Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Олифта футболчининг антиқа фаолиятига назар

Баҳо:
+ | -

Португалиялик собиқ ҳимоячи Абель Шавьер майдондаги ишончли ҳаракатларидан ташқари, киборларга хос табиати билан ҳам бошқалардан яққол ажралиб турарди.

Ўзининг олифтагарчилиги орқали у нафақат Европа, балки АҚШдаги мухлисларни ҳам лол қолдира олди.

«Ди Си Юнайтед»нинг адабини бериб қўйиш учун Вашингтонга келган «Гэлекси» йигитлари «Morton`s» меҳмонхонасида қўним топишди. Тез орада бекорчиликдан зерикиб қолган лос-анжелесликлар Бекхэмнинг таклифига кўра меҳмонхона яқинидаги ресторанлардан бирига йўл олишди.

Официант билан мижозлар ўртасида қисқача савол-жавоб бўлиб ўтди: «Ким шароб ичади?» Ҳамма қўлини кўтарди. «Майли, унда ҳужжатларингизни текшириб кўришим лозим».

Донован, Грэй ва Мартинодан ке-йин ходим Бекхэмга юзланди. «Ҳужжатлар ёнимда эмас», деди Дэвид. «Унда шароб ҳам йўқ». «Бу йигит ҳазиллашяпти, шекилли», - минғирлади футболчи.

Шу паллада официант Абель Шавьер қаршисида турарди. «Бу қанақаси ўзи? Ҳужжатларим йўқ, лекин ўзим 34 ёшдаман, 3 нафар фарзанднинг отасиман. Ҳатто ўғлим ҳам ичиш мумкин бўлган ёшга чиққан», - деди Абель. Жамоадошлари кулиб юборишди.

Ҳа, Бекхеэм ҳам, Шавьер ҳам Европада доимий диққат-эътибордан шикоят қилиб юришарди, уммон ортида эса... «Америкага хуш келибсиз, йигитлар!»

Охир-оқибат, Бекхэмнинг тансоқчиси ресторан соҳибига мурожаат қилди. Олисдан официантнинг эътирози эшитилди: «Уларнинг кимлар эканликлари мени қизиқтирмайди». Лекин шундан сўнг Бекхэм ва Шавьер олдида ҳам қадаҳлар пайдо бўлди.

Ҳаммаси «Гэлакси» футболчилари навбатдаги машғулотга тўппа-тўғри Том Крузнинг зиёфатидан сўнг ташриф буюришган кундан бошланди. Улар ечиниш хонасида зарҳал ҳарфлар битилган қизил варақларга дуч келишди: «Абель Шавьер шартнома имзолангани шарафига базм уюштириб, унга сизларни ҳам таклиф этади».

Таклифномага тантананинг афсонавий муҳташам қасрда ташкил этилиши, газак сифатида Шавьер хуш кўрадиган тирик жўжалар дастурхонга тортилиши, меҳмонлар эса бошдан-оёқ оппоқ либосларда келишлари лозимлиги илова қилинганди.

Абелнинг ташқи кўриниши ҳатто турли-туман олифталарни кутиб-кузатавергани сабаб ҳеч нарсага ажабланмайдиган Лос-Анжелес аҳолисини ҳам ҳайрон қолдирди.

Бу борада таниқли журналист Грант Валь ўзининг «Бекхэм тажрибаси: дунёнинг энг машҳур спортчиси Американи қай тариқа забт этди?» асарида шундай ёзганди: «Ёрқин рангдаги соч-соқол Шавьерни илоҳ Нептуннинг футболдаги талқинига айлантириб қўйганди».

МЛСдаги фаолияти давомида сафар учрашувлари Абель билан ҳамхона бўлган америкалик ярим ҳимоячи Петер Вадженас эса португалиялик жамоадошини шундай таърифлаганди: «Турли табиатлар қоришмасини тасаввур қилинг: Майкл Жексондаги жўшқинлик, Питер Пендаги муғомбирлик, баскетболчи Денис Родманга хос ғаройиблик ва темир йўл вокзалидаги лўлининг зийраклиги. Буларнинг барчаси Абель Шавьерда мужассам!»

