Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Сариқ туфли соҳибаси

Баҳо:
+ | -

Амайя Горостиса - камтарин «Эйбар» клубининг 77 йиллик тарихидаги биринчи аёл президент. «Бизнинг шаҳарда аёллар барча соҳаларда ҳамиша етакчи ролларни бажаришган ва масъулияти жуда баланд вазифаларни ҳам ўз зиммаларига олишдан сира чўчишмаган...», - дейди мағрур ҳолда Амайя хоним.

Умуман олганда, Испания Ла-лигасидаги энг «митти» клуб - «Эйбар» бошқарувидаги икки юқори лавозим айни пайт аёлларга тегишли. Жамоа президенти бу ҳол умумий мезон билан ўлчаганда, «ғалати» эканлигини тан олади, лекин у шунинг баробарида қатъий оҳангда таъкидлайди: «Эйбар» тизимида икки юқори лавозимни аёллар эгаллаб туришганида Баскониянинг шу номдаги шаҳарчаси учун ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ».

Ҳужжатли сериал қаҳрамони

Амайя Горостиса Amazon томонидан суратга олинган «Олти орзу» ҳужжатли сериалининг бош қаҳрамонларидан бирига айланди. Мазкур фильм жами 6та лавҳадан иборат бўлиб, уларда Ла-лигадаги ишларга «парда ортидан» назар солинган. Яъни ҳар бир лавҳага алоҳида қаҳрамон танланган. Хуллас, сериалнинг Горостиса хонимга бағишланган қисми жуда жонли чиққан.

Чунончи, клуб президентининг футболчилар ва ходимларга муносабати, унинг турли ташаббуслари ҳақида кенг ҳикоя қилинган. Ҳужжатли фильмнинг якуний хулосаси - бутун жамоа президент хонимга тўлиқ ишонади. Шу тариқа кенг аудитория «Эйбар»нинг янги қирраларидан хабар топди. Яна бир алоҳида факт шуки, «Эйбар» ноябрь ойи охирида ўз тарихида илк марта Мадриднинг «Реал» жамоасини мағлубиятга учратди.

Қарангки, Чемпионлар кубоги|Чемпионлар Лигасининг 13 карра ғолиби ўйин бобида камтарин клуб олдида мутлақо ожиз кўринди ва жавобсиз 3та гол қабул қилди. Эйбарликлар ушбу тарихий ғалабани атиги 7083 мухлисга мўлжалланган мўъжазгина уй стадиони - «Ипуруа»да нишонлашди. Горостиса хоним ўйин тугагани ҳамоно барча футболчилар билан кийиниш хонасига ошиқди ва жамоа хурсандчиликни давом эттирди. Айтишларича, Амайя жамоанинг ҳар бир ғалабасини ўйинчилар билан бирга нишонлашга одатланган.

Тўғри, «Реал» доғда қолдирилган оқшом шукуҳи бошқача бўлди. Байрамдан олинган видеолавҳада Горостисанинг бутун жамоага қўшимча дам олиш куни эълон қилгани ҳам тасвирланган. «Тушунарлики, бу тарихий аҳамиятга эга ғалаба. Бир кун келиб, шундай ёқимли ғалабани тантана қилиб, орзумизни амалга оширишимизни билардик», — дейли аёл раҳбар. Ўзи «Эйбар» ва «Реал» тўқнашувини митти ҳамда баҳайбат ўртасидаги жангга қиёслаш мумкин. Ҳар ҳолда, «Эйбар» аҳолиси атиги 27 минг кишига тенг мўъжазгина шаҳарча шарафини ҳимоя қилади.

Умуман, Испания шимолидаги водийда жойлашган Эйбар Европанинг кучли 5та миллий чемпионатида жамоаси бор шаҳарлар орасида энг кичиги ҳисобланади - ҳам аҳоли сони, ҳам ер майдони ўлчови бўйича.

Горостиса ҳозирги ишидан бағоят мамнун. Айтишича, айнан «Реал»га ўхшаган кучли клублар устидан қозонилган ғалаба унга жамоани бошқаришда қўшимча куч бағишлайди. Шунингдек, клубда президент хонимга елкадош яна бир аёл бор - Патрисия Родригес. Буниси Испания чемпионатида клуб бош директори сифатида ишлаётган ягона аёлдир. «Бу биз учун оддий ҳол, чунки жинсга катта эътибор бермаймиз.

