади. Гарет Бейлни эса марказий ҳужумчи сифатида тасаввур қилиш қийин. Майоралда ҳали тажриба кам, у жиддий ўйинларда ҳеч нарса қила олмаслиги мумкин. Қолаверса, айнан битта кучли марказий ҳужумчининг йўқлиги “Бетис”га қарши ўйинда панд берди. Бензема жароҳат олганидан кейин эса Зидан Майораль вариантида тўхташга мажбур бўлди. Бундан кейин ҳам Бензема жароҳат олиши мумкин, қолаверса, ҳали “Реал”ни анчагина жиддий ўйинлар кутиб турибди. Шуни ҳисобга олган ҳолда “қироллик клуби” январда марказий ҳужумчи харид қилиши лозим.

УРУҒ-АЙМОҚЧИЛИК ЕМИРЯПТИМИ?

Зинедин Зиданнинг охирги пайтлардаги хатти-ҳаракатлари жамоадаги муҳитни бироз оғирлаштириб қўйди. Боиси, ҳеч ким Лука Зиданнинг жуда тез суратда “Реал” таркибига киритилишини кутмаганди. Қолаверса, бу ёқда Кико Касилья турибди. Мухлису мутахассисларнинг айтишича, Лука Зидан “Реал Кастилия” сафида ҳам ишончли ўйин намойиш қилаётгани йўқ, шундай бўлса-да, Зидан уни жамоа таркибига жалб қилмоқда. Бу эса футболчилар ва мураббий ўртасида норозилик муҳитини пайдо қилди. Бу табиий албатта. Оқибатда футболчиларнинг Зиданга бўлган муносабати ўзгара бошлади. Ахир француз мутахассисининг нега ўғлини “Реал” таркибига киритганини изоҳлайдиган битта бўлса ҳам арзирли сабаб йўқ-да. Шунинг учун Зидан ўғлини бирорта ўртамиёна жамоага кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун ижарага бериши лозим. Унга бу борада Диего Симеонени ўрнак қилиб кўрсатса бўлади. Симеоненинг ўғли Жованни Симеоне айни пайтда Италияда ўйнаб юрибди. Маълумотларга кўра, бошида Диего Симеоне ўғлини “Атлетико”га чақирмаган, чунки ўғлининг тажриба тўплашини истаган. Айни пайтда эса у Жованнини “Атлетико”га чақирганди, аммо “Женоа” уни сотишни истамади. Ҳа, иқтидорли ўғилни отага беришмади. Наҳотки Зидан ҳам Симеонедек ана шундай бахтни ҳис этишни истамаса... Хуллас, Зидан уруғ-аймоқчиликка барҳам берса, бу “Реал” учун фақат ва фақат фойда келтирган бўларди.

Ҳали олдинда бир қанча ўйинлар турибди. Ҳали “Реал” ўзини тиклаб олиши ва яна қатор ғалабаларга эришиши ҳам мумкин. Бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам, юқоридаги камчиликлар бартараф этилиши шарт. Ана шунда Зидан ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлади.

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 13:03, 22.09.2017.
Ўқилди: 15952 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.