Ҳимоячи АҚШга йўл олишини қуйидагича изоҳлаганди: «Лос-Анжелесга пул топиш мақсадида эмас, менга нотаниш бўлган муҳитда ўзимни синаб кўриш учун келдим. Доимо шоҳона шароитда, ҳузур-ҳаловатда яшашни ёқтирмайман».

Таъкидлаш жоизки, «Гэлакси» Шавьерни жиддий хавотир билан харид қилганди: MLS ижрочи директорининг Европадан олган маълумотларида Абелнинг оёқлари заифлашиб қолганлиги, деярли югура олмаслиги қайд этилганди.

Амалда Шавьер бир йилдан кўпроқ тўп сурди. Фаолияти янада узоқроқ давом этиши мумкин эди. Бироқ «Гэлакси»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи - Рууд Гуллит билан чиқиша олмади.

«Бу йигит чиндан ҳам буюк футболчи эди. Аммо кейинчалик бедаво қабиҳга айланиб қолди. Такаббурлиги билан ички муҳитни дабдала қилди. Қайсидир ўйиндан кейин ўзаро жанжаллашиб қолгандик. Ўшанда у кек сақлаб қолган экан - матбуот вакиллари билан суҳбат чоғи мени ёлғончиликда айблади.

Гўёки, майдонга тушмаслик учун ўзимни жароҳат олган футболчидек тутган эмишман», - деганди Абель норози оҳангда. Шавьернинг фаолияти ҳам табиати каби ғаройиб.

«Бенфика»даги чемпионликдан кейин у Италиянинг «Бари», Испаниянинг «Овьедо», Голландиянинг ПСВ клубларида тўп сурди. Сўнг «Эвертон»га йўл олди.

«Сочларимни оқ рангга бўяганимда, мураббийимиз Уолтер Смит менга қўнғироқ қилиб, шундай деганди: «Менга қара, ҳой йигит, эсингни еганмисан?», - дея хотирлайди Абель.

Шогирдининг ташқи кўриниши Смитнинг энсасини қотирсада, ҳимоядаги ишончли ўйинлари ғазабини тийишга мажбур этарди. Ливерпулда   Шавьер Пол Гаскойн билан дўстлашиб қолди. Афсонавий ҳужумчи Абелни «Гиннес» деб чақирарди.

«Бир пайтлари Шавьер барда қизлар билан танишишга уриниб кўрганди. Бироқ уни ҳеч ким танимасди. Шунда у ўзини «Мен Гаскойннинг дўстиман», деб таништирди ва... Бир нечта телефон рақам билан қайтди», - деганди Газза.

Юксак спорт формасини таъминлайдиган асосий омил - тўғри овқатланиш, деб ҳисоблайдиган Шавьер Тьерри Анрининг амакисини ўзига шахсий диетолог сифатида ёллаганди. 2000 йилда у Витор Байя, Руи Кошта ва Нуну Гомеш каби футболчилар билан Португалия терма жамоаси таркибида Евро-2000 турнирида иштирок этди.

Ўшанда жамоа ярим финалга қадар етиб борган, олифта ҳимоячи эса Францияга қарши баҳснинг бош қаҳрамонига айланишига бир баҳя қолганди: Фигунинг сўнгги дақиқаларда қанотдан узатган тўпи ва баланд сакраган Абелнинг ажойиб зарбаси.

Бироқ Бартез фантастик «сэйв» намойиш этиб, қаҳрамонлик унвонини Шавьердан тортиб олганди. «Овертайм»нинг ниҳоясида эса Трезегенинг зарбасидан сўнг Байя томонидан қайтарилган тўпга етиб келган Вальтер дарвозани нишонга олди. Бироқ тўп Шавьернинг қўлига тегди.

«Мен қўл билан мувозанатни сақлашга интилдим, тўпга ўйнаганим йўқ. Қўлимни олиб қочишга улгурмадим. Уни қаёққа яширишим мумкин эди?», - дея эътироз билдирди Абель. Зайниддин Зиданнинг «нуқта»дан йўллаган аниқ зарбасидан сўнг португалияликлар ҳакамни сиқувга олдилар.

Нуну Гомеш эса унга қарата ўз футболкасини улоқтирди: «Ҳакамга футболкамни совға сифатида қабул қилишини таклиф этдим. Шу тариқа унинг қандай ажойиб жамоани «синдирганини» бир умр эслаб юришини истагандим. Ҳакам таклифни рад этгач, либосимни улоқтиришга мажбур бўлдим».