Тўғри, четда қандайдир бошқача кўз билан қарашади. Дейлик, бошида клубларнинг эркак президентлари менга беписанд муносабатда бўлишди. Лекин шахсан ўзинг зиммангдаги ишни уддалай олишингга ишонсанг ва бунда ҳеч қандай муаммо кўрмасанг, умумий ёндашув яхши томонга ўзгаради, албатта. Мана, эндиликда ҳар бир стадионда менга бирдек ҳурмат билан қарашмоқда. Ўзи доимо одатда эркаклар устун саналган соҳаларда ишлаганман ва бу тажриба айни пайт роса қўл келмоқда», — дейди Горостиса.

Оилавий муҳит - муваффақият гарови

Камтарин «Эйбар» Испания чемпионати элит дивизиони - Примерода илк марта 2015 йили кўриниш берди. Эътиборлиси, жамоа қисқа даврда маълум ютуқларга ҳам эришди. Мисол учун, клуб ўтган мавсум якунларига кўра, шахсий рекордини янгилади - кучлилар қаторида 9-ўрин.

Горостисанинг таъкидлашича, «қуролсозлар»нинг барча қўшнилар - «Атлетик», «Реал Сосьедад» ва «Алавес»ни ортда қолдиришгани Эйбар аҳолисига алоҳида қувонч бағишлаган. Ҳар ҳолда, бу жамоалар «Эйбар»дан анча «катта». «Қўшнилардан олдинга ўтиш осон бўлгани йўқ, албатта. Бинобарин, «Атлетик» ҳам, «Реал Сосьедад» ва «Алавес» ҳам маъмурий марказ жамоаси саналади, бизники эса шунчаки, провинция шарафини ҳимоя қилади» - бу  Горостиса хонимнинг аввалги мавсум натижасига берган баҳоси.

Ҳужжатли сериалда президент хонимнинг футболчилар ва жамоа бош мураббийи Хосе Луис Мендилибар билан жуда яхши муносабат ўрнатгани алоҳида эътироф этилган. Хусусан, битта кадрда Горостиса чап қанот ҳимоячиси Давид Жунка билан унинг янги соч турмагини ҳазиломуз оҳангда муҳокама қилган. Бошқа бир лавҳада президентнинг жамоа сардори Дани Гарсияга тасалли бераётгани акс эттирилган.

Чунончи, футболчи кетиш ҳақидаги қарорини эълон қилар экан, кўз ёшларини тўхтатолмаганди. «Бордо» вакили, сербиялик ҳимоячи Вукашин Йованович ижара келишуви асосида «Эйбар» сафига қўшилганида эса, Амайя 22 ёшли футболчини кўтаринки руҳда қарши олганди: «Эйбар»га хуш келибсан. Энди бу сенинг клубинг, сенинг уйинг, сенинг оиланг.

Биз худди аҳил оиладек ҳамжиҳат ҳолда ишлаймиз». Горостиса футболчиларни мақташни ҳам ўрнига қўяди: «Улар ўғлим тенги йигитлар. Ўз ёшларига нисбатан олганда, жуда дадил эканликларидан ҳайратдаман. Бироқ одамлар футболчиларни ёлланма ишчилар ўрнида кўришади - бу адолатдан эмас». Президентнинг фикрича, оилавий муҳитни эслатувчи муносабат «Эйбар»нинг ўзига хос характеридан нишона, яққол белгиларидан биридир. «Эҳтимолки, бизни бошқа клублардан ажратиб турадиган асосий фарқ - айнан ички дўстона муҳит.

«Эйбар»да бошқарув кенгаши вакиллари, футболчилар, мураббийлар, ҳаттоки, пазанда ва фаррошлар — ҳамма-ҳамма бир-бирига жуда яқин. Жуда ёш ўйинчиларимиз кўп. Улар кўпинча ўсмирлик чоғиёқ қадрдон уйларидан чиқиб кетишади, ота-оналаридан узоқлашишади. Шундай экан, жамоада аввало, оилавий муҳитни шакллантириш муҳим. Менимча, бошқа клубларда биздаги каби иноқлик бўлмаса керак. Бу ерга келган йигитлар футбол билан шуғулланиш баробарида осуда ҳаётдан завқланадилар.

Чунончи, уларга маҳсулот эмас, инсон сифатида қараймиз! — «Эйбар» президенти лавозимини 2016 йили эгаллаган Горостиса шу ақидага қатъий амал қилади. - Ҳа, футболчилар пул учун ўйнашади ва бу ҳам жуда муҳим жиҳат. хурсанд қиладиган томони, кўплаб йигитларимиз бошқа клублардан манфаатлироқ таклифлар олишсада, «Эйбар»да қолишни маъқул кўришади. Чунки бу ерда ўзларини қулай ҳис қилишади ва ҳам инсон, ҳам футболчи сифатида ўсишларини билишади. Бордию, кетишларига тўғри келган тақдирда ҳам, «Эйбар»да кўрган қадриятлар ва қоидаларга содиқ қолишади.

