Кириш Регистрация
02/05 00:00 Боруссия Д 1-0 ПСЖ
02/05 20:30 Ироқ 2-1 Индонезия
02/05 23:30 Челси 2-0 Тоттенхэм
03/05 20:30 Япония 0-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза - Монпелье
03/05 23:45 Торино - Болонья
04/05 00:00 Лутон - Эвертон
04/05 00:00 Ланс - Лорьян
04/05 00:00 Хетафе - Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико

«Гиннес» китоби ва футбол

Баҳо:
+ | -

«Челси» захира ўриндиғига «михланган» Сеск Фабрегас, ниҳоят... «кўклар» асосий таркиби бир четда қолиб, Гиннеснинг рекордлар китоби-2019дан жой олди.

Испаниялик ярим ҳимоячи АПЛда самарали узатмалар узатиш бўйича 100лик довонни энг тез босиб ўтди. Фабрегас бу натижани 293та ўйинда қайд этди. Умуман, энг қизиқарли рекордлар ёзилган китобда футболга тааллуқли шунга ўхшаш маълумотлар бисёр ва бугунги мақолада уларнинг энг сараларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Футболчилик фаолиятидаги энг кўп ўйин

Майдонда ҳаммадан кўп кўриниш берган футболчи ҳақида гап борганда, кўпчиликнинг кўз ўнгида Хавьер Занетти, Райан Гиггз ёки Жанлуижи Буффон гавдаланиши шубҳасиз. Айниқса, италиялик дарвозабоннинг бу борада рекорд ўрнатишини тахмин қилиш мумкин. Ваҳоланки, ҳозирги пайтда футболчилик фаолиятида энг кўп ўйин ўтказган афсона сифатида англиялик дарвозабон Питер Шилтон қайд этилган. Буюк Гордон Бэнкснинг вориси 1966-1997 йиллар мобайнида 1391та учрашувда тўп сурган! Улардан 125таси Англия термаси ўйинларига тўғри келган - бу ҳам ўзига хос рекорд. Шилтон бугунги кунда гоҳ-гоҳида телевидениеда кўриниш бериб, ўз дарвозасига йўлланган адолатсиз гол учун Марадона манзилига турли гап-сўзларни ёғдириш билан машғул.

2. Энг кўп томошабинлар ташрифи

Мана 70 йилдирки, бу борадаги рекорд ўзгармай келмоқда. ЖЧ-1950 доирасида ўтказилган, «Мараканасо» номи билан тарихдан жой олган Бразилия - Уругвай баҳси учун расман 173 850та чипта чиқарилганди, аммо гувоҳларнинг таъкидлашларича, ўшанда аренада 210 000га яқин мухлис бўлган. Трибуналардаги хавфсизлик даражаси юқори эмасди, шу боис аксарият ишқибозлар стадионга чиптасиз киришгани катта эҳтимол. Шундай қўллаб-қувватлаш ҳам бразилияликларни XX асрнинг энг шов-шувли фиаскосидан сақлаб қололмаган: Уругвай термаси мазкур учрашувда 2:1 ҳисобида зафар қучган, ваҳоланки, дуранг ҳам Бразилия жамоасига жаҳон кубогини тақдим этиши мумкин эди.

3. Энг тезкор четлатиш

«Минус» белгиси остидаги янги рекордлардан бири 2017 йилнинг февралида қайд этилиб, уни Австралия термасининг асосий юлдузи Тим Кэхилл расмийлаштирганди. «Мельбурн Сити» - «Виктория Сити» учрашуви якунланишига беш дақиқа қолганда Кэхилл захирадан майдонга тушишга тайёргарлик кўраётганди. Айнан шу паллада воқеалар тез ривож олди. Рақиб ҳужум уюштириб, дарвозани ишғол қилди - лайнсмен «офсайд» қайд этди, бош ҳакам эса голни инобатга олди. Жараённи майдон четида кузатиб турган Тимга бу ҳолат ўтакетган адолатсизликдек туюлиб, реферини ҳақорат қилди. Шу заҳоти унинг қаршисида қизил карточка пайдо бўлгач, Кэхилл бир сония ҳам тўп суришга улгурмай, трибуналар остидаги хонага йўл олди.

