Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Бёрнли» посбони – таслим бўлмас Ник Поуп ҳақида нималарни биласиз?

Баҳо:
+ | -

2017 йилнинг 10 сентбярь куни «Бёрнли» «Терф Мур»да «Кристал Пэлас»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Мазкур учрашувдан сўнг лондонликлар бош мураббийи Франк де Бур 77 кунли фаолиятдан сўнг истеъфога чиқарилди.

Ўша баҳсда жароҳат олган Том Хитоннинг ўрнини кўринишидан ўспиринларга ўхшайдиган Ник Поуп эгаллаб, шу ва кейинги ўйинларда ўзининг ижобий сифатларини кўрсатди.

Шу тариқа асосий таркибдаги жойини мустаҳкамлади. Хитон январда жароҳатини тузатиб, сафга қайтганида эса 26 ёшли кипер билан рақобатда тузуккина курашиши лозим бўлишини тушуниб етди.

Шон Дайчнинг ақлли қарори ўзини оқлади. Статистика ҳам кўп нарсадан далолат бериб турибди: ўтган мавсум «Бёрнли» рақиблари вазиятни голга айлантириш учун Поуп қўриқлаётган дарвоза томон ўртача 17,7та зарба йўллашди.

АПЛдаги алоҳида олинган топ ўйинчилар учун бу жуда паст кўрсаткич. Аксарият статистик манбалар Никни қитъанинг энг яхши дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этган бўлса, декабрда Поуп 7,2 баҳога лойиқ кўрилган киперлар ўнлигидан жой олди.

Кутилмаган парвоз - шунчаки, вазият тақозоси эмас. Ник Англиянинг қуйи лигаларида ўйнаб юрган кезлариёқ ўз устида кўп ишлаган. Ҳаттоки, рақиб жамоа мухлисларини ҳам Поупнинг қаердан пайдо бўлгани қизиқтирарди.

Никнинг болалиги Кембридж теварагида ўтган. Ўзи эса Сохэмда туғилган, Илида таҳсил олган. «Ипсвич Таун»га ишқибозлик қилган. Ота-онаси уни нима сабабдан «тракторчилар» академиясига бергани номаълум.

Аммо вазият қувонарли кечмади – Ник 16 ёшни қаршилаганда, клуб унинг келажаги шубҳа билан қараб, хайрлашишга қарор қилди. Бундай воқеалар одатда, ёшларни янги марралар сари ундайди.

Ўшанда иложсиз қолган Поуп 2008 йили 8-дивизионда қатнашувчи «Бери Таун» ярим профессионал клубига йўл олди. Дарвозабонларга Англиянинг қуйи лигаларида тўп суриш осонмас.

Аксарият скаутлар жиддий кўрсаткичлар кузатилсагина ташриф буюришади. Ҳужумчилардан кўпроқ гол уриш талаб этилса, киперлардаги «қуруқ» серия кўпайиши даркор – ҳужумкор услубда ўйнайдиган жамоада эса буни уддалаш қийин. Қисқаси, дарвозабон мўъжиза яратиши даркор.

Агар сени шу лигада ҳам асосий таркибда туширмаётган бўлишса, унда вазият жуда ёмон. Аммо Поуп эндигина 16 ёшни қаршилаган, «Бери Таун» сафида охирги ўйинини ўтказганида эса 19 ёшда эди.

Клуб ёмон ўйнамасди. Ник 16 ёшида катталар таркибида дебютини ўтказди. Ник учун сўнгги бўлган 2009/2010 йиллар мавсумида «Бери Таун» лига чемпиони бўлди: 4та мағлубият, тўплар нисбати – 115-40. Ник чемпионат якунланиши арафасида асосан захирадан майдонга тушиб, тажриба тўплади.

Ушбу дивизионга тез орада эътибор қаратадиганлар ҳам топилди ва Поупни «Чарльтон»га олиб кетишди. Албатта, захира дарвозабони сифатида. Ник 5 йил мобайнида атиги 33та ўйинни асосий жамоада ўтказди. Бир вақтнинг ўзида у сут ташувчи бўлиб ишлади, импорт техникалар сотиш билан шуғулланди.

Бироқ футболни ташлаб қўймади. Вазият мураккаблашди. Тонгги соат 4да туриб, сут заводига қатнаш, бир неча соатни курьерлар машинасида ўтказиш, сўнгра коллежга бориб, оқшом машғулотлар ёки ўйинларда қатнашиш талаб этиларди. 17 ёшли йигитча учун «қувончли» дамлар эди. Қуйи дивизиондаги фаолият Никнинг хотирасига умрбод муҳрланди.