Умуман, ўйинчиларимиз ва мураббийларимизга мутлақо ишонаман. Биз уларнинг гапларига мудом қулоқ тутамиз, ғалабалардан бирга қувонамиз, мағлубият онларида бир-биримизга тасалли берамиз. Зеро, ҳар бир инсондан қайғуриш жуда муҳим. Футбол масаласида айтсак, қўл остингиздаги ўйинчиларда ҳаммаси яхши бўлса, клуб ўз-ўзидан ривожланаверади».

«Эйбар» бош мураббийи Хосе Луис Мендилибар қўшни муниципалитет - Сальдивардан. Айни пайт унга жамоанинг принципиал рақиблари томонидан қизиқиш катта. Горостиса эса мутахассиснинг «Эйбар»да узоқ муддат ишлашидан умидвор: «Асосийси, Хосе Луис бизнинг қадриятларимизни юксак баҳолайди. Шу нуқтаи назардан олсак, у «Эйбар» учун идеал мураббий. Шунингдек, футболчилар ҳам Мендалибарга ўрганиб қолишди. Чунки у барча йигитларга худди ўз ўғилларидек ёндашади».

Омад келтирувчи туфли

«Эйбар» ўтган мавсум «Жирона»ни 4:1 ҳисобида доғда қолдирганди. Горостиса ўшанда ўз жамоасининг биринчи голини кўролмади. Негаки, айни дарвоза ишғол қилинган лаҳзада «омадли» туфлисини кийишга чоғланганди. Қизиғи, Амайя ўйиндан сўнг футболчиларга мавсум охирига қадар пойафзалини ўзгартирмаслик хусусида ваъда берди. Аслида ҳаммаси 2016 йилнинг октябрь ойида «Сантьяго Бернабеу»даги ўйин билан бошланган эди. Ўша куни Горостиса хоним сариқ тусли туфли кийган ва «Эйбар» 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекиб, «Реал»ни муҳим очколардан маҳрум қилганди. «Мадриддаги баҳсдан сўнг футболчилар мендан мавсум охирига қадар сариқ туфли кийиб юришимни сўрашди. Ўйлайманки, у бизга омад келтирмоқда. Шу-шу йигитлар ҳар бир ўйин арафасида оёқларимга қарашмоқда!» - дейди Амайя сариқ тусли туфлига муҳаббати ҳақида.

«Эйбар» келажаги

«Эйбар» Ла-лигада нимага интилмоқда? Президент бу борада камтарона гапиришни маъқул кўради: «Мақсадимиз - олий дивизионда имкон қадар узоқроқ ушланиб қолиш. Лекин ҳар доим Сегундага тушиб кетишга ҳам тайёр туришимиз керак. Бинобарин, шундай кучли клублар иштирок этадиган чемпионатда омон қолиш осон эмас. Муҳими, ўз кучимизга ишонсак, бас». Таъкидлаш керак, ҳозирда «Эйбар» қарздорлик ҳолатидан мутлақо холи. Клуб асосан иккинчи дивизионда кўзга ташланган футболчилар билан шартнома тузишга уринади. Тўғри, трансферлар масаласида хориж бозорига чиқиш ҳаракати ҳам йўқ эмас.

Яққол мисол: ярим ҳимоячи Такаши Инуи ўтган йили «Эйбар»нинг Японияда машҳурлик бобида 3-ўринга чиқишини таъминлади. Япон йигити июнь ойида «Реал Бетис» сафига қўшилган бўлсада, «кунчиқар юрт»да ҳамон «Эйбар»га қизиқиш катта. «Ҳа, клубимиз Японияда ўзига яраша мавқега эга. Чунки  япониялик ҳомийлар билан ишлаяпмиз. Такаши таркибдаги асосий ўйинчилардан бири эди, лекин клуб имиджи янада муҳимроқ. Энди Хитой ва Ҳиндистонда ҳам ном қозонмоқчимиз. Умуман, «Эйбар»ни бутун дунёда билишлари йўлида бор имкониятларни ишга соламиз» - ҳа, Амайя Горостиса хонимнинг иштиёқига фақат ҳавас қилиш мумкин.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 04:49, 18.12.2018.
Ўқилди: 2544 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.