4. Энг узоқ масофадан урилган гол

Бу натижа 2013 йили, АПЛ доирасидаги «Сток Сити» - «Саутгемптон» учрашувининг дастлабки дақиқаларида қайд этилди. Кўринишидан ҳеч қандай хавф йўқдек эди: «авлиёлар» марказдан ўйинни бошлаб беришди, аммо рақиб жарима майдончаси ёнида тўпни йўқотишди. Уни «кулоллар» дарвозабони Асмир Бегович эгаллаб олиб, бор кучи билан олдинга тепди. Натижада тўп майдоннинг нариги қисмига бориб, майсага бир марта урилиб, «Саутгемптон» посбони Артур Боруцнинг устидан ўтиб, тўрдан жой олди. Беговичнинг оёғи тўпга теккан жойдан, қарама-қарши томондан дарвоза орасидаги масофа 91,9 метрга тенг эди - авваллари ҳеч ким бундай узоқликдан гол урмаганди. Мазкур ҳолатдан сўнг бош­қа бир диққатга молик воқеа ҳам кузатилди: бунга қадар Боруц еттита учрашувда атиги битта тўп ўтказиб юборганди. Беговичнинг суперзарбасидан кейин эса польшалик кипернинг ишлари орқага кетди. Ўша пайт­лари Чемпионшипда қатнашаётган «Борнмут» сафига ўтди, жамоа билан АПЛга йўл олди. Бироқ 2017 йили «олчалар»нинг асосий дарвозабони мақомини бошқа ҳамкасбига бой берди. Яна кимсан... Асмир Беговичга!

5. Энг сермаҳсул дарвозабон

Кўпчиликка маълум-у машҳур кўрсаткични ҳам ёдга олмаслик мумкин эмас. Бразилиялик голкипер Рожерио Сени - мабодо, кимдир бехабар бўлса - 23 йиллик фаолияти давомида рақиблар дарвозасини 128 марта (ФИФА расман шунча қайд этган, аслида бундан ҳам кўпроқ) ишғол қилган. Унинг асосий голлари жарима зарбалари ва пенальтидан урилган. Бундай натижани манаман деган ҳужумчилар ҳавас қилса арзийди. Шунингдек, бразилиялик дарвозабон яна икки кўрсаткич бўйича Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган - бир клубда энг кўп (1100дан кўпроқ) ўйин ўтказиш ва бир клубда сардорлик боғичида энг кўп (900га яқин) ўйин ўтказиш.

6. Энг узоқ масофадан бош билан урилган гол

2011 йилнинг сентябрида «Одд Гренланд» клуби аъзоси Йон Самуэлсен ғаройиб гол муаллифига айланди. «Тромсе»га қарши кечган баҳсда у 57,32 метр узоқликдан туриб, боши ёрдамида рақиб дарвозасини ишғол қилган. Тан олиш керак, ҳаммаси тасодифан рўй берганди: рақиб ҳимоячиси тўпни ўйинга киритаётганда, унинг барча шериклари, ҳаттоки, дарвозабон ҳам «Одд Гренланд» жарима майдончаси ичида туришганди. Зарба йўлланган пайт тўп Самуэльсоннинг бошига тегиб, ортга қайтди ва бўш қолган дарвозадан жой олди. Ҳозир ҳам «Одд» шарафини ҳимоя қилаётган рекордчи футболчи Норвегия термасида 10та ўйин ўтказган. Бироқ айни пайтгача бошқа фантастик кўрсаткичга эришгани йўқ.