Ҳакамни ҳақорат қилган Абель эса 6 ой муддатга футболдан четлатилди. Режалаштирилмаган «таътил»дан унумли фойдаланишни мақсад қилган ҳимоячи авлодлари юрти - Мозамбикда рўй берган сув тошқини оқибатларини бартараф этишга кўмаклашди.

Эътиборлиси, Абель Шавьер «Эвертон»дан «Ливерпул»га ўтишга ҳам журъат топди. Одатда, азалий рақиб таркибига қўшилган футболчини икки томон мухлислари ҳам хуш кўрмайдилар.

Бироқ Шавьер бундан мустасно: «Албатта, бу ажабтовур ҳолат. Ливерпулга йўлим тушиб қолса, ҳар икки жамоа мухлислари менга ҳурмат кўрсатишади. Бу каби эътибор ҳаммага ҳам насиб этавермайди. «Ливерпуль» сафида дербида майдонга тушган кезларимда ҳам мухлислар самимий қарши олишган, ҳеч қанақа ҳуштакбозликлар бўлган эмас».

Португалиялик ҳимоячининг кейинги фаолияти ашаддий сайёҳнинг кундалигини эслатади: «Галатасарой», «Ганновер», «Рома», «Мидлсбро»... Инглиз жамоаси билан Абель УЕФА кубоги финалигача етиб борганди. Афсуски, кейин допинг назоратидан ўта олмай, 1 йилга дисквалификация қилинди.

Бутсаларини михга илганидан сўнг Шавьер Ислом динини қабул қилди, энди унинг исми - Файсал. «Галатасарой»да тўп сурган пайтим қалбимда Исломга эътиқод уйғонди. Ҳаётнинг оғир дамларида айнан у менга кўмакчи бўлди», - деганди собиқ ҳимоячи кейинчалик.

Шавьер Голливудда омадини синаб кўрди - қовушмади. Бизнесда ҳам иши юришмади: фаолиятини бошлаганига ҳеч қанча бўлмасдан, 1,5 миллион евролик қарзга ботди. Аммо мураббийлик соҳасида иши бароридан келмоқда. У Португалиянинг 2-лига жамоаларида тажриба тўплагач, Мозамбик термасини қабул қилди.

Жамоанинг ягона салбий жиҳати шуки, у учун яратилган шарт-шароитлар талаб даражасида эмас. Боиси, Мозамбик, уран, титан ва табиий газ каби бойликларга эга бўлсада, иқтисодий жиҳатдан ривожланган эмас.

Файсал эса жамоага баҳоли-қудрат ёрдам беришга аҳд қилди. «Қалб амри билан ишга қўл урдим, - дейди мураббий. - Вазифам - фақат футбол майдонида ғалаба қозониш эмас, балки ўйинчилар учун шароит яратиш, уларнинг турмуш даражасини кўтариш».

Дарвоқе, Шавьер Мозамбикда туғилган. У пайт мамлакат Португалия тасарруфида эди. Мухолиф кучларнинг колониал тузумга қарши уруши кучайиб кетгач, Абель ота-онаси билан Португалияга кўчиб ўтганди.

«Чиндан ҳам, Шавьер терма жамоа равнақи йўлида катта ишларни амалга оширмоқда, Португалияда йиғинлар ташкил этмоқда. Мухлислар унинг фаолиятига ижобий баҳо беришмоқда, уни ҳурмат қиладилар», - дейди мозамбиклик мухлис Сантуш Эрнесто Нигуани.

Журналист Дэвид Ньяссинго ҳам ватандоши билан ҳамфикр: «Шавьернинг саъй-ҳаракатлари эвазига жамоа мухлисларни стадионга қайтарди, унинг обрўси ошди. Лекин ҳозирча натижалар бобида мақтана олмаймиз».

Мозамбик Африка миллатлар кубоги-2019нинг саралаш босқичида Замбия, Гвинея-Бисау ҳамда Намибия билан бир гуруҳдан жой олган.

Дастлабки турда Замбияга йўл олган Абель Шавьер шогирдлари сафардан кичик ҳисобдаги (1:0), лекин тўлиқ 3 очко берадиган муҳим ғалаба билан қайтишди. Бошланиши чакки эмас!

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:03, 08.05.2018.
Ўқилди: 4153 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.