«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Аргентина терма жамоаси ўйинларидан узоқ муддатда дисквалификация қилиниши мумкин.
Жанубий Америка футбол конфедерацияси (КОНМЕБОЛ) аргентиналик футболчини 2 ойдан 6 ойгача четлатиш вариантларини кўриб чиқмоқда. Шундай қарор қабул қилинса, Месси Аргентина терма жамоасининг йил охиригача бўлган ўйинларида иштирок эта олмайди.
Америка кубоги мусобақаси давомида Месси ташкилотчилар ва КОНМЕБОЛни кескин танқид остига олгани учун шундай жазога тортилиши кутилмоқда. У бронза медали учун ўйинда майдондан четлатилди ва тақдирлаш маросимига чиқмади. Шунингдек, минтақада коррупция ва ҳакамларнинг хатолари туфайли Аргентина терма жамоаси финалга чиқа олмаганини таъкидлади.
Лионель Америка кубоги доирасида Чилига қарши бўлиб ўтган ўйиндаги четлатиш туфайли битта ўйинга дисквалификация қилинган эди.
2019 йилнинг қолган қисмида Аргентина терма жамоасини фақат ўртоқлик ўйинлари кутиб турибди. Сентябрь ойида жамоа Мексика ва Чили билан, октябрь ойида Германия ва Басконияга қарши, ноябрь ойида Саудия ва Бразилия билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиши лозим.