7. Халқаро майдонда энг кўп гол урган футболчи

Миллий термада энг кўп тўп киритиш бўйича жаҳон рекорди эронлик форвард Али Даига тегишли: форслар бош жамоасидаги 13 йиллик фаолияти давомида у 149та ўйин ўтказиб, 109та голга муаллифлик қилган. Али Даи Эрон термасида тўртта «покер» ва битта «пента-трик» муаллифига айланган - тўғри, чапдаст ҳужумчи асосан Непал, Шри-Ланка ва Лаос сингари учинчи навли термалар дарвозасини ишғол қилган. Шунга қарамай, факт фактлигича қолади: айни пайт Португалия миллий жамоасида 85та гол урган Криштиану Роналду ҳам эронлик собиқ футболчига етиб олиш учун ҳали кўп тер тўкишига тўғри келади. Али Даининг клуб футболидаги энг юксак натижаси 1998|1999 йиллар мавсумига тўғри келади. Ўшанда «Бавария» шарафини ҳимоя қилган форвард Бундеслига олтин медалларини қўлга киритиб, Чемпионлар Лигаси финалигача етиб борган.

8. Профессионал футболдаги энг эрта дебют

Боливиялик Маурисио Бальдивьесо профессионал футбол ўйинида майдонга тушган энг ёш ўйинчи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган. Тарихий воқеа 2009 йилнинг 19 июлида Боливия чемпионати доирасидаги «Аурора» - «Ла-Пас» учрашувида рўй берган. Унинг отаси Хулио Сесар Бальдивьесо мезбон жамоа бош мураббийи бўлиб, ўша пайт уни кадрлар етишмовчилиги қийнаётганди. Ўйин якунланиши арафасида «Аурора» аъзоси жароҳат олди ва мураббий эндигина 12 ёшу 362 кунлик бўлган ўғлини майдонга туширишдан ўзга чора тополмаган. Болакай уч марта тўпга тегиб, ҳаттоки, жарима зарбаси ишлашга ҳам улгурган. Бундай дебютдан кейин Бальдивьесо «Реал» ёки «Манчестер Юнайтед»даги фаолиятни орзу қилганди, бироқ ҳамон Боливия чемпионатида ўйнамоқда.

9. Бир ўйинда фойдаланилмаган учта пенальти

Аргентинада Мартин Палермони деярли барча танийди, аммо унинг исмини ҳадеб ёдга олишни ёқтиришмайди. Ҳаммасига Копа Америка-1999 доирасидаги Аргентина - Колумбия (0:3) учрашувида рўй берган воқеа сабаб бўлган. Марадона ва Батистутанинг вориси ўн бир метрлик жарима зарбаларини ажойиб тарзда ижро этиши билан танилганди, аммо ўша куни омад ундан очиқчасига юз ўгирди. 5-дақиқада белгиланган дастлабки пенальтида Мартин тўсинни нишонга олди, иккинчисида (ўйин якунланишига 15 дақиқа қолганда) тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетди, учинчи уринишда эса (ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда) колумбияликлар дарвозабони зарбани бартараф этди.

10. Захирадан тушибоқ урилган энг тезкор гол

Бундай ўзига хос кўрсаткич муаллифи бўлиш можаролардан боши чиқмайдиган даниялик форвард Никлас Бендтнерга насиб қилди. «Лорд» тахаллуси билан машҳур бўлган футболчи 2007 йилнинг 22 декабрь куни, «Арсенал»да ўйнаб юрган кезлари, АПЛ доирасидаги «Тоттенхэм»га қарши баҳсда захирадан ўйинга қўшилди. Майдонга тушганига 6 сония бўлиб-бўлмай, бурчак узатмасидан сўнг «шпорлар» дарвозасини ишғол қилди. Ҳозир Бендтнер «Русенборг»да тўп суриш орқали фаолиятини тиклашга интилмоқда: сўнгги икки мавсумда Никлас 24та гол урди. Унинг майдон ташқарисидаги хурмача қилиқларини инобатга олсак, футболда муваффақиятга эришяпти, десак бўлаверади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади 

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:44, 06.11.2018.
Ўқилди: 8700 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.