- «Бери Таун»нинг иккинчи жамоаси захира мақомига эга бўлганида, биз  сифатсиз майдонда, 10 нафар мухлис ва битта кўппак гувоҳлигида тўп сурардик. Ўшанда Саффолк кубогига ўхшаш совринга эга бўлгандик. Ўшанда олган медалим ҳам ҳозир уйимнинг қайсидир бурчагида ётибди, - дейди Ник.

Поупни «Чарльтон»дан ижарага олган клублар орасида «Харроу Боро» (7-д.), «Уэллинг Юнайтед» (6-д.), «Кембридж Юнайтед» (5-д.), «Олдершот Таун» (5-д.) кабилар бўлган. Кейинчалик икки ой «Йорк»да тўп сургач, уни 2013/2014 йиллар мавсумининг охиригача қолишга кўндиришди.

«Йорк» мавсумни 7-ўринда якунлаб, «плей-офф»да қатнашди. Ник потенциалини намоён этиб, 2-лиганинг бошқа бир клуби – «Бери»ни қизиқтириб қолди.

2014Ғ2015 йиллар мавсумини «Бери» кўнгилдагидек якунлади: учинчи ўрин ва биринчи дивизионга йўлланма. Худди «Йорк»да бўлгани каби, Поуп бу ерда ҳам мавсум давомида 20та ўйин ўтказди. 2016 йилнинг 19 июлида «Бёрнли» дарвозабонни «Чарльтон»дан номаълум суммага сотиб олди.

Бу қарор шунчаки амалга оширилмаганди. Гап шундаки, «Бёрнли» ўз дастурига мувофиқ, Англиянинг қуйи лигаларида тўп сураётган маҳоратли ўйинчиларни қидиради. Мақсад – етарлича қадрланмаган иқтидорларни топиш. Поупни эса улар орасида пайқаш қийин эмасди.

Авваллари Англия шарқида Поупнинг ўйинларини ёритган ижтимоий тармоқлар деярли топилмасди. Бинобарин, Никнинг қадрдон гўшасидаги футболга алоқаси деярли йўқ. Акаси Жош Поупни эса яхши танишарди, у ҳам дарвозабон бўлган, ярим профессионал даражада иқтидорлилар сафида турарди.

Ҳозир у «Сохэм Таун Рейнжерс» клубида тўп сурмоқда, мавсум якунида нон-лигада Шарқий Англия рамзий термасидан ўрин олди. Фамилиясининг машҳурлиги ҳозирча Жошга халал бермаяпти: у «Бёрнли»нинг сафардаги учрашувларига бориб туради (укасига ишқибозлик қилиши керак-ку).

Ник ўзига ишонч билдирганларни ёддан чиқармайди. «Кристал Пэлас»га қарши кечган баҳсдан сўнг у «Бери Таун»даги собиқ мураббийига қўнғироқ қилиб, ҳаммасини уддалаганини айтди.

2011 йили Ричард Уилкинс вақти келиб, Ник аниқ олий дивизионда тўп суришини таъкидлаганди. Ҳозирда ушбу мутахассис 7-дивизионда қатнашувчи «Нидэм Маркет» клубини бошқармоқда. Тўғри, Ричард нон-лигадан юқорига кўтарила олмайди. Аммо АПЛ даражасидаги дарвозабонни тарбиялаганидан фахрланса арзийди.

Айни пайт Поуп нафақат Шон Дайчни, балки Гарет Саутгейтни ҳам асосий устозларидан бири деб билади. Ник Россияда ўтаётган жаҳон чемпионатида Англия термасининг учинчи дарвозабони ҳисобланади.

- Миллий жамоада биринчи рақамли бўлмоқчиман. Буни ким ҳам хоҳламайди дейсиз? Қуйи лигаларда тўп сурган футболчи учун Англия термаси катта орзу. Бош жамоага чақирилганим тасодиф деб ўйламайман, - дейди Ник.

Қаҳрамонимиз АПЛга ўтишидан аввал аҳоли сони 839 кишидан иборат Уикен близ Сохэм деб номланувчи мўъжаз қишлоқда яшарди. Поупнинг «Бёрнли»даги шартномаси 2020 йили ниҳоясига етади. Шу муддат ичида нималарга эришади, кейин қаерга боради – кўп нарсаларга умид боғласа бўлади.

Машаққатли меҳнат ёш футболчини жаҳон юлдузига айлантириши мумкин. Катта эҳтимол билан у мундиалда асосий дарвозабон мақомига эришолмаса керак. Аммо кейинчалик Батленд ва Пикфорд қўлқопларини михга иладиган бўлишса, Ник бутун бошли миллат футболи халоскорига айланиши ҳеч гапмас. Чунки бу кипер таслим бўлишга кўникмаган.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:34, 01.07.2018.
Ўқилди: 1978 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.